Шошилаётган одамдан бирор нарсани сўраш ноқулай туюлганидек, «ишонч» дарз кетаётган бир пайтда, бу хусусда фикр юритиш, ўзгалар қарашини ўрганиш осон кечмайди, албатта. Аммо шундай бўлса-да, «ишончга эҳтиром кўрсатиб» қоғоз қоралашга ўтирдим. Чунки ҳаётимизда ишончнинг ўрни беқиёс! Гоҳида танг вазиятларда ҳатто олтин ҳам сариқ-чақачалик қийматга эга бўлмайди. Шундай оғир кезларда ИШОНЧ асқотади. Бир зумда мушкулингизни осон қилади.Баъзан ишонч атрофида дайдиб юрган «ишончсизликлар» унинг ҳуснига соя солади. Айрим ҳолатларда яқинларингиз сизга ишончсизлик билан қараса, уни тиклашга интилган дамларингиз ишонч қадрининг осмон қиймати кўз олдингизда гавдаланади. Эҳтимол шунинг учунми, инсоннинг лафзида туриши ёки ваъдага вафо қилиши ғоятда муҳим. Халқимизнинг, «Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмас» нақли берилган ваъданинг бажарилиши лозимлигини англатади.
Ишонч йўқолишига сабаб кўнгилчанликдир. Киши эплай олмайдиган ишига лоф уриб мақтанмасдан, энди ўрганаётганини таъкидлаши жоиз. Бизда, кўпинча «чала-чалаликка» асосланган тажрибавий услуб устунроқ. Шундай десам, зўр бўлади, деб хомхаёл қилишади. (ўзим ҳам бундай хаёлларга берилиб, қовун туширган пайтларим бўлган).
Ёшингиз улғайгани сайин вақтнинг қадри тобора ортиб бораверади. Шу жиҳатдан, берган ваъдангиз чала қолиб кетиши ёки ёдингиздан кўтарилиши табиий ҳолга айланади. Кимларнингдир бундан кўнгли ранжиши мумкин, бора-бора бунга ҳам қўл силтаб кетишга одатланасиз. Буни биров шароит тақозоси билан юзингизга солмаслиги мумкин, аммо, уларнинг муомаласидан шундоққина сезилиб туради.Тағин бир гап: ишончсизлик асосан икки хил ҳолатда содир бўлади: тасодифий ва мажбурий. Тасодифийлик паришонхотирликдан юзага келади; ишингиз кўп, вақт тиғиз, бироқ, барчасига улгуриш шарт. Мажбурий ишончсизликнинг пайдо бўлиши, объектив ва субъектив сабабларга бориб тақалади. Раҳбар берган топшириққа ходимнинг қуввайи-ҳофизаси етмаслиги; аввал, шуни уддалашга ваъда берган бўлса-да.
Хуллса, ҳаётда ишончнинг қадрини бир пул қиладиган вазиятларга кўп дуч келамиз. Уни бир меъёрда сақлаб туриш истак билан чамбарчас боғлиқ. Вазиятни қурби етганча тушунишга уриниб, баҳоли қудрат ижобий йўл тутишга талпиниш муҳим аҳамият касб этади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кишига ишонч билдириш, бажарилаётган ишнинг тезлашувига мадад беради, ишончсизлик эса, аксинча: кўнгил қолишига, хижолатга, пушаймонга етаклайди; бундан ютқазишингиз аниқ.
Шундай экан, ишончга ишонайлик, эътиқодни кучайтирайлик, шунда ўзимизга яхши бўлади. Нафақат ўзимизга, жонимиз қўрғон айлаган, жисмимизгада яхши бўлиши муқаррар. Ишончни йўқотмайлик, ИШОНЧНИ...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр