Ушбу мақолани ёзишимдан мақсад, халқимиз ичида кенг тарқалган энг хатарли ва мудҳиш бир ҳолатни баён қилиш. Бу ҳолат ҳақида кўп бора гапирилган, ислоҳ қилиш йўллари кўрсатилган бўлсада, ҳаракатлар наф бермаётгани ачинарли бир ҳолдир. Бундан зарар кўрмаган оилалар саноқлик. Айтаётганим ушбу ҳолат - беҳаёликдир.
Беҳаёлик мусулмон жамиятини вайрон қилувчи, қадриятларни унуттирувчи ва энг ёмони – ёш авлодни бузувчи иллатдир.
Келинг, яхшиси гапни чўзмай ўз оилам билан бўлган бир воқеани айтиб берай.
Ёшим 29 да. Тошкент шаҳрида, зиёли оилада туғилиб ўсдим.
Ҳар бир мусулмон йигит каби улғайиб, турмуш қуриш ёшига етганимда бўлажак умр йўлдошим қандай бўлиши ҳақида хаёллар сурардим.
Бир тарафдан ширин орзулар, иккинчи тарафдан эса қандайдир хавф сезардим.
Хавфда эканим сабаби, кўча кўйда аксар қизларнинг очиқ-сочиқ кийиниши, ўзини кўз-кўз қилиб юриши ва уларнинг кўплари ёлғончи экани ҳақида олган маълумотимдир.
Аммо Аллоҳ таолога тазарруъ ила дуо қилиб солиҳа жуфт насиб қилишини сўрар эдим.
Вақти келиб турмуш қурдим. Аёлим кутганимдан ҳам зиёда, орзуимдагидан ҳам мукаммалроқ эди.
Солиҳа, қория, олима бўлган аёлим чиндан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек динимнинг ярми эди.
Аллоҳ бахтимизни мукаммал қилиб бизга нимжон бўлсада ўғил фарзанд берди.
Нимжонлиги сабаб баъзи қийинчиликларга дуч келдик. Аммо Аллоҳ Ўз каломида таъкидлаганидек: "Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир" (Шарҳ сураси, 5-оят).
Биз осончиликни ундаги истеъдодда топдик. Ёш бўлишига қарамай Аллоҳнинг Каломини ёдлашга бўлган иштиёқи жуда баланд эди.
Вақт шиддат билан ўтар, ўғилчам кундан кунга Қуръонни тез ёдлаб борарди. Шундай қилиб беш ёшга тўлар тўлмас қори бўлиб етишган ўғлим, энди онасидан бошқа китоблар ўқиб беришини сўрар эди.
Бошқа болалардек кўча чангитмаган ўғилчамни ер-у кўкка ишонмасдим.
Шундай қилиб ўғилчам мактаб ёшига тўлди. Холаси мактабда ўқитувчи бўлганлиги сабаб, ўзи олиб кетиб синфга жойлаштиришлигини айтди.
Хуллас, биринчи ўқиш куни. Ўғлимни холаси билан мактабга жўнатдик. Мен эса ишга кетдим.
Биринчи кун бўлгани учун ишдан вақтлироқ қайтиб, аёлим билан бирга ўғлимни кутдик.
Эшик тақиллади ва аёлим эшикни очди. Очди-ю, "Ё, Аллоҳ!", – деб қичқириб юборди.
Сакраб ўтирган жойимдан турдим. Эшик олдига борсам, кўзимнинг нури ўғлим Муҳаммад ҳамма жойи тирналган ҳолда турарди.
– Нима бўлди? Ким сени бу аҳволга солди? – деб сўрадим.
– Яланғоч аёллар! – деди-ю, йиқилиб тушди.
Аёлим тезда зарурий муолажаларни қилди. Ўғлим бироз дам олгач, олдига кирдим ва:
– Нима бўлди ўғлим, тушунтириб бер!? – дедим.
– Дадажон, эсингиздами, ўзингиз менга кўчада беҳаё аёл-қизларни кўрсанг, кўзларингни юм, уларга назар солма, деган эдингиз? – деди.
Мен:
– Ҳа, айтгандим. Хўш!? – дедим.
У эса:
– Мен мактабдан тўғри уйга қайтаётган эдим. Йўлда бир аёлни оёқлари очиқ ҳолда кўриб қолдим ва қўлларим билан кўзларимни ёпдим. Бир маҳал, йўл четидаги чакалакзорга қараб йиқилиб тушдим. Бу ҳолат яна икки маротаба қайтарилди. Бор гап шу... – деди.
Ичимдан бир нима суғурилгандек бўлди. Чуқур ўйга толдим. Тарбиясида ҳар доим маҳкам турганим ўғлим, бугун мен сабаб шу аҳволга тушди. Ё Аллоҳ, буни чораси нима, дердим ўзимга. Шу пайт ялт этиб бир фикр келди ва ўғлимга юзланиб дедим:
– Муҳаммад!?
– Лаббай, дадажон!
– Мен сенга нотўғри тушунтирибман. Беҳаё аёл-қизларни кўрганингда кўзингни қўлинг билан ёпма. Балки уларни кўрганингда кўзингни у тарафдан бошқа тарафга қаратиб йўлингда давом этавер, – дедим.
Ўғлимга тушунтиришга тушунтирдим-у, аммо бир савол мени ҳануз қийнайди: Бу бир гўдак билан содир бўлган воқеа. Покиза қалб улардан юз ўгирди. Аммо юз ўгирмаган неча минг катталар бор? Мен ўғлимни бу муаммодан қутқариш билан, ин шаа Аллоҳ, жаҳаннам азобидан ҳам қутқардим. Аммо бу беҳаё аёл-қизларни ким қутқаради? Нега эркаклар жим? Ёки оилаларда эркаклар сўзи ўтмайдиган бўлиб қолдими? Билиб қўйинг, ҳой "эркак"лар, маҳшар кун Роббингиз ҳузурида шу саволларга тутиласиз.
Барчага Яратгандан офият сўраб қоламан. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр