Отанг — бозор, онанг — бозор, телевидение ҳам бозор!

Firuz Allaev
Саралаш

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ОАВ соҳасида тараққиёт тезлашгандек. Хусусий ОАВнинг ривожланиши соҳани бошдан оёқ ўзгартиргандек тасаввур қолдиради.

ОАВда тараққиёти энг оқсаётган соҳа ҳали-ҳануз телевидение бўлиб қолмоқда. ОАВнинг бошқа бирорта соҳасида телевидениеда бўлгани каби чет эл медиаси таъсирини кузатмаймиз. Мамлакатда барча пуллик телевидение хизматини тақдим этадиган студияларнинг асосий контенти рус телевидениеси ва рус тилидаги чет эл каналлари билан тўлдирилган. Масалан, Республика бўйлаб энг оммабоп пуллик телевидение хизматини кўрсатувчи оператор УзДигитал ТВнинг энг максимал МИХ Т2 тариф режасидаги 63 телеканалдан бор йўғи 20тасагини ўзимизнинг телеканаллар. Демак, телевидение соҳасида бор-йўғи 30 фоизга етарли контент чиқара оляпмиз.

Бугунги кунда телевидение бутун дунёда, айниқса Россияда ҳукумат сиёсатининг асосий пропаганда қуролига айланган. Шу учун ҳам чет эл ОАВсининг бизнинг бозорда ҳукмронлик қилиши аҳолининг фикрлашига, сиёсий қарашларига кескин таъсир қилмасдан қолмайди.

Бугунги кунда рақобатбардош, замонавий медиа бозор яратиш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлиб турибди.

Сўнгги бир ярим йилда Ўзбекистон ҳукуматининг замонавий демократик мамлакат қуриш учун кучли хоҳишини сезиб туриммиз. Эркин мамлакатда, эркин жамиятда тақиқлар муаммонинг ечими эмас. Ҳар бир фуқаро қаердан қанақа маълумот олишни ўзи ҳал қилади. Шу учун ҳам чет эл телевидениесини тақиқлаб, ўзимизнинг телевидение ривожига эришиб бўлмайди. Аксинча, ўзбек телевидениесининг чет телевидениеси билан доимий рақобати унинг ўсишига олиб келади. Чет эл телевидениесининг ўзбек телевидение бозоридаги ҳукмронлигини фақат ва фақат эркин рақобат билангина енгиш мумкин.

Телевидение соҳасининг ривожланишида хусусий секторнинг ўрни жуда муҳимдир, ҳатто айтиш мумкинки, хусусий телеканаллар телевидениенинг энг муҳим бўғими бўлиши керак. Телевидение соҳасида хусусий телеканалларнинг ривожланишини замон талабидир. Шу учун ҳам кейинги йилларда хусусий телеканаллар ривожланишини, уларда аҳоли учун қизиқарли пуллик контент яратилишини қўллаб-қувватлаш керак деб ўйлайман.

Лекин, бугунги кунда пуллик контент яратиб, Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиш мумкинми? Аҳоли маълум бир контент учун пул тўлашга тайёрми?

Совет иттифоқи давридан одамларимизда бир тушунча қолган: телевидение бепул бўлиши керак. Албатта, ўша даврда барча телеканаллар давлатга тегишли бўлган ва давлат бюджетидан келган пул эвазига фаолият кўрсатишган.

Лекин, собиқ СССР ҳудудида эркин бозор иқтисодиёти шаклланиши билан медиа бозори ҳам ривожланиб борди. Ҳозирги кунда Россия, Қозоғистон каби МДҲ мамлакатларида телевидение соҳаси асосан хусусий секторга тегишли. Хусусий каналларнинг асосий қисмини кўриш учун ойлик абонент тўлови бор.

Биз, албатта, бу борада замондан анча орқага қолдик. Айнан шу учун ҳам ҳали-ҳануз Россия телеканаллари бизнинг медиа бозорда ҳукмрон бўлиб қолишмоқда.

Фақат сўнгги йиллардагина хусусий телеканаллар ривожлана бошлади. УзРепорт ТВ, МЙ5, ЗЎР ТВ, Караван ТВ каби хусусий каналларнинг ривожланиши фақат ва фақат қўллаб-қувватлаш мумкин. Хусусий каналларнинг медиа бозорида ривожланиши рақобатнинг ошишига, бу, ўз навбатида, сифат ошишига олиб келади.

Кеча-кечагача давлат телевидениеси турли хил чет эл дастурлари ва фильмларини ўғирлашдан нарига ўтолмай қолганди. Бу борада айниқса Спорт телеканали ҳаммага машҳур эди. Ушбу телеканал спорт мусобақалари трансляциясини сунъий йўлдош орқали турли хил каналлардан ўғирлаб эфирга узатарди, кўп жойларда кулгига қоларди.

Узрепорт ТВнинг медиа майдонда ривожланиши спорт трансляциялари соҳасида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Ушбу канал Европадаги йирик футбол мусобақаларини трансляция ҳуқуқини расман харид қилиб, Ўзбекистон ҳудудида узата бошлади. Кейинчалик Узрепорт ТВ томонидан Футбол ТВ канали очилди. Футбол ТВга рақобат қилиб Спорт телеканали Франция ва Италия чемпионатларини харид қилди.

Ниҳоят, бугунги кунда бизда Европадаги йирик футбол мусобақаларини ўзбек тилида ўз ҳудудимизда расмий тарзда кўриш имконияти пайдо бўлди. Яқинда мени хурсанд қилган янгилик, эндиликда Футбол ТВ юқори сифатли HD форматда узатиладиган бўлибди.

Бу, албатта ажойиб янгилик, энди Full HD форматда телевизори бор одамлар юқори сифатда маза қилиб футбол кўриши мумкин.

Менинг назаримда, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли пул тўлашга тайёр бўлган ягона контент бу спорт телеканалларидир. Аслида УзРепорт ТВ бизни шунга ўргата олди. Мен яқин вақт орасида Футбол ТВ телеканалини кўриш учун маълум бир миқдордаги абонент тўлови йўлга қўйилади деб ўйлайман ва буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман ҳам.

Мен бугун тадбиркорман, кўпроқ тадбиркор сифатида фикрлашга ҳаракат қиламан. УЗРепорт ТВ, Футбол ТВ, Караван ТВ, Зўр ТВ — булар ҳаммаси хусусий телеканаллар. Халқ тилида айтганда, бу телеканаллар кимнингдир бизнеси. Тадбиркор одамнинг асосий мақсади маблағи, энергияси, билими ва вақтини сарфлаб, қўшимча даромад олишдир.

Шу учун ҳам УзРепорт ТВ ва Футбол ТВ телеканалларидаги футбол мусобақалари трансляцияси ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Мен ушбу трансляцияни амалга ошириш ортида улкан меҳнат ва маблағ турганини жуда яхши тушунаман.

Мен Футбол ТВни яқин келажакда пуллик телеканалга айланишини хоҳлайман. Тош отишга шошилманг, ҳозир фикримни асослаб бераман. Трансляция ҳуқуқини сотиб олган тадбиркор, юқорида айтганимдек, бундан қўшимча даромад олишни режа қилган. Трансляция ҳуқуқи ва уни амалга ошириш бир неча миллион долларга, балки бир неча ўн миллион долларга тушиши мумкин. Демак, тадбиркор энди ўз харажатини қоплаб, қўшимча даромад олиш керак. Даромад асосан иккита соҳадан келади. Биринчиси реклама бўлса, иккинчиси мижозлардан келадиган абонент тўлови.

Ўзбекистондаги бизнес доирасини, ундаги муаммоларни яхши билган одам сифатида ишончим комилки, рекламадан келаётган даромад харажатнинг бир қисмини ҳам қоплай олмайди.

Демак, келажакда трансляцияларни давом эттириш учун ягона танлов бу телеканални пуллик қилиб, маълум бир миқдордаги абонент тўловини белгилаш бўлади. Менимча, УзДигитал ТВ вилоятларни тўлиқ қоплаши биланоқ бу ишни қилади ҳам. Бошқа танлов ҳам йўқ! Ҳаммаси гўёки оддий, ҳаммасида бозор қонуни амал қилди. Дастлаб янги маҳсулот яратилиб, реклама қилинди, унга талаб уйғонди. Энди талабга пуллик таклиф қилинади, истеъмолчи ўзига керак маҳсулот (бу ҳолатда — футбол мусобоқаси трансляцияси) учун пул тўлашга тайёр.

Юқоридаги Футбол ТВ пуллик телеканалга айланади деган фикримни асослаш учун бир қатор мамлакатлардаги телевидение бозорлари билан солиштирдим. Россияда бугунги кунда футбол мусобақалари трансляцияси билан асосан «Матч Газпром» компаниясига тегишли телеканаллар шуғулланади. Ушбу телеканаллларнинг бир ойлик расмий абонент тўлови бизнинг пулда ўртача 45-50 минг сўмни ташкил этади. Францияда бўлса Канал Плус ва БеинСпорт телеканаллари учун абонентлар бир ойга 25 евро, яъни 240 000 сўм атрофида пул тўлашади. Қўшни Қозоғистонда ўйинлар трансляциясини тўлиқ кўриш учун 35-40 минг сўм атрофида тўлаш керак бўлади.

Бизда ойлик абонент тўлови бунақа йирик сумма бўлмаслиги аниқ, аҳолининг чўнтаги бунақа суммани кўтармайди, бозор ҳам унақа ривожланмаган. Лекин икки ёки уч минг сўм ойлик абонент тўловини тўлашга кўпчилик қаршилик қилмайди ва ушбу абонент тўлови телеканаллар фаолиятини ривожлантириш, келажакда сифатни ошириш учун етарлича асос бўла олади деб ўйлайман. Бир нарса аниқки, Футбол ТВ телеканалининг пуллик бўлиши — замон талаби. Шу учун ҳам телеканални пуллик бўлишини қўллаб-қувватлайман.

Юқорида ҳозирги кунда телевидение соҳасида Ўзбекистонда Россия телевидениеси бозорни эгаллаб олганлигини айтиб ўтдим. Демак, ўзимизда хусусий телеканалларнинг ривожланиши, сифатли дастурлар орқали рус телеканаллари билан рақобат қилиб, аҳоли талабини қоплай олиши жуда муҳим масала. Футбол ТВни бу борада Ўзбекистондаги илк қадам деб биламан. Кележакда цензурадан холи, расмий тарзда сифатли фильмлар, сифатли ҳужжатли фильмлар ёки маълум бир аудитория учун мўлжалланган аниқ мавзуда фаолият юритадиган телеканалларнинг ривожланиши телевидение соҳасининг замонавийликка қўйган қадамлари бўлади.

Кичкинагина хулоса қилганда, биз телевидение соҳасида бир неча ўн йилга замонавий дунёдан ортда қолдик ва ушбу муаммони фақатгина сифатли пуллик телевидение хизматлари орқалигина тўғрилай оламиз.

3.35 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.35 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 8

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Бахтиёр Шералиев 28/04, 02:39

Blogpostdan tushunganim Futbol TV degan kanal pulli bo'lishi kerak ekan. Xo'sh unda nega shu xulosa matn ichida qayta-qayta ta'kidlandi? Kerakli tahlil va mulhaza yuritilgach, o'quvchini o'sha yerga olib borib qo'yilsa, uning o'zi tushunib olaveradi. Blogpostning yozilish tili va uslubi ma'qul, lekin yondashuvga unchalik tushunmadim.

3 Адҳам Отажонов 28/04, 09:34
3 Олимжон Солижон ўғли 02/05, 20:24
3.5 Давронбек Тожиалиев 10/05, 15:10
3.5 Расул Кушербаев 10/05, 22:02
4 Мақсуд Саломов 11/05, 09:11
3.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05, 03:42
3.5 Шерзод Шерматов 17/05, 15:16
4 Маҳсуджон Асқаров 18/05, 22:30
4 Нигора Умарова 19/05, 16:11
4.5 Тўлқин Юсупов 19/05, 16:16
3 Уйғун Ғафуров 19/05, 19:16
3 Умид Гафуров 20/05, 01:20
1 Беҳзод Қобулов 20/05, 14:08

Ким қаршилик қилаяпти бунга? Гап нимада ўзи? Мақсадни тушунмадим...

3 Музаффар Назаров 20/05, 14:55
4 Қаҳрамон Асланов 20/05, 20:40
3.5 Шунқор Чориев 20/05, 21:03
3 Абдумалик Носиров 20/05, 23:42
3.5 Мубашшир Аҳмад 21/05, 00:13
3.5 Мансур Тангишов 21/05, 11:49
4.5 Нодир Закиров 21/05, 13:07
3 Иноят Садикова 21/05, 14:14
3.5 Ботиржон Шерматов 21/05, 21:03
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр