Кимё қийин фанми?

Zamira Yusupova
Саралаш

Мен - кимё ўқитувчисиман. Одатда касбимни эшитганлар бу фаннинг қийинлиги, мактабда яхши ўқитилмагани (ёки ўқимагани), ҳазиллашиб «аш икки о»нигина билишини айтиб қолишади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам кимё қийин фан. Агар мактабни битираётганларнинг фанларни билиш даражаси ҳаққоний текширилса, кимё энг охирги ўринни эгаллаши аниқ. Бунга нималар сабаб деб ўйлайсиз?

Менимча, ҳамма муаммо кимё фанига бўлган муносабатда. Агар эътибор берган бўлсангиз, кимёдан яхши баҳога ўқийдиган, шу фандан репетиторга қатнайдиганларнинг деярли барчаси тиббиёт йўналишида таҳсил олиб, келажакда доктор ёки фармацевт бўлишни мақсад қилган бўлади. Кимё факультетларига эса аксарият ҳолларда бир неча йиллар тиббиёт олийгоҳларига кира олмай, охири тақдирга тан берган абитуриентлар ҳужжат топширади. Келажакда кимёгар ёки кимё фани ўқитувчиси бўламан, дейдиганлар камчиликни ташкил этади. Миллий университет Кимё факультетида мен билан таҳсил олганларнинг аксарияти ана шундай «омадсиз» абитуриентлар ёки факультет деканию домлаларининг фарзандлари, таниш-билиш, қариндош-уруғларидан иборат эди.

Кимё соҳасига «адашиб» кириб қолган мутахассисларнинг баъзилари эса келгусида мактабларда ўқитувчи бўлиб ишлайди ва... қалбидаги фанга бўлган меҳрсизлик болаларга – ўқувчиларга ҳам кўча бошлайди. Агар ўқитувчи ҳақиқатдан ҳам ўз касбини, ўз фанини чин дилдан севганида, болаларда кимё менга нима учун керак, қийиндан-қийин формулаларни қаерда ишлатаман, деган нотўғри тушунча ва қарашлар бўлмас эди. Чунки кимё бир вақтнинг ўзида фойдали ва қизиқарли ҳам. Кимёни яхши билиш ҳаётда соғлом ва узоқроқ яшашга хизмат қилади.

Оддий мисол. Биз ювиш ва ювиниш, косметика, дори воситалари, бўёқлар, елим, пластмасса буюмлари, ҳашаротларга қарши кураш воситаларидан деярли ҳар куни фойдаланамиз. Шулардан шампунни олайлик. Унинг таркибига ҳеч эътибор берганмисиз? 

Бу ерда сиз нимани тушундингиз? Тўғри, мен буларни билиб нима қиламан, ҳаммаси текширувдан ўтган, соғлиқ учун зарарли бўлганида улардан фойдаланишга рухсат берилмасдику, деб айтишингиз мумкин. Лекин шундай моддалар ҳам борки, уларни текширганда зарарсиз чиқиши мумкин, лекин кўп ва тез-тез ёки узоқ муддат фойдаланса, салбий таъсирларини кўрсатиши мумкин. Аллергия (эътибор қилинг, шаҳарликлар орасида охирги вақтлар аллергик касалликлар авж олмоқда), сезувчанликнинг ошиши, қаришга мойиллик, асаб тизимининг қўзғалиши, юрак-қон томир касалликлари ва ҳоказо.

Расмга эътибор қаратсак. Бу ерда биринчи Water турибди. Бу - сув. Иккинчи - Sodium Laureth Sulfate. Бу - канцероген модда. Тери орқали кириб, танада йиғилади ва иммун тизими заифлашган вақтда ўз салбий таъсирини юзага чиқаради. Эътиборлиси, аксарият ҳолларда гигиена воситаларининг таркиби таржима қилинмасдан берилади.

Яна бир мисол. Симобли термометр синиб қолди. Кимёни яхши билганларга симобнинг +18 даражада парланиши, газ кўринишида организмга тушиб, стоматит, дерматит, камқонлик, бош оғриғи, ич қотиши, буйрак касалликлари, оёқ ва қўлларнинг қалтираши каби ўнлаб салбий оқибатларни келтириб чиқаришини айтишнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, симоб қолдиқларини супурги ёки чангюткич билан тозалаш асло мумкин эмаслигини ҳам билади. Хуллас, бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Улар алоҳида мавзу.

Мен эътибор қаратмоқчи бўлган муаммо, бу кимё фанининг бошланғич (илмий даражада эмас) тушунчаларини, турмушимиздаги ўрнини билмаслигимизда. Оддий гап билан айтганда, мактабларда кимё фани фақатгина назарий маълумотларни беришдан иборат бўлиб қолган. Академик билимларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, ДТС ва ўқув дарсликларининг қийинлиги, ўқув-лаборатория воситаларининг етишмаслиги ўқитишда катта тўсиқ бўлмоқда. Бизда «на ощупь», яъни ушлаб кўриб, ҳис қилиб ўрганиш тизими жорий қилинмаган. Болаларда кимёвий тасаввур ривожлантирилмайди. Ҳаттоки, кимё фани ўқитувчиларининг ўзлари ҳам кимёвий тажрибаларни ўтказиш малакасига эга эмас.

Гарчи узоқ қишлоқ мактабларида ҳам кимё лабораториялари ташкил этилган бўлса-да, у хоналарга кириш, моддалар билан яқиндан танишиш, тажрибалар ўтказиш, бир сўз билан айтганда кимёвий муҳитга кириш ТАҚИҚЛАНГАН. Лаборатория эшиклари фақат комиссиялар келгандагина очилади. Амалиёт кунларида маъруза ўтиладиган хонада лаборатория ишларини дафтарга ёздириб, тажриба ўтказишда керакли лаборатория идишлари расмини чиздирган вақтларимиз кўп бўлган.

Кимё фани дарсликларига қайтсак. Бизнинг дарсликларда изчиллик йўқ. Бола тушунсин, деган ғоя илгари сурилмаган, билимлар ҳаётга яқинлаштирилмаган. Университетда ўтиладиган баъзи маълумотлар мактаб дарсликларида ҳам мавжуд. Оддий мисол. 2010 йилда чиққан 8-синф кимё дарслигида Ядро реакциялари мавзусида қуйидаги расм бор

Матнда эса ушбу расмга атрофлича тушунча берилмаган. Ваҳоланки, бу университет ўқув дарсликларидан ўрин олган мавзуга тегишли бўлиб, ўта малакали, ОТМда таҳсил олган ўқитувчигина унинг мазмунини болалар тушунадиган тилда етказиб бера олади. Коллежларда ўқиган, асосий касби биолог, физик, математик бўлган ўқитувчиларнинг эса бундай салоҳиятга эга бўлиши даргумон.

Амалиётчи сифатида қуйидаги ечимларни таклиф қиламан.

1. Кимёга оид бошланғич қизиқишларни болага кичик синфлардан бериб бориш керак. Масалан, бошланғич синфларда Атрофимиздаги кимё номли тўгарак ташкил қилиш мумкин. Бундай тўгаракларда болалар учун қизиқарли ва содда кимёвий тажрибаларни ўтказса, ҳаётий мисоллар билан ўртоқлашса бўлади. Масалан уй шароитида туз, шакар, лимон кислотасидан кристалл ўстириш ёки уйда чой содаси, лимон кислотаси, шакар ва сувдан ширин газли сув тайёрлаш каби тажрибалар бошланғич синф ўқувчилари учун жуда мароқли.

2. Кимё дарсликларнинг тилини соддалаштириш керак. Миқдор эмас, сифатга эътибор қаратиш лозим. Дарсликларда матн ва тасвирлар мутаносиблиги таъминланиши, ҳар бир дарсликка ундаги тажрибалар акс эттирилган видеолар илова қилиниши керак.

3. Лаборатория хоналаридан музей сифатида фойдаланишга чек қўйиб, улардаги ноёб «экспонат»ларни болалар қўлига топшириш вақти келди. Яъни, лабораториялар ҳақиқий тажриба майдонларига айланиши керак.

4. Ҳозирги кунда «Ментал арифметика» мактаблари урф бўлмоқда. Худди шунга ўхшаш табиий фанлар, шу жумладан кимё бўйича ҳам Болалар интеллектуал ривожлантириш марказларини очишни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, грантлар, бинолар ва бошқа ёрдамларни ажратиш.

5. Болалар ва катталар учун синов тариқасида кимёвий тажрибалар ўтказишга мўлжалланган элементар лаборатория жиҳозлари, зарарсиз кимёвий реагентларни ўз ичига олган жамланма-қўлланмаларни чиқариш ва улар тарғиботини олиб бориш.

6. Эдриан Динглнинг «Қандай қилиб 92 кимёвий элементдан борлиқни яратиш мумкин» (How to make universe from 92 ingredients) каби асарларни ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш.

7. Ўзбекистонда таълим телеканалини ташкил этиш ва унда кимё учун алоҳида дастурларни эфирга узатиш.

3.96 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.96 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.19 / 9
  • Муштарийлар баҳоси
    4.38 / 9

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 20/05/2018

Olti ballga munosib ish bo'libdi. Muallifga tashakkurlarim!

5 Тўлқин Юсупов 20/05/2018
5 Ботиржон Шерматов 20/05/2018
5 Умид Гафуров 20/05/2018
4.5 Мақсуд Саломов 20/05/2018
4 Қаҳрамон Асланов 20/05/2018
4 Шунқор Чориев 20/05/2018
4 Музаффар Назаров 20/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018
4 Абдумалик Носиров 20/05/2018
5 Мубашшир Аҳмад 20/05/2018
5 Маҳсуджон Асқаров 20/05/2018
5 Иноят Садикова 20/05/2018
5 Мансур Тангишов 21/05/2018
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 21/05/2018
5 Нодир Закиров 21/05/2018
4.5 Шерзод Шерматов 21/05/2018
4 Давронбек Тожиалиев 21/05/2018
4.5 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
5 Нигора Умарова 21/05/2018

Ҳозир кимё, физика, биология фанлари мактабларда ҳаминқадар ўтилаётгандек. Муаллиф долзарб мавзуни кўтариб чиққан.

4 Олимжон Солижон ўғли 21/05/2018
5 Адҳам Отажонов 21/05/2018
5 Расул Кушербаев 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
10 та фикр