Яқин вақтларгача ҳокимлар фаолияти оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинмасди. Улар сўкадими, урадими “паст”дагилар ҳаммасини “ҳазм” қиларди, журналистлар эса ҳеч нарсани “кўрмасди” ва “эшитмасди”. Ахир, ҳар йиғилишда, тадбирларда ҳоким бованинг бир ёнида прокурор, иккинчи томонида ИИБ бошлиғи турганида, ким ҳам гапиришга журъат этарди, кимнинг гапини қонун посбонлари эшитишарди?!
Қандай шаклланди?
Бизда ҳокимлик тизими 2002 йилда жорий қилинди. Ҳоким бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуд (вилоят, туман, шаҳар)да ҳам ижроия ҳокимияти ва ҳам давлат ҳокимиятининг вакиллик органи бўлмиш халқ депутатлари Кенгашини бошқаради. Конституциямизнинг 11-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади” деб белгилаб қўйилган. Аммо маҳаллий давлат бошқаруви даражасида ушбу талабга риоя қилинмасдан келинмоқда. Нега?
Менингча, бу тартиб ўша йилларда, яъни мустақиллик йўлига энди қадам қўйган пайтимизда, ҳали маҳаллий бошқарувнинг мустаҳкам тизими шаклланмаган бир вақтда зарурий чора бўлгандир. Аммо ҳокимларга кенг ваколат берилганлиги, ўзи раҳбар бўлган ҳудуддаги фуқароларга ҳисоботдор эмаслиги оқибатида уларнинг айримлари ўша ҳудудда ўзларини ҳокими мутлақ сифатида тутадиган бўлишди. Одамларни менсимаслик, ўз устидан назоратни йўқотиб, катта-кичик йиғилишларда ўзгаларни камситиш, ҳақоратлаш каби иллатлар баъзи бир ҳокимлар учун одатий ҳолга айланди. Ҳар икки-уч йилда вилоят раҳбарларининг алмаштирилиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади: янги тайинлангани ишни эскича давом эттираверди.
Бошқаларда қандай? Бу ёғи нима бўлади?
Демократик мамлакатларда давлат бошқарувининг барча бўғинларида ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий тамойили ҳаётга жорий этилган бўлиб, ўзаро тийиб туриш ва қарши таъсир этиш (инглизчада checks and balances) тизими самарали амал қилади. Бу тизим манфаатлар мувозанатини сақлаб туришнинг муҳим омили саналади.
Буюк француз маърифатпарвари ва сиёсатшуноси Шарль Луи Монтескье ўзининг “Қонунлар руҳи ҳақида” (1748) асарида ҳокимиятнинг уч тармоққа тақсимланиши натижасида уларнинг бири иккинчисини жиловлаб туришини ва бунинг оқибатида ҳокимият суистеъмол қилинишининг олдини олишини таъкидлайди.
Биз онгимизда қаттиқ ўрнашиб қолган “одил ҳукмдор” тушунчасидан воз кечишимиз лозим. Ўзаро тийиб туриш ва қарши таъсир этиш тизими жорий этилмас экан, маҳаллий давлат бошқарувида том маънодаги адолат бўлишини кутиш утопия, хомхаёлдир. Давлат тизими ва аҳоли ўртасидаги муносабатни “ота-бола” муносабатидек талқин этиш, яъни патерналистик қарашдан воз кечиш вақти келди. Бошқарув тизимини адолат асосида шундай ташкил этиш керакки, раҳбарликка ёмон одам келиб қолган тақдирда ҳам унинг қонунни бузиши, адолатни оёқ ости қилиши мумкин бўлмасин.
Бунинг учун нима қилиш керак деб бош қотирмасдан, баҳсу мунозара билан вақтни ўтказмасдан, бошқа давлатлар тажрибасидан, умумэътироф этилган нормалардан фойдалиниш зарур. Улардан айримларини санаб ўтамиз.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида” ги Қонуннинг 1-моддасида “Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради” деб белгилаб қўйилган тартибга ҳокимиятнинг уч бўғинининг бўлиниши ҳақидаги конституциявий нормани тадбиқ этган ҳолда ўзгартириш керак. Оддийроқ қилиб айтганда, халқ депутатлари вилоят (шаҳар, туман) Кенгашлари ҳокимнинг бошқарувидан чиқарилиши лозим. Ҳоким фақат ижроия ҳокимиятининг раиси бўлиб қолмоғи шарт. Унинг ваколатига нималар кириши аниқ белгилаб қўйилиш зарур.
Сиёсий раҳбарлик тўласинча сайлаб қўйиладиган Кенгаш раисига ўтсин, ҳоким эса аҳолига яқин ишларни бажарсин, Кенгашга ҳисоботдор бўлсин.
Яна бир таклиф. Ҳоким деган атамани алмаштириш керак деб ўйлайман. Ижроия ҳокимият раҳбарини бошқача, оддийроқ аташ мақсадга мувофиқдир, балки? Чунки, бир томондан, “ҳоким” деганда, кўпчиликнинг кўз олдига ҳукмини ҳар қандай йўл билан ўтказадиган ҳукмрон намоён бўлади. Иккинчи томондан, биринчи раҳбарларнинг аксарияти ўз фаолияти билан “ўз” ҳудудида мутлақ ҳукмрон эканлигини кўрсатиб келмоқда. Номда, номланишда гап кўп!
Масалан, қўшни Тожикистонда маҳаллий давлат бошқарув раҳбарлари раис деб аталади. Масалан, Суғд вилоят ҳукумати раиси, Панжакент шаҳар ҳукумати раиси. Украинада вилоят раҳбари вилоят давлат маъмурияти раиси, шаҳарники шаҳар раиси деб аталади. Бир қатор мамалакатларда вилоят раҳбари губернатор, шаҳарники мэр дейилади. Биз ҳам “ҳоким” атамасини алмаштириш бўйча маслаҳатлашиб олсак дегандим...
“Согдиана” блоги, 18.05.2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр