Бугунги турли инновацион пойгалар, инсон жисмини эмас, онгу шуурини мавҳ этиш кимўзарликлари авж олаётган бир даврда жамиятимизда китобхонлик муҳитини мустаҳкамлаш учун ҳукумат миқёсида катта эътибор қаратилаётгани барчага маълум. Шу маънода, китоб ўқишга бўлган меҳр, биринчи галда, ана шу адабиёт дарсликлари воситасида пайдо бўлади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Хўш, бугунги кундаги адабиёт дарсликлари қай аҳволда? Улар бугунги давр талабига жавоб бера оладими?
Дарсликлар яратиш масъулиятли ва мураккаб ишлигини ҳисобга олсак, узлуксиз таълим тизими учун тайёрланган дарсликлар бир-бирини такрорламаслиги, аксинча, мазмунан тўлдириши, ўқувчи билимини босқичма-босқич юксалтиришга хизмат қилиши керак.
Амалдаги 5–9-синф адабиёт дарсликларида ўқувчилар 67 нафар ўзбек ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижоди, шунингдек, турли адабий жанрлар, бадиий тасвир воситалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлишади. Ҳозирги мактаб дарсликлари катта фундаментал иш сифатида эътирофга лойиқ. Лекин дарсликлардаги айрим ўринлар хусусида мулоҳазалар борки, уларни айтиб ўтишни лозим топдик.
Aдабиёт дарсликлари ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва руҳий дунёсига мос бўлмоғи керак. Шуни инобатга оладиган бўлсак, 5–6-синф ўқувчилари ҳали турли ўйинларга қизиқадиган, ҳар хил саргузаштларга бой эртак ва ривоятларни эшитишни хуш кўрадиган, мультфильмларни томоша қилиб чарчамайдиган ёшда бўлади. Мақолани ёзиш жараёнида чет эл адабиёт дарсликларини ўрганиб чиқдик. Масалан, 5—6-синф рус боласи Александр Дюма, Жюл Верн, Марк Твен, Эрнест Сетон-Томпсон, Амадей Ҳофман, Лев Толстой, Александр Пушкин каби адибларнинг болаларбоп саргузашт асарларини ўқийди. Аммо бизда…
Тўғри, биздаги 5–6-синф дарсликларида болаларбоп асарлар йўқ эмас. Лекин уларнинг сафини кенгайтириш лозим. Сабаби, мана бир неча йилки, бутун бир авлод Худойберди Тўхтабоев, Антуан де Сент-Экзюпери, Жанни Родари каби саноқли болалар ёзувчиларининг асарларини ўқишмоқда. Наҳотки, шулардан бошқа болалар адабиёти вакиллари бўлмаса?! Наҳотки, саноқли ижодкорларгина болалар дунёқарашини ўстирса?! Демоқчи бўлганимиз, юқоридаги синфларда болалар адабиётининг бошқа вакиллари, жумладан, ўзбек ёзувчиларидан Носир Фозилов, Эркин Малик, Анвар Обиджон, Қамбар Ота ҳамда жаҳон адабиётидан Лев Толстой, Александр Пушкин, Иван Крилов, Жюл Верн, Лафонтен, ака-ука Гримлар, Шарл Перро, Амадей Гофман каби ижодкорларнинг болаларга аталган асарларидан намуналар бериш айни муддао бўларди.
Тўғри, бу ижодкорларнинг китоблари нашр этилмоқда, мактаб кутубхоналарига ҳам етиб борган. Аммо ҳамма мактаб кутубхоналари ҳам китобга бой эмас. Шу маънода аслида ўқувчилар юқорида зикр этилган адибларнинг асарларини энг аввало мактаб дарсликлари орқали билиб олишлари керак деб ўйлаймиз.
Адабиёт дарсликларида берилган ижодкорларнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги маълумотлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсак. Айрим шоир-ёзувчиларнинг ҳаёт йўли баёнида фақат маълумотбозлик бўй кўрсатади. Ижодкор ҳаёти ва ижодига оид матнларда саналар, жой ҳамда асарлар номи кўплигидан ўқувчи тугул, ҳатто ўқитувчи ҳам шошиб қолади. Масалан, 5-синфда Мақсуд Шайхзода, 6-синфда Туроб Тўла, 7-синфда Мирмуҳсин ва Ўлмас Умарбеков, 8-синфда Фитрат, 9-синфда Фурқат каби ижодкорлар ҳаёти ҳақидаги маълумотлар шу қадар кўп ва қуруқ ҳолатда берилганки, бу ўқувчини зериктириши, толиқтириши, чалғитиши табиий.
Қуйидаги иқтибосга эътибор беринг: «...ёшлар газетасида адабий ходим, Ўзбекистон давлат радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва сухандон, Ўзбекистон давлат нашриёти (Ўздавнашр) муҳаррири, «Ўзбекфильм» киностудиясида сценарий бўлими мудири, Республика киночилар уюшмасида котиб, Маданият вазирлиги санъат ишлари бошқармаси бошлиғи, Ҳамза номидаги театр директори, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Адабиётни тарғиб этиш маркази раҳбари». Бу – 6-синф дарслигининг 1-қисми 27-саҳифасида берилган шоир Туроб Тўланинг таржимаи ҳолидан парча. Бу маълумотлар ўқувчига қай даражада муҳим?! Болаларга ижодкорнинг қайси мансабда ишлагани эмас, қандай асар ёзгани, унинг мазмун-моҳияти аҳамиятли эмасми?
Айрим ижодкорлар ҳақидаги мавзулар синфдан синфга ўтаркан, ҳеч ўзгаришсиз, қўшимча ва тўлдиришларсиз кўчирилади. Масалан, 6-синфда келтирилган Муқимий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни олайлик. Шоирнинг вафотидан кейин унинг 4-5 та тўплами нашр қилинганини айтмасак, 5-синф дарслигида берилган маълумотлар мазкур синфда шундайлигича такрорланган. Бундан ташқари, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов каби ижодкорларнинг ҳам таржимаи ҳоллари ўзгаришсиз, янги маълумотларсиз такрор ҳолда дарсликдан-дарсликка кўчиб ўтаверган. Кейинги нашрларда бу қайтариқлар тузатилиши шарт, деб ўйлаймиз.
Ҳазрат Алишер Навоий – маънавиятимиз қуёши, улуғ мутафаккир. Ул зоти шарифнинг ибратларга тўла ҳаёт ва ижод йўли мактабгача таълим муассасалари ҳамда бошланғич таълим жараёнидан ёш авлодга ўргатиб келинаётгани қувонарли, албатта. Лекин дарсликларда Навоий ҳақидаги мавзулар, бизнингча, тизимли равишда берилмаяпти. Эътибор беринг, 5-синфда улуғ шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида икки саҳифа, 6-синфда эса бир саҳифагина маълумот берилган бўлиб, барчаси умумий гаплардан иборат. Ваҳоланки, 6-синфда ўқувчилар Навоий ҳақида аввалги синфда берилмаган маълумотларни ўқишлари, ул зотнинг ҳаёти ва ижодига тааллуқли янги билимларга эга бўлишлари керак эди. Бироқ, афсуски, бу масала на китоб муаллифлари, на Республика таълим маркази ходимларини ўйлантираяпти…
6-синфдаги Навоий мавзусидан кейин берилган савол ва топшириқлар қисмида «Алишер Навоий сиймоси акс этган қандай бадиий китоб ва бошқа санъат асарларини биласиз?» деган савол бор. Тўғри, 5-синфда адиб Миркарим Осим қаламига мансуб «Зулмат ичра нур» қиссасидан парча берилган. Ўқувчилар, агар яхши ўқиган бўлишса, ушбу асарни айтишлари мумкин. Аммо 6-синфнинг ўзида шоир таржимаи ҳолида бу ҳақда бирор гап айтилмаган. Шундай экан, ўқувчини бундай савол билан нега қийнаяпмиз!? Дарсликнинг кейинги нашрларида Навоий сиймоси акс этган бадиий китоб ва бошқа санъат асарлари ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилиши керак. Масалан, Ойбекнинг «Алишернинг болалиги» асаридан парчалар берилса, буюк бобокалонимизни қуруқ фактлар билан эмас, бадиий тасвир орқали яхшироқ танитган ва ўқувчиларда ул зотга нисбатан меҳрни янада оширган бўлардик.
Ҳозирги ўқувчилардан Навоийнинг қайси ғазалларини биласан, деб сўрасангиз, «Кеча келгумдир дебон...», «Кўргали ҳуснингни зору...» каби ғазаллари, «Ғурбатда ғариб...», «Зоҳид, санга ҳуру...» сингари рубоийларини айтишади, холос. Бизнингча, бунинг асосий сабаби бир неча йилдан бери ўзгармасдан, шунда ҳам фақат 8-синф дарслигидагина бериб келинаётган «дежурний» шеърлар. Аслида дарсликларда Навоий ижодидан намуналарнинг берилиш тизими ҳам мунозарали. Эътибор беринг: 5- ва 6-синфларда ҳазратнинг «Ҳайрат ул-аброр» ва «Маҳбуб ул-қулуб» асарлари, 7-синфда «Сабъаи сайёр» достонидан парча, 8-синфда бир туркум ғазал ҳамда қитъалари, 9-синфда эса «Фарҳод ва Ширин» достонидан парчалар берилган. Нега бутун бир авлод фақат 8-синфда акаси, опаси, амакиси, холаси ёдлаган ғазалларни ёдлаши керак!? Ахир ҳазрат Навоийнинг ўзбек тилида ёзилган 2600 дан ошиқ ғазали бор-ку! Шунинг учун ҳар бир синф дарслигига шоир ғазаллари-ю рубоийларидан, қитъалари ва туюқларидан намуналар ҳамда уларнинг таҳлилларини киритиш лозим.
7-синфда «Сабъаи сайёр» достонидан парча берилган. Бизнингча, биринчи галда асар нима учун «Етти кезувчи» деб номлангани, унинг асосий сюжети ва мазмун-моҳияти ҳақида ўқувчига тушунча берилиши керак эди. Аммо бу асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари, тузилиши ҳақида бир жумла ҳам маълумот берилмаган. Шоир ҳаёти ҳақидаги маълумот тугаши билан «Бешинчи иқлим йўлидан келган мусофирнинг достоноролиғи» деб Меҳр ва Суҳайл ҳақидаги воқеалар бошланиб кетган. Аслида бу асар шоҳ Баҳром ҳамда унинг ҳусн ва тафаккурда тенгсиз бўлган ёри Дилором ҳақида бўлиб, Баҳромнинг шошқалоқлиги ва калтабинлиги оқибатида Дилоромдан айрилгани, Баҳромни чалғитиш учун турли рангдаги еттита қаср қурилиб, етти кеча унга турли ривояту афсоналар айтилгани, Меҳр ва Суҳайл ҳақидаги ривоят бешинчи кеча – чоршанба куни мовий қасрда бир жаҳонгашта сайёҳ томонидан айтилганини ўқувчилар Навоийни ўқишни ўзи ҳам маънавий бурч деб билган ўқитувчиси бўлса, билади… Бўлмаса, билмай улғаяверади (ўқувчилардан «Сабъаи сайёр» қандай асар деб сўраганингизда, Меҳр ва Суҳайл ҳақида дейишса, ҳеч ажабланманг!).
…Дарслик яратиш мушкул иш. Бунинг учун катта билим ва салоҳият, меҳнат талаб қилинади. Шу боис китоблар бир нечта кишидан таркиб топган жамоа томонидан ёзилади. Амалдаги дарсликларнинг муаллифлари ҳам таниқли, чуқур билимга эга бўлган адабиётшунос олимлар. Дарсликлар 4-5 йилда янгиланади (охирги ўн йилликдаги янгиланишлар унчалик фарқ қиларли даражада эмас). Аммо муаллифлар ўзгармайди. Бизнингча, мактаб дарсликларини тузадиган муаллифлар таркибини қайта шакллантириш, тўлдириш керак. Бу билан ҳозирги дарсликларнинг муаллифи бўлган ҳурматли олимларимизни қатордан четлатиш лозим демоқчи эмасмиз. Фақат китобларнинг савиясини юксалтириш ва мундарижасини янада бойитиш учун муаллифлар сафини кенгайтириш тарафдоримиз, холос. Дунёни теран англайдиган, уйғоқ фикрли китобхонларни тарбиялаш адабиёт таълимининг бирламчи вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари, адабиётшуносликнинг янги сўзи асосида замонамизнинг юксак суръати ва шиддатли тафаккурига муносиб бўлган мукаммал дарсликлар яратиш лозим.
Шуни инобатга олиб, дарслик яратишга адабиётнинг турли соҳалари – наср, назм ва драматургия йўналишлари бўйича тадқиқот олиб бораётган, турли олий ўқув юртларида адабиётдан сабоқ бераётган, адабиёт ўқитиш методикаси билан мунтазам шуғулланаётган юксак салоҳиятли фан докторлари ва профессорларни ҳам жалб қилиш лозим. Бундай дейишга ҳам сабаб бор. 9-синф адабиёт дарслигида мумтоз адабиёт вакилларидан Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат каби улуғ шоирлар бор. Аммо дарслик муаллифлари сафида на навоийшунос, на бобуршунос, на огаҳийшунос, умуман олганда, мумтоз адабиёт олимлари бор (ёки дарсликларда берилган халқ оғзаки ижодига доир намуналар – турли халқ қўшиқлари, мақол ва топишмоқлар, достонларнинг таҳлилида ҳам фольклоршунос олимларнинг кўмагидан фойдаланиш мумкин эди...).
Агар ушбу дарслик муаллифлари навоийшунос олимларни ижодий ҳамкорликка чорлаб, бирга ишлаганларида эди, «Фарҳод ва Ширин» достонидаги «Машаққатдин йигитни эл қори дер / Ки, қозилмиш ики-уч юз қори ер» байти «Мамлакатдин йигитни эл қари дер / Ки, қозилмиш ики-уч юз қари ер» деб тушунарсиз ҳолда дарсликка киритилмасди. Ёки бўлмаса, 5-синфда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги мавзуда шоирнинг «Ҳажрингда бу тун кўнгилда қайғу эрди / Васлингга етишмадим, жиҳат бу эрди / Оҳим тутуни бирла кўзимнинг ёшидин / Йўл балчиқ эди, кеча қоронғу эрди» рубоийсининг охирги икки мисраси шундай изоҳланади: «Кейинги икки сатрда шоир ҳазил-мутойибага ўтади. Фожиа ҳазил билан берилади...». Бизнингча, бу ердаги ҳолатни фожиа дейиш ва шоирнинг изоҳини мутойибага йўйиш тўғри эмас. Оҳ тутун каби атрофни зим-зиё қилиши, кўзидан оққан тинимсиз ёш сабаб ҳаммаёқ лой-балчиқ бўлиши – муболаға, бўрттириш санъатидир…
Адабиёт дарсликларида бир қанча илмий-услубий, имловий хатолар ҳам мавжудки, уларни тузатиш мақсадга мувофиқдир. Қуйидагиларга эътибор беринг:
1. 5-синф дарслигида Имом Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китоби тўғрисида фикр юритилиб (31-бет), ушбу китобга 600 минг ҳадисдан 7397 та ҳадис киритилгани айтилган. 7-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг 102-бетида «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»га киритилган ҳадислар сони 7275 та деб кўрсатилган. Бир неча йил бўлдики, бу тафовут ҳеч кимнинг эътиборини тортмадими, шундайлигича қолаётир. Фараз қилинг, олий ўқув юртига кириш имтиҳонидаги абитуриентга она тили ва адабиёт, тарих ҳамда чет тилидан иборат тестлар тўплами келди. Икки фандан тузилган тестларда ҳам бир хил – Имом Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китобига қанча ҳадис киритилган деган савол берилди дейлик. Ўз-ўзидан маълумки, абитуриент иккала фан китобида қандай ёзилган бўлса, ўшани белгилайди.Хўш, ўқувчиларни чалғитаётган маълумотнинг аслида қай бири ҳақиқатга яқин? Бу саволга жавобни «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан 2017 йилда нашр қилинган «Ислом» энциклопедиясидан топамиз: «Ундан («Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»дан – Ҳ.М.) Имом Бухорий томонидан тўпланган 600 мингга яқин ҳадис орасидан ишончли ҳадислар сифатида танлаб олинган 7275 ҳадис (такрорланадиганлари билан бирга) жой олган. Тўпламда такрорланмайдиган ҳадислар сони 4000 дан иборат» (415-бет). Ушбу энциклопедия бир неча тарихчи олимлар, исломшунослар, диний уламолар томонидан тайёрланган. Демак, ҳадисларнинг 7275 талиги ҳақиқат. Шундай экан, 5-синф адабиёт дарслигининг кейинги нашрида бу маълумот тўғриланади деган умиддамиз. 2. 5-синфда турли афсона ва ривоятлардан иборат ҳинд эпоси сифатида «Панчатантра» ва «Калила ва Димна» алоҳида асарлар сифатида санаб ўтилган. 8-синфда эса у битта асар сифатида изоҳланган: «...санскрит тилида машҳур «Панчатантра», яъни кейиналик «Калила ва Димна» номи билан машҳур бўлиб кетган буюк дидактик асар дунёга келади» (72-бет). 8-синфдаги маълумотга таянилса, иккала асар битта эканлиги ойдинлашади. Кўриниб турибдики, бу маълумотлар ҳам бир-бирини инкор қилади. 3. 6-синфда Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» қиссаси берилган бўлиб, мавзу охирида шундай савол келтирилган: «Адабий асар асосида яратиладиган кинофильм ёки спектакллар ўша асар билан бир хил бўлиши керак деб ҳисоблайсизми? Кинофильм ва қиссанинг ўзига хос ҳикоя йўсинини солиштиришга ҳаракат қилинг». 12 ёшли болага бундай савол билан мурожаат қилиш тўғримикан?! 4. 9-синфда берилган «Фарҳод ва Ширин» достонида ҳам мазмунга путур етказадиган бир қанча имловий хатолар бор. Масалан: «Бу фарни ҳодийи бахт етгач иршод, Равон шаҳзода отин қўйди Фарҳод» (аслида «Бу фарни ҳодийи бахт этгач иршод, Равон шаҳзода отин қўйди Фарҳод»); «Бу жалвалким, чекибдурлар арода, Ариқ қозмоқ қилибдурлар ирода» (аслида «Бу жадвалким, чекибдурлар арода, Ариқ қозмоқ қилибдурлар ирода»); «Не имконим қарор ўлғай кўнгулга, Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга» (аслида «Не имконким қарор ўлғай кўнгулга, Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга»). 5. 5-синфда Саъдий Шерозий ҳаёти ва ижодидан кейин берилган топшириқларда шундай савол бор: «Табъи айбжўйлик бўлса агар бас, Товус оёғидан бошқасин кўрмас» сатрлари маъносини тушунтириб беринг». Хўш, 12-13 ёшли бола шу саволга жавоб топа оладими? Аслида Шайх Саъдийнинг асарларидан олинган шеърий парчаларни биринчи галда таҳлил қилиш, ўқувчиларга соддароқ тилда тушунтириш лозим эди. Аммо муаллифлар бу ишни зиммасидан четлатиб, юқоридаги каби саволлар билан ўқувчини ўйлантириб қўйишмоқда. 6. 9-синф адабиёт дарслигининг сўнгги мавзусида мустақиллик даври ўзбек адабиёти ҳақида сўз юритилиб, бир ўринда шундай дейилади: «Миллий поэзиямиз тарихида иккигина сўздан иборат шеър ҳеч қачон бўлмаган. Фахриёр шундай шеър ёзди. …одамга ўзгача туйғу бахшида қиладиган тугал шеър яратилган». Муаллиф назарда тутаётган бу «иккигина сўз» аслида таниқли шоир Фахриёрнинг «Аёлғу» достонидан («Аёлғу». Т.: «Шарқ» НМК бош таҳририяти, 2000 йил, 166-бет) олинган «Ой болта» жумласи бўлиб, муаллиф(лар) уни ўзбек адабиётида яратилган энг қисқа шеър деб эътироф этиб, ўқувчиларда шеър ҳақидаги тушунчаларни бошқа ўзанга буриб юборади. Кўпчилик ўқувчилар ва абитуриентлар билан бўлган суҳбатларда маълум бўлдики, юқоридаги жумла «тутуриқсиз жумла», муаллиф эса «ғалати шоир» (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўзбек тили ва адабиёти факультети ётоқхонасида Фахриёр билан бўлган бир учрашувда ҳатто бўлажак филологлар ҳам «шуям шеърми, ўзича янгилик қиламан деб хоҳлаган иккита сўзни ёзса шеър деб юриш нима деган гап?» деганларини эшитганман. Ҳатто шоирнинг ўзи ҳам бир суҳбатда «дарсликдаги шу гап чакки бўлган-да» деганига ўзим гувоҳман). Демак, дарсликдаги бу таҳлил ўқувчиларни замонавий шеъриятдан, замонавий ижодкорлардан узоқлаштиришга сабаб бўлаяпти…
Шу ўринда яна бир муҳим масалага тўхталсак. Тил ва адабиёт соҳасининг ҳам илмий, ҳам амалий жабҳаси бўлган муассасалар – Ўзбекистон фанлар академияси тасарруфидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети нега дарслик яратиш жараёнига жалб қилинмайди? Келажак эгаларининг тафаккурини ривожлантириш ва уларнинг кўнглига эзгулик ҳамда тўғрилик уруғларини қадашда, наҳотки, саноқли мутахассисларнинг мақолалари-ю тақризлари етарли бўлса?! Бизнингча, бу ишда кўпчилик бўлиб, баҳамжиҳат ишлаган маъқул.
...Яқинда олий ўқув юртига кириш учун репетиторга қатнаётган бир йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Адабиёт соҳасига яқинлигимни билиб, «Ҳозир ҳам тирик шоирлар борми?» деб қолди. Дафъатан кулиб юбордим. Кулганимдан хижолат бўлдими, «Тўғри-да, дарсликдаги ҳамма шоирлар вафот этган. Ҳозир ҳам яшаб ижод қилаётганлари киритилмаган демоқчиман», — деди. Бу гапдан кейин эса кулолмадим, аксинча, ич-ичимдан хўрсиндим. Негаки, бу йигит дарсликка қараб, бугунги кунда адабий асарлар яратилмаяпти, бошқа шоир-ёзувчи йўқ экан деган хаёлга бораётгани ҳаммани ҳам ўйлантириши тайин. Афсуски, бундай ёшлар (абитуриентлар) кўплаб топилади. «Буларнинг ҳозирги адабий жараёндан узоқлигига ўзлари айбдор, газета-журнал ўқишмайди, телевидениедаги бадиий-маърифий кўрсатувларни кўришмайди» дейдиганлар ҳам топилса керак. Балки шундайдир. Яхшиям олий ўқув юртларидаги кириш имтиҳонларида она тили ва адабиёт фани қўйилган, кўпчилик ёшлар тест учун бўлса-да, шоир-ёзувчиларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўқиб, ёдлашмоқда…
Адабиёт дарсликлари бугунги адабиёт, адабий жараён даракчиси бўлиши ҳам керак. Бироқ… Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Йўлдош Эшбек, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Мирза Кенжабек, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эшқобил Шукур, Сирожиддин Саййид, Назар Эшонқул, Иқбол Мирзо, Шойим Бўтаев, , шунингдек, марҳум ижодкорлардан Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳақим, Аъзам Ўктам, Равшан Файз каби шоир-ёзувчиларнинг борлиги, уларнинг ажойиб асарлари ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари эканлигидан бехабар авлоднинг кўплигига ҳам айни шу ҳол – мактаб дарслигида замонавий ўзбек адабиёти вакилларининг йўқлиги сабаб бўлаётир (тўғри, академик лицейларнинг 3-босқич адабиёт дарслигининг охирги бўлимида мустақил ўқиш учун ҳозирги адабий жараён вакиллари асарлари берилган. Аммо булар ҳам ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқилмайди. Сабаби бўлимнинг номидан билиниб турибди: мустақил ўқиш учун! Шунинг ўзи ҳам ҳозирги давр ижодкорларини мактаб дарсликларига киритиш зарурий ҳолга айланганини кўрсатади).
Бундан ташқари, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Ҳалима Худойбердиева каби ижодкорларнинг юрт ва миллатни севишга ундайдиган, эрк ва озодлик каби муқаддас туйғуларни бош ғоя сифатида акс эттирган асарлари негадир дарсликлардан тушиб қолди... Уларнинг ўрнига Саида Зуннунова, Хайриддин Салоҳ, Туроб Тўла, Мирмуҳсин каби ижодкорлар киритилди. Очиғини айтиш керак, олиб ташланган ижодкорлар янги киритилганлардан ижоди жиҳатидан юқори бўлса юқорики, асло кам эмас... Айтмоқчи бўлганимиз шуки, миллий адабиётимиз даражасини кўрсатиб турувчи дарсликларга асарлари бадиий баркамол бўлган шоир-ёзувчиларни киритиш керак (тўғри, 9-синф дарслигининг охирги мавзусида мустақиллик даври ўзбек адабиёти ҳақида мухтасар маълумот берилган. Аммо ушбу мавзу май ойининг охирларига тўғри келишини инобатга олсак, бу мавзунинг ўтилиши гумон (ушбу мавзу матни мустақиллик давридаги ўзбек адабиётининг аҳволи ҳақида хориж журналида эълон қилиш учун ёзилган тақризга ўхшайди: муаллиф ва асар номлари кўп, умумий гаплардан иборат). Қолаверса, ўқув йили охирида дарслар таътил кайфиятида ўтилиши сир эмас. Айниқса, 9-синф ўқувчилари битирув имтиҳонларига тайёргарлик кўриб, нафақат адабиёт, балки бошқа фанларни ҳам диққат билан ўқиб, ўзлаштиришмайди. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда 7-, 8-, 9-синфларда юқорида номлари санаб ўтилган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодини ёритиш айни муддао бўлар эди).
…Бир маҳаллар ҳар бир йиғинда, ҳар бир ОАВда бир шиор тинмай янграрди: Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур. Ҳақ гап! Соғломлик ҳам турлича-да: бадан соғломлиги, руҳ саломатлиги, қалб солимлиги, тафаккур саломатлиги... Бизнингча, юртни қудратли қиладиган авлодни тарбиялашда қалб ва тафаккур соғломлиги муҳим – бирламчи... Улғаяётган боланинг Қалб ва Тафаккурини соғ сақлайдиган адабиёт дарсликларидир.
Юқоридаги барча фикрларга оддий бир китобхоннинг мулоҳазалари деб қаралишини истардик. Биз дарсликлар муаллифларини танқид қилиш, уларнинг камчиликларини кўрсатиш ёки уларга ақл ўргатиш ниятидан йироқмиз. Ушбу фикрлар таклиф сифатида қабул қилиниб, агар маъқул бўлса, кейинги нашрларда эътиборга олинади деган умиддамиз.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
6 та фикр