ТАРАҚҚИЁТ ХАСТАЛИГИ – “ЛОҚАЙДЛИК СИНДРОМИ”

Shukhrat Sattorov
Ярим финал

1977 йилдаёқ Нобел мукофоти совриндори, иқтисодчи олим Герберт Симон инсониятни келажакда кутилаётган "ахборот асри"нинг хавфидан огоҳлантириб, маълумотларга бой дунёда одамзоднинг диққати нимжонлашиб кетишини маълум қилган эди.

Microsoft компаниясининг 2015 йилдаги тадқиқотларида маълум бўлишича, инсон диққатининг бўлиниш оралиғи қушники билан тенглашиб қолган. Янги минг йиллик бошида одамлар диққатини ўртача 12 сония, 2013 йилда 8 сония, 2015 йилда эса бор-йўғи 4 сония жам қила олишлари маълум бўлган. Ҳатто тилла балиқча ҳам диққат-эътиборини биздан кўра узоғроқ жамлар экан. 

Бунинг қандай хавфли томони бор?

Инсон миясидаги ижтимоий ва ҳиссий идрок кун мобайнида ўрнатилган алоқа, қилинган суҳбатларнинг йиғиндисидир. Мияда мулоҳазага масъул бўлган мушак ўзаро мулоқотдан қувват олади. Бу мушак бирор масалага диққатни қаратиш, мулоҳаза қилиш, муаммони кўра олиш ва зарур қарорни чиқаришда иштирок этади. Бугун бажаришимиз керак бўлган ишлар кўпайиб кетди, вақт тақсимоти эса кўпчилигимизда ўлда-жўлда. Вақтимизни телефон, мессенжер, иловалар, смартфонлар, медиа воситалар ўғирлаб қўймоқда. Бирини олиб, бирини қўямиз, иш жараёнида ҳам, кўчада ҳам, яқинлар билан суҳбатда ҳам смартфон титкилаб ўтириш, бир вақтнинг ўзида ҳам реал, ҳам виртуал оламда яшашга ўрганиб қолдик.

“Диққат даҳони вояга етказади”, деган нақл бор. Аслида, фавқулодда истеъдод ҳам давомий диққатнинг мевасидир. Шубҳасиз, бу одат инсонлардаги энг кучли жиҳатлардан бири. Айтишларича, инсон идрокининг асоси – диққат-эътибор. Таниқли олим Ньютон ҳам буни тан олган ва илмда қилган барча янгиликларини сабр-матонат билан қилинган диққатнинг натижаси эканини тан олган.

Тараққий этишнинг биринчи шарти – рақобатбардош фуқарони вояга етказиш. Сиз сўнгги ўн йилликдаги авлодни аввалги авлод одамлари билан таққослаб кўринг: бугунги ёшларнинг аксариятида кимнингдир гапини шартта бўлиш, фикрни охиригача эшитмаслик, ўз сўзини ўтказиш каби одатлар намоён бўлади. Ҳаттоки, тинглаб турган ва гапириш учун тоқатсизлик билан навбатини кутиб турган одамлар ўртасидаги фарқ ҳам жуда катта. Бугун одамлар ўрнига девайслар билан мулоқотни маъқул кўраётган авлод ота-онасининг сўзларига шубҳа билан қараса ҳам, Google'нинг маълумотларига ишонч билдиряпти.

Сўнгги вақтларда кўтарилаётган муҳим бир савол: нега ёшлар китоб ўқимай қўйдилар? Сабаблар кўп. Улар орасида биз эътибор қаратмаётган омил бор – диққатнинг етишмаслиги.

Инсон мияси доимо ташқи ва ички чалғитувчи омилларга қарши курашиб келган. Сиз айни дамда ҳозир бўлишингиз керак бўлган эмас, хаёлингизни тортган жойда бўлсангиз, сиз бу ерда муҳим имкониятни қўлдан бой бераётган бўласиз. Диққатни ўғирлаётган омилларнинг кўпайиши эса бизда яшаш учун вақт қолдирмайди. Эътиборнинг йўқлиги одамда “лоқайдлик синдроми”ни келтириб чиқаради. Бу дунёда хаёли сочилган, паришонхотир одамдан заиф киши бўлмаса керак. Ички ҳолат бора-бора ташқи ҳолатга, атрофиздагиларга, жамиятга, ундан сўнг давлатнинг ҳолатига таъсир қилади. Бундай одамлар ўзининг ҳам, миллатнинг тақдирига бефарқлик билан қарайди. Жамиянинг энг катта душмани – бефарқ одамдир, улар душмандан ҳам хавфлидирлар.

Диққатни жамлаш нима дегани?

Инсон нафақат бировни, ўзини ҳам тинглай олиши керак. Биз танамизга ёки шууримизга буйруқ берганда у бизга қулоқ тутиши учун, биз ҳам унга қулоқ тутишимиз керак. Бу алоқа онг ва тана ўртасида муҳим кўприк. Ички овоз бизни орзулар сари бошлаб боради.

Диққатни жамлай олиш – куч-қудратнинг муҳим омилларидан бири. Ҳеч ким бусиз бирор аҳамиятли ишни уддалай олмаган. Юқори зеҳн, энг тезкор хотира, чуқур тасаввур ҳам диққатдан холи бўлса, бир пулга қиммат хусусиятга айланиб қолади.

Берунийни глобус яратишга чоғлаган ҳам, Бухорийни ҳадис илмини ўзлаштиришига ёрдам берган ҳам, Ал-Хоразмийга сайёрамиз ҳажмини ўлчашига кўмаклашган ҳам, Навоийни буюк асарлар ёзишга илҳомлантирган куч ҳам, бу – диққатдир.

Диққатни жамлаш бор ва бутун руҳий ҳамда жисмоний қувватни бирор нимага ёки муайян ўй-фикрга йўналтириш, сафарбар қилиш ҳолатидир. Муваффақиятли инсонлар ана шундай ҳолатга туша оладилар. Фикрнинг ва ҳаракатнинг қилаётган ишга боғланмаслиги ҳаракатнинг идрокдан ташқарида эканини англатади.

Сизнинг-ча, ўзининг вазнидан бир неча баробар юкни кўтара олган ёки бутун бошли самолётни тортиб, ҳаракатлантира олган одамнинг сири нимада? Бу – руҳий ва жисмоний қувватнинг бир мақсадга йўналишининг натижаси. Айниқса, бизни ҳайратга соладиган жонглёрлар маҳорати ортида ҳам қунт ва диққат қила олиш кўникмаси турибди.

Ҳаётда бизни чалғитувчи омиллар кўпайди. Китоб ўқиб турганимизда телефон жиринглайди, суҳбатлашаётганда кимдир мессенжерда ёзиб қолади, бирор ишга энди киришганимизда қаергадир бришимиз керак бўли қолади. Мана шу чалғишлар оқибатида биз аста-секин ҳаётий мақсадларимиздан узоқлашиб борамиз.

Қандай қилиб бу беқарор ҳолатнинг олдини олиш мумкин?

Қандай қилиб шууримизни ва қувватимизни айни пайтда сарф қилиш лозим бўлган вазифага қаратиш мумкин?

Сарсон-саргардон диққатни бир нуқтага жамлашнинг йўли осон. Фақат аввалига етарлича маш қилиш керак. Биринчи галда, онгга ҳолатдан ташқарига чиқишига йўл қўйманг. Ўз шуурингизга эгалик ҳиссини туйинг.

Диққатни жамлай олиш онгдан фойдаланиш машқи, холос. Онг-шуурнинг ҳар бир ҳаракати – фаҳмлаш, эслаш, мулоқот қилиш, тасаввур қилиш билан боғланиши лозим. Бир нарсани унутманг, сизнинг руҳий ҳолатингиз қандай бўлишидан қатъиназар диққатни жам қила олиш имкони сизда мавжуд бўлади.

Диққатни бир ерга жам қилишда аввалига осон машқлардан фойдаланинг. Дейлик, бир нуқтани танланг, бор эътиборингизни шу нуқтага йўналтиринг. Уни кузатинг. Сиз бу нуқта орқали аста-секин ўз ички оламизга кира бошлайсиз. Ана шунда шуурингиз ва қувватингиз бирлашади.

Бу ҳолатни китоб ўқиб ҳам ҳис қилиш мумкин. Менга француз файласуфи Рене Декартнинг бир фикри жуда ёқади: "Яхши китобларни ўқиш – дунёнинг энг доно кишиларининг суҳбатида бўлиш демак". Китоб ўқир экансиз, ўй-хаёлингиз ундаги манзарага боғланади, баъзида вужудда титроқ, бахт ва қайғуни ҳис қиласиз.

Тасаввур қилинг: ҳар бир вазифага киришишдан аввал онг эшикларини ичкаридан ёпиб, ташқаридаги шовқиннинг йўлини тўсиб қўямиз.

Зарур пайтда керакли ишга юзланинг. Бошқа вазифа, ташвишларга орқа қилинг. Сиз ортиқча ишларни миядан четга суринг. Тўғри, улар халақит беришга уринишади. Лекин, бунга йўл қўйманг. Боиси, эшикни эгаси – сиз!

Бу мисоли смартфоннинг керакли иловасини очиб, айни пайтда зарурат йўқ иловани ўчириб қўйиш дегани. Сиз диққатни лаҳзага жам қилинг. Ҳарвард университетининг профессори, руҳшунос Уилям Жеймс айтгани каби, қунтнинг зўри истакнинг борлигидан нишона.

Диққатни жамлашнинг осон йўлларидан бири – ноодатий кетма-кетликда санашдир. Мисол учун, ҳар гал “3” рақамини қўшиш: “2”, “5”, “8”, “11”, “14” ва ҳоказо. Ёки “2” дан бошлаб ҳар гал “6” сонини қўшиш: “8”, “14”, “20” ва ҳоказо.

Шу билан бирга, математик бошқотирма ва кроссворд ечиш, шахмат ёки шашка ўйнаш ҳам диққатни жам қилишда энг самарали машқ.

Ва, диққатни жам қилишда энг муҳим машқлардан бири, ҳар куни ҳамда ҳар лаҳза такрорлаш керак бўлган машқ – ҳар бир ҳаракатни диққат билан амалга ошириш, қатъий ва аъло даражадаги эътибор билан.

Эътиборсизлик – ихтиёрсизлик!

Сиз тақаётган галстук, сиз танлаётган кийим ва унинг ранги, сиз кийган туфли ва унинг боғичи доимо эътиборда, демак сиз ҳам уларга эътиборда бўлинг. Туриш-ўтириш, юриш ва еб-ичиш, ёзиш, қўл сиқишиб кўришиш, соқолни қиртишлаш, сочни тараш, қошиқни тутиш – булар ва шунга ўхшаган бир неча юз минглаб ҳаракатларни диққатингиз назоратидан қочирмас экансиз, шуурингиз оламида ягона қирол ўзингиз бўлиб қоласиз. Бу орқали ташқи оламни бошқариш ҳам мумкин.

Энг муваффақиятли одамдан унинг ғолиблиги сирларини сўранг, у албатта бунда ҳар бир хатти-ҳаракатига нисбатан қаратган эътиборининг аҳамиятини айтади. 

Қунт қила олиш қобилиятини шакллантирар экансиз, ўзингиздаги зеҳннинг ўткирлашуви, хотиранинг мустаҳкамлашуви, тасаввурнинг бойиши ҳамда ички ишончнинг ортишини ҳис қила бошлайсиз.

Хулоса

Менга ҳиндистонлик муаллиф Шив Кҳеранинг бир фикри ёқади: “Етакчилар биз бехабар бошқа ишларни қилмайдилар, улар ишни бошқача қиладилар, холос”. Унинг фикрича, диққатнинг салмоқли қисми муаммоларга эмас, мақсадга йўналтирилса, олдимиздаги тўсиқлар бизни чалғита олмайди.

Тарихда ҳали ҳеч қачон инсонлар диққатини чалғитадиган бу қадар улкан таъсирлар уммони бўлмаган. Улар бизни диққатдан тобора узоқлаштиряпти. Бу эса мулоҳаза мушакларининг ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги вақтларда одамзоднинг ақлбовар қилмас ноинсоний хатти-ҳаракатларининг сабаби ҳам мулоҳаза мушакларининг кучсизланиб бораётганидан. Бу хабарларнинг шов-шув сифатида тарқатилиши эса ахборот хуружи сифатида мулоҳазанинг томирларига урилаётган болта.

"Ўз-ўзини идора қилган одам – энг қудратли одам", деган фикрни унутманг. Денгиз точидан иборат, ҳаёт ҳам лаҳзалардан таркиб топган. Бир томчи сув ҳам идишдаги сувнинг ифлосланиши учун етарли. Ҳаёт ҳам худди шундай – ҳар лаҳза бизга қадрли. Лоқайд бўлган ҳар лаҳазада сиз зарур имконни қўлдан бой бераётган, жамитя ва давлат учун хавфли одамга айланаётган бўласиз.

4.21 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.21 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.36 / 16
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 10

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Мансур Тангишов 27/05, 18:18

Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири кўтарилган. Блогпостни ёзиш услубидан муаллифнинг журналистик маҳорати сезилиб турибди. Мисоллар чиройли, муаммо ва ечим берилган. Солиштириш ва таҳлил қисман амалга оширилган. Бироқ, имловий хатоларга бироз йўл қўйилган (диққат етишмаган шекилли :)) ва қайсидир қисмлари бироз мураккаблаштирилган. Агар ечим сифатида берилаётган фикрларни инфографика кўринишида берилганида ҳам қисқароқ ҳам кўпроқ ўқимишли блогпост бўлар эди.

4 Бахтиёр Шералиев 28/05, 01:59

Shuhrat akadan navbatdagi ajoyib ish, o'qib maza qildim. Maqoal haqiqatda o'quvchi uchun foydali material bo'lgan. Shu borada bir narsani qo'shimcha qilib o'tmoqchiman. Jurnalist yoki bloger material tayyorlayotganda yozayotgan mavzusiga oid har bir atama, har bir detal ustida izlanishi shart! Bu muvaffaqiyatning asl garovidir. Agar materialdagi atama va tushunchalar shu sohaning professionallari bilan maslahatishib ko'rib yozilsa undanda a'lo. Maqolaga qaytadigan bo'lsam, miyada diqqatni ushlash uchun mas'ul mushak haqida gap ketadi. Mutaxassis sifatida aytaman, bu biroz qo'pol xato va diqqatni mushaklar jamlar ekan degan yanglish tushuncha beradigan o'xshatishdir. Miyada muskul to'qimasi bo'lmaydi, shu bois maqolaning shu qismi mutaxassislarga ozgina bo'lsada erish tuyuladi. Muallifning professional ijodkor ekanligiga shubha qilmagan holda, ularga kelajakada bu maqolani biror jamlanma ichiga kiritishdan oldin maqolaning shu qismini to'g'irlab qo'yishni maslahat bergan bo'lar edim.

4 Абдумалик Носиров 28/05, 11:10

Тараққий этишнинг биринчи шарти – рақобатбардош фуқарони вояга етказиш. Ажойиб фикр. Аммо шу ўринда фуқоролик жамиятидаги моддий таъминот масаласига келганда хеч ким шу хақда ўйламайди. Ижтимоий жихатдан ночор ва адолатсиз бўлган жамиятда рақобатбардош фуқоролар етишиб чиқмайди. Ижтимоий ночорлик майли ўз йўлига, аммо адолатсизликга хеч ким чидай олмайди. Айнан шу адолатсизлик сабаб қанча қанча орзулар ер билан битта бўлмоқда. Фуқорони диққатни жамлаш учун ўша фуқоронинг "диққати" адолатсизлик марказида бўлмаслиги керак.

4 Олимжон Солижон ўғли 28/05, 16:12
4.5 Уйғун Ғафуров 28/05, 18:13
5 Расул Кушербаев 29/05, 08:42
4.5 Мубашшир Аҳмад 29/05, 13:30
4 Мақсуд Саломов 29/05, 14:55

Foydali post.

5 Музаффар Назаров 30/05, 11:37
3.5 Қаҳрамон Асланов 30/05, 23:35
3.5 Давронбек Тожиалиев 31/05, 11:40
5 Нигора Умарова 31/05, 19:40
5 Маҳсуджон Асқаров 31/05, 21:18
2.5 Иноят Садикова 01/06, 03:54

"Ilmiy natijalarni noto'g'ri talqin qilish"ga bir misol bo'libdi yozganlaringiz. Siz aytib o'tilgan ilmiy tahlil natijalarining juda ko'p boshqa taraflari borki, ularni nazardan qochirgansiz. Masalan, odam o'zi yoqtirgan narsaga, o'zi hohlab 20 daqiqa vaqt ajratishi mumkin deyilgan. Yoki ba'zilar bor bir hil vazifaga bo'lib-bo'lib vaqt ajratadi, lekin natijaga erishadi - deyilgan. Diqqat jam bo'lishi (attention span) qiyinlashgani, boshqa foydali imkoniyatlarni ham keltirib chiqargan (unga sabab bo'lgan) lekin. Masalan, 'multitasking' - bir vaqtni o'zida bir nechta ishni bajarish. Bu o'ta nazariy g'oyani (ko'pchilik ilm ahli norozi undan) bu darajada amaliyotga bog'lab ta'rif berishni imkoni yo'q. Bu ilmiy tahlilning juda ko'p cheklovlari bo'lgan.

4.5 Беҳзод Қобулов 01/06, 09:21
4 Адҳам Отажонов 01/06, 19:15
5 Умид Гафуров 01/06, 20:19
4 Тўлқин Юсупов 01/06, 23:28
5 Нодир Закиров 02/06, 06:58
4.5 Шунқор Чориев 02/06, 14:04
4.5 Шерзод Шерматов 02/06, 19:27
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 02/06, 19:59
5 Ботиржон Шерматов 02/06, 21:07
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
7 та фикр