Қачон уйғонамиз, ё ўрганамиз?

Komiljon Aslonov
Саралаш

Иш юзасидан юртимизда фаолият юритаётган идоралардан бирида турли ҳужжат қоғозлари (анкета, бланка) тўлдиришга тўғри келди. Ходима қиз менга тўлдиришим лозим бўлган қоғозларни узатар экан, эътиборим бу ҳужжатларнинг рус тилида ёзилганлигига тушди.

- Кечирасиз, синглим. Менга ўзбекча шаклини беринг, дея илтимос қилдим.

- Узр, бизда ўзбекча варианти йўқ. Доим бизга келганлар шу шаклни тўлдиришади?

- Нега? – ҳайрон бўлиб сўрадим, ходима қиздан. Ахир бу давлат идорасику? Наҳот Ўзбекистондаги давлат идорасида ҳужжатлар фақат рус тилида бўлса?

- Нима, биринчи маротаба дуч келяпсизми? – бироз жаҳл аралаш жавоб қайтарди қиз. Ҳамма жойда ҳам борку русча ҳужжатлар?

- Гапингиз тўғри, бошқа ишхоналарда ҳам бор, аммо уларда ўзбекча шакли ҳам мавжудда синглим, — юмшоқлик билан жавоб беришга ҳаракат қилдим.

Ходима қиз эса яна кесатиб гапиришда давом этди. Агар хоҳламасангиз тўлдирманг. Бизда бори шу. Буни мен чиқарганим йўқ. Эътирозингиз бўлса тушдан сўнг бошлиқни қабулига киринг.

Бу гаплардан сўнг мени ҳам жаҳлим чиқа бошлади. Ёмон гапириб қўймай дея, зўрға ўзимни босиб, индамай ҳужжатларни олдим. Тўлдириш учун столга ўтириб қўлимга ручка оларканман, қиз яна қўшиб қўйди:

- Рус тилида тўлдиринг, чунки ҳужжат рус тилида.

Жаҳлимга жаҳл қўшилиб, тишимни-тишимга босдим. Ҳеч нарса демай, барча ҳужжатларни ЎЗБЕК ТИЛИДА тўлдирдимда қизга узатдим. Қиз қўлимдан ҳужжатларни олар экан, жаҳл аралаш менга қараб деди:

- Бу нима қилганингиз? Атайлабдан қилдингизми бу ишни? Ахир мен айтдимку сизга рус тилида тўлдириб беринг деб? Агар рус тилини билмасангиз, ўргатиб турардим ёзишни.

Бу гаплардан сўнг чидаб туролмадим. Мен ҳам “портладим”:

- Менга қаранг синглим. Сизга бир гап айтайми? Мен дунёга келганимда онам ўзбек тилида алла айтиб, илк бора сўзларни қулоғимга, қалбимга сингдирди. Илк марта кўз очиб кўрсам, Ўзбекистонда туғилибман. Шундан сўнг, дунёни ўзбекона нигоҳ билан таний бошладим. Ўзбекистоннинг нон-тузини еб улғайдим, мени катта қилди шу юрт. Ва ҳозир ҳам бу ерда, яъни сизнинг олдингизда Ўзбекистонда турибман деб ўйлайман. Энди айтинг-чи, мени ўзбек тилида ёзмаслигим учун бирор сабаб борми? 

Гапларимни эшитишга сабри етмаган ходима қиз ҳеч нарса демай, жаҳл билан бошқа хонага кириб кетди.

Менинг ҳам кайфиятим бузилди. Бу ердан чиқарканман содир бўлган воқеадан сўнг турли хаёллар миямда чарх уриб айланар, уларни охирига етолмай, саволлар кетидан саволлар пайдо бўлар, бирига жавоб топсам, яна бошқа янги саволлар чиқарди.

Ўйлаб қолдим. Шу даражага тушиб қолдикми биз? Биргина бу идора эмас, кўплаб идораларда, корхоналарда аҳвол шудир эҳтимол? Ахир, Аллоҳнинг бизга берган, неча асрлар давомида аждодларимиз кўришни орзу қилиб, кўриш насиб қилмаган — Истиқлолнинг туҳфа этган улуғ неъматларидан бири эмасми — ўзимизнинг тилимизга эга бўлганимиз?! Айтинг, дунёнинг қайси давлатида ҳужжатлар ўзбек тилида юритилади яна? Ҳеч бирида, ҳа ҳеч қайси давлатда юритилмайди. Хўш, шундай экан, нега энди биз, Ўзбекистонда яшаб, ДАВЛАТ ТИЛИ ЎЗБЕК ТИЛИ бўла туриб, ўз тилимизда эмас, бошқа тилда фикрлашимиз, расмиятчилик қилишимиз лозим?! Ўз тилимизни ўзимиз қадрламасак, яна бошқа ким қадрлайди айтинг?! Қайси халқ, қайси давлат фуқароси ўз тилини четга суриб қўйиб, ўзбек тилида сўзлаб, қўшиқ айтиб, ёниб яшайди? Яна шу жавоб, ҳеч бир халқ, ҳеч бир давлат вакили бундай қилмайди, қилишни-да истамайди! Ҳатто тан олинган жаҳон тиллари миқиёсида қаралганда ҳам, ҳар қандай тилдан ўз тили устун туради ҳар бир халқнинг! Мен бу фикрларим билан маҳаллийчилик қилиш, ёки бирор тилни камситиш фикридан мутлоқ йироқман. Ҳар бир халқнинг ўз тили, урф одатлари ўзи учун азиз бўлганидек, мен ҳам ўз тилимни қадрланишини истайман. Дунёда ўзбек деган миллатнинг ва ЎЗБЕК ТИЛИ деган тилнинг борлигини билдиргим, бу тилнинг нималарга қодирлиги билан қаддимни ғоз тутиб, фахрланиб юргим келади. Ўз тилимни яхши кўрганим учун айтяпман, бу гапларни. ( Баландпарвоз гапиряпти, ақллилик қиляпти деб ўйламанг илтимос). Ўзбек тилининг қанчалар улуғлигини, ўзбекона урф-одатларимиз қадрини олис юртларда яшаб, юртимиз тупроғини, байрамларини, тўйларини соғиниб юрганлардан сўранг

Яна бир гап айтай: Ўша 2016 йилда Бразилияда бўлиб ўтган Рио олимпиадасини  ёки яқинда Хитойда бўлиб ўтган футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатини эсланг. Дунёнинг кўплаб давлатларидан келган кучли спортчилар баҳс олиб борган, дунё аҳли ойнаи жаҳон орқали кўриб турган бу нуфузли мусобақаларда, ўзга юрт майдон-у ареналарида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, СОФ ЎЗБЕК ТИЛИДА юртимиз мадҳияси янграганида, қалбингиз титраб, кўзингизга ёш келмадими?! Биргина мана шу ҳолат учун ҳам ўз тилимизга қуллуқ қилсак арзимайдими, айтинг?! 

Шукрким, аждодларимизнинг қилган ишлари, ўзбек деган халқнинг нималарга қодирлигини дунё аҳлига кўрсатиб турибди. Ибн Сино, Беруний, Амир Темур, Бобур, Улуғбек каби кўплаб алломаларимизнинг ҚАДИМ ЎЗБЕК ТИЛИДА ёзган асарлари жаҳон олимлари учун дастурамал буюк қўлланма бўлиб келмоқда. Улар ана шу бебаҳо асарларни ўқиш, ўрганиш учун ҳам боболаримиз, яъни бизнинг тилимизга мурожаат қилмоқда. Демакким, тилимизнинг қудрати буюк ва шундай ҳам бўлиб қолади!

Гапларим сўнгида демоқчиман — биз ҳам ана шу аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик, ўз тилимиз билан жаҳонни “забт” этайлик, азизлар!

Комилжон Аслонов

3.46 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.46 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.13 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Бахтиёр Шералиев 18/04, 06:02

Yaxshi mavzu tanlangan. Blogpost juda chiroyli tarzda boshlangan. Blogerning hayotiy voqea asosida yozishi o’quvchini o’ziga jalb qiladi, lekin blogpost oxiriga kelib fikrlar umumiylashib ketgan.

5 Расул Кушербаев 21/04, 20:48

Juda dolzarb mavzu ko'tarilgan. Keltirilgan misol ham o'rinli.

2 Беҳзод Қобулов 22/04, 22:09

Мавзу ва фикрлар яхши. Лекин... Блогер дегани жамиятдаги тўсиқларни рўй-рост айтгувчи, очгувчи дегани (мен учун). Ушбу блогпост эгаси танқид объектини аниқ ёзмай, умумий хитоблар билан чегараланган. Бу эса журъатсизликдир. Кейинги блогпостларингизда шунга эътибор беришингизни илтимос қиламан.

3 Давронбек Тожиалиев 23/04, 21:31
2.5 Мақсуд Саломов 24/04, 18:24
3 Қаҳрамон Асланов 26/04, 13:27
3 Олимжон Солижон ўғли 26/04, 20:44
3.5 Мансур Тангишов 29/04, 15:58

Мавзу яхши танланган, ижтимоий аҳамияти ҳам юқори, муаллифнинг шахсий фикри чиройли ифода этилган, бироқ ушбу ҳолатга ечим ва таҳлил етишмаган. Муаллиф ўзининг позициясини мустаҳкамлаш учун кўпроқ аргументлардан фойдаланса блогнинг ўқимишлилик даражаси янада ортарди. Лекин тўғриси блогдаги "Менга қаранг синглим. Сизга бир гап айтайми? Мен дунёга келганимда онам ўзбек тилида алла айтиб, илк бора сўзларни қулоғимга, қалбимга сингдирди. Илк марта кўз очиб кўрсам, Ўзбекистонда туғилибман. Шундан сўнг, дунёни ўзбекона нигоҳ билан таний бошладим. Ўзбекистоннинг нон-тузини еб улғайдим, мени катта қилди шу юрт. Ва ҳозир ҳам бу ерда, яъни сизнинг олдингизда Ўзбекистонда турибман деб ўйлайман. Энди айтинг-чи, мени ўзбек тилида ёзмаслигим учун бирор сабаб борми?" деган сўзларни ростдан шу қизга ҳаётда айтилганига бироз шубҳам бор. Менимча, бу мақолани қизиқроқ қилиш учун бироз ишлов берилган шакл бўлса керак. Нима бўлган тақдирда ҳам кейинги блогларда муаллифга омад тилаб қоламан, фикрингиз тиниқ, фақат яна озгина излансангиз бунданда яхши бўлади.

3 Музаффар Назаров 29/04, 17:59
4.5 Тўлқин Юсупов 05/05, 23:32
4 Ботиржон Шерматов 06/05, 01:34
3 Иноят Садикова 09/05, 19:20

Aktual mavzu, lekin hissiyotlarga berilib, subyektiv yozilgan. Tilimizning bugungi holatiga faqatgina ma'lum kishilarning unga munosabatigina aybdor emas. Eldor Aslanov maqolalarida asl sabablari ko'rsatib o'tilgan.

4 Шерзод Шерматов 10/05, 03:44
3 Саид-Абдулазиз Юсупов 16/05, 01:25
5 Нигора Умарова 18/05, 15:19

Муаллиф ҳаётда ўзи дуч келган воқеани рўй-рост, бежамай, ҳиссиётларга берилиб кўрсатган. Фараз қилинг, ҳар биримиз, ҳар куни дуч келадиган воқеалар, Муаммонинг олдини олиш учун ҳар бир фуқаро шундай позицияда турганида эди....

4 Маҳсуджон Асқаров 18/05, 22:57
3.5 Мубашшир Аҳмад 20/05, 17:03
5 Умид Гафуров 20/05, 18:28
4 Нодир Закиров 20/05, 22:06
3 Абдумалик Носиров 21/05, 00:40
4 Адҳам Отажонов 21/05, 17:03
3.5 Уйғун Ғафуров 21/05, 17:57
4 Шунқор Чориев 21/05, 21:11
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
12 та фикр