БОШ ВАЗИР УЧУН СПЕКТАКЛЬ

Anora Sodiqova
Ярим финал

Пардалар кўтарилди, спектакль бошланди....

Қаровсиз ётган кенгликка бир зумда 50 нафарга яқин қурувчилар “юниформа”сини кийган актёрлар олиб келинди. Улар гўё қурилиш ишлари билан шуғулланаётгандек роль ўйнай бошлади. Кўп ўтмай спектаклга асосий томошабин — Республика Бош вазири кириб келди. У Тошкентнинг Астрономия институти ҳовлисида “Қурилиш авжида” спектаклини обдон кўздан кечирди. Ҳокимларга кўрсатмалар берди, аҳоли билан суҳбатлашди ва ортига қайтди. Ёлғиз томошабинга аталган спектакль ҳам ниҳоясига етди. Актёрлар автобусларга чиқиб, манзилларига қайтди. Пардалар ёпилиб, унинг ортида қурилиш ишлари чалалигича қолиб кетди.

Астрономия институти ховлисида яшовчи аҳоли бу спектаклга икки бора, (Бош вазирнинг 2017 йил сентябр ва 2018 йил март ойларидаги ташрифлари) чоғида гувоҳ бўлганликларини айтмоқда. Реаллик ҳозирча бировни қизиқтираётгани йўқ. Юқоридаги спектакль сценарийсидан эса бир нечта ҳақиқатлар тушиб қолмоқда.

1-ҳақиқат

Астрономия институти ҳовлиси бундан 80 йиллар аввал қуёшли, меридиан, горизонталь каби бир қанча телескопларга бой бўлган. Боғда юздан ортиқ дарахтлар экилган бўлиб, у ердаги табиатни бузиш қаттиқ тақиқланган. Астрономия ҳовлисида кечалари юлдузларни тадқиқ қилувчи олимларга шу ернинг ўзига махсус чайлалар қуриб берилган. Чайлаларда яшовчи олимлар институт манзарасини эъзозлаган ҳолда уйларига канализация, иссиқ сув қувурларини ҳам ўтказмаган. Фан учун шу уйчаларда оилалари билан яшаб келган. Аммо йиллар ўтиб ҳаммаси ўзгарди. Кимлардир олимларнинг уйлари ёнидаги ерларни сотиб юборди. Бу ишлар 1994, 2000 ва 2005 йилларда авж олди. Ноёб флора ва фаунага эга бўлган табиат ўрнини қасрлар эгаллади. Аҳоли бир пайтлар бу боғда қизилиштон, каклик каби қушлар бўлганини айтади.

2-ҳақиқат

Нима учундир Астрономия боғи ҳудудининг бир қисмини бизга номаълум бўлган йўл билан ўзлаштирганлар учун унда қасрлар қуришга рухсат бор-у, бироқ шу ерда яшаб илм қилиб келган олимлар ҳовлисининг бир четига ҳаммом ҳам қура олмайди. Туман кадастр идорасидаги ходимлар бунинг сирини билишар, балки. Боғдаги дарахтлар юз йилдан ортиқ умр кўргани билан қадрли бўлсада, улар бирин-кетин кесилиб ташланади. Нақадар сахнага чиқишга арзимайдиган ҳақиқатлар...

3-ҳақиқат

Иккинчи жаҳон уруши даврида бутун иттифоққа энг аниқ вақтни узатиб турган ноёб астрономик қурилмалар занг босиб, қаровсиз аҳволга келди. Тўғри, бу телескоплар фаолиятини ҳозирда замонавий ускуналар, сунъий йўлдошлар осонлаштирган бўлиши мумкин. Бироқ, олимларнинг таъкидлашича, астрономик асбоблар эскирган бўлса-да, қимматини йўқотмайди. Вақт ўтган сайин уларнинг баҳоси ошиб бораверади. Астрономия институти ҳовлисида истиқомат қилувчи физика-математика фанлари доктори, профессор Мамнун Закировнинг далолат беришича, 2000 йилларда ушбу боққа ташриф буюрган олмониялик астрономия мутахассислари ушбу телескопларни салкам 500 минг доллар миқдорида баҳолаган.

4-ҳақиқат

Бугун астрономия ҳовлисида умрини астрономия, физика, математика фанларига бағишлаган бир қанча фан докторлари, номзодлари, профессорлар ва уларнинг оила аъзолари, фарзандлари яшаб келмоқа. Улар умри давомида йиққан, ёзган уюм-уюм илмий мақолалар, муаллифлик китоблари ва шу боғ табиати, экспонатлари билан фаҳрланар эди. Ўзларини жамиятнинг эъзозли фуқаролари, деб биларди. Ахир, мажлисларда “Биз ким фалакдаги юлдузларни бенарвон урган Мирзо Улуғбек, Али Қушчи авлодларимиз”, деб фахрланишни яхши кўрамиз-ку?

Бу илм аҳли росмана Мирзо Улуғбекнинг издошлари. Бугун улар қурилиш орасида чанг-тўзонлар ичида яна қурилиш ишларига жалб этилган ахлоқни тузатиш ишларига чақирилган жиноятчилар билан биргаликда яшаб келмоқда. Олимлар уйи девор билан тўсилмаганини инобатга олганда уларни бемалол АТИ фуқаролари билан бир уйда, ҳовлида яшамоқда дейиш мумкин.

Олимларни бу кўйга солиб қўйган маҳаллий раҳбарият юқоридагиларга спектакль уюштириш билан овора. Парда ортидаги ҳақиқатлар эса саҳнага чиқолмай сарсон...

Сўнгги ҳақиқат.

Бу каби спектакллар жамиятимизнинг яна бир қанча жабҳаларида, турли кўриниш ва усулларда саҳналаштириб келинмоқда. Фақат уларнинг режиссёрлари ва актёрлари бўлак.

Пардалар ёпилади...

4.06 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.06 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.38 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 9

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Бахтиёр Шералиев 31/05/2018

Mavzuni dolzarb ekanligi ko'rinib turibdi, lekin ko'tarilgan masala ancha to'mtoq yoritilgan. Natija bo'lishi uchun ochiq va ravshan yoritilsa yaxshi bo'lar edi

5 Абдумалик Носиров 31/05/2018

Астрономия бўйича кўтарилган муаммолар...

3 Уйғун Ғафуров 31/05/2018
4 Нодир Закиров 31/05/2018

Бошланиши жуда эътиборимни тортди. "Ҳақиқатлар"га ўтилганда охиригача диққат билан ўқидим. Айрим муҳим муаммолар кўтарилган, лекин бироз чуқурроқ таҳлил етишмади. Масалан, аксарият олимлар ўзларига берилган уйларни хусусийлаштиришган ва истаганда ва кимга хоҳласа сотиши мумкин. Лекин олимлар маоши ва илмга ажратилаётган бюджетга урғу бериб, буни батафсил таҳлил қилсангиз жуда кучли чиқарди. Фотосуратлар учун алоҳида раҳмат. Чиройли жойлар экан.

3.5 Нигора Умарова 31/05/2018
4 Шунқор Чориев 31/05/2018
4 Мақсуд Саломов 31/05/2018
5 Расул Кушербаев 31/05/2018
3.5 Давронбек Тожиалиев 01/06/2018
5 Беҳзод Қобулов 01/06/2018
3.5 Қаҳрамон Асланов 01/06/2018
4 Мансур Тангишов 01/06/2018

Ёзиш услуби жуда чиройли. Муаммолар ёритилган. Фақат мустақил таклифлар етишмабди.

3.5 Олимжон Солижон ўғли 01/06/2018
3.5 Мубашшир Аҳмад 01/06/2018
3 Адҳам Отажонов 01/06/2018
3.5 Музаффар Назаров 01/06/2018
5 Умид Гафуров 01/06/2018

Расмлар борлиги учун юқори баҳоладим.

4 Тўлқин Юсупов 01/06/2018
5 Маҳсуджон Асқаров 01/06/2018
4.5 Шерзод Шерматов 02/06/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 02/06/2018
5 Иноят Садикова 02/06/2018

Mavzu ilk bora ko'tarilgan holatiga yetarli darajada yoritilgan. Davom ettirasiz deb umid qilaman.

3.5 Ботиржон Шерматов 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
7 та фикр