Самолётдан тушиб, декларация, паспорт текшируви сингари расмиятчиликлар адо этиладиган жойгача аэропорт бўйлаб автобусда бир соатча йўл босдик. Бу ердан (Пекиннинг Шоуду аэропортидан) 120 мамлакатга рейслар амалга оширилади, ҳар куни ўртача 1100 та рейсга хизмат кўрсатилади. Ходимлар сони ҳам йўловчиларникидан кам эмас. Хизмат кўрсатиш тизими соатдек аниқ ишлайди. Шу боис ярим соатга қолмай барча текширувлардан ўтиб, шаҳарга чиқдик.
Пекинми, Бейжинг?..
Пекин — Хитойнинг пойтахти, Шангҳаидан (ҳа, айнан Шангҳаи, Шанхай эмас) кейинги йирик шаҳри. 21 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган мазкур мегаполисни маҳаллий халқ Бейжинг деб атайди. У иккита иероглифдан иборат: «бей» — шимолий, «жинг» — пойтахт дегани. Инглизчасига «Beyjing» ёзилади ва шундай ўқилади.
Шаҳарда мени илк ҳайратлантирган нарса кўча тўла велосипед ва мопед бўлди. Қизиғи, улар автомобил ёхуд одамлар ҳаракатига умуман халал бермайди – махсус йўлакдан юради.
Бейжинг кўчалари кун бўйи гавжум десак, муболаға бўлар экан. Кундузлари, одатда, иш вақтида улар анча санжоб, нари борса, ўзимизнинг Тошкент, Самарқанд сингари йирик шаҳарларимиз кўчаларини эслатади. Аммо эрталаб — одамлар ишга отланаётган, оқшом — ишдан қайтаётган ва кечқурун — оилавий сайрга чиққан маҳал бирор бинонинг юқори қаватидан туриб қарасангиз, икки улкан «дарё»ни кўрасиз. Иккаласи икки ёққа қараб оқади: жимир-жимир, ўртада уловлар: оғиркарвон...
Бу гўшаларни яхши биладиган кишингиз бўлмаса, адашиб қолишингиз тайин. Шунгами, биз ҳам йўлбошловчиларимиздан бир қадам нари жилмадик. Меҳмонхонага жойлашиб, нонушта қилгач, шулар етовида машҳур Император саройига — Жянанмен майдони ҳамда Гугун сарой-музейига бордик.
Хитойликларнинг фахри бўлган маскан
Ҳар бир халқнинг ўзи ниҳоятда фахрланадиган жойлари бўлади. Биз учун Самарқанднинг Регистони-ю Бухоро арки, Хивадаги Ичанқалъа-ю Тошкентдаги Мустақиллик майдони қандай табаррук? Хитойликлар, хусусан, Бейжинг аҳли учун Император саройи ана шундай азиз экан.
72 гектар улкан ҳудудни эгаллаган қадимий саройлар жойлашган майдон маҳаллий сайёҳлар билан тўла. Тўғри, у ерда хорижлик меҳмонлар ҳам оз эмас. Бироқ зиёратчиларнинг умумий сони ичида булар бир ҳовучгина бўлиб кўринади.
Чин юрти ҳам худди Туронзамин сингари дунё тамаддунининг бешикларидан эмасми, халқи ўзига хос маданиятга эга, турмуш тарзи, феъл-атвори ҳам шундай — ўзига хос. Гўзаллик мезонлари ҳам бошқаларникига ўхшамайди. Масалан, оддий тошга бўлган муносабатини олайлик. Аслида, бизда ҳам сангтарошлик санъати бор. Усталаримиз тошни ҳам сайратиб юборади. Бироқ бизда табиатнинг бу неъмати асосан бунёдкорлик ишларида қўлланади. Хитойда сал бошқачароқ экан. Шандун вилоятида бунга гувоҳ бўлдик. Вилоят маркази Жинан шаҳрида ҳар қадамда туядек-туядек тошларга кўзингиз тушади. Тоғдан келтирилган оддий харсанглар. Айримларига ишлов берилган, баъзилари табиатда қандай учраган бўлса, шу ҳолида келтириб қўйилган. Боғларида икки-уч қулочли тош ҳайкаллар ўрнатилган. Бир жумла билан айтиш мумкин бўлса, тош — хитойлар учун гўзаллик рамзи экан. Буни таржимонимиз ва йўлбошловчимиз Дай Янли хоним шундай таъкидлади: «Тош — хитойликлар учун фаровонлик тимсоли».
XV асрда қурилиб, беш аср давомида Мин ва Син сулолаларига мансуб ҳукмдорларга қароргоҳ вазифасини ўтаган Император саройининг яна бир номи — Ёпиқ шаҳар. У бир пайтлар ҳақиқатан ҳам оддий халқ учун ёпиқ бўлган. Бугун сайёҳлар учун бир қисми очиқ, айнан император тахти жойлашган хонаси ҳали-ҳануз берк, сирли.
Айтишларича, бутун саройда 9999 та хона мавжуд. Нега ўн мингта эмас? Гап шундаки, хитойлар фақат парвардигорнинг уйи ўн минг хонадан иборат бўлмоғи лозим, бандалариники эмас деб ҳисоблайди ва неча асрдирки, ушбу ақидага амал қилади. Ҳатто императорлар ҳам бу эътиқодни бузмаган.
Зиёратчилар орасида болалар ҳам, етмиш-саксон ёшли кексалар ҳам анчагина.
Катталарни тушунса бўлар, лекин, айтайлик, тўрт-беш яшар болакайларни бу каби тарихий масканларга эмас, кўнгилочар мажмуаларга сайр қилдирган яхши эмасми, деб сўрадим.
Йўлбошловчимиз: «Хитойлар ўз тарихини жуда эъзозлайди. Улар фарзандларига ҳам ана шу туйғуни сингдириб боради», — деди.
Ўтмиш ва келажак девори
Бундан ўн йилча аввал асосан европалик ва америкаликлар ўртасида ўтказилган махсус сўров натижаларига кўра «Дунёнинг етти мўъжизаси» эълон қилинган эди. Эсингизда бўлса, бу рўйхатдан Агра шаҳридаги Тожмаҳал, Буюк хитой девори каби оламга машҳур иншоотлардан ташқари, Рио де-Жанейродаги Исо Масиҳ ҳайкали, Рим Колизейи, Перудаги Мачу Пикчу, Мексикадаги Чичен Итса, Урдундаги қадимий Петра шаҳри харобалари каби обида ва манзилгоҳлар ўрин олган.
Бу — ғарбликлар нигоҳидаги мўъжизалар ва уларнинг танловини ҳурмат қилиш керак, албатта. Бироқ соғлом фикрлайдиган ҳар қандай инсон бу каби танловлар нисбий эканини ва ҳеч қачон бутун дунё аҳли нуқтаи назарини ифодалай олмаслигини билади. Мазкур иншоотларнинг ҳар бирига ҳурмат сақлаган ҳолда айтамизки, Ўзбекистонда ҳам кўпгина ёдгорликларимиз дунё мўъжизаси сифатида тан олинишга ҳақли. Дейлик, Самарқанддаги Регистон мажмуасидек яхлит санъат асари ер юзининг қайси гўшасида бор? Бухородаги Минораи калон, Хивадаги Калтаминор, Ичан қалъа-чи?
Европаликлар наздидаги «етти мўъжиза»дан қадимий манзилгоҳ харобаларики ўрин олган экан, ишончим комил, неча минг йиллардан бери ҳамон инсоният кўзини яшнатиб, кўксини ҳайратга тўлдириб турган Миср эҳромлари, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива, Саудия Арабистонининг Макка, Мадина, Туркиянинг Истанбул шаҳарларидаги азим обидалар, агар замонавийлик мезон қилиб олинса, Япониянинг Токио, Хитойнинг Шангҳаи, Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳарларидаги смарт-иншоотлар мазкур рўйхатнинг аввалги қаторларида зикр этилишга муносибдир.
Аслида, ҳақиқий мўъжизалар ҳар қандай рейтинг, танлов ва рўйхатлардан юқори туради. Уларнинг шон-шуҳрати кўлами сўровларга сиғмайди. Шу маънода Буюк хитой девори ҳам ўз номига мос тарзда ана шундай юксак эътирофга лойиқ иншоотлардан бири экани шубҳасиз. Сафаримизнинг иккинчи куни дунё мўъжизаларидан бири саналмиш ушбу обидани зиёрат қилдик.
Бейжингдан шимоли-шарқ сари автобусда ярим соат юрсангиз, тоққа дуч келасиз. Буюк хитой девори ана шу тоғ устидан ўтган.
Энди тасаввур қилайлик: ташқи душманларда ўз вақтида мудофаа девори вазифасини ўтаган ушбу иншоотни ошиб ўтиш имкони бўлганми? Менимча, йўқ. У тоғнинг шундай жойларида барпо қилинганки, девор бўлмаган тақдирда ҳам бу тоғдан ошиб ўтиш босқинчиларга осон кечмас эди. Тоғнинг кесиб ўтиш энг мураккаб қисмида 5-6, ҳатто баъзи жойларида 7-8 метргача баландликдаги девор устида отлиқлар бемалол юрган, чунки унинг қалинлиги уч қулоч чамаси бўлиб, тепасининг икки чети бир метрча келадиган туйнукли қўшимча тўсиқ-деворлар билан ўралган. Девор устида юрган отлиқ, от-аравали аскарлар туйнуклардан ёвга қарата ўқ ёғдиришган...
Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида қад ростлаган, Сариқ денгиздаги Ляодун қўлтиғидан бошланиб, ғарб томон бир неча минг километр масофага чўзилган бу девор милоддан аввалги IV-III асрларда Син Ши Ҳуангди фармонига биноан мамлакат чегарасини мустаҳкамлаш мақсадида бунёд этила бошланган. Айтишларича, у дунё тарихида қурилиши энг узоқ давом этган иншоот. Уни қуриш ва нураган жойларини қайта тиклаш XVII асрга довур давом этган.
Бугун Хитой тинч, сокин, одамлари осойишта ҳаёт кечирмоқда. Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидан бири. Салоҳиятли қуролли кучларга эга. Девор устида туриб камон ўқи билан юртни ҳимоя қилишга ҳожат йўқ. Бироқ бу билан Буюк хитой деворининг аҳамияти камайиб қолмаган. Энди иншоот миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этган ҳолда мамлакат иқтисодиётига фойда келтирмоқда. У аллақачон жаҳон туризмининг машҳур брендларидан бирига айланди.
Иншоот яқинида дўконлар, ошхоналар, умуман, сайёҳлар учун барча шароит муҳайё. Бейжингдан Буюк хитой деворига қадар бўлган 30-40 чақирим масофани автомобилда бир неча дақиқада босиб ўтасиз. Йўллар равон, ҳар қадамда зарур кўрсаткичлар сизни керакли маълумотлар билан таъминлайди, умуман, инфратузилма борасида муаммо сезмайсиз.
Пойтахтдан собиқ пойтахт сари
Сафаримизнинг иккинчи куни тезюрар поездда Бейжингдан Нанжинг шаҳрига жўнадик.
Тезликни хуш кўрувчилар учун Хитой электропоездлари айни муддао. Айтишларича, бу ерда соатига 500 километр тезликда юрадиган (учадиган десаям бўлади) поездлар қатнайди. Аммо биз улардан сал булайроғига чиқдик: Бейжинг — Шангҳаи йўналишида ҳаракатланадиган поезд суръатини соатига 380 километрга етказиши мумкин.
Мониторда қанча тезликда кетаётганимиз кўрсатиб турилади. Бир қараганимда 220, яна бир қараганимда 303 км/соат тезликда борар эдик.
Бундай суръатни кўрган одам, агар у енгил машинада бўлса, жойидан сапчиб кетиши ҳеч гапмас. Бироқ поездда умуман билинмайди. Тўғри, темирйўл ёқасидаги тош-бетон устунлар лип-лип ўтишидан ниманидир илғайсиз, лекин кенг, ёруғ, сокин вагон ичида елиб бораётганингиз асло сезилмайди. Фақат битта ҳолат бундан мустасно: ёнгинангиздан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган поезд ўтаётганда шундай улкан вагон шиддатли чайқалиб олади. Буни физиклар мендан кўра яхшироқ тушунтиришса керак. Ахир ўзингиз айтинг: ҳар бири ўртача 300 км/соат тезликда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган икки девдай машинанинг шамоли қандай кучга эга бўлиши мумкин?..
Йўл бўйи кета-кетгунча ям-яшил. Дала-ю боғлар, қишлоқлар, шаҳару шаҳарчалар ҳам шундай. Дарвоқе, шаҳарча деётганим бизнинг тасаввуримиздаги посёлка ёхуд 5-10 минг киши яшайдиган чоғроқ гўшалар эмас. 20-30 та кўп қаватли уй жойлашган (уйларнинг ҳар бири 30-40 қаватли), ҳудуди тўрт-беш квадрат километр бўлган ростакам шаҳар. Улар ҳар 10-20 чақирим масофада учрайди, оралиқ — экинзор, боғ, иссиқхоналар. Умуман бекорчи жой йўқ.
Қадимий Нанжинг бағрида
Чет элда бўлган танишларимдан эшитганларим афсонадек туюларди. Масалан, Лондонда ўқиган бир курсдошим инглизлар учун 30 градус иссиқ даҳшат деган эди. Қизиғ-а? Сурхон томонларда ёзда ҳарорат 50 даражага кўтарилади. Қизилқумда ундан ҳам юқори. Бу биз учун одатий ҳол. Лекин нега европалик учун 30 даража иссиқ шу қадар ваҳимали?
Поезддан тушгач, Нанжинг вокзалида юзимга иссиқ шамол гуп этиб урилди. Денгиз бўйида жойлашган ҳудудларда +40 тугул, 30 градусга чидаш ҳам осон эмаслигини сездим. Нанжинг эса айнан шундай шаҳар — у билан Сариқ денгиз орасини бир неча чақирим масофа ажратиб туради. Ҳавода намлик миқдори юқори, бу иқлимга мослашмаган организм учун ростан ҳам азоб.
Аввалига вокзал кондиционерлари «иссиқ»қа созланганми деб тусмол қилдим. Чунки йўлга чиққанимизда Бейжингда салқин эди-да. Эҳтимол, бу ерда ундан ҳам совуқроқ бўлса, ёқиб қўйишгандир, деб ўйладим. Ташқарига чиққач, ҳаммаси равшан бўлди. Бу ерларда ҳаво ўзи шундай экан.
Тарихий манбаларда ёзилишича, Нанжинг шаҳрига милоддан аввалги 472 йилда асос солинган. 1368 — 1421-йилларда мамлакат пойтахти бўлган, номи ҳам шундан дарак беради: «нан» — жанубий, «жинг» — пойтахт дегани. 1912 йилдан Жянсу вилоятининг маъмурий маркази.
Ҳар бир шаҳарнинг ўз руҳи бўлади-а? Масалан, Тошкентнинг руҳи бошқача, Андижонники бошқача, Самарқанд умуман ҳеч қаерга ўхшамайди. Гап унинг тарихий обидаларида ёхуд ҳавосида эмас. У ерга яқинлашганингиз сари қалбингизни буткул ўзгача ҳислар чулғайди. Қусам ибн Аббос, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳонуддин Марғиноний, Алишер Навоий, Хожа Аҳрор Валий каби муборак зотлар руҳини ҳис этароқ, кўнглингиз ёришиб кетади...
8 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Нанжингнинг ҳам ўзига хос руҳи бор. Бу одамларининг феъл-атворида билинади. Улар ўз шаҳри, тарихи, ота-боболари билангина эмас, миллий таомлари билан ҳам ғоят фахрланади.
Дарвоқе, хитой таомлари — алоҳида мавзу... Эҳтимол, мендан билимдонроқ ва синчковроқ одам хитой миллий пазандалик санъати тўғрисида бир ҳафтада бемалол битта рисола ёзиб ташлаган бўларди.
Айтайлик, биз нима еймиз? Эрталаб нонуштага мураббо, соримой, майиз, ёнғоқ еб, новвот чой ичамиз. Тушлигимиз ва кечлигимиз гўштсиз ўтмайди. Палов, қовурма, кабоб, шўрва, манти, сомса, чучвара; Қашқадарё, Сурхондарё тарафларда жиз-биз, тандиркабоб, Тошкентда норин, бешмармоқсиз тушлик ва кечликни тасаввур қилиш қийин. Уларнинг бирортаси нонсиз тановул этилмайди (ош бўлсину, ҳатто паловга ҳам нон қўшиб ейдиганлар бор). Хитойлар-чи?..
Бир ҳафта давомида Бейжингда уйғур ресторанида еган патиримни ҳисобга олмаса, олти ярим кун умуман нон емадим. Чунки... хитойликлар деярли нон ейишмайди, демак, дастурхонга ҳам қўйишмайди.
Нанжингда тушки ва кечки овқатлари денгиз маҳсулотлари — ҳар хил ўт ва кўкатлар, балиқ ва қисқичбақасимонлар гўштидан тайёрланар экан. Бейжингда ўрдак гўшти тансиқ таом ҳисобланса, Нанжингда қўй ва бузоқ гўшти тортилади, у ҳам ҳар хил зираворлар, кўкатлар билан димлаб пиширилган, сира оғирлик қилмайди.
Дарвоқе, тарвуз, помидор, олма, бодринг — хитойликларнинг-да севимли неъматларидан. Фақат биздан фарқи шуки, улар тарвузни помидор билан тановул қилар экан. Худди биз помидорга бодринг қўшиб еганимиздек.
Ёғда қовурилган ерёнғоқ, мураббо суртилган балиқ, нилуфар гулининг илдизидан тайёрланган салат — шу каби антиқа таомлар анъанавий хитой пазандалигида алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, қалампир қўшиб димланган саримсоқ, қўй қорни, тарвуз ва ошқовоқ уруғини ҳам мазза қилиб тановул қилишади.
Шаҳарда жойлашган оммавий ахборот воситалари таҳририятларида бўлиб, жянсулик касбдошларимиз фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик.
Мақсад уларнинг биз учун фойдали иш услубларини ўрганиш эди. Масалан, Жянсу вилояти телерадиостанцияси йўлга қўйган тажриба эътиборимизни тортди. Телеижодкорлар мунтазам равишда томошабин ва тингловчилар фикр-муносабатини ўрганиб, иш фаолиятини мухлислар хоҳиш-истаги асосида олиб боради. Дейлик, битта сериални эфирга узатишдан олдин уни реал аудитория нигоҳидан ўтказиб олишади. Махсус залда кўнгилли томошабинлар ўша сериални кўриб, кўпчилиги маъқулласагина у оммага намойиш этилади. Уларнинг мулоҳаза ва таклифлари асосида сериалга ўзгартиш киритилиши ҳам мумкин. Бу — халқ бадиий кенгашининг ўзгинаси. Айтайлик, ўша филмда миллий маданиятга зид лавҳалар бўлса, у умуман эфирга берилмайди.
Вилоятнинг «Xinhua Daily Media Groupe» — «Синҳуа кундалик медиа гуруҳи»га тегишли «Xinhua Daily» кундалик газетаси, «Yangtse evening post» кечки газетаси иш фаолияти ҳам бизда катта таассурот қолдирди. Эртаси куни император Чжу Юанчжан мақбарасига саёҳат уюштирилди.
Тушликдан сўнг тезюрар поездда Нанжингдан Шандун вилояти маркази Жинан шаҳрига жўнадик.
Булоқлар шаҳри
Кечки таомни еб (дарвоқе, Хитойда биринчи қуюқ, кейин суюқ овқат тортилади), аччиққина кўк чойни (бу ростмана аччиқ чой, худди хантал қўшилганга ўхшайди, лекин, менимча, хантал эмас, бошқа нарса аралаштирилган) ҳўплаб турганимизда, хизматчи йигит патнисда нимадир кўтариб кирди. Столга қўйган эди, қарасак, иккита идишда оддий сув. Кейин унга музга ўхшаган (эҳтимол, муздир) тўртбурчак моддани солган эди, сув биқирлаб, ростмана булоқ шаклига кирди!
Тилмочимизнинг изоҳлашича, булоқлар — Жинан шаҳрининг тимсоли.
Шандун Хитойнинг энг йирик вилоятларидан бири, у ерда 97 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Вилоят Хитой иқтисодиётининг таянч ҳудудларидан. Аммо унинг шуҳрати фақат шу билан белгиланмайди. Шандунни машҳур қилган бошқа омил ҳам бор. У буюк мутафаккир Конфуций ватани. Аллома вилоятнинг Куфу (инглиз тилидаги манбада Qufu, рус тилидаги манбада эса Цюйфу деб берилган) шаҳрида яшаб ўтган...
Балки менга шундай туюлгандир, балки табиатлари ўзи шундайдир, шандунликлар ниҳоятда самимий, очиқ юзли инсонлар бўлиб кўринди.
Шандун вилояти телерадиостанцияси, «Дачжун» пресс-гуруҳи таҳририятига қилган саёҳатимиз, ва айниқса, провинсия ҳукуматининг Ташқи алоқалар бўйича девонхонаси раҳбари ўринбосари, жаноб Ли Юнсен қабулида бўлган пайтимиз бунга ишонч ҳосил қилдим.
Бугун дунё журналистикасида қандай замонавий, илғор тамойиллар кузатилаётган бўлса, уларнинг инъикосини Хитой, жумладан, Шандун оммавий ахборот воситалари ва уларда хизмат қилаётган ҳамкасбларимиз фаолиятида кўриш мумкин. Ўзбек ОАВ делегациясининг ҳар бир аъзоси ўтказилган ижодий мулоқотларда келгусида ўзларига асқотиши мумкин бўлган маълумотларни ёндафтарларига қайд этди.
Айтайлик, фаолиятимизга татбиқ этиш мумкин бўлган бир жиҳат: биз борган деярли барча оммавий ахборот воситалари қошида уларга тегишли тижорат дўконлари ишлаб турибди. Марҳамат, расталарга қўйилган маҳсулотлардан харид қилинг ва ўша таҳририят иқтисодиёти равнақига ўз ҳиссангизни қўшинг.
Таҳририятлар битта матбуот нашри билан кифояланиб қолмаган. Уларнинг таркибида газетадан ташқари унинг электрон версияси, сайти ва мобил газеталари ҳам ўз ўқувчиларини топган. Хусусан, «Дачжун» пресс-гуруҳи таркибида журналлар, газеталар, сайтлар ва мобил газеталар фаолият юритади. «Дачжун» сайти нафақат Шандун вилоятида, балки бутун мамлакатда етакчи интернет нашрларидан бири. Доимий ўқувчилари сони 60 миллион нафар бўлган ушбу сайтнинг мобил газетасига энг сўнгги янгиликлар жойлаштирилади. Қизиқарли хабар, янгилик ва мақолаларни қўл телефонида батафсил ўқиш имконияти ҳаммада ҳам бўлмаслиги табиий. Буни инобатга олган шандунлик ҳамкасбларимиз мобил газетага материалларнинг энг қизиқарли (қаймоқ) қисмини жойлаштириб боришади. Батафсил ўқишни хоҳлаганлар учун ҳавола берилади. Марҳамат, ўша материални тўлиқ ўқийман десангиз, сайтнинг ўзига ташриф буюринг.
Қадимги хитой иероглифлари ва барелефлари кўргазмасини томоша қилдик, Жинандаги Баотусюан парки ва Даминҳу кўлига саёҳатдан илиқ таассуротлар олдик. Айнан шу ерда биқирлаб қайнаб ётган машҳур булоқларни томоша қилиб, завқландик.
Шу кунларда пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғи ҳудудида шоир ва адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси қад ростлаяпти. Буни қарангки, Жинанда ҳам шоир ва адиблар боғи бор экан. Тошкентдаги боғда шоир ва ёзувчиларнинг ҳайкаллари ўрнатилган, бу ерда эса уларнинг қиёфаси сал бошқачароқ акс этган. Дейлик, битта хонада бир шоир шогирдлари ва мухлислари даврасида ниманидир муҳокама қилаётгани тасвирланган. Уларнинг манекен — ёғоч ёки пластик материалдан тайёрлангани бир қараганда сезилмайди ҳам. Манзара бениҳоя ҳаётий: шоир ва адиблар яшаб ўтган давр руҳи безакларда акс этган. Озгина юрган киши ўзини адабиёт боғида кезаётган сайёҳ эмас, ҳақиқий ижодкорлар даврасига тушиб қолгандек ҳис этади.
31 август куни тушгача шаҳар айланиб, кейин тезюрар поездда Бейжингга йўл олдик.
Яна пойтахтдамиз...
— Ўртоқлар, — деди мезбонимиз автобусда чоғимиз. — Мен сизларни бугунги ва эртанги кун тартибимиз билан таништирсам...
Унинг гаплари қўлимиздаги дастурга монанд, яъни бизга маълум гаплар эди. Лекин бошқаларни билмадиму, улар менга ниҳоятда қизиқ эшитилар, саёҳатимиз поёнига етиб, ҳадемай Тошкентга қайтишимизни ўйлаб, юрагим орзиқарди. Чунки сафаримизнинг учинчи кунидан бошлаб юртни шу қадар қаттиқ соғиндим, кундузлари гап-гап билан унча билинмасди, кечқурунлари, меҳмонхонада, телевизордан бошқа суҳбатдошинг йўқ жойда вақт имиллаб ўтишини шу ерда кўрдим.
Биз отини русчага мослаб Миша ака дейдиган Ван Женли исмли тилмочимизга шундай савол бердим:
— Миша ака, биласиз-а, бугун Ўзбекистон Хитой билан ўйнайди. Сизнингча, ким ютади?
Ван Женли ниҳояти дипломат одам экан: «Ўзбекистон ютади!» деди.
Афсус, ўша куни терма жамоамиз ютқазди. Аммо мезбоннинг биз меҳмонлар кўнглига қараб берган жавобини анча пайтгача эслаб юрдик.
Саёҳатимизнинг сўнгги куни
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетида дунёнинг етакчи нашрлари ўрганилади: «Асаҳи шимбун», «Дэйли мэйл», «Ню-Йорк таймс», «Форбс», «Женмин жибао»...
— Бу газета бир кунда икки марта чиқади, тиражи фалон миллион, — дея бизни ҳайратга соларди ўқитувчиларимиз.
Мана бугун ўша машҳур газеталардан бирининг офисидамиз: «Женмин жибао» — «Халқ газетаси».
Осмонўпар бино тўлиқ битта газетага тегишли. Дастур бўйича биз фақат унинг веб-сайти фаолияти билан танишамиз.
32 қаватли бинонинг 9 қавати сайтга қарашли. «Женмин жибао» сайти таҳририяти бош муҳаррир ўринбосари Луо Ҳуанинг маълум қилишича, газета ўртача 3 миллион нусхада чоп этилади. Интернет ўқувчилари эса жуда ҳам кўп.
Мазкур нашрнинг хорижда 11 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Таҳририятни катта компанияга қиёслаш мумкин. Уч минг нафар ходим унинг равнақи учун жон койитмоқда...
Яшириб нима қилдим, бу юрт ва унинг халқи тўғрисида кино-пиноларда кўрганларим, таниш-билишлардан эшитганларимдан бошқа маълумотим йўқ эди. Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш деганларидек, етти кун давомида хитойликларнинг ўзига хос феъл-атвори, табиати ҳақида анча тасаввур ҳосил қилдим.
Хитойлар хушчақчақ халқ. Ўзларини ниҳоятда эркин тутади, бировдан бегонасирамайди. Бу кейинги йилларда мамлакатга сайёҳлар оқимининг ортгани (сайёҳлар ташрифи бўйича Хитой дунёда 4-ўринда туради, бу ерга ҳар йили қарийб олтмиш миллион сайёҳ келади) билан ҳам боғлиқдир балки. Масалан, Бейжингдаги Император саройи олдидаги майдонда бемалол (ҳеч қандай ўриндиқ ёки тўшамчи йўқ, ерга чўкиб) дам олаётган, сумкасидан бирор егулик олиб тановул қилиб ўтирган кишиларни кўрдим.
Маҳаллий халқ ўзаро баландроқ овозда гаплашади, билмаган одам, уларни асабийлашаяпти деб ўйлаши мумкин. Лекин мана шу ўтган етти кун ичида неча минг, балки миллион одамга дуч келган бўлсак, бирорта асабийлашган кимсани кўрмадик.
Ҳар ким ўз иши билан банд. Лекин барча хотиржам...
Хотиримга келдики, буларни бизларникидек тўй-маърака машмашалари, майда-чуйда ҳою-ҳаваслар, ҳар хил икир-чикир «масала»лар безовта қилмаса керак. Ҳаётга мураккаб бир хилқатга қарагандек оғриниб, манглайини тириштириб эмас, қувноқ, хотиржам, дўстона нигоҳ ташласалар керак...
Хитой дейишса авваллари бирдан издиҳом кўз олдимга келарди: гуррос-гуррос одамлар. Қаергадир шошаётган, барча ривожланган давлатлар кишиларига хос замонавий технологияларга муккасидан кетган, фақат моддиятни ўйлайдиган, ҳақиқий ахборот-коммуникацион технологиялар асрининг типик вакиллари... Бу мулоҳазаларим бир қадар ўзини оқлади. Чиндан ҳам Хитой юқори технологиялар мамлакати. Бу жамиятда замонавий тамаддуннинг барча жабҳалари кириб бормаган бўғин йўқ. Аммо инсонлар Шарқ халқларига хос одамийлик хислатларини сақлаб қололган...
Бугун бу диёр ҳақидаги тасаввурим анча кенгайди. Энди Хитой дейишса очиқюз, дилкаш, меҳмондўст кишилар кўз ўнгимда намоён бўлаверади.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр