Таҳририятимизга Қарши туман Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида қарийб 30 йил давомида раҳбарлик қилиб келган собиқ директор, Олий ва Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими аълочиси Шомил Адиловдан шикоят хати келиб тушди. Тан олиш керак, дастлаб узоқ йиллар давомида таълимда суяги қотган раҳбарнинг кимнингдир устидан арз қилиши бироз эриш туюлди. Узоқ йиллар давомида таълимнинг «нони»ни еган, ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида кўплаб шогирдларга устозлик қилган таълим фидойисига ярашмайдиган ҳол, дея хулоса қилганимиз ҳам бор гап, албатта. Шу боис ҳам мурожаатга бўлган қизиқишимиз тобора ортиб борди. Ажабо, тизимда устоз сифатида эъзоз ва эҳтиромга муносиб бундай инсоннинг қўлига қалам тутишига нима сабаб бўлди экан?
Газетхонга бироз бўлса-да, тушунарлироқ бўлиши учун даставвал воқеалар тафсилотига тўхталиб ўтсак. Маълум бўлишича, Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи 1990 йилдан бошлаб, аввал «СПТУ» кейинчалик эса касб-ҳунар коллежи сифатида фаолият юритади. Таълим даргоҳи очилганидан буён директор сифатида ишлаб келаётган Шомил Адилов мазкур коллежнинг «Дашт» филиалига раҳбар этиб тайинланган Анвармирзо Қудратов билан бўлган келишмовчиликлар боисми, ўз аризасига мувофиқ (Ш.Адиловнинг таъкидлашича, уни ариза ёзишга мажбур қилишган. Бу ҳақда мақоламиз давомида) 2017 йилнинг 20 июлида Олий ва Ўрта-махсус таълими вазирининг биринчи ўринбосари, Марказ директори М.Холмуҳаммедовнинг буйруғига асосан ўз вазифасидан озод этилади. Алал оқибат собиқ директор таълимни ривожлантириш учун нақ йигирма саккиз йил давомида жонини жабборга бериб иш олиб борганига жавобан бу тақлид ишдан олинишини ҳазм қилолмайди. Натижада, мутасадди ташкилот раҳбарларига такрор-такрор бўлса-да, мурожаат қилишга, ўзининг таъбирича ҳуқуқи, обрў-эътибори, қадри поймол бўлаётганлигини исботлашга киришади.
Собиқ директорнинг наздида коллежнинг «Дашт» филиалига вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг 15 октябрь санасидаги буйруғига асосан Анвармирзо Қудратовнинг раҳбар этиб тайинланиши маш-машанинг дебочаси бўлиб хизмат қилган.«Ҳаммаси ўшандан бошланди, — дейди Шомил Адилов. Қонунчилигимизга мувофиқ аслида филиал раҳбари ўша коллеж директорининг тавсияси асосида тайинланиши керак эди. Чунки филиалга раҳбар этиб тайинланадиган киши ўша қишлоқ муҳитини, аҳолисини, менталитетини, шарт-шароитини яхши биладиган киши бўлиши лозим-да. Аммо бу тартиб ва тамойилга ўша пайтда негадир амал қилинмади», — дея ўз фикрларини билдиради Шомил Адилов.
Мазкур ҳолат билан танишар чоғи филиалга Анвармирзо Қудратов тайинланишидан илгари коллеж директори Шомил Адиловнинг 2016 йил 5 июлдаги ички буйруғига асосан Фатхулла Йўлдошевнинг вақтинча раҳбар этиб тайинланганлиги-ю, Эркин Мустафоевга филиал раҳбарининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозими насиб этганлигидан ҳам воқиф бўлдик. Хўш, аслида қонунчилигимизга мувофиқ коллеж директори ички буйруқ асосида вақтинча филиалга раҳбар тайинлаш ваколатига эгами? Коллежлар бошқармаси-чи, филиал раҳбарини коллеж директорининг тавсиясига мувофиқ тайинлаши керакми? Бу каби саволларимизга жавоб олиш илинжида вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳуқуқшуноси Ниёз Пардаевга юзланганимизда тўғриси, дастлабки саволимизга тайинли жавоб ололмадик. Бошқарма ҳуқуқшуноси гоҳ мумкин, гоҳ эса мумкин эмас, «Низом»га қаранг, — дейишдан нарига ўтмади. Филиал раҳбарини тайинлаш ҳақидаги саволимизга эса: «Юқори ташкилот ваколатига киради. Шу боисдан ҳам коллеж директорининг тавсияси талаб этилмайди. Демакки, филиал раҳбарини тайинлашда коллеж раҳбаридан тавсия олишга ҳеч қандай ҳожат йўқ», — дея жавоб берди.
Таҳририятга тақдим этилган коллеж Касаба уюшмасининг 2016 йил 22 ноябрь кунидаги йиғилиш Баёнининг «тилга киришича» Анвармирзо Қудратов фаолиятининг илк кунларидан бошлаб коллеж директори Шомил Адиловни обрўсизлантиришга ҳаракат қилиб келади. Уни жамоат жойларида ҳақоратлаб, обрўсини тўкишга интилади. Коллежнинг тарих фани ўқитувчиси Шаҳобиддин Қамбаровнинг таъкидлашича, директорга ҳатто ҳар хил лақаб ҳам қўйишга жазм этади. Бу ҳам етмаганидек, директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Холбой Саломовга қўнғироқ қилиб, «Шомил Адиловнинг «қулоғи»сан», — дея коллеж директорининг шаънига номутаносиб сўзлар айтади. Шунингдек йиғилишда ҳозирда коллеж директори сифатида фаолият юритаётган Анвар Ўткиров сўз олиб, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлган кезлари Шомил Адилов билан филиалга иш юзасидан бориб туришини, сайлов жараёнига тайёргарлик ишлари билан танишиш мақсадида филиалга боришганида филиал раҳбари Анвармирзо Қудратов Ш.Адиловга «Қачонгача бундай қиласиз, қачон бу ишларингизни тўхтатасиз», — дея баланд оҳангда гапирганлигини, домла порахўр, фаррошларни пора олиб ишга олган, деган гапига гувоҳ бўлганлигини, шунда А.Қудратовга эътирозини билдириб, гаплари ноўрин эканлиги-ю, раҳбарнинг ёшини ҳурмат қилиши лозимлигини айтганлиги ҳақида гапиради. Янаям ажабланарлиси, филиал раҳбари ойлик маошига базўр кун кечирадиган «Дашт» филиали фарроши Башорат Ҳайитқуловага ҳар сафар «ишга кириш учун Ш.Адиловга пора бергансан»,— дея ўдағайлаб келганлиги айтилади. Аммо мақолани тайёрлаш жараёнида филиалда фаррош бўлиб ишловчи Башорат Ҳайитқулова, Зилола Имомназарова, Барчин Пирмаматоваларнинг коллежлар бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедов номига ёзган «тушунтириш хати» ҳам қўлимизга тушиб қолди. Ундан маълум бўлишича, Башорат Ҳайитқулова ҳамда унинг икки ҳамкасби касаба уюшма йиғилишида айтган гапларини инкор этиб, Шомил Адиловнинг талабига биноан шундай ёзиб берганликларини билдиради ва хат сўнгида «Биздан ҳеч ким ҳеч қанақа пул сўрагани йўқ», — дея қистириб ҳам ўтишади. Тушунарсиз ҳолат, албатта. Фаррошлар нега коллежлар бошқармаси бошлиғи номига тушунтириш хати ёзишди? Улардан ким талаб қилди тушунтириш хати ёзиб беришни? Ва энг қизиғи Башорат Ҳайитқулова мазкур тушунтириш хати билан касаба уюшмаси йиғилишида айтган гапларини инкор этиб, улардан ҳеч ким пул сўрамаганлигини ёзяпти. Ва эътибор берган бўлсангиз, бу гаплари билан ўзининг гапига қарши чиққан ҳолдадастлабки фикрини ёқлагандек, назаримизда. Тағинам ким билади дейсиз...
Воқеалар ривожида давом этамиз. Хатти-ҳаракати коллеж Касаба уюшмаси йиғилишида муҳокама қилингач, Анвармирзо Қудратов бундан хулоса чиқарганлигини айтиб, йиғилиш қатнашчиларидан узр сўраганлиги тилга олинади йиғилиш Баёнида. Аммо Анвармирзо Қудратов касаба уюшмасининг бу гапини тасдиқламади. «Ўша куни касаба уюшмасининг йиғилиши бўлишини ҳам эълон қилишмаганди. Дабдурустдан ҳали қурилиши битмаган ва ўқув жараёни бошланмаган филиалда касаба уюшмасининг йиғилишини ўтказишларини айтиб, бизни мажбурлаб олиб киришди, — дейди Анвармирзо Қудратов йиғилиш баёни ҳақида гапирар экан. — Бизнинг умуман хабаримиз йўқ эди». Таажжуб, нега коллеж касаба уюшмаси филиал мутасаддиларини йиғилиш бўлиши хусусида огоҳлантирмади? «Касаба уюшмасининг йиғилиши бўлишини эълонлар доскасига илиб қўйгандик,— дейди коллеж касаба уюшмаси раиси ўринбосари Қувондиқ Дониев. — Филиал раҳбари эшитганми, йўқми — бундан эса хабарим йўқ». Кундек равшанки, касаба уюшмасининг бу хулосаси ҳақида коллеж раҳбарияти бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедовга «шипшитиб» қўяди. Коллежлар бошқармаси эсабилдиргини тааллуқлилиги бўйича Қарши туман ИИБга юборади. Туман ИИБ ходими И.Яхшиев воқеалар тафсилоти билан танишиб чиқиб, бирор бир кишининг хатти-ҳаракатида қонунга итоатсизлик аломатлари йўқ деган хулоса беради.
Кўп ўтмасдан Анвармирзо Қудратов филиал Низомини тайёрлатиб, таъбир жоиз бўлса «мустақилликка интила бошлайди». Унинг наздида филиалга алоҳида юридик мақоми берилиб, ўзи мустақил фаолият олиб бориши керак бўлади. «Боиси, Шомил Адилов филиал ўз фаолиятини бошлаганидан буён бирор марта ҳам келмаган. Кимгадир маълумотнома керак бўлганда ёки «печат»га эҳтиёж туғилганда коллеж директорини тополмасдик. Сарсон-саргардон бўлардик ҳар сафар», — дейди Анвармирзо хатти-ҳаракатини изоҳлар экан. Шундай қилиб, филиал Низоми тайёр бўлгач, тасдиқланаётган йили ва санаси акс этмаса-да,вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси Қаҳрамон Нормуҳаммедов томонидан тасдиқланади. Сўнгра Қарши туман ҳокимлигига юборилади. Аммо туман ҳокимлиги мутасаддилари Марказ директори ўринбосари Ф.Ризаевнинг хатидан илова келтириб, филиал алоҳида юридик мақомга эга эмас, у таянч коллежга бўйсунади ва юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланади, дея филиал Низомини рўйхатдан ўтказишдан бош тортади. Мазкур жараён давом этаётган бир пайтда туман ҳокими ўринбосари Ф. Маҳмудовнинг жавоб хатидан маълум бўлишича, филиал раҳбари аллақачон филиалнинг давлат герби туширилган муҳри ва тамғаси, махсус бланкини ҳам ясатиб олишга улгурганлиги кишини таажжублантиради. Қўлимизга келиб тушган ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, филиал раҳбари «ўзим хон, кўланкам майдон» қабилида иш тутиб, 2017 йилнинг 2—3 январь кунлари Юлдуз Адилова, Адолат Розиқова, Дилрабо Ўралова, Дилмурод Жўраев, Наврўз Авлияқулов, Нурбек Назаров, Марҳабо Ўринбоева, Муҳиддин Примов, Қундуз Рустамова, Нафосат Шарипова, Маҳбуба Товароваларни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ҳужжатга «печать» босиб, гажакдор имзо билан «безайди». Ваҳоланки, туман ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов томонидан муҳр ва тамғадан фойдаланиш учун 2017 йилнинг 13 февраль куни рухсат этиляпти.Мазкур ҳолат бизни ажаблантирганлиги боис ҳам филиал раҳбарининг бу хатти-ҳаракатининг сабаби билан қизиқдик. У эса ҳолатни шундай изоҳлайди: «Шомил Адилов филиалга умуман келмаганлиги, филиал ишлари билан қизиқмаганлиги сабаб ҳам ички буйруқ асосида ишчи ходимларни ишга қабул қилдик. Бу буйруқлар таклиф мазмунида эди». Ажабо, дунёнинг ишларини қарангки, таклиф ҳам «ишга қабул қилинсин»,«белгилансин» деган сўзлар билан безатилар экан-да...
Кези келганда яна бир гап. Мазкур филиал Низоми такрорий тарзда иккинчи маротаба ҳам туман ҳокимлигига тақдим этилади. Ҳокимлик томонидан тасдиқланмаганлигини англатувчи туман ҳокимининг ўринбосари Ф.Маҳмудов имзоси билан етиб келган хатга жавобан коллежлар бошқармаси бошлиғи Қарши тумани ҳокими А.Бойқараевга расмий хат билан мурожаат этиб, филиал Низоми нима учун тасдиқланмаганлигини ҳамда мазкур ҳужжат локал норматив ҳужжат характерига эга эканлигини ёзиб, бунга туман ҳокими ўринбосарининг имзоси билан жавоб қайтариш қанчалик тўғри эканлигига иддао қилади. Воқеалар ривожи қандай якун топганлиги билан қизиқиб, туман ҳокими ўринбосари Ф.Маҳмудовга сим қоқдик.
— Коллежлар бошқармаси бошлиғининг бу хатига жавобан туман ҳокимлиги ҳақ эканлигини исботловчи далиллар билан жавоб хати ёздик, — дейди Файзулла Маҳмудов. Шунингдек хатда, ҳокимлик хатига нисбатан ҳурматсизлик қилган вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ходимларига нисбатан чора кўрилиши натижаси ҳақида туман ҳокимлигига маълум қилиниши ҳам сўралди. Ҳатто бошқарма бошлиғининг бу ҳаракати «разбор» ҳам бўлди. Шунда, «хатга ўқимасдан қўл қўйиб берганман, узр», деган бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедов, — дейди Файзулла Маҳмудов. Қизиқ, бошқарма мутасаддиларидан айнан кимга «Дашт» филиалининг «мустақиллиги» шу даражада керак бўлиб қолдики, бу йўлда ҳатто бошқарма бошлиғини ҳам чалғитишга уринишлар бўлган. Демакки, кимдир филиалнинг мустақиллиги учун шу қадар жон куйдирганки, ҳатто бошқарма бошлиғи номидан иддаоли хат тайёрлаб, бошлиққа имзо чектирган-у, ҳокимликка юборган деган хулосага келиш мумкин. Хат тайёрловчилар наздида бошқарма бошлиғининг иддаоси битмай турган ишни биткизадигандек гўё.
«Отни бироз олдин қамчилаб қўйган» филиал раҳбари эса туман ҳокимлиги филиал Низомини иккинчи маротаба ҳам тасдиқламагач, Шомил Адилов номига билдирги ёзиб, январь ойида 12 нафар ишчи ходимни ишга олганлиги тўғрисидаги «буйруқлари»ни расмийлаштиришда амалий ёрдам беришини сўрайди. Табиийки, коллеж раҳбарияти бу даъвони анча пайсалга солади. Лекин беш-олти ой ўтиб буйруқларни қайта расмийлаштиради, албатта. Шу-шу икки раҳбар ўртасида «яширинча кураш» авж ола боради. Шомил Адилов «у» деса, Анвармирзо Қудратов «бу» дейди. Коллеж ва филиал ўқитувчилари эса кимнинг гапини маъқуллашини билмай боши қотади. Даҳанаки жанг бора-бора шу даражада томир ёзадики, воқеалар марказида ҳатто Олий Мажлис сенатори, Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо ҳам «кўриниш беради». Сенатор воқеалар ривожининг бу тарзда давомланаётганлигидан ташвишланиб, Қашқадарё вилояти ҳокимлигига мурожаат қилади. Хатда Анвармирзо Қудратов Республикамизда маънавий ҳамда адабий тарғиботчилиги билан алоҳида ажралиб туришини, тенгдошларига ўрнак бўлишга арзирлик эканлигини таъкидлаб ўтади. Бу хатти-ҳаракатларининг натижаси ўлароқ шахсан вилоят ҳокимининг қўлидан «Камолот» (ҳозирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) уйларининг калитини олишга муваффақ бўлганлигини айтиб, унинг ўсишига, камол топишига ўзаро келишмовчиликлар тўсқинлик қилаётганлигини ёзади. Ҳамда вилоят ҳокимлигидан носоғлом муҳитни ижобий ҳал этишда кўмак беришини сўрайди. Бу хат мазмунидан хабар топган Шомил Адилов эса воқеалар ривожида ўзини «жабрдийда» каби ҳис эта бошлайди. Ва табиийки, сенаторга такрор-такрор мурожаатлар йўллай бошлайди. Мурожаатида шу хат сабабли вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан ўзига нисбатан адолатсизликлар бўлаётганлигини, ишдан бўшаши хусусида ариза ёзиб беришини талаб қилаётганлиги хусусида ёзғиради. Такрорий мурожаатларга жавобан Олий Мажлис сенатори вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедов номига хат жўнатади. Хатда бу ҳақда бошқарма бошлиғига маълум қилган ҳолда, агар директор пенсия ёшига етган бўлса, ўзбекона ҳурмат ва эҳтиром билан нафақага кузатишга кўрсатма беришини илтимос қилади. Аммо вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бундай йўл тутиш ўрнига бир неча бор «Аризангизни ёзинг», дея қистовга олади. Бундай хулоса қилишимизга эса бошқарма мутасаддилари ва Шомил Адиловнинг телефондаги ўзаро суҳбатларидан ёзиб олинган аудиоёзувлар сабаб бўлди. Мазкур суҳбатда бошқарма мутасаддилари бир неча бор директорга ариза ёзиши кераклигини уқтиришганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Филиал раҳбари Анвармирзо Қудратов билан суҳбатларимизнинг бирида «Шомил Адилов менинг устимдан мутасадди ташкилот раҳбарларига бўҳтон қилиб, обрўсизлантиришга ҳаракат қиляпти. Менинг йўқотадиган нарсам йўқ деган баҳонаи сабаб билан такрор-такрор арз қилишдан тўхтамаяпти. Шу кунга қадар барча ташкилот эшикларини қоқди. Мени ёмонлаб. Бу эса менинг ҳам соғлиғимга, ишимга таъсир кўрсатмай қолмаяпти», — деган гапни айтди. Бу гапларни эшитиб, гувоҳи бўлаётганларимиздан хулосамиз шу бўляптики, вилоят коллежлар бошқармаси масъуллари ҳар икки томонни ҳам ўз вақтида тинчлантириб, масалани узил-кесил ҳал этиш ўрнига томошабин бўлишни лозим топишган кўринади. Бу эса ўзаро келишмовчиликларнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлган. Оқибатда коллежда муҳит бузилиб, ўзаро «деди-деди» авж олган, давомат, ўқиш жараёнлари сустлашиб, таълим-тарбия жараёнига таъсир этмай қолмаган.
Халқимизда «яхши гап билан илон инидан чиқади», деган гап бор. Фикри ожизимизча бошқарма масъуллари Шомил Адиловни Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо таъкидлаганидек ўзбекона ҳурмат ва эҳтиром билан нафақага кузатишганларида олам гулистон эди...ми? Ҳарқалай тизимда йигирма саккиз йил давомида фаолият юритган Шомил Адилов ҳам коллеж жамоаси билан бир қанча ютуқларни қўлга киритган экан-ку. Қолаверса мақолани тайёрлаш давомида коллежда фаолият юритаётган бир неча ўқитувчи ходимларнинг Шомил Адилов адолатли ва талабчан раҳбар, барчага бирдек ёрдам қўлини чўзувчи инсон эди, дея тарифлашганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Уларнинг сўзларига кўра Шомил Адилов раҳбарлиги даврида коллежда вилоятдаги бирор бир коллежда амалга оширилмаган иш — филология фанлари доктори, профессор, Пирмат Шермуҳаммедов таъбири билан айтганда ҳавас қилса арзирликколлежнинг ахборот-ресурс маркази қошида «Воҳамиз ижодкорлари» ва «Санъат фидойилари» каби музейлар ташкил этилган. Пирмат Шермуҳаммедовнинг таъбирича дейишимизнинг сабаби бор, албатта. Филология фанлари доктори, профессор, халқаро ЮНЕСКО, «Андерсен» ва «Чўлпон» мукофотларининг совриндори Пирмат Шермуҳаммедов 2011 йил коллеж фаолияти билан танишар чоғи музейларга дуч келади. Амалга оширилган ишлардан илҳомланиб, «Талабалар дунёси» журналида музей фаолиятини олқишлайди. Профессорнинг таъкидлашича, музейда икки юздан ортиқ фан, санъат ва маданият фидойиларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўплаб маълумотлар акс этган. Асарларидан намуналар келтирилган. Лекин минг афсуслар бўлсинки, ана шундай тарихни ўзида жамлаган ўша музей коллежлар бошқармасининг талабига биноан бузиб ташланган экан... Ҳолбуки, мазкур музейларнинг очилиш маросимида ўша пайтда айнан коллежлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Зафар Қобилов, вилоят мусиқали драма театри директори Зокир Аҳмедов, шоир Амир Худойберди ва ёзувчи Шарофат Ашуровалар ҳам бош-қош бўлишган экан. «Музейнинг очилиш маросимида шахсан иштирок этиб, жуда қувонгандик, — дейди ўша пайтда вилоят мусиқали драма театри директори бўлиб ишлаган Зокир Аҳмедов. — Музей фаолияти нафақат мени балки театр жамоасининг ҳам қувончига, ҳайратига сабаб бўлганди. У ерда вилоятимиз адиблари, санъат фидойиларининг суратлари, амалга оширган ишлари жамланганди. Ўқувчи ёшлар кўплаб маълумот олиши мумкин бўлган иш эди, албатта».
Коллеж жамоаси спорт мусобақаларида ҳам нафақат вилоятда балки республикада ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келган экан. Республика миқёсида ташкил этилган ўқув-семинарларига мезбонлик қилган.
— Энг қувонарлиси коллежимизда ҳар йили «Йил ўқитувчиси» кўрик-танлови ташкил этилиб, коллеж ўқитувчилари ўзаро беллашарди. Ғолиб ўқитувчи рағбатлантириларди. Бу эса ўша ходимнинг ўз ишига бўлган масъулиятини ошириб, ишига меҳр қўйишига сабаб бўларди. Афсуски, бу каби ютуқлар бугун йўқ, — дейди коллежнинг тарих фани ўқитувчиси Нигора Шаропова. — Устозимиз Шомил Адилов даврида ишлаган одам меҳнатига яраша рағбатлантириларди.
— Куни кеча бир воқеани эшитиб «шокка» тушдим, — дея гапида давом этади Нигора Шаропова. — Ўттиз йил умрини шу коллеж учун сарфлаган, унинг муваффақияти учун жон куйдирган устозимиз Шомил Адилов қўлидаги ҳужжатларини вақтинча директор вазифасини бажарувчи Анвар Ўткировга тақдим этиш ва меҳнат дафтарчасини олиш учун коллежга келса, эшикдан киритишмабди. Воқеани эшитиб, этим жимирлаб кетди. Қани бизда катталарга ҳурмат, устозларга нисбатан эҳтиром. Қани ўзбеклигимизга хос бўлган ёши улуғларни қадрлашдек қадрият. Бу ҳақда эшитган ёки гувоҳи бўлган ўқувчи ёшлар келажакда бу ишни такрорламаслигига, устозларга нисбатан ҳурматсизлик қилмаслигига ким кафил бўлолади? Ҳеч ким, албатта.
Биз юқоридаги фикрларимиз билан кимгадир қора чаплашни ният қилмадик, албатта. Ваколатли ташкилотлар фаолиятини таҳлил қилиш фикридан ҳам йироқмиз. Мақсадимиз муаллақ туриб қолаётган саволларга жавоб топиш. Мутасадди ташкилотлар эътиборини жалб қилган ҳолда, масалага ечим топиш. Адолатнинг қарор топиши қизиқтиради бизни. Шундай экан, биз ҳар доимгидек воқеалар ривожини кузатишда ва натижани кутишда давом этамиз...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр