Нега бу ҳақда аввалроқ ёзмадим? Рости шуки, ўзимни маънан ҳақдор ҳисобламадим, олимларнинг, катта ижодкорларнинг оғзини пойлайвердим. Яна, ботинмадим. Аммо энди ёзмасам бўлмайди. Бу йил мен яхши кўрган ёзувчи 70 ёшга тўлибди(агар ҳаёт бўлганида). Қизиғи, мен ҳалиям уни ўзимдан 3-4 ёш каттароқ акамдай, нари борса 35-40 ёшларда тасаввур қиламан: тирик, повонкелбат ва шерюрак... Ёзгани ўзига, ўзи ёзганига чиппа-чин ўхшайдиган ёзувчи. Бошқа гап хаёлимга сиғмайди.
Билганингиздек, гап Тоғай Мурод ҳақида.
Бу адиб билан бир тупроқдан бўлсак-да, аниқ биламан, бу одамнинг ўзи тугул, улови ҳам биз томонга, бизнинг қишлоққа адашиб келмаган, ораламаган бўлса керак. Унинг кимларданлигию уруғи билан ҳам қизиқмаганман. Билганим шуки, у менинг жигарим, акам! Чунки биз бирга ўсганмиз. Бирга катта бўлганмиз. У мени ён қўшнимдан, жон дугонамдан ҳам, энг яқинларимдан ҳам яхшироқ билади, танийди...
Ҳатто у отам билан ҳам қалбан қадрдон. Даладан келасоб, бир пиёла кўк чойини ичиб-ичмай, кийимларини алмаштирмасдан ҳам ухлаб қолишини кузатган. У менинг онамни ҳам билади. Табиатан оқ рангли бўлса-да, офтобда қорайган юзи, меҳнатда синиққан чеҳрасига кўзи тушган.
У тоғамни, аммамни, холамни, амакимни, ҳатто тўқсон еттига кирган Ойхол момомни ҳам танийди. Мени ҳар сафар лицей формасида кўрганда момом айтадиган “Отанг зоғи сиё сен нега акка бўлдинг, онанг товони ёриқ сен нега зукка бўлдинг” ёки “Отангни кўрдим — аҳмади фориғ, онангни кўрдим — товони ёриқ” деган гапларини ёдлаб олгану асарларида қўллагандай.
Хуллас, Тоғай Мурод билан қонимиз бир бўлмаса-да, у менинг акам. Тоғдай акам! Суянсам арзийдиган, ишонсам бўладиган, эркалансам кўтарадиган, ёмон назарлардан асрайдиган ва мени кимдир хафа қилса, адабини бериб қўядиган!
Бўй етгунимча, шаҳри азимга келгунимча Тоғай Мурод мен учун мана шундай одам эди. Бирга ўсган акам эди.
Энди ўйлаб қоламан, мен нега Тоғай Муроддай мутафаккир ёзувчини ўзимдан бирозгина каттароқ одам деб тасаввур қилдим экан-а? Шу саволга ўзимча жавоб топгандай бўламан: Тоғай Мурод асарларини менинг, мендай ўқувчиларининг ёнида туриб ёзгандай. У бир донишманд ровий қиёфасида китобхондан баландга чиқиб ваъзхонлик қилмайди. Ақл ўргатмайди. Шунчаки сиз билан ёнма-ён туриб, сиз билан бирга воқеаларни кузатади, сиздай кулади, сиздай йиғлайди, сиздай ачинади, сиздай сўкадиям... Шунинг учун бўлса керак, муаллиф сизга қон-қариндошдай азиз ва қадрдон...
Пойтахт фуқароси — талаба бўлгунимча мен ёзувчининг ҳамма романлари, қиссалари, ҳикоялари ва айрим мақола-суҳбатларини ҳам ўқиб бўлгандим. Шаҳарга келгач, нимадир янгилик қидирдим. Яна бегоналар ҳақида эмас, ўзим ҳақимда, оилам, қишлоқдошларим, ҳамюртларим, шунчаки самимий одамлар ҳақида ўқигим келди. Суриштирдим. Аммо... Уни “кўрганман, билганман” деганлар хаёлимни бўлмоқчи, тасаввуримдаги акамни мендан тортиб олмоқчи бўлишди. Албатта, одам фаришта эмас. Мен шартта қулоғимга пахта тиқиб олдим. Улардан қочдим. Кейинроқ эса янгани кўрдим. Суҳбатлашдим. Аммо юрак ютиб бирор гап сўролмадим. Қалбимнинг туб-тубидаги акамни ҳаммадан яширдим. Янга ҳам феъли, табиати дегандай айримларнинг гапига яқинроқ недир дейишидан қўрқдим.
Аммо яқинда ёзувчининг етмиш йиллик байрами сабаб уюштирилган тадбирда янганинг бахт порлаб турган кўзларига қараб, ўша ўзим билган, бирга ўсган акамни топдим! Топдиму, яна ва яна ишончим комил бўлди: Тоғай Мурод менинг акам. Бир менинг эмас, миллионлаб мен каби ука-сингилларининг девюрак акаси!
Тўғриси, табиатан эзма эмасман. Аммо Тоғай Мурод ҳақида бироз эзмаланиб ёзсам, айбга буюрмайсиз. Чунки у мен эсимни таниганимдан бери, чамаси 12 ёшимдан ёнимда бўлди. Унга суяндим, ишондим, дардлашдим ва ижод деган майдонга интилдим.
Эсимда узун қиш оқшомларининг бирида шам ёруғида (негадир ўша пайтлар чироқ кўп ўчарди) “Юлдузлар мангу ёнади”ни хонанинг бир бурчига биқиниб олиб ўқиётганимда уйимизга меҳмон келди. Меҳмон бўлиб, меҳмон ҳам эмас. Кунда шунда бўладиган отамнинг жўраси укам тенги — 8-9 ёшли ўғли билан келибди. Онам дастурхон ёзишга тараддудланган эди, у тўхтатди:
— Мен чой ичгани келганим йўқ. Жўра, туриб-туриб алам қиляпти. Шу... болалигимиздан бери мени бир қўлинг билан ушлаб, чил бериб йиқитасан-а! Энди шу аламимни, қараб тур, ўғлим олади!
Абдулла тоға ўғлининг бедана тухумидай келадиган мушакларини кўрсатиб мақтанди. Отам эса ҳар доимгидек “эҳ-эҳ-эҳ” деб силкиниб-силкиниб кулдию, “Кўрамиз” деб нимқоронғи хонада давра очди. Кичик укаларимни онам дарров бағрига олиб, четга ўтиб ўтирди. Катта укам ва даъвогар полвон давра айланишди.
Билмайман, негадир гарчи отам гавдали, повонкелбат киши бўлса ҳам укам ўтиш даври асоратлари сабабми бироз нимжонроқ. Рақиби эса укамдан бўйчанроқ. Шунинг учун менинг ҳафсалам пир бўлиб турибди.
Шу пайт укам “Ё Али!!!” дедию, шеригининг ёқасидан ушлаб шартта оёғини ердан узди-да, кўтариб, ағдарди. “Ҳало-о-ол!”
Абдулла тоға “Эҳ, сенга ҳар куни наҳорда бераётган хом тухумларим қаёққа кетди?!” деб ўғлининг боши орқасига шапатилади. Отамнинг юз-кўзидан мамнунлиги билиниб турса-да, ошнасининг кўнглини, меҳмонлиги учунми, кўтариб қўйди:
— Жўра, хафа бўлма! Боланиям унақа қийнайверма! Қон, суяк деган нарсани биласанми? Суяк суради, қондан ўтади. Мана, сен мулласан, қироатинг зўр. Сенинг ўғлинг эса ҳали кўрасан, полвон бўлмаса ҳам, олим бўлади. Ҳа, кампир, қараб қолдинг?! Дастурхонингни об ке!
Шундай қилиб, қиш кунлари нафақат тўй-байрамлар, уй ичида ҳам шундай курашлар бўларди. Менимча, Тоғай Мурод ҳам шундай хонадонда катта бўлган. Бўлмаса, “Юлдузлар мангу ёнади”ни ҳам, “От кишнаган оқшом”ни ҳам ёзолмас эди.
Яна “Ойдинда юрган одамлар”. Бу асар Шарифа момо ҳақида. Қайси дейсизми? Сиз уни танимасангиз керак, лекин Тоғай Мурод таниган. Бўлмаса, шунчалик ҳам табиий ёзиш мумкинми? Бола бўлганимизда 5-6 синфдош мактабдан қайтаётиб момонинг йўл ёқасидаги катта шотут дарахтига сўрамай-нетмай чиқиб олиб, қора марваридларни маза қилиб ердик. Момо менга ҳам териб беринглар деб ликопча тутса, айримларимиз саховат қилар, бошқаларимиз калака қилардик. Сабаби унинг ёнини оладиган, ҳовлисидан қувиб соладиган бирор невараси йўқ эди-да. Хуллас, ойдинда юрганларни ўқидиму қишлоғимиздаги шу Шарифа холага меҳрим тушди.
Асар сўнгида Бобомизга қўшилиб йиғлаб-йиғлаб олдим: “Бобомизнинг жилмаймиш ёноқларидан бетиним ёшлар сизди. Момомиз вафотидан кейин кўз ёшлари қуриб қолгандай бўлиб эди. Қайларда ётиб эди, шашқатор ёшлар? Шашқатор ёшлар бобомиз лабларига сизди, иякларига сизди. Бобомиз кўз ёшларини енглари билан артиб олдилар. Адирдан кўз узмадилар. — Ана, бизнинг невараларимиз! — дедилар. — Қуллуқ, Ҳазрати Хизр боважоним, қуллуқ! Бобомиз кўнгилларидан нималардир тошиб кела берди. Бу тошқинни қайғу десак-да бўлади, хушвақтлик десак-да бўлади. Бобомиз кўнгилларидан қайғули хушвақтлик ўксиб-ўксиб кела берди. — Юр, кетдик, момоси, энди биз келмаймиз... — дедилар. Кўзлари кулмиш бобомиз, юзлари кулмиш бобомиз, ёноқлари кулмиш бобомиз, лаблари кулмиш бобомиз тантана қилдилар. — Бу адирлар бизники! — дедилар. Ўксиклар зарбидан елкалари силкина берди. — Бу ойдинлар бизники! — дедилар. Кўнгиллари тинмайин ўксимиш бобомиз, елкалари тинмайин силкинмиш бобомиз сўнгги бор, сўнгги бор оёқ илдилар. Қоматларини адл тутдилар. Сайрак адир, адирда ўтирмиш ўғил-қизларига тантана билан қарадилар.
Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер,
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер.
Бобомиз сўқмоқдаги сўнгги қадамларини боса-боса, ойдиндаги сўнгги сўзларини айта-айта, йўлларида давом этдилар: — Энди кетсак майли!..”
Шу битиклар сабаб момога ҳар замонда челаклаб сув олиб келиб берадиган (қишлоқ аҳли анча узоқдан ичимлик суви олиб келарди), қўрганда салом берадиган бўлдим.
Шундай кунларнинг бирида Шарифа момонинг уйига одам тўпланди. Онамдан “Момо тўй қиляптими?” деб сўраганимда “Ҳа” деб қўйдию, қўшни аёл билан гурунгларидан илғадимки, алдабди. Шарифа момо ўзининг йил ошини бераётган экан. Кейинроқ тушундимки, орқасида йўқловчиси бўлмаган айрим ёлғиз қариялар вафот этгандан кейин қилинадиган тадбирларини тиригида қилиб қўяркан. Шарифа момомиз, бобомиз ўтганидан кейин, балки, эл-юртдан ўзини қарздор ҳисоблагандир ёки кўз юмганидан кейин унга биров хатми Қуръон қилишидан қўнгли тўқ бўлмагандир. Ким билсин, буни эшитиб, бола онгим билан ҳайратда қолганман.
Тоғай Мурод шу Шарифа момони ҳам таниган. Таниганда ҳам шунчаки танимаган, яхши кўрган. Аслида Тоғай Мурод ИНСОНни яхши кўрган. Бировни кал деб, бировни яғир деб, бировни камбағал ё бой деб, бировни амалли ё амалсиз деб ажратмаган. Замондош адабиётшуносларимиздан бири ёш ижодкорнинг ёзганларига баҳо берар экан, “Ёзувчи ўз қаҳрамонларини яхши кўриши керак. Қаҳрамонларини яхши кўрмайдиган одамдан ёзувчи чиқмайди” деган эди. Фикри ожизимча, Тоғай Мурод одамларни яхши кўргани учун ҳам ёзувчи бўлди, халқ тан олди.
“Отамдан қолган далалар” ҳақида эса ёзмайман. Ёзолмайман, ахир. Кўзимдан ёш сизиши аниқ. Ожиз, йиғлоқи кўриниш эса... ярашмайди-да. Бу романни ўқиганлар нега бундай деяётганимни билади. Ўқимаганларга эса “Бир ўқиб кўринг” дегим келади. Ҳар бир одам бу китобни битта-битта варақлаб ўқиши, ўқиганда юрак ва онг ғалвиридан ўтказиб бориши керак. Шундагина асарни тушуниш, ҳис қилиш, билиш мумкин.
Яна “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”ни ўқидиму, ўзимга шиор топиб олдим: “Бу дунёга келдингми? Энди яша! Тишни тишга қўйиб-қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша. Алп-алп одим отиб яша. Яшашни чидаганга чиқарган!”
Яна бир гап. Биз Тоғай Мурод ҳақида гапирганда унинг ўзига хос услуб яратгани, насрга назмий оҳанг олиб киргани, ҳеч кимникига ўхшамаган, дарров илғаса бўладиган йўли борлигини такрорлаймиз. Лекин, бир китобхон сифатида, мен аминманки, Тоғай Мурод шу дардни оддий, анъанавий услубда ёзганида ҳам у катта ёзувчи бўла оларди. Услубга маҳлиё бўлмасдан, моҳиятга кира бошласак, ёзувчи айтмоқчи бўлган дардлар нечоғлик улканлигига амин бўламиз.
Тоғай Муроднинг “Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман” деган гапи бор. Менимча, бу элпарвар ёзувчи халқимизга ҳайкал қўймоқчи бўлдию, билибми ё билмайми, ҳазрати Инсонга ҳайкал қўйди. Унинг асарлари миллийлик ўзанларидан тошиб кетиб, умуминсоний амаҳият касб этди. Аминманки, биз Вадимдан ташқи қиёфаси хунуклигини била туриб гўзаллик топганимиздек, ёш Вертелга қўшилиб изтироб чекканимиздек, Анна Каренинанинг гуноҳкорлигини билсак-да тушунганимиздек, Зиёдулла кални ҳам бутун дунё яхши кўриб қолади. Бу ёғи энди таржимонлар маҳоратига боғлиқ.
Шу ўринда, ҳайкал ҳақида гап кетганда, мажозий маънодан реал воқеликка қайтайлик-да, мен каби кўплаб адабиёт шинавандаларининг орзуси бўлган бир гапни ҳам айтсам. Шу кунларда гўзал қиёфа касб этган адиблар хиёбонида қанийди севимли ёзувчимизнинг ҳам сийратию суратини тўла намоён этган бир манумент бунёд этилса... Биз кабилар эса мана шундай кунларда Тоғай Мурод сиймоси томон ошиқсак...
Ҳали ҳам уйни, болаликни, ўзимни соғинсам, Тоғай Муродни ўқийман ва худди аввалгидек уни ёнгинамда турган, ҳар қандай вазиятда ишонса бўладиган акамдай тасаввур қилавераман. Ёзувчининг охирати обод бўлсин дейману, умри бардавом экани шууримдан кетмайди. Тоғай Мурод яна етмиш минг йиллардан кейин ҳам ҳамиша тирик, ҳамиша шерюрак ва полвонсурат бўлиб қолаверади.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
7 та фикр