Бир пайтлар мана бу қўшиқ роса авж олган эди:
Сочимдан кўп ошиғим,
Сен бўлмасанг бошқаси.
Бугун ана шу қўшиқни куёвчаклар сал ўзгартириб бемалол айтса бўлади:
Сочимдан кўп сарполарим,
Бири бўлмаса, бошқаси.
Аслида биз танқид остига олаётган, маломат қилаётган бу хунук одат — куёвчаклик («куёвчак» — «куёв» ва «келин» сўзларидан ясалган кинояомуз ясама сўз, эрлик ғуруридан мосуво, хотинига қарам кимсаларга нисбатан ишлатилади) бирданига ёки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Йиллар оша уни ўзимиз «сайқалладик», кўпиртириб-тошириб, меъёридан ошириб алал-оқибат аянчли ўта хунук ҳолатга олиб келдик. Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур деганларидек, бўлар-бўлмас тўқима ва ясама «урф-одатлар»ни йўқ жойдан ясайвериб, энди ўзимиз боши берк кўчага кириб қолдик.
Бундан 25-30 йил илгари бўлган воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Тоҳир тоғам қўшни қишлоқда яшайдиган синфдоши Назокат опани жону дилидан яхши кўрар эди. Назокат опа ҳам бефарқ бўлмагани боис улар аҳду паймон қилишди. Ҳамма муаммо йигит томон совчилари қиз томонга бориб келгандан сўнг пайдо бўлди. Яъни Назокат опа яккаю ёлғиз фарзанд бўлгани учун ота-онаси агар йигит ичкуёв бўлишга кўнса қизларини беришга рози бўлишаркан. Бу гапларни эшитиб уйдагиларнинг ҳаммаси роса тутақди. Энг сўнгги гапни тоғам айтди: «Бир камим ичкуёв бўлиб, дўсту душман олдида юзим шувит бўлиши қолди. Эл-юрт олдида қандай бош кўтариб юраман, ахир? Қаддимни букадиган, ғуруримни синдирадиган бундай муҳаббатдан кечдим», деди.
Тоғам ориятни ҳамма нарсадан устун қўйди. Бошқа қизга уйланди. Назокат опанинг ота-онаси ҳар бир совчига юқоридаги шартни қўйгани туфайли анчагача турмуш қурмади.
Бундан 20 йил илгари содир бўлган яна бир воқеа эса унинг акси. Ўқишни тамомлагач уч курсдош қиз бир ҳовлида ижарада хонадон эгалари билан бирга яшай бошладик. Кўчиб борганимизнинг учинчи ҳафтаси эди. Дам олиш кунидан бир кун олдин Муборак опа: «Эртага қизим Мадина набираларим билан меҳмонга келади. Ул-бул ишларда кўмаклашиб юборинглар», — дея илтимос қилди. Маҳмуд амаки шу куни 5-6 марта бозорга қатнади. Катта тадорик бошланди. Сомса, лағмон, манти тайёрладик. Келтирилган харажатлару қилинаётган овқатларга қараб 15-20 киши меҳмонга келса керак, деб ўйладик. Эрта тонгдан яна тайёргарлик давом этди. Бир томонда шўрва қайнаяпти. Бошқа қозонда ошнинг зирваги тайёр.
Тушга яқин дарвоза олдида машина тўхтади. Муборак опа ва Маҳмуд амаки югуриб чиқиб, Мадина опани қизалоғи ва ўғли билан бошлаб киришди. Куёвнинг шошилинч «иши» бор экан. Кўчадан қайтиб кетибди. Ота-она кун бўйи қизи ва невараларига роса парвона бўлди. Кечга томон эр-хотин яна типирчилаб қолишди. Чунки куёв келадиган вақт яқинлашиб қолган экан. Вақти «тиғиз» куёв кундузгидек яна уйга кирмади. Биз эса дарвозага ўнгирилган ҳолда орқа капоти очиб қўйилган машинага бир тоғорада ош, яна бирида сомса, бошқасида товуқ, шашлик тугилган дастурхонларни ташидик. Қутилардаги мева-чева, ширинлигу пишириқлар ҳам жойлаштирилди.
Хайр-хўш қилиб меҳмонларни кузатиб уйга кираётганимизда шаддодгина Лайло: «Хола, қизингизнинг туғилган куними ёки куёвингизникими?» дея сўради. «Йўқ, туғилган кун эмас, таомил шунақа», деди хола синиқ жилмайиб. Ўша шунчаки одат ҳар бир ярим ёки икки ойда, яъни Мадина опа меҳмонга келадиган кун, албатта, ҳеч бир хатосиз ва камчиликларсиз адо этилди. Фақат нафақага кун кўрадиган бу икки қариянинг тежаб-тергаб йиққан пуллари эвазига келадиган егуликларни куёв томон қандай ҳазм қилишини сира тасаввур қилолмасдик. Гарчи аввалида роса ҳайрон қолган бўлсак-да, биз ҳам бора-бора бу «одат»га кўникдик.
Қизиқ. Илгари ўғил уйлантириш қийин бўлган экан, энди эса қиз чиқариш — катта муаммо. Ота-она оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган қизининг сеп-сарполарини тўла-тўкис қилиб беради-ю, кейин куёвнинг бошқа кемтикларни тўлдиришга умрини, бисотини совуради. Уларнинг емай-ичмай бор-будини қизини тинч-хотиржам яшаши учун сарфлаши ҳеч бир ақлга сиғмайдиган гап.
Менимча, орсиз, ғурурсиз йигитлар келин томонидан келган парқу тўшакларда ёнбошлаб мана бундай хаёл суришса керак: «Эҳ, қандай яхши-я? Кўзингни бир юмиб очсанг ҳамма нарса осмондан тушгандек муҳайё. Ғам-ғуссага не ҳожат, меҳнат қилиб пул топишга не рағбат? — деганлари шу бўлса керак».
Минг афсус, минг аттанг. Наҳотки муҳаббатга бўйсунмаган ғурурлар бугун мол-дунёга, бойликка тобе бўлиб қолди? Эссиз ғурур, эссиз орият.
Яқинда бир ҳамкасбим қишлоққа ота-онасининг ҳолидан хабар олишга бориб жиғибийрон бўлиб келди. Ота-онаси ҳовлилари ёнбошидан 4 сотих ерни катта ўғил улғайса уй-жой қуриб берамиз, дея яхши ният билан олиб қўйишган экан. Улар орада бироз муддат Тошкентга келиб яшади. Шу вақт ичида «уддабурон» «куёвпарвар» қўшни ўша бўш ерга уй тиклаб қизи ва куёвини кўчириб келтирибди. Гулмиранинг отаси Самад тоға аввалига бу ҳолатдан жуда ҳайрон бўлибди, кейин судлашиб юришни ўзига эп кўрмай: «Э, ҳа, майли бир парча ер учун қўшни билан жанжаллашиб юраманми?» дея қўл силтабди.
Бунга Гулмира жуда асабийлашарди. «Отам андиша қилиб ер талашишни истамаяпти. Бўлмаса қонун биз томонда. Қўшни энди куёвига машина олиб бериш ҳаракатида юрган эмиш. Куёв тўра эса бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури, деб ўтирибди. Безбетларча қайнона-қайнотанинг пешонасига келиб бақрайиб яшаётганига нима дейсиз? Отамга ҳам ҳайронман. «Индама. Ёш боласи билан қаерга боради?» дейди. Куёв ҳамма нарсага осонлик билан ҳеч қандай меҳнатсиз эришаётганидан димоғи чоғ. Қўл-оёғи бус-бутун бу йигитнинг ҳеч қаерда ишламай уйда ўтиргани-чи? Э, ўргилдим, бундай боқиманда куёвдан».
Ҳа, жаҳл келганда ақл кетади, деган гап бежиз айтилмаган. Лекин жаҳл келганда баъзан аччиқ ҳақиқату очиқ гаплар ҳам тилдан чиқиб кетади. Тўғрими, ғурурсиз куёвчаклар?
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр