Мен академик лицейининг хорижий филология йўналишида ўқиганим учун доимо чет тилларини ўрганишга қизиқиб келаман. Бирор бир чет тилини ўрганаётганимда ўзимга: “Чет тилини қандай қилиб тез ўрганса бўлади? Чет тилида қандай қилиб осон гапириш мумкин?” деган саволни бераман. Вақт ўтган сари шуни тушундимки, чет тилини ўрганиш учун хоҳиш ва улкан меҳнатнинг ўзи етарли эмас экан. Лицейга кирганимдан сўнг кўплаб ўқувчилар, соҳаси тилшунослик бўлмаса-да, чет тилида ҳеч қандай қийинчиликларсиз гапиришларини кўриб ўз-ўзимга савол берардим: “Тилни тез ўрганиш, унда тезда гапира олиш сири нимада? Нима учун уч йил давомида бош кўтармасдан битта чет тилини ўрганаётган ўқувчиларнинг аксар қисми тилда уч-тўрт оғиз бехато гап айтолмаётганда, тилга алоқаси бўлмаган соҳаларда ўқиётган ўқувчилар ҳафтада уч-тўрт соат тил ўрганишга вақт ажратиб, тилни ажойиб тарзда ўзлаштиряпти?” Изланишларим натижасида шуни тушуниб етдимки, муаммонинг сабаби тил ўрганишга бўлган ёндашувдадир. Чет тилини ўрганиш бу биз ўйлаганчалик қийин эмаслигини кундан-кунга яхшироқ тушуниб етяпман. Бунинг учун, аввало , чет тилини ўрганишдан аниқ мақсадни белгилаб олиш муҳим экан. Энг асосийси, бу тилни ўргана олишингизда, ҳаммаси содда, унчалик қийин эмаслиги, тил ўрганишда бошқалардан кам жойингиз йўқ эканлигини англаб етишдир. Ҳозирги кунда кўплаб тил курсларида ҳафтада маълум бир кунларда икки соатдан дарс ташкиллаштирилади ва кундалик ҳаёт ишлари билан банд бўлган тил ўрганувчи киши бошқа кунларда тилга вақт ажрата олмайди ва одатда кейинги дарсгача олдинги дарсдаги мавзуларни эсдан чиқаради. Бу эса тилни ўрганиш жараёнини анча секинлаштиради. Шунинг учун ҳам хоҳлаган бир чет тилини ўрганаётганингизда, уни ҳар куни ўрганишингиз керак ва шунда ҳар куни такрорланиш натижасида тилни ўрганиш жараёни анча тезлашади. Шу сабабли, бирор тилни яхши ўзлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзингизга ҳар кунлик мажбурият юкланг: “Мен ҳар куни, ҳар қандай вазиятда ҳам инглиз тилини ўрганишга ярим соат ёки бир соат вақт ажратаман!”. Шундагина тилни эслаб қолиш имкониятингиз кескин ошиб боради.
Қолаверса, таълим масканларида инглиз тилини ўргатишга доир турли тўгараклар даги қизиқарли машғулотлардан унумли фойдаланиш мумкин. Масалан бизнинг лицейимизда ўқувчиларнинг луғат бойлиги ва талаффузини ривожлантириш мақсадида ҳафтанинг чоршанба куни “Инглиз тилида сўзлашиш куни” деб эълон қилинган. Шунингдек, “Ёш актёрлар” тўгарагида турли ҳикоялар, эртак ва машҳур саҳна асарларидан парчалар намойиш этилади. Бу орқали иштирокчиларнинг инглиз тилида гапириш кўникмаси ривожланибгина қолмай, саҳна асарларини томоша қилаётган томошабинларнинг ҳам инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ва иштиёқлари янада ортади. Масалан Саид Аҳмаднинг барчамизга маълум ва машҳур бўлган “Келинлар қўзғалони” пеьсаси асосида инглиз тилида тайёрланган саҳна кўриниши ҳатто инглиз тилини тушунмайдиган ўқувчилар учун ҳам қизиқарли бўлди. Чунки улар ушбу филъмдаги ҳар бир қаҳрамоннинг гап-сўзидан тортиб, ҳатти-ҳаракатларигача ёддан билишади. Шу сабабли, ушбу филъмнинг инглиз тилидаги талқинини тушуниш, қаҳрамонларнинг қайси ҳолатдалигини англаб етиш, уларга унчалик қийинчилик туғдирмади. Қолаверса, уларнинг инглиз тилидаги сўз бойликлари кўпайибгина қолмасдан, тинглаб тушуниш орқали оғзаки нутқ кўникмалари ҳам ривожланди. Бундан ташқари, жаҳонга машҳур эртакчиларнинг қаламига мансуб бўлган асарлар ҳам саҳналаштирилиб, лицейда ўтказилаётган турли тадбирларда намойиш этилади. Жумладан, тўгарак аьзолари томонидан ижро этилган “Синдрелла” эртаги кўп сонли ўқувчилар қалбидан жой олди. Ўқитувчиларнинг мақтови ва ўқувчиларнинг олқишлари “Living in a fairy-tale” яьни “Эртаклар оламида яшаш” китобининг ёзилишига туртки бўлди. Китобда жаҳонга машҳур немис эртакчилари ака-ука Гриммларнинг қаламига мансуб бешта эртак асосида тузилган сценарийлар мужассамлашган бўлиб, улар содда ва равон, ўқувчига тушунарли тилда ёзилган. Ушбу китобдан мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари, мактаб ҳамда лицей ўқитувчилари синфдан ташқари инглиз тилида олиб борадиган тўгарак ҳамда тарбиявий соатларида қўллашлари мумкин.
Ўзи ўқиб меҳр берган эртакларида роль ўйнаш ўқувчининг хотирасини ва нутқини мустаҳкамлайди. Ўйлайманки, бу каби тадбирларни фақат дарсдан ташқари тўгараклардагина эмас, балки дарс жараёнларида ҳам қўллаш, ундан ташқари ҳали ҳамон севиб томоша қилинадиган машҳур ўзбек филъмлари ва ўзбек халқ эртакларининг инглиз тилидаги талқинларини зангори экранлар орқали ҳам эфирга узатиш инглиз тилини ўрганаётган ўқувчилар учун анча қулайликлар яратади.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр