Қишда бизнинг овулда энг бой инсон ким деса, албатта Димабой дейишади. Нега дейсизми? У энг машҳур печкачию таппичи-да.
Ёзда икки пулга олинмайдиган Димавой молни тезагидан қўллари билан таппи қилади. Таппи қишда одамларнинг энг азиз нарсасига айланади... Хайрон қоларлиси, ҳамманинг уйида газ-чироқ бўлса-да, таппини олаверади, олаверади...
Димавой ортирган пулига Ялтага бориб, дам олиб келган бир неча маротаба...
Хуллас, гапни чўзмай, индалосини айтай: у 21 аср мўъжизаси—суппер таппи яратди! Балким 50-асрда ҳам ишлатилар ўзимизда!? Бекорга қўшниларни ўйлайдиган меҳрибон халқмиз, дейишмайди бизни!
Қўшнинг қишда совқотса, уят бўлади! Шунинг учун биз совқотсак ҳам улар иссиқ ётсин!
Гаплар телба-тескари бўлётгани учун бу боланинг томи кетибди деётгандирсиз?! Ростдан томи кетган-да!
Туғилдию таппили уйга кирди... Таппили уйда ёшлиги ўтди... Таппида пишган таомларни еди... Гоҳида таоми ичидан чиққан бўлса ҳам, ғиринг деёлмади... Сургун бўларди-да қорақалпоққа...
Хуллас мақоллар тўқиди:
Тапписиз уй мозор,
Таппили уй бозор!
Шеърлар ёзилди, у шеърлар қўшиқ бўлди...
Оқбилагойим таппили,
Уйи тўла таппили!
Нима ҳам дердик... 35 ёшга кирибди. Димавой яна шунча чидаса бўлди-да...
Ану рекламада “Хотин, бу овқатингдан туникани маззаси келяпти”, деганига ҳалиям асабийлашаман. Биз таппининг ҳиди келса ҳам индамай еяпмиз-ку, номард!!!
Бундан бошқа мавзуинг йўқми демоқчимиз?!
Унда йиллар давомида эмас, бир марта бўлса ҳам мол тезагида пишган таомни еб кўринг!
Газ ҳақида гапирмайман! Айтмоқчи газ нима ўзи?! Динозавр пайтида бўлган дейишади!
Хуллас, борига шукр! Таппидами, тезакдами – ҳалол ризқимизни еб юрибмиз!
Печкалар савдоси ва фойдаси сир. Негаки, беш йиллик шартномамиз бор! ...пром билан!
Яқинда АҚШдан ҳовли олдим. Бизнесимни ривожлантириб, у ерга ҳам экспортбоп таппи ясашни бошладик.
Асосий маҳсулот ўзимизнинг маҳаллий хомашёлардан тайёрланаяпти. Бирдага қатиқни қўшиб, орқасидан кола қуйиб беряпман сигирларга... Ана таппи, мана таппи...
5 миллиард донага шартномам бор. Бўпти, гап сотиб юрмай, ишни қилай!
Бизни шиор: Таппили уй иссиқ бўлур!
Дима Қаюм!
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
21 та фикр