Бир "журналист" акахонимизнинг нинг Kun.uz сайтида "Гўшт нархи нега 70 фоизга ошди" номли мақоласини ўқиб, баъзи нарсаларга эътиборингизни тортмоқчиман:
1. "Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Мақсуд Юсуповнинг қайд этишича, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ялпи улушининг 42 фоизини чорвачилик маҳсулотлари ташкил этади". Ҳа энди, Мақсуд Юсупов дегани нимаям десин, агар ҳақиқатни тан олса, ўтирган юмшоқ курсисидан айрилиши аниқ. Лекин унақа булса, ва гўшт етарли булса, қани ўша гўшт? Сафсатабозлик.
2. Бизнинг журналистлар ўрганиб қолган, афсонавий клишелар: "Чорвачилик соҳасида эркин бозор механизмлари шакллантирилгани, кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида чорва моллари бош сони ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда ортиб боряпти". Сир бўлса-да, чорва молларининг сони бозор механизмлари шакллантирилгани ва имтиёзлар тақдим этилаётганлиги учун эмас, асрлар давомида бўлиб келган қовушиш орқали кўпаяди ва шундан болалайди! Бўлмаса, Эфиопия тоғларидаги ёввойи эчкиларнинг ҳам сони шу бизнинг ислоҳотларимиз туфайли ортаётган экан-да, ёки бизнинг буқа ва сигирларимизга қабул қилинаётган ўша имтиёзлар виаградек таъсир қилаяптимикан? Уялмайсизми, журналист оға, шу гапларни ёзишга? Агар эркин бозор механизмлар шакллантирилганда, нега ҳукумат гўшт нархини шакллантиришга аралашмокда? Нега емишнинг нархини осмондан белгилайди, оқибатда уни ўша нархга топиб бўлмайди. Бир хил гаплар, бир хил жумлалар...
3."– Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга стратегик вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилади, – дейди «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулатиф Қодиров. – 1990 йилда Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган гўшт маҳсулотларининг 50 фоизи четдан олиб келинган бўлса, ҳозир вазият бутунлай ўзгарган. Аҳолининг гўштга бўлган талаби ўзимизда етиштирилаётган қорамол, қўй-эчки ва товуқлар ҳисобига тўлиқ қондирилмоқда"-Хўш, Абдулатиф ака, сиз ўзингизнинг шахсий гўштингиз билан аҳолига берилиши керак бўлган гўштни адаштирманг. Кани сиз айтаётган ўша афсонавий қорамол-у, эчкилар?. " Мамлакатимизда, 90-йилларда, хозирда эса, стратегик вазифа"-ҳаммаси бамисоли бузилиб қолган патефоннинг пластинкасининг чайналиши....
4."Шуни алоҳида қайд этиш керакки, гўштнинг экспорт қилина бошлаши унинг ички бозордаги нархининг кескин ошишига ёки улуши камайишига таъсир кўрсатмайди."- Шуни алохида кайд этиш керакки, иктисодиёт сохасида хеч нарсани тушунмайдиган, ўз ўтирган жойига арзимайдиган, қолоқ фикрлайдиган амалдорлигингиз маълум бўлиб қолди. Иқтисодиёт соҳасидаги объектив қонуният сизнинг баландпарвоз ва сафсата гапларингиз билан ўзгармайди!
5."Журналистик суриштирув даврида тўплаган, бироқ мақолага киритилмаган материаллар, жойларда ўтказган мулоқотлардан шунга амин бўлдикки, гўшт нархининг бу қадар кескин кўтарилишига жиддий сабаб йўқ."-Ҳа тўғри, ўзи шунчаки қассоблар ва чорвадорлар касод булиш ва сотадиган маҳсулотини сотолмасдан овора бўлиш учун шунақа нархларни белгилашган, албатта. Улар ўзига душман-ку...
Сизнинг мақоланингизнинг таҳлили даврида шу нарсага амин бўлдикки, журналистик тадқиқотни амаллай олмайдиган, оддий хақиқатларни кўра олмайдиган, қўштирнок ичидаги журналист экансиз. Агар гапингиз тўғри булса, мана бу гапингизга нима дейсиз, жаноб журналист: "Охирги тўрт йилда ем, дағал озуқа маҳсулотлари нархи бирмунча ошди. Бундан ташқари, сўнгги икки-уч йилда об-ҳавонинг серёғин келиб яйловлардаги ўт-ўланлар кўп бўлгани, чорва молларини боқишга қўшимча имконият яратганига қарамай, баҳор ва ёз ойларида дағал ем-ҳашак жамғаришда айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу айниқса, деҳқон ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги ерларда озуқабоп экинлар экишга рухсат этилмаётгани, ажратилган ерларнинг эса ем-хашакка бўлган талабни қондира олмаётганида яққол кузатилмоқда" Ахир шу жиддий сабаб бўлмаса, яна қанақа сабаб керак сизга?
6."Демак, ана шундай омиллар ҳисобга олинса, гўштнинг қимматлашганини ҳам табиий ҳол, деб қабул қилиш мумкин, аслида"-Офарин, мақоланинг руҳини каранг-у, хулосани қаранг! Ҳалиям, Kun.uz редакциясида теран фикрлай оладиган мутахассислар бор экан, ҳарҳолда, мақоланинг бошланғич вариантига караганда, анча бемаъни, бир-бирига зид фикрларни олиб ташлаб, қисқартириб куйишибди.
Шунақанги "ақлли, қалами ўткир" журналистлар бор экан, биз муаммоларнинг асл илдизига кириб боришнинг ўрнига, янглиш зулмат йўлидан кетаверамиз.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр