Бир кўришда муҳаббат

Dilshod Zunnunov
Саралаш

“Фарзанднинг ўғили ҳам қизи ҳам фарзанд, бераридан қисмасин” ёки “Қиз бола отасига меҳрибон бўлади” қабилидаги гаплар жуда кўп айтилсаям, барибир ўрта асрлардаги ўлчовлардан бутунлай халос бўлмаганмиз.

Буни мен кимдир мендан фарзандларим нечта экани, жинси ҳақида сўраганда ва мен айтганимда, бироз хижолатнамо қарашидан ва “худо хоҳласа ўғилини ҳам берар” деб юпатишидан сезаман. Мен унга нолимадимку, деганим билан, ҳамманинг ўғли бўлиши керак, деган фикр ҳаммада бор. Масалан, қўшиқчиларнинг клипларини ҳам олайлик, “ўнта ўғилнинг ўрнини босар қизингиз” деб насиҳат қилиб, таъсирли клиплар ишлашади, аммо қизи йўқларга сабр тилашганини кўрмаганман.

Нимаям қилардик, замонамиз шунақа, ҳамма уйини келин томон тўлдириб беришига ғинг демай, қайнота олиб берган уй-жойда бемалол яшаб, аммо ичкуёвликдан ор қиладиган, йигитчиликка тўғри келмайди, дейдиган жамиятнинг ичидамиз. (савол туғилади-да, ор қилинадиган нарса фақат хотиннинг отаси ёки онаси билан бирга яшаш холосми?) Яъни ўғил фарзанд қариганда ёлғиз қолмасликдан кафолат.

Баҳсли масала, лекин ҳозир бошқа нарсани ҳикоя қилмоқчиман.

Уч нафар қизим бор. Учинчи қизим туғилмасидан олдин икки нафар қизим бор эди. Табиийки, хотиним ҳомиладорлигида учинчи фарзандим ўғил бўлишини орзу қилдим. Нормал ҳолат, ҳар бир ота каби. Аппаратда бу сафар ҳам қиз эканини айтишгач, хафа ҳам бўлдим, лекин сал бўлсаям, балки адашишаётгандир деган умид учқуни бор эди. Ана фалончиникини ўғил деган қиз туғди, фалончида аппарат ҳам адашган, қабилидаги гапларга қулоғимни динг қиладиган бўлдим. Ўзимни бир томондан “ёмон хабар”га (астоғфурилло) тайёрлаган бўлсам-да, кўнгимнинг туби ажиб хаяжон билан ўша кунни кутар эди.

Ўша кун келди. Биринчи фарзанд пайтида бунақа хаяжонлаганман. Чунки, у пайтда ким бўлсаям, фарзанд кўриш янги туйғу бўлади, соғ омон туғилиб олса бўлди деймиз. Иккинчисида ҳам майли, бу қадар бўлмаган.

Жуда асабий ҳолда туғруқхона эшигининг тагида кутганим эсимда. Яна қиз бўлса нима бўлади? Иккита қизим бор-ку, қизлар қанақа бўлишини биламан, ўғилли бўлиш бошқача ҳиссиёт бўлса керак, қанийди... Кутавердим...

Ҳар сафар хамшира ташқарига чиққанда, жавобни айтармикин деб оғзига термулдим. Йўқ, ҳали вақт бор дейишса, умид кесилмаганидан, яна кутиш, умид қилиш имкони борлигидан кўнглим жойига тушарди.

Хуллас, хамшира чиқди – “қизлик бўлдингиз”

Ҳаммасини биламан, ақлим етади, Аллоҳнинг бергани, шукр қилиш керак. Тирноққа зорлар қанча, буям эсимда турибди. Лекин иссиқ жон, барибир хафа бўлдим. Яна ўғилли бўла олмадим, икки қизимга ўхшаган учинчи қизни берди худо. Қачон ўғлим бўлади мениям, қачон менга ўхшаган қилиқларини кузатаман, қачон велосипед ёки машинага солиб айлантириб юраман? Қачон исмини Муҳаммад қўяман?

Қани энди вақт ярим соатга орқага қайтса-ю, ҳали бу сўзни эшитмаган бўлсам, қайтадан умид қилиб кутиш имкони туғилса!

“Кириб кўрасизми?”

Ҳа албатта.

Кирдим, қўлимга олдим. Юзларига тикилдим. Менга ёки опаларига ўхшаш жиҳатларини қидирдим. Бу қанча сония давом этганини билмайман, лекин бу чақалоқни яхши кўриб қолдим.

Қизиқ, шунчалик яхши кўриб қолдимки, энди умрим ярим соатга орқага қайтиб қолишини истамасдим.

Энди биз ота ва қиз эдик. Энди ўртамизга ҳеч ким туша олмасди. Бошқа бола хаёлимга ҳам келмас, кимдир “адашибмиз, сизникимас бу, мана хотинингиз ўғил туғди” деб қўлимга бошқа болани тутқазганда ҳам, ўша болани ҳам балки қандайдир сонияда яхши кўришиб қолишимни билсам ҳам, қўлимда турган қиздан ажрашни истамаган бўлардим.

***

Қизим менга овқатлар пишириб беради, касал бўлсам қарайди. Ўғлим қарилигимда суянчиқ бўлади, велосипедга ёки машинага солиб юраман. Исмини Муҳаммад қўяман. Ва бошқа гаплар. Ҳаммаси бекор гаплар. Бир марта қўлга олсангиз кифоя.

Дилшод Зуннунов

3.79 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.79 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 10
  • Муштарийлар баҳоси
    4.38 / 19

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 28/04/2018

No comment!

5 Абдумалик Носиров 29/04/2018

Мени хам 4 қизим бор. Бир биридан ширин, Бир биридан меҳрибон. Авторнинг хамма хиссиётлари менга бегона эмас.

4 Мақсуд Саломов 29/04/2018
4 Олимжон Солижон ўғли 02/05/2018
3.5 Давронбек Тожиалиев 06/05/2018
5 Расул Кушербаев 06/05/2018

Juda dolzarb masala kotarilibdi, tahlil ham yaxshi

5 Шерзод Шерматов 11/05/2018
4.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05/2018
5 Қаҳрамон Асланов 18/05/2018
5 Нигора Умарова 18/05/2018
5 Маҳсуджон Асқаров 18/05/2018
4 Мубашшир Аҳмад 19/05/2018
4 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 19/05/2018
4 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018

Яхши ёзилган, лекин сарлавҳага эътирозим бор. Фарзанд ҳақида гап кетар экан, сўзлашувда аллақачон бўй етган ёшлар аро ишқий маъно касб этиб бўлган иборадан сўз ўйини ясамаслик дуруст бўлар эди. Бошқа ҳеч бир эътироз йўқ. Фарзандингиз етук инсон бўлишига тилакдошман.

4 Мансур Тангишов 20/05/2018
4 Музаффар Назаров 20/05/2018
3 Шунқор Чориев 20/05/2018
4.5 Иноят Садикова 20/05/2018
3.5 Нодир Закиров 21/05/2018
4 Адҳам Отажонов 21/05/2018
5 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр