Қаердасан, жон қадар дўстим?

Руҳан ёлғиз қолишни истаган ёки кўнглимга ҳамсуҳбат бўлгим келган кезлари китобларимга ошно тутинаман. Мен учун уларнинг ҳар варағи ҳали кашф этилмаган янги Олам. Айниқса, дурдона асарлар ботинига киришга уринар эканман, уларнинг ҳам ўз кечинмалари, орзу-армонлари борлигини ҳис этиб, кўнглимнинг чигили ёзилади.

Китоб жавонимдаги китобларнинг ҳаммаси мен учун азиз ва қадрдон. Сабаби оддий. Уларнинг деярли ҳаммаси севимли инсонларимнинг эсдалиги. Болалик, ўсмирлик хотиралари уларда мужассам. Ҳар бирининг ички варағига совға эгасидан менга атаб битилган илиқ ва ёқимли тилаклар. Улар менга умр йўлларимда ҳамиша ҳамроҳ.

«Хамса», «Шоҳнома», «Ҳидоя», «Ўтган кунлар», «Кеча ва кундуз», «Шум бола», «Қутлуғ қон», «Синчалак», «Уфқ», «Икки эшик ораси», «Отамдан қолган далалар», «Иқрорнома», «Ёлғизликнинг юз йили», «Телба», «Қизил ва қора», «Алкимёгар», «Чолиқуши»…

Э-ҳе, санаб адоғига етолмайман. Қараб завқим ошади! Мен учун уларнинг бегонаси йўқ. Бу китоблар юрагимнинг бир парчаси. Чунки улар билан биргаликда улғайдим, дўстлашдим, билим олдим ва ҳамон бу сабоқ давом этмоқда.

Оқшомлари кўпинча Рашод Нури Гунтегиннинг «Чолиқуши» асарини қўлимга олиб, бу машҳур асарни қайта-қайта варақлайман. У китобларим орасидаги энг мурғак, эрка, кўнгли нозик дўстим эди. Бир нима қораламоқчи бўлиб, қўлимга қалам олсам, “Чолиқуши” менга мадад берарди, “Қўрқма, қўлингдан келади” дегандай, унинг далдасини ҳис этиб турардим. Шу китоб билан жуда кўп бор сирлашганман, Фериде билан бир-биримизни жуда узоқ тинглаганмиз, бир-биримизга бахт-омад тилаганмиз, бир-биримизни қўллаб-қуватлаганмиз. Бу китобнинг менга жон қадар яқинлигининг боиси, балоғат ёшига етганимда уни менга отажоним қуйидаги ният билан совға қилганлар: «Қизгинам, кўзларинг ҳамиша қувончдан порласин, қалбингда ширин муҳаббат ва беғуборлик, одамларга оқкўнгиллик изҳори жўш уриб турсин!».

Бу сўзлар менга қанот эди, учишга шай юрардим. Аммо... кутилмаганда

Ишонувчанлигим панд берди. Севимли китобимни йўқотдим. Яқин дугонам ўқиш учун сўраб олди-ю, қайтариб бермади. Бир ҳафта, бир ой кутдим, уйига бориб сўрадим. У бўлса: ”Қанақа дугонасан ўзи, битта китобга шунчами, магазиндан керак бўлса битта эмас, ўнтасини олиб бераман”, деди. Бу гап уёқ-буёғимдан ўтиб кетди. Яқин дўстларимдан ҳеч қачон китобларимни қизғонган эмасман. Уларга туғилган кунларида асосан китоб совға қилганман. Лекин, “Чолиқуши”ни йўқотиб, ўзимга ўзим далда бера олмай қолдим. Айб кимда, дейман ўзимга ўзим. Ички бир овоз “Ўзингда, бисотингдаги энг азиз, энг қадрдон, сен учун содиқ, вафодор дўстни ўйламай-нетмай бериб юбординг-а” деяётгандай бўлади. “Нотаниш одамга эмас, яқин дугонамга бердим, унга ишонган эдим, бу китобнинг мен учун нақадар азизлигини биларди у”, дея ўзимни ўзим оқламоқчи бўламан, аммо бу гапимдан ўзим қониқмайман.

Балки ким учундир бу йўқотиш арзимасдек туюлар, балки мен худбинлик қилаётгандирман. Аммо отам бундан хабар топиб, менга шу китобни қайтадан совға қилганларида ва янда чиройли сўзларни ёзиб берганларида ҳам кўнглим ўрнига тушмайди. Чунки балоғат ёшидаги ҳис-туйғулар асло такрорлаймайди.

Бировнинг китобини олиб, қайтариб бермаслик ўғирлик эмас, деган гап бор. Билмадим, буни ким айтган, аммо китобга қўшиб, юрагингдан жой олган туйғуларни ўғирлаган одамни, гарчи у яқин дугонанг бўлса ҳам, кечириш қийин.

Сизни билмадим, аммо бу иш менинг қўлимдан келмайди.

3.38 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.38 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    0.00 / 0
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

2.5 Бахтиёр Шералиев 28/04, 14:04

Blogpost yaxshi yozilgan, muallifning ko'nglidagi gaplari matnda buloqdek aks etgan, lekin... Hurmatli muallif, tanlovni kuzatayotgan bo'lsangiz so'nggi vaqtda juda kuchli materiallar kelmoqda. Ular bilan bellashish uchun kuchli va orginal mavzu tanlasangiz yaxshiroq bo'lar edi. Mening yozganlaringizga umuman qarshiligim yo'q, juda samimiy yozgansiz, lekin chempionat uchun zaif tanlov qilgansiz deb o'ylayman.

3 Олимжон Солижон ўғли 05/05, 20:19
3 Давронбек Тожиалиев 10/05, 16:16
3.5 Расул Кушербаев 15/05, 00:22
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05, 03:53
4 Шерзод Шерматов 17/05, 15:51
4 Маҳсуджон Асқаров 18/05, 22:29
3.5 Нигора Умарова 19/05, 16:28
3 Тўлқин Юсупов 19/05, 16:31
3.5 Уйғун Ғафуров 19/05, 19:12
3 Мақсуд Саломов 19/05, 19:18
3 Умид Гафуров 20/05, 01:13
3 Музаффар Назаров 20/05, 15:32
3.5 Қаҳрамон Асланов 20/05, 20:47
3.5 Шунқор Чориев 20/05, 21:00
2.5 Абдумалик Носиров 20/05, 23:14
4 Мубашшир Аҳмад 21/05, 00:04
4 Мансур Тангишов 21/05, 11:47
4 Нодир Закиров 21/05, 13:09
3.5 Иноят Садикова 21/05, 14:12
4 Беҳзод Қобулов 21/05, 19:10
4 Адҳам Отажонов 21/05, 19:21
4 Ботиржон Шерматов 21/05, 21:01
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр