«Бизнинг энг катта камчиликларимиздан бири нима?» дейишса «Ўз фикрига эга бўлган ёхуд оқимга қарши сузишни хуш кўрадиганларни ёқтирмаймиз, иложи бўлса, уларни тупроққа қориштириб, бирини «ношукур», иккинчисини «ғарбчи» ва ниҳоят этни жимирлатадиган «ватан хоини» дейишгача борамиз» дея жавоб берган бўлардим. Ҳарбийларнинг фарзандларига олий ўқув юртларига имтиҳонсиз кириш имтиёзи берилиши масаласига эътироз билдирганим учун дўст-душмандан эшитмаган гапим қолмади. Лекин барибир фикримда собитман. Чунки фуқаро сифатида қайсидир ислоҳотга ўз позициянг бўлмаса зомбидан фарқинг қолмайди.
Ушбу имтиёзнинг эътирозга сабаб бўлган биринчи жиҳати табақавий дискриминацияни келтириб чиқаришидир. Халқ тилида «нормалний» яшамоқчи бўлган киши бугун ҳарбийликни танламоқда. Чунки маоши яхши, имтиёзлари анчагина. Чунки қийналсанг ҳам, «катта холангни кўрсанг ҳам» пенсия ёшигача етиб олсанг марра сеники. Ҳарбийларнинг ўзига берилган имтиёзлар-ку хўп-хўп, энди ҳарбийнинг оиласида туғилиш ҳам бахт бўлиб қолмоқда («Сен кимга кераксан, деҳқон боласи?!»). Энг ёмони, мактабда ўқиб юрган, келажакда яхши шифокор, ўқитувчи, журналист бўлиши мумкин бўлганлар ҳам қобилиятидан кўз юмиб, фақат маош ва имтиёзлар учунгина ҳарбий бўлишга қарор қилишмоқда.
Дейлик, Эшмат, Тошмат ва Шермат синфдош. Эшмат билимли, Тошмат жисмонан бақувват, Шермат ўртамиёна. Тошмат кучига ишониб ҳарбийликни танлади. Уйидан узоқда, қийинчиликда, беҳаловат юрса ҳам пули бор, кредитга машина, арзон уй олган. Келажакдан ғами йўқ. Эшмат эса қийналиб ўқиди, икки-учта тил ўрганди. Аммо қишлоқдан иш топа олмай, шаҳарда фалон пулга ижарада туриб ишлай бошлади. Ойликни бир-бирига улай олмай, қийналиб, охири «ҳайё ҳуйт» деб чет элга сурворди. Мамлакат яхши бир кадрдан ажралди. Энди унинг қачон келиши даргумон...
Шерматга эса икковининг йўлиям насиб қилмади. Ўқишга кира олмай қишлоқда пода боқди, мардикорлик қилди. Охири Россияга кетди. У ёқда «диний билими йўқлиги туфайли айрим оқимлар домига тушиб қолди».
Бундай формуладаги инсонлар жуда кўп ҳаётимизда. Ҳаммаси занжир мисол ўралган. Бир аччиқ ҳақиқатни тан олайлик: ҳеч бўлмаганда ўқитувчиларнинг аҳволини яхшилаб, таълимга зўр бермас эканмиз, ҳарбийларга имтиёз бериб, ўзимиздан ўзимизни қўриқлашга мажбур бўлиб юраверамиз.
Сайёрамизнинг бир бурчида бир миллат иккига бўлиниб ётибди (қайси давлатлар эканлигини тушундингиз, чамамда). Биринчиси ҳарбийларини ҳаддан ортиқ севади. Унинг қуролларидан бутун дунё хавфсирайди, аммо халқининг аҳволи ачинарли. Одамлар бир бурда нон емаса емайди, аммо ҳарбийларда ҳамма шароит бор. Иккинчиси эса хавфсизлик билан бир қаторда илм-фанни, тараққиётни ҳам асосий мақсад қилиб олган. Натижа шу бўлдики, охирги 50-60 йилда бир пайтлар яхлит давлат бўлган икки ҳудуддан бири мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Иккинчи томон эса фақат бир нарсаси билан мақтана олади: бир неча миллионлик армияси ва қуроллари билан...
Ҳарбий салоҳият бўйича дунёда фалон, МДҲда писмадон ўриндамиз деб бот-бот мақтанамиз. Аммо ҳеч савол бердикми, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм, хизмат кўрсатиш, ялпи ички маҳсулот, э борингки, иқтисодиёт соҳасида нечанчи ўриндамиз?
Жамиятимиздаги камчиликларни фақат ҳарбийларга берилган имтиёзлардан қидириш ниятим йўқ. Барчамиз биламиз, бизда ҳарбий фаолият профессионал тарзда йўлга қўйилган илғор соҳалардан бири. Аммо нега бошқа баъзи муҳим тармоқларга ҳам худди ҳарбий соҳага ёндашгандек эътибор қилмаймиз, имтиёзлар бермаймиз? Жанубий Кореядек ишлаб чиқариш, Финландияники каби таълим тизими, Германияники каби соғлиқни сақлаш, АҚШники каби мустаҳкам иқтисодиёт қуришга машҳур бир тарихий шахс таъбири билан айтганда «ким халақит беради?». Ҳатто ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатдан озод этиш «имтиёз»и учун ҳам бир инсон қурбон бўлди...
Албатта, бу фикрлардан кейин «тинчликнинг қадрига етмаган ношукур» деган дашномни эшитдим ва эшитмоқдаман. Аммо «зато тинчмиз-ку» деган шиор ортидан нималарни бой бериб қўйганимиз ҳар бир видеоселектордан сўнг ойдинлашмоқда-ку...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
10 та фикр