Махсус мухбир: Қисқа вақт оралиғида анча-мунча воқеалар бўлиб ўтди. Гўёки вақт тезлашиб кетгандек туюляпти.
Респондент: Ҳа, шундай бир ажойиб даврда яшамоқдамизки, журналистларимиз севиб ишлатадиган “туб бурилишлар” деган таъбир пиллачиликдан тортиб аллергик касалликларга қарши кураш соҳасигача, сўроқ қилиш изоляторларига камера ўрнатилишидан то китобга муккасидан кетганларга “Спарк” туҳфа қилишгача, ҳамма соҳаларни қамраб олмоқда. “Америка овози” мухбирининг кутилмаган аккредитацияси, чеккадаги битта қишлоқни “одам яшаса бўладиган” ҳолатга келтириш учун бир неча миллиард сўм кўзни чирт юмиб ажратилаётгани, 25 йил “мусаффо осмонимизни кўролмаган” Фергана.ру асосчисининг “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзосига айланиши... Бу воқеаларнинг ҳар бир ўзича “тарихий”. Эҳ-ҳе, ҳали келажак авлод тарихчилари бу воқеаларни тарих китобларига сиғдириб, ёзиб чиқиши ҳам керак.
Махсус мухбир: Қарши бўлмасангиз, халқаро мавзудан бошласак. Туркия президенти “ота юрти”га келди. 20 йил деганда амалга ошди бу ташриф.
Респондент: Вақт даволамайди, вақт ўзгартиради. Ҳар икки мамлакат раҳбарларининг ўз мақсадлари бор. 24 июнда бўладиган муҳим парламент ва президентлик сайловлари арафасида турган жаноб Эрдоған туркийлик ғоялари ҳал қилувчи таъсирга эга бўлган ўз сайловчилари олдида кучли юриш қилиши лозим эди. Ва бу юриш манзили сифатида кўплаб турк сиёсатдонлари томонидан Марказий Осиё иқтисодиётининг локомотиви деб таърифланаётган Ўзбекистон танлаб олингани, турк етакчиси ушбу ташрифга ўзи билан 8 нафар вазири, юқори даражадаги мансабдорлар (жумладан турк разведкаси раҳбари) ва 150 нафар йирик бизнесменларни олиб келгани биз учун катта аҳамият касб этади.
Мамлакатимизга эса Туркиянинг инвестицияси, туризм, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибаси ҳозир ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб турган бир пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдонда бошлаган “перезагрузка” сиёсати, биринчи навбатда иқтисодий манфаатни кўзда тутувчи прагматик дипломатияси ушбу ҳамкорликка табиий эҳтиёжни вужудга келтирди.
Биргина мисол, турклар учун виза тартибининг бекор қилиниши натижасида март ойининг ўзида юртимизга Туркиядан 6 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. Бу ҳали бошланиши, дейишимиз учун асос етарли. Бир сўз билан айтганда, ниятлар айни пайтда муштарак келди ва бундан томонлар унумли фойдаланмоқда.
Махсус мухбир: Яна бир ташриф. Буниси ростан ҳам тарихий! 16 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон раҳбари АҚШга расмий ташриф билан борди. Сизнингча, бу кутилмаган воқеами? Нима учун сафар энди бўлди?
Респондент: Башорат қилишни ёқтирмайман. Агар жудаям қизиқаётган бўлсангиз, қуйидаги фактга эътиборингизни қаратаман:
1) Шавкат Мирзиёев лавозимга киришганидан буён ўтган бир ярим йил ичида БМТ сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка борганини айтмаганда, Ўзбекистон-АҚШ ўртасидаги дипломатик алоқалар мавзуси очилмай келди.
2) 2017 йил 17 декабрь. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик Палатаси “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонунни тасдиқлади. (Ушбу қонуннинг 10-бандидан кўчирма: «10. Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган: ...ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;...». Тўлиқ матн: бу ерда.)
3) 2017 йил 19 декабрь. www.whitehouse.gov сайтида “Бугун Президент Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан минтақавий ҳавфсизлик масалаларини ва ҳамкорликни яхшилаш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида телефон орқали мулоқотда бўлди” деган мазмундаги ахборот қўйилди. (манба: бу ерда.) Ушбу суҳбат чоғида Президент Трамп мамлакатимиз раҳбарини АҚШга расман таклиф қилди.
Махсус мухбир: Бизнинг давлатимизга ташрифнинг фойдаси қай даражада деб ўйлайсиз? Қўшма Штатларчи, нимага эришди?
Респондент: Бизнинг фойдамиз 5 миллиард доллар атрофида. Ҳозирча. Бу гал ҳам юқорида тилга олинган прагматик иқтисодий дипломатиядан четга чиқмадик. Яна бир жуда муҳим жиҳат – АҚШ Президенти Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг доимий мулоқотини йўлга қўйиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлади. Қолган фойдаларни бирма-бир санаб вақтингизни олмай, ЎзАдан ўқиб олишингиз мумкин: мақолалар.
Президент Трамп музокаралардан кўзлаган мақсадлар орасида иккитасини ажратиб кўрсатиш мумкин: биринчиси, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида бошланган ислоҳотларни тўхтатмаслик кафолати (ташриф арафасида 12 та инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қўшма Штатлар раҳбариятидан шуни қаттиқ талаб қилган эди); иккинчиси, Афғонистонга борадиган АҚШ ҳарбий юкларини ташиш бўйича Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон орқали ўтувчи Шимолий тақсимот тармоғига Ўзбекистонни ҳам қўшиш. Иккала масалага ҳам розилик берилди. “Сиёсатчилар бир фикрга келишдими, демак, билингки, нархини келишишипти”. Хуллас, томонлар ўз олдига қўйган дипломатик мақсадларига эришди. Go Dutch – ҳар ким ўз-ўзига тўлайди.
Махсус мухбир: Президент матбуот хизмати ўзгача ишламоқда. Таъсирли видеороликлар, брифинглар. Айниқса, Президентимизнинг АҚШга расмий ташрифи чоғида кўплаб дунё ОАВ эътибори ва босимида бўлишни ҳам муваффақиятли уддалашди.
Респондент: Ҳа, янги нафас сезилиб турганини эътироф этиш керак. Аммо, мени бошқа нарса ҳайрон қолдиряпти. Телевидение, радио ва матбуотда халқаро мавзу мутлақо четда қолиб кетди. Apple янги смартфон чиқаришга тайёрланаётгани ёки Англияда йўловчи поезд адашиб қолгани ҳақидаги хабарлар чиқиб турипти, лекин бизнинг манфаатимиз, нуқтаи назаримиз, позициямиз ифодаланган, ижтимоий фикрни шакллантирувчи батафсил халқаро шарҳлар йўқ ҳисоби. Бугун биз глобал дунёда яшаяпмиз. Мустақил давлатнинг ўзи йўқ. Фақат миллий дунёқарашга эга бўлган халқлар ва уларнинг етакчилари бор.
Ҳадеб Президент гапиришини кутмаслик керак. Яқинда сотилиб кетишига бир баҳя қолган “Матбуотчилар, 32”даги таҳририятлардан бирида мухбир бўлиб ишлаган кезларим, газета навбатчиси нашрга тайёр бўлган “полоса”ни кўтариб учинчи қаватдаги кичкинагина хонага олиб тушар, у ерда “ЭЪТИРОЗ ЙЎҚ” деган муҳр босилсагина ўша саҳифа дунё юзини кўрарди. Ана шундай тилсизлик йилларидан сўнг бирданига ҳақиқий сўз эркинлиги денгизига чиқиб қолган ўзбек журналистикаси нима қиларини билмай қолгандек таассурот қолдиряпти. Ҳаммадан узоққа борган кимса донишманд бўлавермайди, шунчаки у қаёққа боришини билмаган холос.
Нега Қуддуснинг Исроил пойтахти деб эълон қилиниши ва унинг ортидан юз берган қонли воқеалар ёритилмаяпти? Хитойда рўзадорларга зуғум қилингани ҳақида ёки масжидларимизга болалар киритилмаётгани билан боғлиқ мунозараларни фақат фейсбукда ўқиймизми? “Тегилмайдиган” мавзулар ҳалиям борми? Корея ярим оролидаги таранглик, Суриядаги вазиятни ўзбек аудиториясига ким шарҳлаб, тушунтириб беради? 25 йилга кечиккан валюта конвертациясини амалга оширганимизни қандайдир хорижий эксперт эътироф этганини қайта-қайта гапирверамизми? Тўғри, қисқа вақт оралиғида сўз эркинлиги борасида катта ўзгариш бўлди. Бу гапларни ёзаётганим ва уни сиз ўқиётганингиз ўзи бир катта гап. Айтмоқчи бўлганим, тўхтаб қолмаслик ва қўрқмаслик керак. Ҳозирги сиёсат бизни шунга ўргатмоқда.
Махсус мухбир: Ўзбекнинг буюк фарзанди Шуҳрат Аббосов вафот этди. Унинг кинокартиналарини яхши кўрардингиз, чоғи.
Респондент: Дарҳақиқат, буюк инсон. Вафот этиши муносабати билан “Ахборот” кўрсатуви “без звук” шаклда эфирга узатилиши ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Эстрада билан бир вақтда санъатдан бизнесга айлантирилган ўзбек киноси ўзининг асл вазифаси – миллатни тарбиялаш, томошабинда, айниқса, ёшларда ижтимоий масъулият ҳиссини шакллантириш функциясини бажармай қўйганига анча бўлди. Икки қаватли данғиллама ҳовли ичидаги қайнона-келин муносабатлари, ғашга тегувчи севги “драма”лари билан ўралашиб қолди. Амир Темур ҳақида битта сифатли, таъсирли, кучли сериал тугул, фильм тугул, мультфильм ҳам ололмадик. Шунинг учун хонадонларимизда саркарда Темур тарихий жангда енгган Боязид авлодларининг хотинлари ҳақидаги “Қўсем”ни кўриб ўтиришипти.
Бу мавзу жуда кўп чайналган ва мен ҳам бу ишни давом эттирмоқчи эмасман. Шунчаки биз ёдга олган инсоннинг ижод маҳсули бўлган картинадан бир лавҳани эслатаман. Dolby-surround, HD, суперкомпьютерлар, монтаж студияси деган техника мўъжизалари ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган даврда, оддийгина “Свема” плёнкасига олинган фильмнинг ушбу биргина эпизодини сўнгги 20 йил ичида олинган киноларимизга алмашмаган бўлардим. Таъсир кучи, тариявий аҳамиятини ҳис этиш ва солиштириш учун қайта-қайта кўринг.
Махсус мухбир: “Ижтимоий масъулият” деган жумлани тилга олдингиз. У нимада намоён бўлади?
Респондент: Ижтимоий масъулият ҳар кимнинг ўз вазифасини сидқидилдан бажаришидир. Ғишт терувчи, мактаб директори, фуқаро, нотариус, талаба, вазир, такси ҳайдовчиси... хуллас, ҳамма жамият олдидаги ўз масъулиятини ҳис қилиши ва ўз виждони қаршисида ҳисоб беришга ўрганиши керак. Тўғри, ҳозир ҳаммага қийин. Театрдан фарқли ўлароқ, ҳаётда бошланаётган спектаклнинг жанри ҳақида айтилмайди. Аммо шундай бўлса-да, барчамиз бутун мамлакатни қамраб олган ижобий транформация жараёнида имкони борича фаолроқ қатнашишимиз шарт. Мана бу расмга қаранг.
Бу эълон муаллифининг саводига ҳавас қилмассиз, бироқ у ҳам ўзича Ватан равнақига ҳисса қўшмоқчи-да. Ҳар ҳолда, Азиза Қурбонова ёзганидек, шу 15 кун ичида ростанам кўп нарса ҳал бўлиши мумкин. Ижтимоий масъулият ана шундай майда нарсаларда кўринади ва агар 30 миллионлик халқ шундай – ҳалол яшашга интилса, тараққиёт сари қадамларимиз ўн карра, юз карра тезлашиши шубҳасиз. Албатта бу бир шахсий фикр.
Махсус мухбир: Ёшларга ҳам қийин бўлаётганини тан оларсиз? Шу даражадаки, 20 даража совуқда Санкт-Петербургдаги супермаркет атрофидаги аравачаларни йиғиштирувчи бўлиб ишлаш учун 4000 километрни автобусда босиб ўтишга рози бўлишмоқда.
Респондент: Бундай қисмат учун замонни айбламаган бўлардим. Шу ерда яшаб, пул топиш учун ҳам имкониятлар етарли. Айнан ёшларга тадбиркорлик, уй-жой, ишга олиш бўйича берилаётган имтиёзларни қўя турайлик. Ўзбекистон шароитида рисоладагидек яшаш учун ёшлардан шунчаки яхши билим олиш, ўз қобилиятини тўла намойиш қилиш талаб қилинади холос. Бу талаб юз йил аввал ҳам шундай эди, ҳозир ҳам ўзгармаган. Мисол келтираман. 10-15 йил аввал интернетда бир соат ишлаш биз учун ўзига хос воқеа саналарди. Интернет ва компьютер технологиялари барчанинг уйида бемалол бўлиб қолган бугунги кунда, астойдил қунт қилиб, дейлик С++ дастурлаш тилини 6 ойда етарли даражада ўрганиб олсангиз бўлади. Ўз ишининг устаси бўлган дастурчига эса талаб жуда юқори. Мана, ана шундай дастурчиларга доимий ишлар эълон қилинадиган минглаб сайтлардан бири: манба. Буниси эса дастурчи-кадрларга бўлган ўзимиздаги эҳтиёж: манба.
Ўзим учун англаб етган ва қайта-қайта амин бўлган яна бир ҳақиқатни айтаман: бизнинг ризқимиз аввалдан белгилаб қўйилган, бинобарин, далада кетмон чопасизми, лабораторияда янги вакцина яратасизми, Хабаровскдами, Сеулдами, Андижондами, барибир ўша ризқни оласиз. Фақат бу ризқни ё интеллектни ишга солиб, қийналмай топасиз, ё қаҳратонларда қурилишда ишлаб топасиз. Бу ерда энг муҳими, уни ҳалол йўл билан қўлга киритиш. Ғалаба қозонган ғолиб эмас, мағлубиятни тан олмаган ғолибдир.
Махсус мухбир: Блогингиз шакли ҳақида кўпчилик савол беряпти.
Респондент: Ҳа, ўзингизга ўзингиз савол бериб, кейин жавоб берасиз, бу ғалати-ку дейишяпти. Эҳтимол, аммо жуда қизиқ. Биз вақти-вақти билан ўзимизга қийин саволлар бериб туришимиз ва бу саволларга жавоб топишимиз керак. Кўп гапириб юборганим учун узр. Барчага омонлик!
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр