Сўз боши
...Сир эмас, ҳозир биз ахборотлашган маконда яшаймиз. Бугун Сиз учун янгилик сифатида қабул қилинган ҳодиса зум ўтмай атрофдагилар учун янгилик бўлмай қолмоқда... Мазкур жадаллашган жараёнда интернет ва ОАВнинг шахс ва жамиятга кўрсатаётган босими ҳақида ортиқча тўхталиб ўтиш эса ўринсиздек. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда инсоният улкан ахборот ҳуружлари даврида яшашга маҳкум. Боиси, замонавий ахборот ҳуружларини кундалик турмушимизнинг деярли ҳамма ерида: катта йўллар четида кўзимизга ташланадиган ялтироқ банерлар, кунда телевизорда кўрсатилаётган реклама роликлари, болалар учун мўлжалланган мультфилмлардан тортиб, ўша биз катта қизиқиш билан томоша қиладиган хориж сериаллари ва бадиий фильмларида учратиш мумкин бўлиб қолди. Фикларимиз Сизда заррача шубҳа уйғотган бўлса, унда ушбу постни ўқишни тавсия қиламиз.
«25-кадр» ўзи нима?
Орамизда «25-кадр» ҳақида эшитганлар кўпчиликни ташкил қилиши мумкин, бироқ унинг келиб чиқиш тарихи тўғрисида биладиганлар озчиликни ташкил қилади. Назаримизда, сарлавҳадаги саволга жавоб бериш учун дастлаб «25-кадр»нинг тарихига озроқ тўхталиш мақсадга мувофиқ.
...1957 йилда америкалик тадбиркор Джеймс Вайкери АҚШнинг Нью-Джерсий штатида жойлашган кинотеатрларидан бирида ғалати эксперимент ўтказганини маълум қилди. Гап шундаки, у «Пикник» номли бадиий фильм томошаси вақтида айнан фильмнинг кинотасмаси кадрларини алмаштириш жараёнида қўшимча проектор – кино тасмасидаги тасвирларни узатиш воситаси ёрдамида «Кока-кола!» ва «Оч қолдингми? Поп-корн тановул қил!» деган ёзувларни намойиш этган. Дж.Вайкерининг таъкидлашича, мазкур “яширин реклама”ли бадиий фильмнинг 1957-йилнинг бутун ёз мавсумида тинмай кинотеатрда кўрсатилиши натижасида ушбу кинозал ошхонасида «Кока-кола» ичимлиги сотилиши 17%га, «Поп-корн» сотилиши бўлса 50%га ошган. Шундан сўнг, Дж.Вайкери янги технологияни патентлаб, ўзининг хусусий реклама компаниясига асос солади ва тадбиркорларга яширин реклама яратиш бўйича пуллик хизматлар кўрсата бошлайди. Ушбу «кашфиёт»нинг ўша пайтлардаги АҚШ ОАВда ёритилиши бўлса, ўз-ўзидан катта шов-шувга сабаб бўлиб, кўпгина олимлар, машҳур реклама агентлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортади. Оқибатда,1958 йилда АҚШнинг ўша вақтлардаги йирик реклама ташкилотларидан бири саналмиш «Advertising Research Foundation» Дж.Вайкеридан антиқа тажриба тўғрисидаги маълумотларни ошкор этишни талаб қилган, аммо муаллифдан рад жавоби олинган. Лекин, мавзу атрофидаги муҳокамалар шу билан тугамади.
Кейинчалик бу мавзуда илмий реферат ёзиш мақсадида Стюарт Роджерс исмли талаба Нью-Йоркдан Нью-Джерсий штатига, яъни, айнан Вайкери тажриба ўтказган кинотеатрга ташриф буюради ва тажрибани амалда қайтармоқчи бўлади, бироқ... Кинотеатр раҳбари Стюартга, ўзининг кинотеатрида бу каби тажрибалар синовдан умуман ўтказилмаганини ҳамда бу ҳақда ундан биринчи бор эшитиб турганини маълум қилади. Орадан бир неча йил ўтиб эса, аниқроғи 1962 йилда «25-кадр» технологияси муаллифи Дж.Вайкерининг шахсан ўзи 1957 йилда ўтказган оламшумул тажрибаси тижорат мақсадида шунчаки ўйлаб топилганини тан олди. Инсон онгостига яширин таъсир кўрсатиш хусусидаги қизғин баҳс-мунозаралар шу билан бир муддат тўхтагандек бўлди, аммо...
«New Scientist» халқаро илмий-оммабоп журнали инсоннинг онгостига муайян шароитларда яширин тасвир ва ёзувлар орқали таъсир этиш мумкинлигини эълон қилди . Жумладан, бунинг учун намойиш этилаётган яширин ёзув жуда қисқа фурсат, яъни бир сония ичида йигирма тўртта тасвирдан ортиқ бўлиши лозим экан. Соддароқ айтганда, соғлом одамнинг кўзлари бир сонияда онгли равишда кўпи билан 24 тагача тасвир (кадр)ни илғай олади. Шу сондан кўп кадр бир сонияда кўрсатилган тақдирда, уни инсон онгли эмас, балки онгости ҳолатда ғайриихтиёрий қабул қилишни бошлайди.
Кейинроқ, «New Scientist» халқаро илмий-оммабоп журнали маълум қилган бу тадқиқотларнинг тўғрилигини Голландиянинг Неймеган университетидаги Йохан Карреманс бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар ҳам тасдиқлашди.
Демак, 25-кадр – бу инсоннинг айнан онгостига ўзига хос услубда яъни, яширин расмлар ва аудио ёки видеоёзувлар воситасида таъсир кўрсатиш технологияси бўлиб, у кутилган натижани бериши учун томошабинга мазкур яширин тасвирлар жуда катта тезликда ва кўп маротаба такрор кўрсатилиши лозимлигини хулоса қилиш мумкин.
«25-кадр» ва бадиий фильм, реклама, мультфильмлар
Энди фикрларимизни «25-кадр» қандай қилиб машҳур хорижий ОАВнинг видео ва аудио тасвирларида яширин равишда намойиш этилаётганлиги хусусида давом эттирамиз. Қуйида уларга қисқача тўхталамиз.Таъкидлаш ўринлики, бундай инсон онгостига таъсир этувчи яширин тасвирларнинг аксарияти ахлоқий бузуқлик, зарарли одат ва бузғунчи ғояларни тарғиб қилиб, инсоннинг нормал руҳий ҳолатини бевосита эмас, балки билвосита емириб ташлашга қаратилган.
Хусусан, «25-кадр» технологиясидан биринчилардан бўлиб, голливуд режиссёри Уильям Фридкин 1973 йилда ўзининг даҳшатли «Экзорцист» бадиий фильмида моҳирона фойдаланди. Бадиий фильм намойиши вақтида томошабинларда кучли қўрқув уйғотиш учун бир неча бор «Ўлим ниқоблари» яширин тасвирлари кўрсатилди. Фильм кенг оммада чинакам «портлаш эффектини» келтириб чиқарган. Қуйида эътиборингизга фильмда ишлатилган яширин тасвирлардан лавҳалар ҳавола этилади.
Шунингдек, голливуднинг «Жанг клуби» бадиий фильми, ўз даврининг машҳур «Бобил-5» телесериалларида ҳам «25-кадр» тасвирларини учратиш мумкин.Қолаверса, кундалик хорижий ОАВда кўрсатиладиган аудио ва видео рекламалар ҳамда афиша-баннерларда «25-кадр» технологияси қандай қўлланилаётгани тўғрисида америкалик публицист Брайан Ки ўзининг бестселлер асари бўлмиш «Онгости васвасаси» китобида атрофлича асослашга ҳаракат қилган. Унинг фикрича, мазкур китобни ўқиган ҳар бири киши ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир маротаба пасткаш чайқовчилар ёки манфаатпараст сиёсатчиларнинг онгостига таъсир этувчи «кўнгилни суст кеттирадиган» тасвирлар қурбони бўлиб, рекламаларда томошабиннинг онгостига таъсир кўрсатиш учун одамнинг сезгиси илғамас турли тиниш белгилари, ахлоқсиз тасвирлар, қисқа аудио товушлар ва ҳоказолардан фойдаланилган.
Бундан ташқари, «25-кадр»ни мультфилмларда ҳам учратиш мумкин экан. Сўзимизнинг исботи сифатида болалар учун мўлжалланган қуйидаги мультфильмлардан баъзи лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз, унда қандай бузғунчи ғоялар тарғиб қилинаётганлигига эса ўзингиз гувоҳ бўлинг.
и расмда хориж мультфильм қаҳрамонлари қўл бармоқлари ёрдамида очиқчасига «Сатанизм» (иблисга сиғиниш)ни тарғиб этишаётган бўлса, учинчи тасвир болаларни чекишга (smoke-инглизчадан “чекинг” деган маънода) ундамоқда. Тасодифлар тасодифий эмас, боиси юқорида келтирилган мисоллар болаларнинг кундалик намойиши учун мўлжалланган энг “содда” яширин тасвирлардир, интернет тармоғида бу мавзуда етарлича маълумот борлиги учун ва ахлоқ нуқтаи назаридан бошқа тасвирларни кўрсатишни маъқул кўрмадик.
«25-к р»га қонуний тақиқ ўрнатилганми?
Этироф этиш жоизки, кўпгина давлатлар қонунчилиги яширин рекламалар ва ҳар хил тасвирлар намойиши, яъни «25-кадр» технологиясини тақиқлаб қўйган. Масалан, Россия Федерациясининг 13.03.2006 йилдаги «Реклама тўғрисида»ги Федерал қонунининг 5-моддаси 9-бандига асосан, яширин реклама, яъни истемолчилар томонидан онгли равишда идрок этмасдан туриб таъсир кўрсатувчи ҳар қандай турдаги рекламалар, шу жумладан, махсус видео-узатма (қўш аудио ёзув)лар ёхуд бошқача усубларда, радио-, теле-, видео-, аудио ва киномаҳсулоти ёки бошқа маҳсулотларда фойдаланиш ҳамда тарқатиш тақиқланган. Мазкур яширин реклама ва ортиқча сигналларни аниқлаш бўйича Россия Федерациясининг ТВ ва Радио Миллий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан махсус қурилма ҳам ўйлаб топилган.
Таъкидлаш лозимки, миллий қонунчилигимизда бу каби салбий ҳолатлар инобатга олинмаган, хусусан, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолияти ва ахборот технологияларига оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган бир қатор қонунлар, шу жумладан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар мавжуд бўлсада уларда юқоридаги масала аниқ тартибга солинмаган ва бундай қилмишлар учун жавобгарлик масаласи ҳам назарда тутилмаган.
Хулоса ўрнида
Сўзим га якун ясаб айтишимиз мумкинки, кун сайин глобаллашиб бораётган дунёда юқоридаги каби замонавий ахборот ҳуружларидан миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш тобора мураккаб ва қийин вазифага айланиб бораётир.
«25-кадр» сингари яширин хатарлардан сақланиш учун миллий қонунчилигимизда чеклов ўрнатишни ва бу борада жавобгарлик масаласи белгилашни ҳозирги давр талаби деб қараш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мазкур турдаги хуружларни аниқлашда қўлланиладиган махсус қурилма ҳамда воситаларни жалб этиш борасида хориж тажрибаси чуқур ўрганилса фойдадан ҳоли бўлмайди.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр