СИЁСАТ ОЛАМИДАГИ КАТТА ЎЙИН

Jakhongir Ostonov
Саралаш

Ўйин!

Ўйин деганда кўз олдимизга кишилар ўйнайдиган қандайдир бир эрмак гавдаланади. Масалан, спорт ўйинлари, қарта ўйини, қимор, болалар ўйини ва ҳоказо. Бирор ўйин ўйналадиган бўлса, унга албатта қандайдир соврин тикилади. У пул, қимматбаҳо буюм бўлиши мумкин. Бугунги мақоламизда биз сизларга шундай бир ўйин ҳақида маълумот бермоқчимизки, унга бутун бошли миллатлар, халқлар тақдири тикилган. Унинг номи «Катта ўйин»!

ХIХ асрнинг бошида Марказий Осиёда бошланган бу ўйин бугун Яқин Шарқ минтақасида давом этмоқда. Шу давр мобайнида ўйинчилар ўзгарган бўлса-да, ўйиндан кўзланган мақсад ўзгармаган.

Хўш, бу қандай бошланган эди, қай йўсинда давом этди, кимлар ютди-ю, кимлар ютқазди? Бу саволларда қуйида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Аввало, «Катта ўйин» ўзи нима, уни кимлар ўйнаган, қачон ўйнаган деган саволларга аниқлик киритиб олайлик. «Катта ўйин» («The Great Game») деб ХIХ асрда Россия империяси ҳамда Буюк Британия ўртасидаги колониал урушлардаги рақобатга айтилади. Бу бирикма дастлаб 1857 йилда Ҳиндистондаги Британия армияси офицерларидан бири Жон Уилям Кайнинг «Афғонистондаги уруш тарихи» («History of War in Afghanistan») асарида учрайди. Кейинчалик бу бирикма Редярд Киплингнинг 1901 йилда чоп этилган «Ким» романи орқали машҳур бўлиб кетди.

Россия подшоҳи Пётр I 1717 йили ўзининг азалий орзуси бўлмиш Ҳинд океани қирғоқларига чиқиш учун илк қадамини ташлайди. Бу йўлда унинг олдидаги тўсиқлар эса Марказий Осиё хонликлари, Афғонистон ва Эрон эди. Айнан 1717 йилда Пётр I Хива хонлигига илк экспедицияни юборади. Кучли қуролланган ушбу экспедицияга княз Александр Бекович-Черкасский бошчилик қилади. Қўшин улкан саҳродан жуда катта қийинчилик билан ўтади, кўпчилик сувсизликдан қирилиб кетади. Аммо шунга қарамай Бекович-Черкасский Хивага етиб келади. Хива хони Шерғозихон у ва шерикларини илиқ кутиб олади, аммо шаҳарга киритмайди ва шаҳар кираверишидаги хонадонларга жойлайди. Бу хоннинг ҳийласи эди. Тунда экспедиция аъзолари қириб ташланади. Бор-йўғи қирқтача киши қочиб қутулади. Шундай қилиб Хива ўз мустақиллигини яна бир ярим асрга сақлаб қолади ва русларнинг Марказий Осиёга бўлган илк босқинчилик сиёсати муваффақиятсизлик билан тугайди.

Марказий Осиёдаги уринишлар бесамар кетгач, руслар энди бошқа йўналишда ҳаракат қила бошлайдилар. Булар Қора денгиз бўйлари ва Кавказ ерлари эди. Бу ҳудудларда уларнинг асосий рақиблари Усмонли империяси ҳамда Форс подшоҳлиги эди. Турли йилларда олиб борилган урушлар натижасида (масалан, 1774 йилги Кичик Кайнаржа, 1794 йилги Ясси, 1812 йилги Бухарест, 1829 йилги Адрианопол ва 1832 йилги Константинопол (Истанбул) битимлари; 1804 — 1813-йиллардаги Эрон-Россия урушлари) русларнинг қўли баланд келди. Шу билан бир пайтда руслар Сибир орқали Тинч океани ҳамда Марказий Осиё томон илгарилай бошладилар. Ушбу ғалабалар, Болқондаги насроний халқларнинг Усмонли империяси «зулми»дан озод этилиши, русларнинг Қора денгиз орқали Ўрта денгизга қараб яқинлашиши, шубҳасиз, ўша пайтда дунёнинг энг кучли денгиз флотига эга ва Усмонли империясининг иттифоқчиси бўлган Британия империяси учун таҳдид эди.

Бу пайтга келиб Ҳиндистонда империя ўрнатган (1858-1947) британияликлар минтақадаги манфаатларини ўз ҳудудларини кенгайтиришга ва Ҳинд океанига қараб интилаётган руслардан ҳимоя қилишга бел боғладилар. Шундай қилиб дунёга якка ҳукмронлик қилиш учун «ўйин» бошланди. Бу «ўйин» 1813 йилдан, яъни бутун дунёни титратган Наполеон таҳдиди деярли барҳам топган пайтдан бошланиб 1907 йилгача, яъни Учлар иттифоқи (Германия, Австрия-Венгрия ва Италия)га қарши Антанта иттифоқи (Англия, Франция ва Россия империяси) тузилгунга қадар давом этди. Йиллар давомида икки давлат чегаралари Помирга қадар яқинлашиб келди. Руслар Марказий Осиёга юриш қилаётган вақтда инглизлар Ҳиндистоннинг шимолидаги ерларга қараб кела бошлашди ва натижада икки давлат ўз чегараларини аниқлаштириб олишга мажбур бўлди. Афғонистонда муваффақиятсизликка учраган Британия империяси ўз даъвосидан воз кечди ва 1879 йилда Афғонистон ҳудудида мустақил, демилитаризациялашган, буфер давлат ташкил этилди. Бу «ўйин»даги қизиқ жиҳат шундаки, иккала давлат ҳам шу давр мобайнида бирор марта юзма-юз тўқнаш келмаган. Фақатгина Қирим урушидан ташқари. Аслида «Катта ўйин» шу билан барҳам топиши керакдай туюлади. Аммо инсоният тарихидаги энг хавфли «ўйин»лар ҳали олдинда эди.

Кенгроқ маънода оладиган бўлсак, ушбу «ўйин» бутун дунёни қамраб олди. Хитойнинг вақтинчалик кучсизланиши ва ички муаммолар гирдобига тушиб қолганидан Ғарб фойдаланмоқчи бўлди ва бундаги энг катта ютуқ Тибетнинг мустақилликка эришиши бўлди. Тибет 1904 йилда Британия томонидан мустақил давлат сифатида тан олинди ва ярим асргина умр кечирди. Кейинчалик Хитой катта куч билан Тибетни қайтадан бўйсундиришга муваффақ бўлди. Бу пайтда Узоқ Шарқда яна бир куч юзага кела бошлади. Бу Япония эди. 1905 йилги рус-япон урушида Британия Японияни қўллади ва Россия мағлуб бўлди. Бу Россия империясининг куни битаётганидан дарак эди. 1914 йилда дунёни қайтадан бўлиб олиш учун бошланган ва кўпчилик инсонларнинг умрига зомин бўлган Биринчи жаҳон урушида ҳам руслар бардош бера олмади. Натижада 1917 йил феврал ойида Россияда инқилоб юз бериб, империя тугатилди. Бошқарув Муваққат ҳукумат қўлига ўтди ва у урушда қатнашишни давом эттирди. Бу урушда энг оғир юк Россия томонидан босиб олинган халқлар устига тушди. Жумладан, 1916 йилда подшоҳнинг мардикорликка олиш тўғрисидаги фармони Туркистонда кенг кўламли қўзғолонларни келтириб чиқарди. Бироқ армия қўзғолонларни шафқатсизлик билан бостирди. 8 ой бошқарувда бўлган Муваққат ҳукумат шу йилнинг октябр ойида болшевиклар уюштирган давлат тўнтариши натижасида тугатилди. Ҳукумат болшевиклар қўлига ўтди. Германия шарқий фронтда тинчликка эришиш мақсадида тўнтариш раҳнамоси бўлган Ленинни қўллаб-қувватлади ва 1918 йилда имзоланган Брест сулҳига мувофиқ Россия урушдан чиқди.

Биринчи жаҳон уруши 1918 йили Антанта ғалабаси билан якунланди. Мағлубиятга учраган давлатлар ҳудудлари бўлиб олинди. 1920 йил 10 август куни Севр шартномаси имзоланди, унга мувофиқ 1299 йилдан буён Яқин шарқда ҳукмронлик қилган улкан Усмонли империяси парчаланиб кетди. Эгей денгизи бўйлари Грецияга, араблар ерлари эса Франция ҳамда Британия назоратига ўтди. 1920 — 1923-йилларда бой берилган ҳудудларни қайтариб олиш учун Мустафо Камол Отатурк бошчилигида олиб борилган уруш натижасида 1923 йил 24 июлда Лозанна шартномаси имзоланди ва бу Севр шартномасини бекор қилди. Шартномага мувофиқ бутун Анатолия ва Шарқий Фракия Туркияга қайтарилди, Туркияда қолаётган 1,6 миллион грек Грецияда яшаётган 385 минг мусулмон туркларга алмаштирилди, Истанбулдан ташқари ҳудудларда яшаётган арманлар чиқазиб юборилди. 1923 йил 29 октябр куни Туркия республика деб эълон қилинди. Мағлубиятга учраган Германия империяси ҳам ўз ҳудудларидан айрилди. Жумладан Франция-Пруссия уруши даврида қўлга киритган Элзас ва Лотарингия Францияга қайтариб берилди. Австрия-Венгрия империяси эса Австрия ва Венгрия давлатларига бўлиниб кетди. Айнан мана шу уруш давомида дунёга ҳукмронликни даъво қиладиган яна бир куч етишиб чиқа бошлади. Уруш бошида бетараф қолиб, кейинчалик ғалаба қозонаётган томонни қўллаб-қувватлаган бу давлат урушдаги энг катта ғалабани қўлга киритди. Қурол-яроғ савдосидан улкан даромад кўрган бу давлат кейинчалик Германиянинг тикланиши ва фашистларнинг ҳокимият тепасига келишига замин ҳозирлади. ХХ асрнинг ўзидаёқ дунёнинг энг кучли давлатига айланди. Гап айнан сиз билган Америка Қўшма Штатлари ҳақида кетмоқда. Маълумки, футбол ўйинида чарчаган ўйинчилар кучга тўла, бақувват ўйинчилар билан алмаштирилади. АҚШ «ўйин»га мана шундай ўйинчи сифатида кириб келди ва «ўйин»ни кучайтириб юборди. 1929 — 1932-йиллардаги инқироздан бир амаллаб чиқиб олган америкаликлар Европада ўйинга қизғин тус беришга қодир бўлган янги кучларни тайёрлай бошлашди. Бу Ҳитлер бошчилигидаги фашистлар Германияси эди. Бундан буёғига «ўйин» қизигандан қизиди. 1939 йилдан бошланган Иккинчи жаҳон урушида Германия бирин-кетин ғалабаларга эриша бошлади ва Европани деярли эгаллаб олди. Энди ҳитлерчиларнинг эътибори Шарқий Европада кучайиб бораётган янги кучга қаратилди. Бу Совет иттифоқи эди. 1941 йилнинг 22 июн куни «Барбаросса» режаси асосида Совет иттифоқига уруш очилди. Урушнинг дастлабки босқичида қизил армиянинг урушга мутлақо тайёр эмаслиги сезилиб қолди ва фашистлар Москвагача етиб келишди. Совет иттифоқида бу урушга Улуғ ватан уруши дея ном берилди ва ҳамма урушга жалб этилди. Бу сафар ҳам русларга иттифоқчи ролини Франция ва Буюк Британия ўйнади. Аслида ўша пайтда Буюк Британия бош вазири бўлган Уинстон Черчилл коммунизмнинг ашаддий душмани эди, аммо фашизм коммунизмдан кўра хавфлироқ бўлиб чиқди ва бу нарса уни коммунистлар билан бирлашишга мажбур этди. Совет иттифоқининг иштироки урушнинг якунига ўз таъсирини ўтказмай қўймади. 1941 йил 7 декабр куни АҚШнинг Ҳавайи оролларидаги ҳарбий базаси Перл-Харбор Германиянинг иттифоқчиси бўлган Япония томонидан бомбардимон қилинди ва АҚШ ҳам бу урушга қўшилди. Узоқ Шарқда ҳам фронт очилди. 1945 йилгача давом этган уруш бу сафар ҳам Германия ва иттифоқчиларининг мағлубияти билан тугади. Урушда 50 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди, миллионлаб кишилар ногирон бўлиб қолди, қанчадан-қанча шаҳарлар вайронага айланди. Бу сафар ҳам АҚШ урушдан бойиган ҳолда чиқди. Дунё олтин захирасининг ярмини ўзиники қилиб олган АҚШ якка ҳукмронга айланганди гўё. Гўё ҳаммаси тугагандек, бошқа ўйин бўлмайдигандек эди. Аммо бу билан ҳам бу «ўйин» ниҳоясига етмади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё энди «совуқ уруш»га юз тутди!

Бу худди ХIХ аср ўртасидаги Россия-Британия қарама-қаршилигига ўхшаб кетарди. Яқиндагина фашизмга қарши бирлашган СССР ва АҚШ бошчилигидаги Ғарб яна душманга айланди. СССР ва унинг иттифоқчилари ҳамда Ғарбдаги либераллар ўртасида ҳарбий иншоотлар қуриш, янги қуроллар ихтиро қилиш, ядровий каллаклар яратиш бўйича рақобат қизғин давом этди. Бунда икки тараф ўзаро тўқнашмаган бўлса-да, бошқа ҳудудларда уруш олиб бориб ўз кучларини кўз-кўз қилишар эди. Масалан, Ветнам, Афғонистондаги урушлар шулар жумласидандир. Бу уруш 1991 йилда СССР тарқалиб кетгунча давом этди. СССР ҳудудида 15 та мустақил давлат ташкил топди. Уларнинг айримларида гражданлар уруши (Тожикистон), этник низолар (Тоғли Қорабоғ, Қирғизистон) авж олди. Шундай паллаларда «ўйин» қайтадан жонланиб кетди. Тарқалиб кетган Совет иттифоқи ўрнида мустақил давлатлардан ташкил топган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилоти тузилди. Югославия 1991 — 2001-йиллардаги урушлар натижасида бир нечта мустақил давлатга бўлиниб кетди. 2006 йилги гуржи-рус инқирози, 2008 йилдаги Осетия уруши, Қирим инқирози, Украинадаги воқеалар янги даврдаги «ўйин»нинг натижаларидир. 2001 йил 11 сентябр куни Нью-Йорк шаҳридаги халқаро савдо уйида уюштирилган террористик ҳаракатлар янги қарама-қаршиликларнинг дебочаси бўлди. Ушбу воқеалардан бир неча кун ўтибоқ ўша пайтдаги АҚШ президенти кичик Жорж Буш Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Бунга сабаб эса Нью-Йорк терактига алоқадорликда гумон қилинган «ал-Қоида» гуруҳининг Афғонистонда қўним топгани эди. Бир пайтлар афғон урушида толибларни қўллаб-қувватлаган АҚШга орадан шунча вақт ўтгандан кейин Афғонистонга кириш учун бир баҳона керак эди холос. Қадим замонда Трояни босиб олиш учун укасининг хотинини қурбонлик қилган Минелайга ўхшаб, Буш ҳукумати Афғонистон учун эгизак биноларини қурбон қилишига тўғри келди. Энди дунё терроризм билан кураш остонасида турарди. Бунда Россия ва АҚШ бирлашиши мумкин эди, аммо 2003 йили Бушнинг буйруғи билан АҚШ ҳарбийлари Ироққа бостириб кирди. Бу эса Россияни ташвишга сола бошлади ва халқаро майдонда Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатларини бирлаштирган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти юзага келди. Бу ташкилот ҳарбий мақсадларни кўзда тутмаса-да, «ўйин»да Россияга иттифоқчилар тақдим этарди. Шундан сўнг бу «ўйин»нинг қайноқ нуқтаси Яқин Шарқ бўлиб қолди. 2011 йилда бошланган «Араб баҳори» натижасида бир нечта мамлакатда узоқ йиллардан буён давлатни бошқариб келаётган президентлар олиб ташланди (Мисрда Ҳусни Муборак, Ливияда Муаммар Қаззофий). Дастлаб Шимолий Африкада бошлаган бу «баҳор» кейинчалик Яқин шарққа кўчди ва Сурияда ҳали ҳам давом этмоқда. Бу урушда қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб инсонлар бошпанасидан, ватанидан айрилиб, бегона юртларда сарсон бўлишмоқда.

Охирги вақтларда Яқин Шарқда мағлубиятга учраган ИШИД террорчилар гуруҳининг омон қолган «аскарлар»и Афғонистон шимолида тўпланишаётгани ҳақидаги гаплар бот-бот қулоққа чалинмоқда. Шу йилнинг 26—27-март кунлари бўлиб ўтган, Афғонистоннинг энг долзарб муаммоларига бағишланган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам «Афғонистонда катта таъсирга эга бўлаётган «Толибон» ҳаракати вакилларининг террорчилик фаолияти» ва «минтақада ўсиб бораётган ИШИД кучлари» ҳақида гапириб ўтди. У бундан олдин ҳам худди шундай баёнотлар билан чиқиш қилганди. Бундай баёнотлар «ўйиннинг» яна Марказий Осиёга қайтиши борасида хавотирларни юзага келтирибгина қолмай, балки минтақа давлатларидан янада ҳушёрроқ бўлишни талаб қилади.

3.53 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.53 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 3
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Абдумалик Носиров 24/04, 11:09
2 Давронбек Тожиалиев 26/04, 18:22
4 Олимжон Солижон ўғли 26/04, 21:39
4 Бахтиёр Шералиев 28/04, 07:46
5 Адҳам Отажонов 28/04, 09:35

Яхши мақола экан )

4.5 Шерзод Шерматов 10/05, 04:50
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05, 01:55
5 Расул Кушербаев 17/05, 22:50
3.5 Мақсуд Саломов 18/05, 09:33
3 Қаҳрамон Асланов 18/05, 16:21
4 Нигора Умарова 18/05, 17:49
3 Музаффар Назаров 18/05, 19:09
3 Маҳсуджон Асқаров 18/05, 22:49
3 Тўлқин Юсупов 19/05, 14:32
4 Мансур Тангишов 19/05, 21:37
4 Умид Гафуров 20/05, 10:54
4.5 Мубашшир Аҳмад 20/05, 15:17
4 Иноят Садикова 20/05, 19:31
4 Шунқор Чориев 20/05, 22:10
3 Беҳзод Қобулов 20/05, 22:43
4.5 Нодир Закиров 21/05, 06:15
4 Ботиржон Шерматов 21/05, 16:54
4 Уйғун Ғафуров 21/05, 16:59
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр