Мактаб ихтирочиларни етиштириб чиқаряптими ёки мақсадсиз ёшларни?

Мамлакат ривожланишида илм-фаннинг улкан ҳиссаси мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Илм-фан ривожланиши учун эса инсон болаликдан бошлаб сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиши муҳим, деган фикримга кўпчилик қўшилса керак.

Барчамизга маълумки, инсон билим ва дунёқараш фундаментини айнан мактаб даврларида шакллантиради. Шунинг учун ҳам мен бугун айнан олий таълим ҳақида эмас, балки бошланғич ва ўрта таълим ҳақида сўз очмоқчиман. Сабаби, инсоннинг айнан шу даври унинг дунёқараши ва бутун келажагига катта таъсир кўрсатади.

Мен мактаб даврини асосий таълим манбаи деб биламан. Агар ўқувчи 11 йил таълим олиб ҳам айнан қайси соҳада қизиқиши устун эканини ва қайси касб ўзи учун мос эканини шу пайтгача билолмаган бўлса, мен буни мактаб йилларининг катта қисми увол бўлди, деб ҳисоблайман. Ота-онаси танлаб берган ёки таваккал танланган касб йўналишида ўқиб, бу касбни севмаган ҳолда қўлига диплом олган мутахассис жамият ривожига қандай ҳисса қўша олади ахир?

Ўз касбини севган инсон ишламайди, балки у ҳар куни ўзи севган машғулот билан банд бўлади. Касбини севган инсон ихтирочидир! У касбининг янги-янги қирраларини ҳар куни кашф эта олади ва вақт ўтган сари ўз касбининг профессионалига айланади. Жамиятда ўз касбининг профессионаллари кўп бўлса, бунда инсоннинг ўзи ҳам, жамиятдаги бошқа инсонлар ҳам фақат ва фақат ютади. 

Чет эл ва миллий ўрта таълимни шахсий тажрибада солиштирганда...

Таълимнинг илк ўн бир йили ичида ўқув масканларини тўрт марта алмаштирдим. Орада юртимизда ўша пайт фаолият юритган чет эл илм масканида ҳам таълим олишга муваффақ бўлдим. Бу масканда атиги икки йил таълим олган бўлсам ҳам шу давр бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди, деб бемалол айта оламан, сабаби шу қисқа даврда олган билимларим кейинги йилларда олган билимларимдан кўпроқ ва сифатлироқ бўлиб чиқди.

1992 йилда оддий мактабда биринчи синфда ўқий бошладим. Ўқиш ва ёзишни боғча пайтида ўрганиб олган эдим, шу сабабли ҳам биринчи синфга чиққанимда алифбони ҳар бир ҳарфини доналаб ўргатишган пайтда жуда зерикдим. Қанийди йиллик программани ўзлаштириб бўлган болалар билимига қараб мос синфларга жойланса эди, камида бир йил ютган бўлар эдим ва бу вақтда бошқа фойдали нарсалар ўрганган бўлар эдим, деб кўп ўйлайман.

Олтинчи синфни тугатганимда чет эл лицейи очилгани ҳақида эшитиб қолдим ва кириш учун имтиҳон топширдим. Омад кулиб боқиб масканга қабул қилиндим. Янги ўқув йили бошланганида, мен сизга айтай, ҳайратим ошган эди. Бутунлай ўзгача методика, ранг баранг ва қизиқарли дарсликлар, чет тили дарсида фақат чет тилида гапирадиган домла ва мени ҳайратлантирган яна бошқа кўп деталлар.

Энг асосийси, ўқувчилар билими баҳоланишининг иложи борича адолатли бўлиши бизларни чинакам билим олишга ундар эди. Баҳони на таниш-билиш, на ота-она, на директор, на пул ўзгартира оларди. Баҳо ўзгартиришга бир ёки иккита имконият бериларди. Тест/имтиҳон топширилади, китобдан кўчиришнинг эса умуман иложи бўлмасди. Наилож, ҳамма ўқир эди. Баҳолаш тизими ҳам ўқитувчининг ўз ихтиёрида эмас, балки тест натижаларига қараб бўлар эди. Бу дегани, ўқитувчи биронта ўқувчини "ёқтирмай" қолгани учун паст баҳо қўя олмасди, балки натижасига қараб баҳоларди.

1998-2000 йиллар. Тошкент.

Ҳар бир ўқув йили сўнгида ҳар бир синфдан фанларни энг яхши ўзлаштирган талаба бутун мактаб қаршисида табрикланар ва эсдалик совғалар билан тақдирланар эди. Бу ҳам талабалар учун ўзгача бир мотивация бўлиб ҳизмат қиларди.

Қизлар алоҳида ўқигани учун кимнинг қош-кўзи чиройли каби беъмани мусобақалар бўлмасди. Ҳаммада бир ҳил форма, ўқитувчиларнинг ҳаммаси устига оқ халат ташлаб олган. Шунинг учун кийим ёки қомат солиштириш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмасди.

Шу масканда икки йил ўқиб мен кейинги 3 йил ичида олган билимларимдан кўпроқ билим ола олдим.

Чет эл лицейи маълум сабабларга кўра ёпилди ва мен миллий гимназияда ўқишни давом эттира бошладим. Бу ерда ўқувчиларни баҳолашдаги адолатсизликлар, ўқувчиларнинг билимига ҳаққоний баҳо бера олмаслик, зерикарли дарслар ва дарсликлар мени бошқа илм масканида ўқишни давом этишга ундади. Бу ерда бир йил ўқигач, бошқа ўрта таълим ўқув масканига ҳужжат топширдим. Кейинги ўқув масканида ҳам айни шу ҳолатларга гувоҳ бўлдим.

Бундай солиштиришдан ягона мақсадим ўзимизнинг мактаб тизимининг яна ҳам такомиллашишига доир баъзи таклиф ва фикрларим билан бўлишишдир.  Мен мактабни бошлаганимда юртимиз эндигина Мустақилликни киритган пайтлар эди, шу сабабли ҳозирги даврда мактабдаги таълим ва дарсликлар сифати олдингидан яхшироқ эканига шубҳа қилмайман. Ўзимизда ҳам бироз ўқув методикаси ва тартиб устида ишланса, тез орада таълим сифати яна ҳам ривожланишига ишонаман.

Қизларнинг таълими ҳақида алоҳида

Ўғил болалар таълим олишининг аҳамияти ҳақида исталган одамдан сўранг, ўғил болаларнинг яхши таълим олиши жуда муҳим, деб жавоб беришади. Қизларга келганда эса негадир фикрлар ниҳоятда хилма-хил бўлиб чиқади. Мен сизга айтсам, таълим олиш барча учун муҳим, аммо қизларнинг сифатли таълим олиши ундан ҳам муҳимдир! Сизга олим ва олима бўлган фарзандлар, яъни порлоқ келажак керакми? Марҳамат, қизларга инвестиция қилинг.  Таълим ҳам диний ҳам дунёвий бўлиши ва ҳеч қачон фақат бир томонлама бўлиб қолмаслиги керак. Фойдали билим ва ҳунарга эга бўлган аёл-қизлар ҳудди ўғил болалар каби жамият ривожига катта ҳисса қўша олади.

"Расулуллоҳ (с.а.в.): “Илм талаб этмоқ ҳар мусулмон эркак ва аёл учун фарздир”, деб буюрганлар. Ҳозирда мусулмонлар орасида илм деганда, фақат диний илмлар тушунилади. Бу - хато тушунча. Исломда диний, дунёвий, деган гаплар бўлмаган. Илм соҳаларга бўлинган, холос: фиқҳ, ҳадис, фароиз, тиб, ҳандаса, тарих, фалакиёт илмлари ва ҳоказолар. Мусулмонлар Қуръон ва суннатга амал қилган вақтларида уларнинг орасида илмнинг барча соҳаларида дунёга танилган алломалар етишиб чиққан." Фотимахон Сулаймон қори қизининг "Аёл мукаррамдир" китобидан парча. 

Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.

Мактаб тизимидаги муаммолар

Бошланғич ва ўрта таълим даврида ўқувчи сифатида қандай муаммоларга дуч келганимни баён қилай. Бу муаммолар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган бўлса ажаб эмас.

Бошланғич мактаб тизимидаги муаммолардан айримлари:

1. Болалар ўртасида ўзаро табақалашиш, ночор оила фарзандларининг тенгдошлари томонидан камситилиши, жисмоний ва бошқа камчиликлари учун бир-бирини  масхаралаш ва шунга