Ўзликни англаш

Ўзим яшаётган Чинджу шаҳри(Ж.Корея)даги корейс ошхоналардан бирига кирдим. Бу ерда асосан балиқ ва денгиз маҳсулотларидан ҳар хил таомлар тайёрлашади ва айтишим мумкинки у бу борада энг яхши ошхоналардан бири. Ўзимга ажратилган жойга ўтириб, таомга буюртма бердим ва одатимча атрофни, емакхонада ўтирганларни бир-бир кузата бошладим. Турфа хил одамлар, ҳар бирлари ўз ишлари, юмушлари билан банд. Эътиборимни ёнимдаги столга келиб ўтирган, чамаси 60-70 ёшли бир кампир ва унинг икки невараси тортди, неваралари ҳали ёш, тахминимча 7-10 ёшлар атрофида. Кампир хом балиқ ва оддий, буғда пиширилган гуручга буюртма берди. Кампирни буюртмасидан невараларини авзойи бузилганидан билдим-ки, уларга бу таомлар ёқмади. Каттароғи эса бунга ўз норозилигини ҳам билдирди.

Кампир нега шунча мазали таомлар турганида бу таомларни танлагани ва невараларидан уни ейишларини талаб қилганлиги мени икки карра ажаблантирди. Пули билан боғлиқдир десам, ўзи ва неваралари ҳам яхшигина кийинган, ўзига тўқ оила вакиллари эканлиги кўриниб турибди.

Шунда кампир невараларига ўзини, оиласини ва бутун бир корейс халқини ўтмишдаги қийинчиликлар ва очарчилик йилларида кўрган, ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни шундай чиройли қилиб тушунтириб берди-ки, бу икки невараси билан бирга уни диққат билан тинглаётган мен ҳам қандайдир дақиқалар ичида бутун бир корейс халқини ўтмиши, бошидан ўтказган қийинчиликлари ҳақида бохабар бўлгандек бўлдим ва нега ҳар бир корейс хом балиқ билан пиширилган гуручни бунчалик кадрлашларига амин бўлдим.

Яқин ўтмишдан маълумки Корея ярим ороли ҳали Япония, ҳали Хитой, АҚШ каби давлатлар таъсирида бўлган. Мунтазам урушлар, гоҳ у, гоҳ бу давлатга қарамликда бўлиш ва бунинг натижасида келиб чиққан қийинчиликлар ва очарчилик йиллари ўша пайтдаги корейс халқи иродасини том маънода тоблади. Бугунги замонавий Корея давлатининг шаклланишида ҳам ўша мустабид йилларида миллат бошига тушган мусибатлардан оқилона чиқарилган хулосалари натижаси деб биламан.

Хом балиқ ва оддий гуруч эса ҳар бир корейс учун ўша йиллардан қолган аччиқ хотираларни, ўша пайтда халқ бошига тушган қийинчиликларни доимо эслатиб туради ва уларга ўзлигини чуқурроқ англашида ёрдам беради. Энг муҳими ёнимдаги столда ўтирган мана шу кампирдай буни келажак авлод вакиллари ҳам англашини, ҳис қилиши лозимлигини хоҳлашади ва имконияти бўлиши билан ёш авлодга буни тушунтиришга уринишади. Уларга ёшлигиданоқ буларни сингдиришга уринишади.

Корейс кампири ва унинг икки неварасини кўзата туриб, беихтиёр ёшлигимда гувоҳи бўлганим бир воқеа кўз олдимда гавдаланди.

Аниқ йили эсимда йўқ, давлатимиз энди мустақилликка эришган йиллар эди. Халқимиз қийналган пайтлар. Бозорларда, дуконларда буғдой, нон, ун камайиб кетган, бори ҳам тилла нархида сотилаётган пайтлар. Одамлар ўшанда буғдой тополмай арпа, жўхори, макка унларидан нон қилиб еган эдилар. Уни ҳам топган топарди, топмаган эса икки дона оддий буханка нон учун бир кунлаб навбатдан туришарди. Ҳамма қатори бизни оиламиз ҳам бу қийинчиликларни бошдан кечирмоқда эди. Дадам тонгда буханка нонга кетиб эртаси куни пешинда икки дона нон олиб келиб, сал туриб яна навбатга кетарди.

Шундай кунларнинг бирида узоқ бир қариндошимиз бобомни йўқлаб келиб қолди ва ўзлари томондаги бозорда ун борлигини, килоси палон сўмлиги учун ҳар ким ололмаётганини айтиб қолди. Бобом дарров дадам ва амакимни чақириб, ҳовлидаги ёлғиз сигирни сотиб, пулига ўша бозордан ҳаммасига ун олиб келишларини тайинлаб, қариндошимизга қушиб юборди. Орадан бир кун ўтиб дадам билан амаким ярим қопдан салгина ошиқроқ унни елкалаб кириб келишди. Хаммамиз хурсанд. Бобом ун қанчалиги билан қизиқди. Кўринишидан ўхшамасада ун қирқ килодан ошиқроқ чиқди. Бобом уни тенг иккига бўлиб, ярмини амакимга бериб юборди. Аям эса кеч бўлишига қарамай дарров хамир қоришга киришди. Тоғорага сув кейин эса ун солиб ҳамир қоришни бошлади ва зум ўтмай қўллари қориётган ҳамирга қўшилиб тоғорада тошдек қотиб қолди. Бобомни чақириб келдим. Дадам эса аямнинг қўлларини «хамир»дан чиқаришга ҳарчанд ўринмасин бефойда эди. Чунки ун сотувчилар килоси оғирроқ чиқиши учун унга қурилишда ишлатиладиган алебастр қўшиб сотишган эканлигини кейин билдик.

Бу воқеа бир умрга хотирамга муҳрланиб қолди: Йиғлагудек бир нималарни пичирлаётган бобом, кўзларини яширишга ўриниб, газета қоғозига ўралган тамакисини чуқур-чуқур тортаётган дадам ва қўллари тоғорада тош қотиб, аламидан йиғлаётсада бизга қараб кулишга ҳаракат қилаётган аям ва… икки неварасига хом балиқ билан оддий гуручни ейишларини талаб қилаётган корейс кампири.

Ўзлигимизни йўқотмайлик. Ўзлигимиз бизни эртанги кунимизни белгилайди.

3.70 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.70 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.19 / 9
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 6

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 18/04, 05:34
4.5 Мақсуд Саломов 24/04, 21:06
3.5 Давронбек Тожиалиев 24/04, 22:52
3 Қаҳрамон Асланов 26/04, 14:27
4 Олимжон Солижон ўғли 26/04, 20:58
4 Адҳам Отажонов 27/04, 16:17
4 Маҳсуджон Асқаров 30/04, 18:08
3.5 Мансур Тангишов 30/04, 21:45

Блогпост сарлавҳаси ўзликни англаш мавзуси оригинал мавзулардан эмас. Ижтимоий аҳамияти юқори ҳисобланади. Мақоладаги хотиралар ва ҳолатлар жуда таъсирчан ва ўқимишли чиққан буни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бироқ, ўзликни англаш бўйича нисбатан кенгроқ қараш, таҳлил, қўшимча аргументлар, ўзликни англаш учун нималар қилиниши мумкинлиги бўйича ечим берилмаган. Муаллифдан кейинги постларида юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда янада яхшироқ блогларни кутиб қоламан.

5 Тўлқин Юсупов 05/05, 23:58
5 Шерзод Шерматов 11/05, 23:22
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/05, 03:11
5 Музаффар Назаров 13/05, 17:25
4.5 Ботиржон Шерматов 13/05, 22:27

Яхши ёзилган. Лекин сарлавха мос эмас.

4 Расул Кушербаев 18/05, 08:37
4 Нигора Умарова 18/05, 16:08
4.5 Мубашшир Аҳмад 19/05, 05:21
3.5 Умид Гафуров 20/05, 11:15
3 Иноят Садикова 20/05, 11:56

Badiiyroq uslub tanlanishi lozim edi

5 Беҳзод Қобулов 20/05, 13:32

Афсус, гоҳида шунақа манзараларни кўриб, ўзбеклигингдан уялиб кетасан. Лекин, ҳаёт фақат шу манзаралардан иборат эмаслиги қандай яхши. Халқимизнинг бағрикенг ва олижаноблигини кўрсатадиган позитив ҳолатлар жуда кўп. Мазкур блоггпостни ўқиб, фарзандларимга нима ҳақида гапириб бериш кераклигини яхшилаб ўйлаб олдим... Раҳмат.

3 Абдумалик Носиров 20/05, 23:59
4.5 Нодир Закиров 21/05, 01:44
4 Уйғун Ғафуров 21/05, 16:48
4 Шунқор Чориев 21/05, 21:14
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр