Сариқ япроқ

У бозорни ёқтирмайди, аммо, гап бунда эмас. У шунчаки тўғри унинг олдига боради, уни томоша қилиб, сўнг ортига қайтади. Бир қарашда эса, уни бозор ичра тентираб юрадиган, уйсиз одамга ўхшатиш мумкин. Қорни тўқ, улкан дарди ҳам йўқ, аммо бирдан-бир дарди – у! У шунинг учун ҳам ҳар куни унинг олдига боради, уни кўриш учун боради, унга қараркан, ундан завқ олади, роҳатланади. Дунёнинг нечта мўъжизаси бор эканини деярли билса ҳам, у қайсилар эканига қизиқиб кўрмаган, сабаби, унинг ўз мўъжизаси бор, мана бугун ҳам унинг олдига келди. Кун иссиқ, ёзнинг сўнгги кунлари бўлишига қарамай, қуёшнинг дарди тугамаганга ўхшайди, ҳар ҳолда у иссиқни ёмон кўради, қуёшни ҳам унча севмайди, балки ёқтирар, аммо, севмайди. Шунинг учун, тезроқ куз келишини кутар ва унинг олдига тез-тез қатнашни канда қилмасди. Аммо, бунинг ёзга қизиғи йўқ, уни ким ёқтиради, ким йўқ, бу бутунлай аҳамиятсиз. Қуёш чиқаверади, ёз бўлаверади, аммо, ёз ҳам баъзи тартибга ва мезонга амал қилади, шунинг учун ҳадемай кузга ўз навбатини беришга тайёргарлик кўрмоқда эди. Бу орада ҳалиги инсон яна унинг ёнига борди, бозор доимгидек шовқин-сурон, барча ўз молини сотишга уринар ва ҳатто, баъзан, моли қолиб, ўзини ҳам сотадиганлар учрарди… Инсон бир осмонга, бир унга қараркан, бу шовқинларга парво қилмасди, унинг олдида – мўъжиза турибди! Фақат, бу мўъжизани тезроқ қўлга киритиш керак, ҳадемай куз келади, куз, ёмғир ҳам ёғади ҳали. Ёмғирни ўйларкан, юраги бир сакраб тушгандек бўлди, соғинч ҳиссими, севги ҳиссими, ҳуллас, нимадир бўлиб шундай бўлди, юраги бир сакраб тушди. Аммо, негалигини билмайди, ахир у шундоққина олдида турибди, кўзини узмай унга термулиб тураркан, баъзи-баъзида кулиб қўярди. Қўл узатса, етади, тамом, аммо, вақт деганлари ўз ҳаракати ва жараёни овозини баландлатмас экан, ҳалиги инсон ҳали-вери буни тушунмайдиганга ўхшарди. Қараган билан нима фойда – деган фалсафани инкор қиларкан, ҳеч балони ҳис қилмайдиган тўнкадек унга термулиб тураверади. Балки, вақтнинг овози бозор товушидан пастроқмикан, балки, шунга вақт овозини эшитмас, «келиб қолинг, сотиляпман, арзон нархда» – деган қичқириқлар билан вақт овози билинмай қолар, балки… Бугунги кун тугаб қолди, у бозордан чиқиб кетар экан, осмонга қарай бошлади, ҳаво бироз совуқ, булутлар пайдо бўлишни бошлаган, ёз эса – хайрлашиш арафасида. У яна сиқилди, ёз тугаши, албатта яхши, аммо, олдинда куз бор, ёмғир бор, совуқ ҳаво бор.. Унга қачон эришаман, унга севгимни қачон айтаман, у мени қачон ҳис қилади – деб ўйларкан, бозордан чиқиб, уйи томон йўл олганини сезмай ҳам қолди. Куз ҳам маълум мезонга бўйсунади, унинг ҳам ўз вақти бор, ўз исёни бор, тез ёмғирини ёғдириб, ўрнини қишга бериши керак, мана, бугун унинг таҳминан йигирманчи ёмғири. Бу орада, инсон ҳар куни ўз одатига содиқ қолиб, унинг олдига келади, уни томоша қилади, ундан завқ олади, ва уни севади…

Сўнгги бор келганида, уни янада қаттиқроқ севишини ҳис қилди, аниқроғи, севишини энди билиб қолди, ҳа, у уни – севади. Унга буни айтиши керак, ва иложи бўлса, уни олиб кетиши керак, чунки, ёмғир уни жуда қийнаб юборди, ахир инсон ҳам маълум мезонга бўйсунади, табиат қонунларига бўйсунади. Аммо, у инсон буни ҳеч тан олгиси келмасди, ахир, шунинг учун унга эришса – бу жуда бемаънилик-ку! Унга нима дейди, майли, демасин, у буни ўзи тушуниб олади, менга манфаат йўлида интилган - демайдими ахир? Инсон буни жуда кўп ўйлади, балки, у мени тўғри тушунар, севгим манфаат йўлида эмаслигини ҳис қилар – деган ўйда, бари бир, унга ўз севгисини айтишга қарор қилди, ҳа, у бозорга сўнгги бор кетмоқда! Унинг олдига борадида, барчасини айтади, уни ўзиники қилмоқчи эканини, уни севишини айтади, севги иқрори бутун бозор товушидан ҳам баланд эшитилади ҳали! Бозор одатий ҳолда эди, «келиб қолинг, ўзимни сотяпман, янада арзон нархда» – деган товушлар томон бир қараб қўйди-ю, деярли, кайфиятини бузмай, тўғри ўзининг мўъжизаси томон, севгиси томон йўл олди! Улар билан ишим йўқ, мен бугун ўз севгимга эришаман, барчаси яхши бўлади – деркан, тез орада унинг олдига борди… Аммо, у йўқ, бугун, у – йўқ! Нега, нега йўқ бўлади? У доим шу ерда турарди-ку, доим гўзал ва ёқимтой бўлиб шу ерда турарди-ку, нега энди… У саволларига жавоб олиш учун, тўғри сотувчининг ёнига борди:

- Кечирасиз, мана бу ерда соябон турарди, қани у?

- …

- Мана бу ерда, ҳудди мана шу ерда, соябон турарди?!

- Қайси соябон, мана шунча соябон бор-ку, қайсини айтяпсиз?

- Йўқ, менга ўзимнинг соябоним керак, жин урсин, мана, мана бу ерда турарди у – деб, доим ўзи томоша қиладиган соябоннинг жойини қўли билан кўрсатди.

- Ҳа, уми, сотиб юбордим, бир соат аввал, олиб кетишди…

- Ие, нега сотасан, аҳмоқ, мен уни… Мен, уни…

- Нега бақирасиз, вақтида олиш керак эди, бўлди энди, дардингизни бориб бошқасига айтинг, мени савдодан чалғитманг – деди сотувчи, асабийлашиб.

Ҳалиги инсон, ёмғир ёғаётганини ҳам сезмай, бозордан чиқиб кетди. Кўзининг тагига кўпроқ ёмғир тушаётганиданми, ҳуллас, кўзи ёшланди… Унинг қўл соати йўқ, вақтни билмайди, аммо, биладики, кузнинг сўнгги кунлари ўтиб бормоқда, балки, бу сўнгги ёмғирдир. Нима бўлганда ҳам, у бозорга бошқа бормай қўйди, мажбурлигидан ўзига бош кийим сотиб олди, бош кийим ҳам ёмон эмас, иссиқ, қулай, уни ёмғирдан асрайди… Балки, йиллар ўтиб, у ўша соябонини йўлда, бошқа бировда учратиб қолар, аммо, учратганда нима, у энди – бошқа бировники! Аммо, куз келди дегунча, ўша инсоннинг юраги, доим – бир сакраб қўяди!

3.27 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.27 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Олимжон Солижон ўғли 05/05/2018
3.5 Расул Кушербаев 12/05/2018
3 Мақсуд Саломов 12/05/2018
4 Маҳсуджон Асқаров 13/05/2018
3.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 16/05/2018
3.5 Шерзод Шерматов 17/05/2018
4 Нигора Умарова 18/05/2018
3 Давронбек Тожиалиев 19/05/2018
3 Бахтиёр Шералиев 19/05/2018
2 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
3 Уйғун Ғафуров 19/05/2018
3 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Музаффар Назаров 20/05/2018
3.5 Шунқор Чориев 20/05/2018
3 Қаҳрамон Асланов 20/05/2018
3 Беҳзод Қобулов 20/05/2018
3 Абдумалик Носиров 20/05/2018
3 Мубашшир Аҳмад 20/05/2018
3.5 Мансур Тангишов 21/05/2018
4 Нодир Закиров 21/05/2018
2.5 Иноят Садикова 21/05/2018
3.5 Адҳам Отажонов 21/05/2018
3.5 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр