НЕГА МЕН БАХТСИЗМАН?
Тонг саҳарда будульникнинг жиринглаши билан эринибгина кўзимни очдим. Ўзи яқиндагина уйқуга ётгандим, наҳотки бир зумда тонг отган бўлса?! Кийиниб ҳовлига чиқдим, қуёш ҳам чиқай деб қолибди. Тезгина юз қўлимни юваман-у, нонуштага ҳозирлик кўраман. Орада ҳовли-кўчани супуриб, сув сепаман. Сўнг болалар ва турмуш ўртоғимнинг кийимларини ҳозирлаб уларни уйғотдим. Соат ҳам тонгги 7 га яқинлашиб қолди. Уларни уйғотиш ҳам бир иш. “Бугун мактабга бормай, бироз тобим йўқ”, деб ҳарҳаша қилаётган болаларнинг юз-қўлини ювиб, нонушта столига ўтқизмасангиз бўлмайди. Улар-ку, майли ҳали бола... Турмуш ўртоғимга нима дейсиз? “Ҳозир тураман”, дейди, 10 дақиқадан кейин яна келиб уйғотаман, яна ўша жавобни эшитаман. Кеч қолгандан кейин эса “Нега уйғотмадинг, энди бошлиқдан гап эшитадиган бўлдим!”, деб жаҳл билан кийимларини кияди-ю, ишга кетади. Дастурхонни тезда йиғиштиришим, кийинишим ва 8 да ишхонада бўлишим шарт. Ишдан кейин эса яна ўша ҳаёт давом этади. Биров бошингни силаб ишдан келдинг, бироз дам ол демайди. Яна уй ишлари, рўзғор ва бола-чақа ташвишлари деб умрнинг қандай ўтганлигини ҳам билмай қоласан. Эҳ, бахт деганлари ана шуми? Наҳотки, мен болаликда орзу қилганимдек бахт қасрини қуролмаган бўлсам. Ахир ўшанда фарзандларим билан боғ айланишни, турмуш ўртоғимнинг “сюприз”ларидан ҳайратда қолишни ва дунёдаги энг гўзал аёл бўлишни орзу қилгандим-ку. Бугун-чи, ҳатто бош қашлашга ҳам вақтим йўқ. Бозорга бориб турмуш ўртоғимга кўйлак, ўғлимга шим оламан-у, ўзимга келганда... “Ўх-хў, жуда қиммат-ку, буни пулига рўзғорга 5 кг гуруч ва 15 кг картошка олсам бўларкан”, деб ҳеч нарса харид қилмайман. Ўғлимнинг бироз томоғи оғриб қолса, дорихонага югураман. Дорихона ходимига “Энг яхши доридан беринг!”, деб тайинлайман. Ўзим учун-чи? Йўқ, мен ўзини севмайдиган аёлман! Шунинг учун мени ҳеч ким ёқтирмайди! Наҳотки, мен шунчалар бахтсиз бўлсам???
Яратганнинг ўзи кечирсин-у, яшашга иштиёқим ҳам қолмади. Бу ҳаётдан, турмушимдан ва ҳа деб дакки бераверадиган раҳбаримдан ҳам чарчадим. Шу куни синфдош дугонам қўнғироқ қилиб эртага синфдошлар билан кафеда йиғилишаётганини айтиб қолди. Унга тобим йўқлигини, боролмаслигимни айтиб гўшакни қўйдим. Кейин “Нега бормас эканман, мен оилам деб доимо шундай зиёфатлардан воз кечганман. Энди, ўзгараман. Ўзим учун яшайман”, дедим-у, дугонамга қайта қўнғироқ қилиб, қаерда, соат нечада бўлишини аниқлаб олдим. Бозорга тушиб, ўғлимга компьютер оламан, деб жамғариб қўйган пулимга янги кўйлак, сумка, атир ва пардоз буюмлари харид қилдим. Эртаси куни кийиниб, зиёфатга йўл олдим. Турмуш ўртоғим ва фарзандим кўринишимдаги ўзгаришларни кўриб, ҳайрон қолишди. Лекин кўнглимга чироқ ёқса ҳам ёришмасди. Эссиз, ўғлимнинг туғилган кунига компьютер совға қиламан, деб шу пулни 1 йилдан буён йиғаётган эдим-а? Бир кунда барчасини ҳавога совуриб, арзимас нарсаларни харид қилдим. Эссиз!!! Ўғлим тоза ранжийдиган бўлди-да.
Дугонам айтган манзилга етиб бордим. Турмушга чиққач, синфдошлар ташкиллаштирган зиёфатларга келмаганим учун улар мени, мен эса уларни танишим бироз қийин бўлди. Қаранг, 10 йил дегандан ҳаммамиз “катта одам”ларга айланибмиз.
– Фарзандлардан нечта бўлди? – дедим давра тўрида ял-ял ёниб ўтирган дугонам Ҳилолага юзланиб. Мактабда ҳам бу қизнинг ошиқлари кўп эди. Билишимча, у қайсидир бадавлат йигитга турмушга чиққан, тўйи ҳам бутун шаҳарда овоза бўлганди.
Негадир дугонам саволимга жавоб бермай, маъноли жилмайиб қўйди. Дугонам Азиза эса томдан тараша тушгандек “Вой нега рақсга тушмаяпмиз?” деб мени четга олиб чиқди.
– Ҳар доимгидек қовун туширасан-а?
– Нима қилдим?
– Ҳилола бефарзандлигидан хабаринг йўқми? Эри 2 йил аввал “Туғмас хотин менга керак эмас”, деб у билан ажрашди. Шифокорларнинг айтишича, Ҳилоланинг қонида қандайдир вирус бор экан, у ҳеч қачон фарзанд кўролмасмиш!
Очиғи, Ҳилолага жуда ачиндим. Чиройли, келишган, бадавлат. Лекин фарзандинг бўлмаса уларнинг нима кераги бор?
Овқат устида кимдир “Маржона нега келмади? Унга хабар берганмисизлар?” деб сўраб қолди. Маржона жуда ақлли, ҳар ишнинг уддасидан чиқадиган қиз эди. Мактабни битиргунча синф сардорлигини қўлдан бой бермади-я.
– Э, унинг оиласи яхши эмас, – деди Нилуфар. Эри ишёқмас, ароқхўр, ғирт боқиманда эркак. Бир тийин пул топмайди-ю, пул бер деб талаб қилади. Агар Маржона бермай кўрсин, ўласи қилиб уради. Бечора эрталабдан фермадан сигир соғади, кейин мактабда фаррошлик қилади.
– Бундай эрнинг боридан йўғи яхши, ажрашсин!
– Фарзандларимнинг отаси деб ҳаммасига чиқаяпти-да. Кеча учрашиб қолгандик, хун-хун йиғлайди. Нима бўлди десам эри қурғур ароққа пул тополмай болаларига деб олган янги папка, кўйлак, ҳатто туфлисига олиб чиқиб, бор-йўғи 10 минг сўмга сотибди. Бечоранинг уйига кирсанг, битта тузукли кўрпача тополмайман. Ер ютгур эри ҳаммасини сотиб қурутган.
Синфдошлар учрашувини эртароқ тугатишга қарор қилдик. Ахир аёллар уйга бориб ош-овқат тайёрлаши керак. Ҳамма хурсанд, лекин мен... Негадир ўз-ўзимдан нафратланиб кетдим. Ҳаёлларим мени турфа манзилларга олиб кирардики, уларнинг адоғи кўринмасди. Наҳотки мен бахтсиз бўлсам? Нега? Бирор сабабни кўрмаяпман-ку.
Мактабнинг олди қизи бўлган Ҳилоланинг тақдирини қаранг! Бечорага фарзандини бағрига босиш, унга алла айтиш насиб қилмаган бўлса? Маржоначи, унга ҳамма ҳавас қиларди. Директоримиз ҳам уни тинмай мақтарди. Ўн йил деганда бечора қиз адойи-тамом бўлибди-ку. Мен-чи, нимадан нолийман? Кўчадан бир сўм топса уйга олиб келадиган, рўзғорингида нима кам-кўстинг бор, дейдиган, сўкмайдиган, урмайдиган турмуш ўртоғим бўлса... У менинг ортимдаги тоғим эмасми? Ахир унинг борлиги учун ишимда ҳаловат, оиламга ҳотиржамлик, рўзғоримда барака бор эмасми? Ишдан чарчаб келганимда бағримга отиладиган, мунчоқ кўзлари билан боқадиган фарзандларимнинг бори бахтим эмасми?
Аёл бахти – худди атиргулга ўхшайди. У битта, лекин унинг япроқлари жуда кўп. Аёлнинг бахтини ҳам атиргулга қиёслаш мумкин. Унинг бахти ҳам ялпоқлардек сероб. Бири соғлик, бири фарзандлар, бошқаси эса турмуш ўртоғи...Бу қаторни узоқ давом эттириш мумкин. Нега бирор япроқ бўлмаса, ўзимизни бахтсиздек ҳис қиламиз. Ахир сизда бор япроқ ким учундир армон. Демак, бу дунёда бахтсиз инсоннинг ўзи йўқ. Фақатгина борини қадрламайдиганлар кўп-да!
Наргиза РИЗАЕВА
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр