Соядаги магистратура

Xushnudbek Xudoyberdiyev
Ярим финал

Мақолага кириш

10 май куни жорий йилги тест синовлари муҳокамасига бағишланган «Муносабат» ток-шоусига эксперт сифатида таклиф қилишди. Ҳали кўрсатув бошланмасидан туриб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан келган вакил менга эътирозларини билдиришни бошлади. Ўтган йилгидай қаттиқ гапларни айтмасин, деб олдиндан “мушт” кўтарди чамамда :)

Лекин улар учун кутилмаганда, жорий йилги тизимни тўлиқ қўллаб-қувватлашимни, янги тизимнинг биринчи йилида хато ва камчиликлар кўп учраса ҳам, лекин ишонишда давом этишимиз кераклигини айтдим. Кўрсатув сўнггида 2 хил фикр эшитдим: абитуриент ва репетиторлар “нариги томонга сотилибсизку” дейишди, ДТМ вакиллари эса “ишонч учун раҳмат, келгусида ҳам шунақа қўллаб туринг” дея миннатдорлик билдиришди.

Аслида нариги тарафга ўтиб олганимнинг сабаби оддий. Чунки фақат танқид қилиш учунгина танқид қилмайман. Мақсадим фақат ёмон кўрсатиш, кир қидириш эмас. Қачонки қўлимда аниқ фактим бўлсагина, шу масалани кўтариб чиқишим мумкин. Янги тизимда эса ҳали ҳеч нарса аниқ эмас, нимасини ёмонлашим мумкин? Ахир йиллар давомида қилган оҳу-зоримизни эшитиб, ҳукумат бутунлай ўзгача тартиб жорий қилгани, ўзгаришларни хоҳлаётганидан дарак-ку. Майли, балки бу энг оптимал вариант ҳам эмасдир, қолганини вақт кўрсатади.

Скачать видео

Магистратурага кириш

Мақолага кириш анча осон бўлди, лекин магистратурага киришни бундай дея олмайман. Минг афсуски магистратура таълим тизимимизнинг энг оқсоқ нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда.

Аслида магистратура босқичи илм ва ишлаб чиқаришни бир-бирига боғлайдиган асосий кўприкдир. Деярли барча хорижий давлатларда шундай, магистратура босқичи бу келгусида маълум соҳани янада чуқур, илмий асосланган ҳолда ўрганиш, шу тор йўналиш бўйича илмий ишлар қилиш учун пойдевор яратиш вазифасини ўтайди. Бироқ бизда сал бошқачароқ. 

Бизда магистратура кўприги “қоғозлардан” қуриляпти ва илм оқимига дош беролмай ювилиб кетяпти.

Агар юртимизда ҳар йили 60-70 минг нафар бакалавр битирса, шундан фақат ўртача 5 минг нафаригина магистратура босқичига қабул қилинади. Ва мана 5 минг нафаридан яна қанчаси илмий ишини давом эттиради, деб сўрасангиз, 3 хонали сон чиқса ҳам катта гап.

Бизда магистратура аниқ бир мақсад учун эмас, кўпроқ обрў учун ўқилади. Ёки институтда ўқитувчи бўлиб қолиш учун. Ҳа, айтганча, 2012 йилдан буён айниқса Тошкентдаги ОТМларда ўқитувчи бўлиб қолиш истагидагилар магистратурага жон-жаҳдлари билан ёпишишмоқда, чунки... Чунки шу йўл билан 11-банд бўйича доимий прописка олиш мумкин.

Соядаги магистратура

Агар олий таълимдаги кириш имтиҳонлари билан боғлиқ муҳокамаларни яхшилаб қараб чиқсангиз, деярли 99 фоизи бакалаврга алоқадар эканлиги, 1 августдаги тестлар ҳар доим диққат марказида бўлганини кўриш мумкин. Магистратура сира эсланмайди, ёки кам аҳамиятлироқдек қаралади.

Бошқача қилиб айтганда, 1 август соясида магистратура «мазза қилиб дам олмоқда». Бундан фақатгина ОТМлардаги коррупционерларнинг чўнтаги қаппаймоқда. Чунки энг осон ва энг муаммосиз пул ишлаш йўлларидан бири – айнан магистратурада!

1 августдаги тест синовлари қанча кўп муҳокама бўлаверса, магистратура орқасидан кун кўрадиганлар шунча кўп хурсанд бўлишади. Асосийси “вдруг” ислоҳотлар навбати магистратурага келиб қолмаса бўлди.

Тизимнинг қаери нўноқ?

1 августдаги тест вақтида бутун республика оёққа турган бўлади, қаллоблар минг бир қийинчилик, минг бир схема ишлаб чиқишга мажбур бўлишади. Боз устига ОТМ ректорлари бевосита бакалаврга ўқишга қабул қилиш ваколатига эга ҳам эмас, бу тест натижаларига боғлиқ бўлади. Улар фақат тестни ташкил қилиш жараёнларига раҳбарлик қилишади холос. Магистратурадачи? Оҳ-оҳ, ректорлар учун ҳамма шароитлар бор. Имтиҳонлар тўлиқ ўз қўлида, ташқаридан ортиқча текширувчи йўқ, минглаб нигоҳлар кузатмайди, доимий назорат қилишмайди.

Натижа керакми? Ҳаммаси оддий, шунчаки энг кенг тарқалган усулни қўллашади – яъни кириши керак бўлганларни имтиҳондан кейин алоҳида чақиришиб, саволларга жавобларни чиройли қилиб кўчиртиришади. Абитуриент ҳам хотиржам, шошмасдан, ҳошияларига қараб, тайёр жавобларни кўчириб беради, тамом. Қарабсизки, ҳеч бир муаммосиз ким бюджет, ким контракт эканлигигача бемалол тақсимлаш мумкин.

Имтиҳонлар тўлиқлигича ОТМларнинг ўзига ташлаб қўйилган, марказлашган назорат йўқ. Текширувчи ўқитувчилардан тортиб, имтиҳон пайти назоратчиларгача бегоналар бўлмайди. Шифрни ҳам ўзлари қўйишади, гуруҳга ҳам ўзлари ўтказишади, билетдаги саволларни ҳам ўзлари тузишади, Абдуллани ҳам ўзлари уйлантиришади.

Ҳеч қандай шаффофлик йўқ, замонавий ахборот технологияларидан деярли фойдаланилмайди. Масалан, ДТМ сайти орқали ОТМлар, йўналишлар кесимида квоталар ва ҳужжат топширганлар сони ҳақида маълумот олиб бўлмайди.

Ёки ҳар бир аудиторияларга камера қўйиб, интернетда трансляция қилиш каби лойиҳаларга ҳали кўп қовун пишиғи бор. Бир ҳисобдан олганда, бунақа тизимда камералар жуда кўп нарсани ҳал қилиб ҳам бермайди. Юқорида айтганимдан, одатда имтиҳон пайти ҳеч қандай қинғирлик қилинмайди, деярли барчаси имтиҳон тугагач, ёпиқ эшиклар ортида амалга оширилади.

Топган-топалоқ

Магистратурага кириш имтиҳонларининг яна бир кулгили тартиби жавобларни эълон қилиш ва натижалар бўйича апелляциялар қабул қилиш жараёни билан боғлиқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2017 йилдаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, абитуриент синов натижасидан норози бўлган тақдирда, синов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция аризаси билан мурожаат этиши мумкин. Лекин энг қизиғи жавоблар қачон ва қаерда эълон қилинишини ҳеч ким билмайди. Ўтган йили айрим ОТМлардаги баъзи йўналишларда магистратура жавоблари ҳаттоки сентябрь ойи бошлангунга қадар ҳам эълон қилинмаган эди. Бу қаттиқ сир тутилади, токи ҳаммаси “жой-жойига” тушиб олмагунгача. Чунки сўнгги сонияларда битта қўнғироқ билан вазият ўзгариб кетиши мумкин.

Амалиётда қандай бўлади? ОТМлар магистратура натижаларини исталган жойга (балки ОТМ олд ҳовлисига, балки орқа ҳовлисига, балки ён ҳовлисига, балки бирорта қаватдаги коридорга) куннинг исталган вақтида (балки эрталаб, балки тушликда, балки шом пайти, балки ярим тунда) илиб чиқади. Лекин абитуриентлар жавоблар илинганидан ҳеч қандай хабардор бўлиш имконига эга эмаслар, на сайтда чиқади, на СМС боради. Ўз кучи билан топширган, ҳеч қандай “танка” ва “соққа” ишлатмаган абитуриентлар мабодо натижадан қаноатланмаса, 24 соат ичида апелляция беришга улгуриши учун ҳар куни 2-3 маҳалдан келиб, текшириб туришга мажбур.

Шундай вазиятларга ҳам шахсан ўзим гувоҳ бўлганманки, ОТМдагилар абитуриентнинг апелляциясини “24 соатдан кечикиб бердинг, биз фалон пайти илгандик” дея қабул қилишмаган. Ваҳоланки, жавобларни эрталаб илиб, илинганини расмга олиб, кейин олиб қўйишганди. Абитуриент исботлаб бера олмади...

“Недобор”

Магистратура аҳволини биттагина факт билан тасаввур қилиш мумкин. Тағин яна ўзи ўқиган ва ишлаган университетни мақтаяпти, деб ўйламанг. Мен шунчаки фактни ёзаман холос, мақташдан йироқман.

2013 йилда Тошкент давлат юридик университет магистратурасига кириш имтиҳонлари тартиби ўзгарди. Унга кўра, магистратура учун ҳам тест синовларини ДТМ оладиган бўлди. Худди 1 августдагидек.

Ва бунга қўшимча яна бир жуда муҳим тартиб жорий қилинди: тест синовлари ва ёзма имтиҳонда исталган фандан максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган абитуриентлар магистратурага қабул қилинмаслиги белгиланди. Яъни абитуриентлар нафақат бир-бири билан, балки ўзлари билан курашишларига (55 фоиздан баландроқ балл олиш учун) мажбур бўлди.

Шу тартиб жорий қилингандан сўнг, натижа қандай бўлди биласизми? Кетма-кет ҳар йили квота тўлмай қолаверди. Яъни қабул квотаси бўйича 130 нафар магистр қабул қилиниши белгиланган бўлса, 100-110 нафар абитуриентгина имтиҳонлардан ўта оларди, қолган жойлар тўлмай қоларди. Энг қизиғи бу фақат биринчи йилда эмас, ўша пайтдан буён деярли ҳар йили шундай бўлмоқда.

Менимча, ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Ижтимоий фикр

Мазкур блогпостни ёзишдан олдин, Телеграмдаги каналимда шу мавзуга оид сўровнома ўтказдим. “Сизнингча магистратурага кириш имтиҳонлари адолатли ўтадими?” дея берилган саволга 1166 киши овоз берди.

Респондентларнинг 74%и ёки 871 киши “коррупция уясику” дея жавоб қайтарди.

14% ёки 169 киши “ноҳақлик кўп” деган вариантни танлади.

Атиги 5% ёки 69 киши “адолатли ўтади” дея ишонишган (ректор ва деканлар бўлса керак).

Ва ниҳоят сўровномада қатнашганларнинг 4% и ёки 57 киши “аҳвол жуда ёмонмас” дея таъкидлашган.

Шу ўринда юртимизда энг ишончли сўровномалар ўтказиши билан маълум ва машҳур ҳамда рақамлар ортидан мўжиза яратадиган “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровномалар билан ҳам қизиқиб кўрдим. Уларда ҳам ўртача 1000-1100 киши қатнашаркан.

Демак, минг кишидан кўпроқ инсон овоз берган сўровнома натижасини жиддий қабул қилсак бўладими?

Таълим тизимидаги раҳбарларимизга магистратурага кириш имтиҳонларида аҳвол ўта ачинарли даражада эканлигини англаш учун халқнинг 74 фоизи коррупция уяси эканлигини таъкидлаётгани етарли эмасми? Ёки “далил бўлмаса, ишонмаймиз, бизда ҳаммаси яхши”, дейишармикин?

Менга энг алам қиладиган жойи токи шу масалани ҳам Президентимиз кўтариб чиқмагунгача, ўзлари бош-қош бўлиб, тизимни ўзгартириш ҳақида жон куйдирмагунгача, ҳамма кутади. Кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб юраверади. Қачон давлат раҳбари “магистратураларга киришни ҳам тартибга солайлик” деганидан кейин бирдан ҳаммаси уйғониб, “Кўзимиз энди очилди”, “Ҳақиқатдан айб биздан ўтди”, “Ўзимиз шу чоққача рағбатлантирибмиз”, “Бизга мастер-класс кўрсатдингиз” дейишни бошлайди. Унгача жиммммм-жит, ими-жимида юраверади. Қинғирликлар урчиб кетганини билмайди дейсизми? Билади, шунақанги биладики...

Болта тушгунча, кунда дам олади, дегани шу бўлса керак.

4.38 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.38 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.41 / 15
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Расул Кушербаев 31/05, 23:33
4.5 Абдумалик Носиров 31/05, 23:55
4 Қаҳрамон Асланов 01/06, 00:46
4 Бахтиёр Шералиев 01/06, 02:04

Muallif faqat Toshkentdagi OTMlar magistraturasidagi kirish imtihonlarini o'rgangan ko'rinadi, viloyatlardagi taktika butkul o'zgacha bo'ladi. Demak muallifning yozganlari rost bo'lsa poytaxt OTMlari viloyatdagilardan bu borada biroz ortda qolgan ekan))) Blogpost yaxshi yozilgan, lekin a'lo darajada emas, boisi shu tizimdan yaxshi xabardor bo'lganligim uchun magistraturadagi imtihonlarni yaxshi tasavvur qilish uchun qabul jarayonlarini ham yoritish kerak edi deb o'ylayman.

5 Иноят Садикова 01/06, 03:35

Xushnudbekdan navbatdagi master-class.

4 Давронбек Тожиалиев 01/06, 03:37
4.5 Мақсуд Саломов 01/06, 09:17
4.5 Мансур Тангишов 01/06, 11:45

Муаммо жуда чиройли ёритилган, долзарб масалалардан бири кўтарилган. Ижтимоий сўровлар турларини кўпайтириш керак аслида. Ечим сифатида айнан қайси чораларни кўриш кераклиги ҳақида имкон қадар батафсилроқ ёзилганда янада яхшироқ бўларди.

5 Беҳзод Қобулов 01/06, 12:49
5 Тўлқин Юсупов 01/06, 12:53
4 Нигора Умарова 01/06, 13:00
5 Шунқор Чориев 01/06, 13:11
4.5 Олимжон Солижон ўғли 01/06, 15:12
4.5 Уйғун Ғафуров 01/06, 16:39
5 Мубашшир Аҳмад 01/06, 16:50
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 01/06, 17:04
5 Шерзод Шерматов 01/06, 17:18
5 Адҳам Отажонов 01/06, 18:46

Яхши мақола бўлибди )

5 Умид Гафуров 01/06, 19:59
5 Музаффар Назаров 01/06, 23:19
5 Маҳсуджон Асқаров 01/06, 23:21
4.5 Нодир Закиров 02/06, 08:41
4 Ботиржон Шерматов 02/06, 15:12

Ечим туликрок берилганда яхши буларди. Муаммо чиройли тарзда ёритилган.

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
6 та фикр