Бугун Ўзбекистонда Матбуот ва ОАВ фаолиятини ҳар томонлама қўллаб қувватлашга ҳизмат қилувчи қатор қонунлар, ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Давр талаби ва эҳтиёжлардан келиб чиққан холда яна янги қонунлар тайёрланмоқда. Хусусан, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ОАВ тўғрисидаги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳамда Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунларни ишлаб чиқди ва улар биринчи ўқишда маъқулланди. Мазкур қонунлар лойихаларини янада бойитиш мақсадида Ўзбекистонлик депутатлар ва журналистлар ҳамда Стратегик тараққиёт маркази вакиллари Лондонда бир неча кун сафарда бўлиб, Британия тажрибаларини қиёсий ўрганиб чиқишди ва якуний хулосалар асосида қонун лойихаларини иккинчи ўқишга киритиш олдидан, уларга қатор ўзгартишлар киритилди...
Лондон – Англиянинг- Буюк Британиянинг пойтахти, буни ҳамма билади. Аммо, бугун Лондонни яхши билганлар уни бошқачароқ таърифлашар экан. Уларнинг айтишларича, Лондон бугун Англия эмас, у аллақачонданоқ глобал дунё марказига айланиб улгурган. Ким билсин, эҳтимол шундайдир, зеро бугун келиб чиқиш тарихи, ёки тараққиёт маркази Лондонда бўлгани холда, тармоқлари бутун дунёга тарқалган соҳалар жудаям кўп. Улардан бири матбуот.
Гарчи, матбуот турли давлатларда бир-биридан мустақил тарзда турли даврларда шаклланган бўлсада, Британиянинг бугунги матбуоти ва журналистиканинг эркин ривожланиши учун кенг имкон берувчи Англия қонунчилигидан қарийиб бутун дунё ибрат олишга, ёки қиёсий ўрганишга ҳаракат қилади. Менимча, шу иккинчиси тўғрироқ. Гап шундаки, сўз эркинлиги, матбуот мустақиллиги борасида кўп холларда, Лондон тажрибаси намуна қилиб кўрсатилади.
Аммо, Буюк Британиянинг ўзида ҳам матбуот ва уни бошқариш, айниқса, интернет журналистикасини тартибга солиш, журналист этикасини, маълумотларни матбуотда эълон қилиш маданиятини ривожлантириш каби масалаларда қатор муаммолар мавжуд экан. Ҳар ҳолда, Лондонга борганимиздаги илк таъссуротларимиз шундай бўлди.
Би-Би-Си телерадиокомпаниясини билмайдиган киши йўқ. Қолаверса, яқинда ушбу компания фаолияти билан танишиб қайтган яна бир ҳамкасбимиз Би-Би-Си ҳақидаги тассуротларини “Тв-парк” журналида жуда яхши баён этди. Шунинг учун биз Би-Би-Си телеканалларида йўлга қўйилган ва биздагига ўхшамайдиган айрим жиҳатларига эътибор қаратишни лозим топдик.
Би-Би-Сида асосий ишларни продюссерлар бажаради. Қаерда қандай воқеликлар, тадбирлар, жараёнлар борлигини аниқлаб, муҳаррирларга тавсия қилади. Муҳаррир қайси бирини ёритишни лозим топса, шу мавзуни танлаб, уни қандай тайёрлаш кераклиги ҳақида журналистга тавсиялар берар, журналист ижрони амалга оширар экан. Эфир қарийиб юз фоиз жонли тарзда тайёрланади. Муҳаррир эфир учун материал танлашда икки жиҳатни инобатга олади: а) янгилик томошабин учун муҳим ва қизиқлигини; б) янгиликнинг тезкорлигини.
Масалан, режиссёрлик пультида режиссёр, муҳаррир ва бир журналист ишлаяпти. Уларнинг олдида студия камераларига уланган мониторлардан ташқари, дунёнинг энг рифожланган телеканаллари эфирини кўрсатувчи телевизорлар ҳам бор. Агар бирор телеканал Би-Би-Си дастурига киритилмаган, муҳим бир янгиликни эфирга бериб қолса, муҳаррир шу заҳоти ёнидаги журналистга бу ҳақида кичик ҳабар ёзишни, режиссёрга мавзуга оид кадрлар топишни буюради ва бу ҳақида студияда эфир олиб бораётган бошловчини ҳам огоҳлантиради. Режиссёр ёнидаги компютерлар орқали архивга ёки маълумотлар базасига уланиб, керакли тасвирларни бир зумда олиш имконига эга. Зарур тасвирлар, ҳеч бўлмаганда воқелик содир бўлган жой ҳаритаси тасвири билан бойитилган янги ҳабар шу қадар тез ва узвий тарзда тайёрланадики, у уч дақиқадан сўнг, айни пайтда эфирга узатилаётган янгиликлар дастуридан жой олади. Вахолангки, Би-Би-Си компаниясининг 32та телеканали мавжуд бўлиб, улардаги янгиликлар дастурлари 7 дақиқадан оширилмайди.
Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат шундаки, Би-Би-Си телекомпанияси ҳар ҳафта якунида ўз-ўзини танқид руҳида махсус дастур тайёрлайди. Унда хафта давомида эфирга берилган кўрсатувларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар очиқ-ойдин мухокама қилинади. Хато қилган ёки нотўғри маълумот берган, холислик талабларини бузган ҳар бир журналист, продюссер, режиссёр ёки муҳаррир томошабин олдида жавоб бериши шарт. “Бу ўзига хос мониторинг”, дейишди улар. Хуллас, Би-Би-Си да ҳар бир ишнинг мукаммал тартиб билан йўлга қўйилгани ҳайратингизни оширади, айниқса, ходимларнинг тезкорлиги ва Муҳаррирнинг мустақиллигига ҳайрон қоласан киши.
Аммо, назаримда, Би-Би-Си телекомпанияси томошабинга тезкор ва маърифий маълумотлар етказишни асосий вазифа деб билгани холда, телевидениенинг тарбиявий қудратини эътибордан четда қолдирганга ўхшайди.
Англия парламенти Жамоалар палатаси аъзоларининг айтишларича, Англияда матбуот муассасасини очиш жуда осон. Муассислар бизнес режасини ишлаб чиқиб, солиқ тўлаш учун худудий маъмуриятдан рўйхатдан ўтказса кифоя экан, зўр-а. Бизнингча, улар айни шу жараёнда муайян талабларга ривоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Масалан, журналистларнинг хуқуқ-бурчлари ва эътикаси нормаларини белгилаб берувчи ҳуқуқий хужжат – Қироллик хартияси ишлаб чиқилган бўлиб, бу ҳужжат меёрларига амал қилиш масаласида Тележурналистикада муаммо йўқ, дейди британиялик депутатлар. Демак, телеканаллар фаолият бошлаш олдидан Қироллик хартиясини тасдиқлаган. Лекин, Англияда хатто XIX асрда фаолият бошлаган газеталар ҳам борки, уларнинг низомида бирор бир мажбуриятни зиммасига олиш белгиланмаган. Уларнинг аксарияти Қироллик хартиясининг қабул қилинишига қарши. “Касб эътикаси нормаларининг белгиланиши яхши албатта, аммо, улар оз бўлсада, сўз эркинлигининг бўғилишига олиб келади”, дейишмоқда улар.
Делегация аъзолари шунингдек, CNN телекомпаниясининг Англиядаги филиалида ҳам музокаралар олиб борди. Учрашувда CNNнинг ҳамкорлик ва алоқалар бўйича вице-президенти Грэг Бейтчманнинг айтган фикрлари бизга ғоят маъқул келди.
- CNNнинг Ахборот академияси бор, сизларни ҳам унда ўқиб, малака оширишга таклиф қиламиз, деди у. - Бундан бизга ҳам фойда, зеро дунёдаги ҳар бир журналист қарийиб бир вазифани бажаради ва бир хил даражада ишлаши керак. CNN янги каналлар очмайди хозир, балки жойлардан юборилган материаллардан фойдаланимиз, шундай экан, Ўзбекистонда ҳам CNN талаблари даражасида ишлайдиган журналистлар кўп бўлишидан биз ҳам манфаатдормиз... Ўзбекистон тележурналистларини эса янги “Ўзбекистон -24” телеканали очилгани билан қутлаймиз...
Бир сўз билан айтганда, Лондонга қилинган сафар муваффақиятли ўтди, телеҳамкорлик борасида билдирилган фикрлар бир кун амалга ошишига умид бор. Саёҳат таассуротлари эса, катта музей ҳотираларидек бир умр ёдимизда қолади. Зеро...
Зеро, Лондон ҳақиатдан музей шаҳар экан. Бундай дейишимизнинг боиси, ушбу улкан мегаполис маъмурияти шаҳар қиёфаси билан боғлиқ ҳар қайси масалада қандай қарор қабул қилмасин, албатта тарихийликни, узоқ йиллик, хатто асрий анъаналарни бузмасликка ҳаракат қилади. Шунинг учун шаҳарнинг қай жиҳатини олиб қараманг Лондонга хос алохидаликни, замонавий тилда айтганда “Лондон бренди”ни кўрасиз. Лондон автобуслари.... Лондон таксилари... Лондон кўчалари, бинолари, метроси, музейлари... ва ҳоказо.
Масалан, Лондоннинг икки қаватли машҳур автобусларини олинг. Рутмастер (Routemaster) русумидаги бу автобуслар “Икки қаватли”, яъни “Даблдекер” автобуслари деб номланади. Бундай автобуслар Лондонда асли 1855 йилдан буён ҳаракатланади. Дастлаб, унинг кузовлари тахтадан ишланган, автобуснинг иккинчи қавати очиқ, яъни томсиз бўлган. Унинг орқа томонида кенг ва қулай зиналар шундай жойлаштирилганки, ундан хатто автобус ҳаракатланаётган пайтда тушиб қолиш мумкин эди. Ундаги бу қулайликни инобатга олиб уруш йилларида автобуслардан аскарларни ташиш учун фойдаланишган. Хуллас, Лондоннинг ушбу тарихий автоулови такомиллашиб бориб, 1956-2005 йиллардан шаҳар рамзига айланди. Уни кўрганингиздаёқ Англида эканингизни хис қиласиз. Яна бир эътирофга лойиқ жиҳати, сиз кутган йўналишдаги автобус ҳар беш дақиқада келади. Улар хатто бекатларда белгилаб қўйилган вақтлардан ҳам кечикмайди...
Аммо... Даблдекерларнинг қай бирига қараманг, уларнинг биринчи қаватида 7-8, кўпайиб кетса 10 киши, иккинчи қаватида эса, 5-6 йўловчи ўтирганини кўрасиз. Бунинг устига, Лондоннинг эски шаҳар қисмида – марказида автобуслар шу қадар кўпки, улар баъзан поездларга ўхшаб ҳаракатланади. Шаҳар кўчалари тор ва бағоят тирбанд. Йўловчилар эҳтиёжининг камлиги ва экологик талаблардан келиб чиққан холда, шаҳар маъмурияти Даблдекерлар сонини камида икки баробарга камайтирса ҳам бўлар экан, деган фикр ўтди кўнглимиздан.
Лондоннинг ўзигагина хос бўлган яна бир бренди, унинг қоп-қора, томи баланд таксиларидир. “Қора кэб” (“Blek cabs”) дейдилар, уни. Бундай кўринишдаги ва шундай номдаги таксилар Лондонда XIX асрда, извош шаклида пайдо бўлган ва ёдингизда бўлса, биританиялик машҳур адабий қаҳрамон – Шерлок Холмс ана шундай Қора кэбда сайр қилишни ёқтирар эди.
Лондон брендини сақлаб қолиш учун бўлса керак, Қора кэбнинг бугунги кўриниши ҳам жуда эскича ишланган. Ўша икки аср аввалги извошларга, ёки эски замон автомобилларига ўхшайди. Лекин, бугунги Кэб - тор ва тиқилинч шаҳар учун ҳақиқатдан жуда қулай такси. Унинг салони кенг, поли паст ва шифти баланд. Унга чиқиб-тушиш жуда осон. Уч йўловчи салоннинг энг орқа тарафига ўрнатилган ўриндиқларда бемалол жойлашади. Бошқа автомобиллардаги каби оёқлари қисилиб қолмайди. Салон шу қадар кенгки, зарурат бўлганда ногиронлар аравачасини ҳам жойлаштириш мумкин. Кэб-таксининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у Лондоннинг тор кўчаларида ҳам бурилиш ва қайтиш каби ҳаракатларни амалга ошира олади. Унинг бурилиш бурчаклари кенглиги шунга мослаштириб чиқарилган. Асрлар давомида бир жойда ривожланиб келаётган Лондоннинг кўчалари эса, ҳақиқатдан тор ва бағоят чалкаш. Бундай кўчаларда юриш учун нафақат Кэб-такси, балки уни бошқарувчи ҳайдовчи ҳам “Лондонники”, яъни лондонлик бўлиши керак. Гап шундаки, Кэб ҳайбовчиси бўлиш учун давогарлар шаҳар кўчаларини билиши ҳақида имтихон топширади. Шунинг учун бўлса керак, Лондонда Кэбни бошқариб кетаётган муҳожирни деярли учратмайсиз. Хуллас, бошқа ранглилари ҳам бир хилда “Қора Кэб” деб номланувчи бу таксиларнинг фаолияти бизни шу қадар қизиқтириб қўйди...
Аммо, “Қора Кэб”га чиқиб тушгач, пешонамиз бироз тиришди. У жуда ва жуда қиммат экан...
Эҳ... Лондон, Лондон!
Тошкентда мени кутиб олиш учун чиққан Абдуаффор укамнинг машинасини миниб олдим ва ўз шаҳримизнинг кенг ва равон кўчаларидан уйга томон “елдек учириб” кетдим.
Тўлқин Пўлатов
02.12.17й.
Тошкент-Лондон-Тошкент
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр