Ёшлар китоб ўқимай қўйди(ми?)

Ғайрат Йўлдош
Ярим финал

Бироз ўтмиш ҳақида

Эсимда, мактаб кутубхонасига аъзо бўлиб, у ердан китоб олиб ўқий бошлаганимда учинчи синфда ўқирдим. Орадан бир-икки йил ўтиб қишлоғимиздаги «сельсовет кутубхонаси» деб аталмиш кутубхонага ҳам аъзо бўлдим ва у ердан ҳам китоблар олиб ўқий бошладим. Яна бироз ўтиб туманимиз марказидаги кутубхонага аъзо бўлдим. Йўқ, мен мактабимиз ёки қишлоғимиз кутубхонасидаги ҳамма китобларни ўқиб тугата олганим йўқ.

Шунчаки ёш ақлимда «туман кутубхонасида ҳам зўр китоблар бўлиши керак» деган тушунча шакллангани учун ўша кутубхонага ҳам аъзо бўлаверганман. Мактабимиз кутубхонасига аъзо бўлиб илк ўқиган китобим орадан узоқ йиллар ўтган бўлса-да ҳануз эсимда; у Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлган ўзбекистонлик жангчилар ҳақида эди.

Буларни ҳозир нега эслаяпман? Чунки китоблар ҳаётимда азиз бўлган ва маълум маънода тарбиямга ижобий таъсир қилган нарсалардан биридир. Тан оламан, агар китоблар оламига кириб бормаганимда жамиятда қандай одам бўлиб етишишим фақат Яратганга аён эди. Шу туфайли ҳам китоблардан беҳад миннатдорман.

Ёшларга тарбия бериш қийинми?

Кўпинча «ўз вақтида тўғри тарбия бера олмаган» деб, болаларнинг тарбияси бузилиб кетишида ота-оналарни айблашади. Мен уларнинг айбдорлигини инкор қилмоқчи эмасман. Улар айбдор, аммо боласига тўғри тарбия бера олмагани учун эмас, балки боласида ўз вақтида китобга муҳаббат уйғота олмагани учун ҳам айбдордирлар. Агар ҳар бир ота-она ўз боласида китобга меҳр уйғота олганида ҳозир ҳар қанча уриниб ва ҳарчанд бош қотириб ҳал қила олмаётганимиз ёшлар билан боғлиқ турли муаммолар камроқ бўлармиди?!

Ҳозир телеканалларда бола тарбияси ҳақидаги кўрсатувлар кўп. Уларда иштирокчилар ота-оналарнинг ўз боласига тўғри тарбия бера олмаётгани, ота-она уззукун ишда бўлгани ёки ота чет давлатларга ишга кетиб, она эса ўз ишларидан ортмай болалар кўп вақт қаровсиз қолиб кетаётгани ҳақида фикр билдиришади. Ҳатто баъзи кўрсатувларда оммага кўрсатиш учун қаровсиз қолиб кетган болани ҳам топиб келишади. Роса муҳокама қилишади, аммо натижа йўқ. Сабаби...

Бир пайтлар ёшлигимизда отам Россияга майиз сотаман деб кетиб қолаверганида биз ҳам бир неча ойлаб қаровсиз қолиб кетар эдик. Аммо отамнинг бизга қилган яхшилиги, бизга берган энг асосий тарбияси ўзи китобларни яхши кўргани ҳолда бизда ҳам китобга муҳаббатни уйғота олгани эди.

Энг муҳими ўша пайтларда ҳамма жойда, мактабда, қишлоғимизда, туманимиз марказида биз бемалол фойдалана оладиган кутубхоналар бор эди. Шундан келиб чиқиб айтаманки болаларнинг қаровсиз қолиши ҳамма замонда бўлган. Аммо ўша қаровсиз қолаётган болаларни китоб билан дўстлаштириб қўйсак, бу ишимиз уларнинг одоб-ахлоқини телевизорда ёки мажлисларда муҳокама қилгандан кўра яхшироқ натижа берармиди

Россиядаги қишлоқ кутубхонаси
Россиядаги қишлоқ кутубхонаси
Россиядаги қишлоқ кутубхонаси

Бугунги кундаги муаммоларимиздан бири болаларда китобга меҳр уйғотилмаётгани бўлса, иккинчи ва асосий муаммомиз жойларда кутубхоналарнинг ҳам йўқлигидир. Ҳа, мен «кутубхоналар етишмаслигидир» демасдан «кутубхоналар йўқлигидир» деяпман. Бизда бир пайтлар биз бемалол фойдаланган кутубхоналар энди йўқ. Охирги 27 йилда бор кутубхоналар ҳам ёпилиб, улардаги китоблар йўқ бўлиб кетгани ҳолда аҳоли сони қарийб бир ярим баравар ошганини инобатга олсак, ўзимиз ҳам, ёшларимиз ҳам китобдан қанчалик узоқлашиб кетганимиз аён бўлади.

Балки муболаға қилаётгандирман, аммо жамиятдаги ёшлар билан боғлиқ муаммоларимиз маълум миқдорда ўша кутубхоналаримизнинг йўқлиги туфайли келиб чиқмоқда.

Матбуотда ҳам бу мавзу аҳён-аҳён кўтарилиб туради

Ёшлар китоб ўқимай қўйдими?

Катта ёшдагилар яхши эслашади, собиқ иттифоқ даврида аҳоли китобхон эди. Шунга яраша ҳар бир мактаб, қишлоқ, туман маркази ўз кутубхонасига эга эди. Афсуски, мустақилликка эришилгандан кейин ўша кутубхоналардаги китобларнинг аксарияти «бизга ёт бўлган китоблар» сифатида баҳоланиб, йўқ қилиб юборилди. Ҳатто кераклилари ҳам сақлаб қолинмади. Қишлоқлардаги кутубхоналар ҳам ёпилиб кетди. Туман марказларидаги аксарият кутубхоналар ҳам аянчли аҳволга тушди. Бугунги кунда уларнинг кўпи фаолият кўрсатмаяпти. Ишлаётганларида ҳам айтарли ва арзирли китоблар йўқ. Алифбомиз ўзгариб китоб ва кутубхоналар билан боғлиқ муаммоларимиз янада катталашди. Сабаби, ҳануз ёшлар учун лотин алифбосидаги китоблар кам чоп этилаяпти. Шундай шароитда ёшлар қандай ва қанақасига китоб ўқисин? Китобни қаердан олсин? Бунинг устига эл-юртдаги аксарият одамлар уйида ўзи ва болалари учун кутубхона қилиб қўйишдан кўра чойхонада улфатчилик қилишни, тўй-маъракаларни яхши кўрса, ёш авлод қаердан китоб ўқисин?

Китоб дўконларига кирганингизда у ерга келадиган мактаб ва коллеж ўқувчиларини бирон марта диққат билан кузатганмисиз? Мен кўп кузатганман. Ёшлар китоб дўконига кирганда турли китобларни кўриб кўзлари қувнайди. Олиб варақлаб кўрадилар, охирида эса муқованинг тепасига ёки орқасига ёзиб қўйилган нархни кўриб бироз олдин чақнаб турган кўзлари маъюсланиб, китобни секин ўрнига қўйиб қўядилар ва дўкондан чиқиб кетадилар. Бизда олдингидай ҳар қадамда кутубхона бўлса ёшлар бемалол фойдаланарди. Аммо ҳозирча бунинг иложи йўқ.

«Бола китобни яхши кўрса ота-онаси «тушлик қиласан» деб берган пулларини йиғиб ҳам китоб олади» деб айтишингиз мумкин. Хўш, шундай йўл билан у нечта китоб ололади? Ундан кўра кутубхонадан олиб ўқигани яхши эмасми? Қолаверса, тушликка пул бера оладиган ота-оналар бор, бера олмайдиганлари бор.

Нима қилмоқ керак?

Ёшларнинг китобни яхши кўришини, китобдан унчалик узоқлашиб кетмаганини Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи ва халқ орасида Дима Қаюм номи билан машҳур бўлган Дилшод Болтабоев ташкил этган «Халқ кутубхонаси»га келаётган ёшларнинг сонидан ҳам билса бўлади.

Шунингдек ҳар доим китоб дўкони олдидан ўтиб қолсам албатта дўконга кираман ва кузатаман, ёшлар билан гавжум бўлади. Ёшларимизда китобга қизиқиш кучли. Аммо ҳамма китобсевар ёшларнинг ҳам китоб сотиб олишга имконияти бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, энг мақбул иш жойларда кутубхоналар ташкил этишдир.

Биз ёшларимизнинг китобхон бўлиб, маънан етук инсонлар бўлиб етишишларини хоҳлар эканмиз, дўстимиз Дима Қаюмнинг «Халқ кутубхонаси»га ўхшаш кутубхоналар ҳар бир маҳаллада бўлишини таъминлашимиз керак. Халқ кутубхонаси очаман деган кўнгиллилар чиқса одамларнинг уйида бўлса ҳам очиш керак ва ўз уйида кутубхона очган инсонларга солиқлардан имтиёз берилиши ёки кутубхона очгани учун меҳнат стажи ёзилиши керак.

Шунингдек ҳукуматимиз ёшлар ўртасида бўлар-бўлмас тадбирлар ўтказаётган турли ташкилотларга ажратаётган маблағнинг бир қисмини жойларда кутубхона қуришга йўналтирса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сиз бунга нима дейсиз?

4.27 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.27 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.39 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 11

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Мансур Тангишов 27/05, 02:15

Жуда долзарб мавзу кўтарилган. Ёндашув ҳам ўзига хос. Фақат, даврлар солиштирилганда бир нарса интернет ва мобил телефонларнинг пайдо бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ҳам керак эди, ҳар ҳолда китобга нисбатан айнан уларни маъқул кўришмоқда ёшларимиз. Ҳудудларда кутубхоналар очилиши таклифи жуда ўринли, бироқ шу борада амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида бироз статистика берилса янада долзарб аҳамият касб этарди ечим. Китобларнинг ўзбек тилидаги мобил иловалар орқали ёки аудиоёзувларга муҳрланган шаклларини кўпайтириш ҳам бугунги кун учун долзарб масала. Кутубхоналарда айнан шундай замонавий шаклдаги китобларнинг бўлиши эса давр талаби.

5 Бахтиёр Шералиев 27/05, 10:57

Muallif ayni dolzarb va muhim mavzuni ko'tarib chiqqanligi uchun, qolaversa e'tiborimizni maishiy muammolardan tortib tarbiyaviy, axloqiy, umuminsoniy muhim jihatga qaratgani uchun avvalo tashakkur deyman. Blogpost o'qishli, samimiy tilda bayon etilgan, ayniqsa shaxsan men o'zim u yerdan yangi bir fikrni uqib oldim (har holda men uchun shunday), ya'ni ota-onaning bolani tarbiyalashga yetarlicha vaqti yo'qmi, marhamat uni kitob bilan oshno qilib qo'ysin, tarbiyaning qolganini kitob beradi, kitobga oshno farzand yomon yo'ldan yurmaydi. Muallif blogpostga tilga olgan juda ko'p jihatlar ayni haqiqat, men ham eslayman ilgari qishlog'imizda kutubxona bor edi, har hafta kitob olib kelgani dadam bilan borar edik. Lekin hozir borgan sari kutubxonalar kamayib bormoqda, vaholanki aholi soni ortib bormoqda. Muallifning kutubxonalar ochish kerakligi to'g'risidagi fikrlariga to'la - to'kis qo'shilaman. Elektron va audio kitoblar hozirgi zamon bilan hamnafas yoshlar uchun juda ham qo'l keladi, lekin varaqlab o'qiladigan kitobning o'rnini hech narsa bosa olmaydi. Chindan ham kitob insoniyatning eng durdona kashfiyotidir.

4 Уйғун Ғафуров 27/05, 15:23
4.5 Шунқор Чориев 27/05, 21:08

Кўпинча «ўз вақтида тўғри тарбия бера олмаган» деб, болаларнинг тарбияси бузилиб кетишида ота-оналарни айблашади. Мен уларнинг айбдорлигини инкор қилмоқчи эмасман. Улар айбдор, аммо боласига тўғри тарбия бера олмагани учун эмас, балки боласида ўз вақтида китобга муҳаббат уйғота олмагани учун ҳам айбдордирлар. Агар ҳар бир ота-она ўз боласида китобга меҳр уйғота олганида ҳозир ҳар қанча уриниб ва ҳарчанд бош қотириб ҳал қила олмаётганимиз ёшлар билан боғлиқ турли муаммолар камроқ бўлармиди?!

5 Расул Кушербаев 28/05, 09:45
5 Абдумалик Носиров 28/05, 11:01

Хамма хам Дима Қаюм бўла олмайди. Хамма хам халқ дарди билан яшай олмайди. Менимча кутубхоналарни ташкил этишдан олдин Дима Қаюмдек забардастларни кашф этиш лозим. Бундан 5 йил олдин Дима Қаюмни биров ФБда танимас эди. Биргина шундай блогпост орқали билдирилган "қоғоздаги" ташаббусни Дима амалиётга олиб ўта олди. Энди Димадек шахсларни кашф этишимиз лозим. Ўшанда биз кўзланган мақсадга эриша оламиз деб ўйлайман.

4 Олимжон Солижон ўғли 28/05, 16:11
5 Мубашшир Аҳмад 29/05, 13:28
3.5 Музаффар Назаров 30/05, 10:57
3.5 Қаҳрамон Асланов 30/05, 22:57
3.5 Давронбек Тожиалиев 31/05, 11:39
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 31/05, 16:51
4 Мақсуд Саломов 31/05, 17:47

Mavzuning dolzarbligi hamda post suratlar bilan ajoyib tarzda jonlantirilgani uchun o'zim qo'ymoqchi bo'lgan ballni 0.5 ga ko'tarib qo'ydim. Muallifga omad.

3.5 Нигора Умарова 31/05, 18:09
5 Маҳсуджон Асқаров 31/05, 21:18
5 Иноят Садикова 01/06, 03:44

Juda ham chiroyli va o'rinli tashabbus. Sodda, tushunarli tilda izohlab berilgan.

3.5 Беҳзод Қобулов 01/06, 08:48
4.5 Тўлқин Юсупов 01/06, 13:24
4.5 Шерзод Шерматов 01/06, 18:52
5 Адҳам Отажонов 01/06, 19:12
5 Умид Гафуров 01/06, 20:17
4.5 Нодир Закиров 01/06, 21:36

Жуда ўринли мақола. Кутубхоналар ҳақида фикрингизга қўшиламан, лекин Ўзбекистонда нисбатан арзон китобларни янада арзон қилиш керак эмас. Агар муаллифлар ёзган китобларидан моддий фойда кўришмаса, унда ҳеч ким ёзмай қўяди. Ўзи шундаям тишга босадиган адабиёт чиқмай қўйди. Болаларга сайқали чиқиб кетган ва чет тилларидан сифатсиз таржима қилинган эртаклардан бошқа ёшга мос замонавий хикоялар йўқ.

5 Ботиржон Шерматов 02/06, 17:48

Ичим экансиз

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
29 та фикр