Илм экспортини бошлаш вақти келди

Ўзбекистон чет эллик талабаларни жалб қилиш орқали илм экспортидан катта даромад кўриш имконияти ва салоҳиятига эга давлат. Буни тан олиш, бор имкониятлардан самарали фойдаланиши керак холос.

Мени бир масала жуда кўп ўйлантиради: нима учун Ўзбекистон жуда катта салоҳиятга, кадрлар базасига эга бўла туриб мамлакатга чет эллик талабаларни кенг жалб қила олмайди? Ахир юз йиллик тарихга эга университетларимиз, фойдаланилмаётган илмий салоҳиятимиз, ўз қадрини тополмаётган олимларимиз бор. Агар имкониятларимизни тўғри баҳолаб, улардан самарали фойдаланишни бошласак, мамлакатимизга қўшимча миллиардлаб доллар маблағ кириб келиши мумкин.

Шу ҳақдаги фикрларимни қораламоқчи бўлиб юрган вақтим ҳозирда Хитойда илмий лабораторияда фаолият олиб бораётган курсдошимдан маслаҳат сўрадим. У бўлса менга Ўзбекистон университетлари аввал ўзимизнинг талабаларга тузукроқ билим беришни бошлаши кераклигини, домлаларнинг порахўрлиги, чет эллик талабаларга дарс ўтиш учун инглиз тилини билмаслигини айтиб, яхшиси бошқа мавзу танлашимни маслаҳат берди.

Унинг ҳам гапида жон бор аслида. Олий таълим даргоҳларида талабалар ўқиса-ўқимаса пора бериши, билим олишга интилиш ва иштиёқ унчалик ҳам кучли эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин университетларимизда билимли, бир неча хорижий тилларни биладиган, ҳалол ва виждонли педагоглар, олимлар борлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Ўзим таълим олган олийгоҳ мисолида айтсам, Ўзбекистон Миллий университети кимё факультети декани Мухторов Одил Пазилович бир неча йиллар муқаддам хорижда PhD ёқлаган, инглиз тилини яхши билади. Кимё фанлари доктори Муҳамадиев Мухтор Ганиевич, кимё фанлари номзоди Тоҳир Раҳимов Ҳакимович эса полимерлар кимёси соҳасида наноматериаллар бўйича илмий иш қилиб, хорижий олимлар эътирофига сазовор бўлган. Кимёнинг энг қийин соҳаларидан бири - математик моделлаш бўйича сабоқ берувчи устозимиз Алишер Эшимбетов Н.Д. Зелинский номидаги органик кимё институти (Москва) ва Ҳиндистоннинг IТEC дастури бўйича аналитик ускуналар соҳасида Ҳиндистонда малака ошириб қайтган. Ҳар бир олий таълим муассасаси, илмий тадқиқот институтларида ана шундай жаҳон даражасидаги кадрлар фаолият олиб бораётгани исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатлардан. Уларнинг аксариятини дунёнинг етакчи илм даргоҳлари ҳозироқ ўз сафига қўшиб олишга тайёр эканига ҳам шубҳа йўқ.

Унинг устига, бугун Ўзбекистонда бир қатор хорижий олийгоҳлар филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда таълим халқаро стандартлар асосида олиб борилади. Буларнинг барчасини ҳисобга олиб, ҳукумат Ўзбекистонга хорижий талабаларни кенг жалб қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ.

Маълумот учун: 2016-2017 йилларда АҚШдаги 4500 дан ортиқ олий таълим муассасаларида 20 млн нафардан зиёд талаба таҳсил олган бўлса, уларнинг қарийб 1,8 млн нафари чет элликлардир. 2016 йилда чет эллик талабалар АҚШ иқтисодиётига 39 млрд доллар соф фойда келтирди. Бу ҳали уларнинг ўқиш учун тўлаган пуллари. Бундан ташқари яшаш, овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатлар ҳам борки, барчаси охир-оқибат мамлакат иқтисодиётига фойда қўшаверади.

РХДУ (Россия Халқлар Дўстлиги университети) нинг 2017 йилги маълумотига кўра, пулли таҳсил олаётган чет эллик талабалардан тушган даромад 84 млрд рублни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилга бориб 373 млрд рублга етиши режалаштирилган

Ўзбекистон ҳам чет эллик талабаларни қабул қилувчи реципиент-давлатга айланиши учун биринчи навбатда қўшни ва яқин хориж давлатлари – Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистонга эътибор қаратиш, ушбу давлатлар талабаларига АКТ, техника, иқтисодиёт, нефть-газ, аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар, тиббиёт каби 36-40 та устувор йўналишларда олий таълим хизматларини тақдим этиши мумкин.

Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан ўқиш, яшаш ва бошқа харажатларнинг нисбатан арзонлиги билан устунликка эга бўлиши мумкин. Энг катта муаммо эса олий таълим муассасаларининг қабул имкониятлари чекланган.

Агар АҚШ аҳолисининг 325 миллион, мамлакатдаги талабалар сонининг эса 20 миллиондан ошиқ эканини инобатга олсак, Ўзбекистонда 32 миллион аҳолига 2 миллион талаба, уларнинг 180-200 минг нафари чет элликлар бўлиши мантиққа тўғри келади.

Университет ва институтлар ўқув бинолари, аудитория, ётоқхона ва бошқа инфратузилмалари қўшимча талабалар контингентига мослаб реконструкция қилинса, мамлакатда хусусий университетлар очилишига рухсат берилса, университетларга таълим йўналишларини мустақил танлаш ҳуқуқи тақдим этилса (масалан, ЎзМУда тиббиёт, ҳуқуқ, иқтисод, АКТ, спорт, мусиқа ва бошқа йўналишлар очиш), бу муаммони ҳал этиш унчалик ҳам қийин кечмайди.

Олий таълимда керакли моддий-техник, ўқув-услубий база яратилиб, малакали кадрлар билан тўлиқ таъминланганидан сўнг илмий салоҳият, яратилган шароитлар ва имкониятлар кенг тарғиб қилиниши ҳам керак. Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, экспорт салоҳияти хорижда қандай тарғиб қилинаётган бўлса, илмий потенциали ҳам шундай PR (пиар) қилиниши керак.

ОТМларимиз ўз сайти устида жиддий ишлашлари керак. Ваҳоланки, чет эллик талабалар айнан интернет маълумотларидан фойдаланиб у ёки бу ўқишни танлашлари мумкин. Шу ўринда ЎзМУ сайтининг хорижий талабалар ва абитуриентлар учун мўлжалланган контентига эътиборингизни қаратмоқчиман. Афсуски, ўқишга топширишда қандай ҳужжатлар лозимлиги ҳақидаги инглиз тилидаги саҳифа бўм-бўш.

Бу саҳифа бир неча хорижий тиллар, айниқса юқорида санаб ўтилган мамлакатлар тиллари – тожик, туркман, пуштун, урду, араб, рус ва инглиз тилларида юритилиши керак. Сайтда мутахассисликлар ва ўқитувчилар ҳақидаги маълумотлар базаси яратилиши лозим.

ОТМлар берган маълумотлар асосида ўқитувчининг чет тилини билиш даражаси, олиб борадиган фани номи каби анъанавий маълумотлардан ташқари, чет тиллардаги илмий ишлари, чет тиллардаги ўқув дастурлари ҳақида маълумотлар базасининг бўлиши муҳим.

Чет эллик талабаларга таълим тилини мустақил танлаш имконияти берилиши керак. Ўзбек тилида таълим олганлик учун қўшимча имтиёз, чегирмалар берилиши мақсадга мувофиқ.

Университетларда маҳаллий кадрлар билан бир қаторда чет эллик ўқитувчи-профессорлар ҳам ишлаши керак. Ўзбекистондаги муҳим илмий изланишларга хорижлик тадқиқотчиларни жалб қилиш, чет эллик талабаларнинг илмий салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш орқали қўшимча даромад олиш мумкин.

Мамлакатга чет эллик талабаларни кенг жалб қилиш орқали йилига энг камида 800 млн-1 млрд доллар атрофида соф фойда олиш мумкин, агарда 10 минглаб талабаларнинг авиация, транспорт, яшаш ва бошқа мақсадлардаги харажатларини ҳам қўшсак, бу рақамлар янада кўпроқ бўлиши мумкин. Демак, таълим ҳам фойдали ва манфаатли экспорт йўналишларидан бири. Бу масалани чуқурроқ ўрганиш, имкониятларни ишга солиш вақти келди.

4.18 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.18 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.57 / 15
  • Муштарийлар баҳоси
    4.52 / 18

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Бахтиёр Шералиев 10/06/2018

Muallif ko'targan mavzusiga optimistik ruhda yondashganligi ko'rinib turibdi. Lekin ammo biroq, men Uzb OTMlarida o'qigan, ishlagan, qolaversa chet el OTMlari bilan yaqindan tanishdan kishi sifatida aytishim mumkinki, biz maqolada tilga olingan darajaga hali beri 15-20 yilda yeta olmaymiz. Birinchi muammo bu kadrlar muammosi bo'lsa, ikkinchisi bu moddiy texnik bazadir. Qisqasi men Xitoylik dugonangizning fikriga qo'shilgan bo'lar edim. Omad tilayman.

4.5 Уйғун Ғафуров 10/06/2018

Яхши таклифлар. Лекин хорижда бу ишлар билан шуғулланувчи махсус ташкилотлар бор, ўшалар тажрибаси эътиборга олинса янада фойдалироқ бўлар эди.

3.5 Давронбек Тожиалиев 11/06/2018

Деярли янги фикр ўқимадим.

3.5 Олимжон Солижон ўғли 11/06/2018

Барчанинг асабига тегиб бўлган соҳани танлаб маҳорат билан таҳлил қилибсиз. Россиянинг барча йирик шаҳарларида, Туркия, Қозоғистон, АҚШ давлатларига бориб учрашувлар ташкил этган Ёшлар иттифоқи фаолларини “Узагроэкспорт”га ишга ўтказиш керак деган таклиф етишмабди холос. Омад ёр бўлсин.

3.5 Маҳсуджон Асқаров 11/06/2018
5 Адҳам Отажонов 11/06/2018

Мен Ўзбекистонниинг илмий салоҳияти ва кадрлар базаси улкан деб ўйламайман... Қани университетларимиз жаҳон рейтингларида қайси ўринларни эгаллаб турибди... Шундай келиб чиқиш керак... ) Мақола яхши

4 Қаҳрамон Асланов 11/06/2018

Фикрлар кўпроқ баландпарвоз. Тилга олинган маълумотлар ва оптимизм борлиги учун ҳам юқорироқ баҳо қўйишим мумкин эди, аммо агар финалда кимгадир 4.5 ёки 5 қўйсам, "бу блогпост совриндор бўлиши керак" деб ҳисоблаган бўламан. Менинг ўлчовимда ҳақиқий блогерлар, шу пайтгача ва бундан кейин ҳам блогида ёки ижтимоий тармоқларда "қайнаётган" муаллифлар совриндор бўлиши керак. Замира Юсуповани танимас эканман. Балки бундан кейин яхши мақолалари билан бизни хурсанд қиларлар. Мана шу тилак билан муаллифни "чемпионат кашфиёти" номинациясига тавсия қиламан. Ҳар ҳолда, финалдаги 22 киши ичида мен танимаганим шу киши эканлар :)

3.5 Нодир Закиров 12/06/2018

Илм экспорт қилиш учун рақобатбардош илмга эга бўлиш керак. Афсуски, Ўзбекистонда ундай муҳит йўқ. Дунёда замонавий илм тили - инглиз тили. Инглиз тилида тадқиқотлар олиб бориб, илмий ишлар ёзадиган олимларимиз йўқ. Хаттоки оддий мактаб дарсликларини уддалаб ёза олмаймиз. Қандай қилиб ўзимиздаям ўтмаган молни хорижга экспорт қиламиз?

5 Расул Кушербаев 12/06/2018
4 Абдумалик Носиров 12/06/2018

Хозирги имкониятимиз билан авторнинг фикрлари амалга ошира олмаймиз. Аввалига ички холатимизни тубда ўзгартиришимиз лозим.

3 Нигора Умарова 12/06/2018

Мақолада маълумотлар фактлар билан келтирилган, бироқ баён этиш услуби қуруқ.

4 Мансур Тангишов 12/06/2018

Блогпост яхши таклифни илгари сурган, воқеъликка ўта позитив ёндашилган ҳолатда ёзилибди. Айниқса, ҳеч бўлмаса қўшни давлатларга илмни экспорт қилиш, уларни ўқитишни таклиф қилиш жуда ўринли. Бироқ, шу ўринда яқинда қабул қилинган "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорига мувофиқ эндиликда олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш (http://uza.uz/oz/documents/oliy-talim-muassasalarida-talim-sifatini-oshirish-va-ularnin-05-06-2018) таклиф қилинганини эслатиб ўтиш лозим. Бу ҳам ўз ўрнида муаллиф назарда тутаётган илм экспортига кенг имконият яратиш учун катта қадам ҳисобланади. Умуман олганда, муаллиф ОТМлардаги мавжуд ҳолат ҳақида қисман фактлар келтирса нисбатан сифатлироқ блогпост бўлар эди. Олий таълимнинг сифат жиҳатдан ўсаётгани эмас балки тушаётгани муаммоси балким шунда намоён бўларди. Энг оптимистик жиҳатдан қаралса, биз ҳеч бўлмаганда Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистонлик талабаларга илмни экспорт қилишимиз мумкин. ОТМ вебсайтлари бўйича фикрлар берилгани ҳам ижобий. Лекин, мавзуга бироз юзакироқ ёндашилган.

4 Ботиржон Шерматов 12/06/2018

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолардан холи, ижтимоий ахамияти мавжуд, лекин катта эмас. Ечим ва тахлил мавжуд. Лекин муаллиф куринмаяпти. Бир нарсани кушимча килишим мумкин. Хаттоки кушни Киргизистон хам бу борада анча олдинда биздан. Бишкек ва Ош шахарларида жуда хам хорижлик талабаларни учратиш мумкин.

4 Беҳзод Қобулов 12/06/2018

Зерикарли ёзилган. Оддий мақола. Муаллиф матнни тақдим қилишда креатив ёндашувга эътибор қилса, яхши бўларди. Қолаверса, масалага фақат бир томонлама ёндашиб бўлмайди. Таклифнинг фойдаси ҳақида орзиқиб, сармояга боғлаб гапиравериш мумкин. Зарари ҳақида ҳам кенгроқ тўхталиш мумкин эди. Умуман, таклифда тушунарсизлик бор. Муаллифнинг кейинги ишларига омад тилайман!

2.5 Музаффар Назаров 12/06/2018

Фантастик жанрдаги пост бўлибди

4 Мақсуд Саломов 13/06/2018

Tahlil biroz sayoz. O'rganilish doirasi bo'yicha ancha keng mavzu tanlangan, lekin o'rganilish darajasi chuqur emas.Bu mavzuni davom ettirish va reallikka aylantirish imkoniyatlarini kengroq ochib berish kerak.

4 Умид Гафуров 13/06/2018

Импортга муҳтож бўлиб турибмиз... Экспортга йўл бўлсин.

4 Шерзод Шерматов 13/06/2018
4.5 Тўлқин Юсупов 13/06/2018

Bir finalga chiqqan bloger maktab muammosini, biri kitob va ilm, yana biri ilmga imtiyozlar berib, ilmning qadrini oshirishni taklif qilgan. Buni esa shularning tadrijiy davomi bo‘libdi. Ilmga oid har qanday blogpost tahsinga sazovor. Qachondir ilmimiz eksport qilinishiga umid bog‘layman.

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06/2018
4 Иноят Садикова 13/06/2018

Ko'plab statistik ma'lumotlar uchun rahmat. Blogpostning eng katta kamchiligi - OTM.lar reytingi haqida hech narsa aytib o'tilmaganligi, vaholanki chet ellik talabalarga eng qiziq omil shu hisoblanadi. Chunki, OTM reytingi, blogpostda aytib o'tilgan omillar yig'indisi asosida shakllanadi va u halqaro reytingda o'z nufuziga ega bo'lishi kk. (kotirovka qilinishi kk, ya'ni.) O'tgan yili bir tiyinga qimmat "halqaro" deb nom qo'yib olgan hususiy reytingda qatnashib, o'zlariga-o'zlari reyting berib sharmanda bo'lgan edi bir-ikki OTM. Bunday emas, haqiqiy, halqaro miqyosda tan olingan reyting joriy etilishi kk. Shuningdek, sanab o'tilgan imkoniyatlarning deyarli barchasi mavjud bo'lgan mamlakatimizdagi horijiy OTM.lar o'rganilmagan. Ulardan borib so'rasangiz, o'rtacha 3 ming mahalliy talabaga nari borsa 20 ta horijiy talaba to'g'ri keladi. Ular ham g'arbiy Yevropa yoki Amerikaliklar emas va aksari o'z ihtiyori bilan kelib, tanlab o'qishmaydi (ota-onasining ish joyi shu yerdaligi kabi sabablar). Shu kabi OTM.lar ham o'rganilib, tegishli hulosalar berilishi o'rinli bo'lar edi.

4 Мубашшир Аҳмад 13/06/2018

Сарлавҳани ўқиб, тўғриси энсам қотди. Муаллиф Хитойдаги дўстининг гапларида жон борлигини айтибди. Фақат жон бор эмас, айни ҳақиқат. Ўзимиз ҳам талаба бўлганмиз, ўқимоқчи бўлган талаба энг зўр ўқув даргоҳида ўқишни хоҳлайди. Масалан диний соҳа талабалари ичида тараққий этганроқ ва қулай Туркиядан кўра, яшаш шароити оғир бўлса ҳам, Мисрга интилиш кучли. Мен ҳали Ўзбекистонни талабалар учун жозибадор мамлакат ҳисобламайман. Аммо шундай тушкун йўналишдан ҳам мақола ёза олгани ва келажакка таклифлар бера олгани учун муаллиф ишини яхши баҳоладим.

4.5 Шунқор Чориев 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
16 та фикр