Қонун нима? Унинг амал қилиш чегараси борми? Қилмишни билмасдан, тасодифан ёки онгли равишда қилганларнинг жазоси бир хил бўлиши керакми? Айтайлик, Нодир Суранбаев ва Асқар Жалиловларнинг “Подалко уйи можароси”даги ўрни қандай?..
Улар ким, қандай можаро дейсизми? Унда қулоқ тутинг! Нодир Суранбаев пойтахтимиз Тошкент шаҳри маҳаллаларидан биридаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси. У ўз ишининг устаси – 2008 йилдан буён шу иш билан шуғулланади. Асқар Жалилов ана шу маҳалла фуқаролар йиғини раиси. Унинг тажрибаси ҳам кам эмас: 2011 йилда фаолиятини бошлаган. Хўш, Подалко ким бўлди, дерсиз? У марҳум фуқаро. Шу маҳалланинг собиқ аъзоси. Можаронинг сабаби ҳам айнан ўша марҳумнинг уйи билан боғлиқ.
Маълум бўлишича, 2013 йилда Вадим Сергеевич Подалко исмли фуқаро вафот этади. Унинг уйи ва мол-мулки эгасиз қолади. Чунки унга эгалик қилишни истайдиган қариндош-уруғ ва бола-чақанинг ўзи йўқ. Бундан хабардор бўлган маҳалла раиси ва унинг ёрдамчилари марҳумни кўмиб, унинг уйини вақтинчалик қулфлаб, эшикларини михлаб ташлашади. Қонун-қоидага кўра, бундай вақтда уй-жой эгасиз деб топилиб, ҳокимиятдаги махсус комиссияга мурожаат қилишлари лозим эди. Аммо маҳалла ва уй-жой мулкдорлари ширкати раислари бундай қилишмади. Улар маҳалланинг энг фаол аъзоларидан бири, уй-жойсиз қийналиб юрган Бобир Тўраевга ана шу уйга кириб яшашга рухсат беришади. Тўраев ҳам яхшиликка ўз вақтида яхшилиб билан жавоб қайтариб, маҳалла ишларида янада фаол бўлади, қўлидан келганча ёрдам берди. Уйга тегишли коммунал тўловларни ҳам вақтида тўлаб борди…
Энди савол: ширкат ва маҳалла раисларининг тутган йўлида жиноят аломатлари борми? Уларнинг қилмиши қанчалик тўғри? Инсонийлик жиҳатидан улар қилган иш тўғридир, аммо қонун нуқтаи назаридан бу ЎЗБОШИМЧАЛИК ҳисобланади. Афсуски, унинг оқибати дарҳол юзага чиқмайди. Маълум бўлишича, мазкур ҳудудда уй-жойга муҳтож бўлиб, навбатда турган 2275 нафар фуқаро мавжуд экан. Бу факт қилмишнинг ижтимоий адолат нуқтаи назаридан ҳам тўғри эмаслигини билдиради.
Суд қонунбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинлади ва амнистия туфайли жазодан озод этди. Тан олиб айтиш керак, қаҳрамонларимиз жиноятчи эмас, улар ҳеч кимни ўлдирмаган, тунамаган ва ўғирлик ҳам қилмаган. Уларнинг айби ўзбекона кўнгли бўшликда, қонунни билмасликда. Улар учун судланишнинг ўзи катта жазо, судга боришнинг ўзи орият. Амнистия эса, мазкур ҳолат учун айни муддао, қонуннинг адолати ҳам ана шунда...
Хулоса ўрнида битта гап айтиш мумкин. Яхшиликнинг ҳаммаси ҳам қонуний бўлмаслиги мумкин. Уни амалга оширишдан олдин қонун нуқтаи назаридан ўрганинг, билмасангиз билганлардан сўранг...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр