Оғриқли нуқта. «Чегарадан чиққан» ватандошларимиз

Миллий ўзликни англаш, миллий ғурур сингари тушунчаларни кўп эшитганмиз, ўқиганмиз, ўзимиз ҳам кези келганда ана шу чиройли жумлаларга кўп бор мурожаат қилганмиз. Аммо уларнинг ортида жуда катта масъулият, жавобгарлик ҳисси борлигини кўп-да англайвермаймиз.

Ўзбекона қадриятлар деганда ўзимизнинг бой ўтмишимиз, меҳмондўстлигимиз, олижаноблигимиз, меҳнатсеварлигимизни айтиб мақтанишни ҳам оби-тобига келтирамиз. Лекин, бу сийқаси чиққан мақтовларни бир четга суриб, ўзимизга четдан баҳо берадиган пайти келмадикимикин, деб ўйлаб қоламан баъзан.

Келинг, даставвал ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани эслаб ўтсам, қолган гапни кейин айтаман.

Бундан икки йилча муқаддам бир халқаро анжуманда иштирок этиш учун нуфузли олий ўқув юрти раҳбариятининг таклифи билан Туркияга боргандим. Мамлакат шимоли-ғарбидаги Болу шаҳри Истанбулдан беш соатлик йўл экан. Икки кунлик анжуман тафсилотларига мавзуга алоқадор бўлмагани учун тўхталиб ўтирмайман. Анжуман ўтгач, кечга яқин Истанбулга қайтдик. Хорижлик меҳмонлар учун ажратилган микроавтобус Тошкент самолёти учишидан икки соатча олдин каминани Истанбулдаги Отатурк аэропорти остонасига ташлаб кетди.

Тепасида «Тошкент» деб ёзилган багаж топшириш пунктини бошқаларидан бир қарашдаёқ фарқлаб олиш мумкин экан. Гап шундаки, бошқа шаҳарларга учувчилар индамасдан келиб, юкларни топшириб, ўзлари хотиржам паспорт назорати томон ўтиб кетишади. «Бизникилар» эса, кимнинг қўлида кичикроқ сумка кўриб қолишса, «Акажон, опажон, сизга озгина юкимни қўшворсак майлими?» деб дарров ёпишиб олишаркан.

Қўлимдаги 10 кило нари-берисидаги юкни кўрган бир опахон билагимга маҳкам ёпишиб олди.

— Укажон, юкингиз озгина экан, ўзим қийналган, ёлғиз аёлман, битта ёрдам қиворинг энди, келишиб кетамиз.

— Опажон шошманг, аввал чиптамни тасдиқлатиб олай, — деб уни аранг тинчитдим.

Аммо, ҳақиқий ҳангома ҳали олдинда эди. Мен узатган электрон чиптани компютердаги рақамларга солиштираётган кўзойнакли оператор йигит айбдор қиёфада елка қисиб, қайтариб берди:

— Сиз бугун эмас, икки кундан кейин учаркансиз!

Эсхонам чиқаёзди:

— Орқадошим, бу қанақаси? Мен бугун учиб кетишим керак, икки кун мен қаерда қоламан?

Овозим сал қўполроқ эшитилдими, назоратчи йигит буқақараш қилди:

— Бей эфендим, мен нима қилишим керак? Мана, экранда сизнинг чиптангиз икки кун кейинга расмийлаштирилган.

Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлаб беролмайман. Қўлимда чамадон, паспорт ва чипта билан қаерга боришни, нима қилишни билмай қолгандим. Хайрият худди шу пайтда ёнингда сенинг юртингдан келган, сенинг тилингда гапирадиганларнинг борлиги одамга анча қувват, мадор бўларкан.

Қолаверса, мезбонлар — анжуман ташкилотчилари бор-ку? Улар бу муаммони ўзлари ҳал қилиб беришар? Биринчи хаёлимга келгани —ташкилочилардан бири — университет профессори бўлди. Яхшиям ташрифномаси ёнимда экан. Қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. Профессор гапларимни эшитиб, хийла таассуфланди:

— Ишчи гуруҳдаги ёш, тажрибасиз ходимларимиз хатога йўл қўйган кўринади. Мен ҳозир Истанбулда эмасман, акс ҳолда дарров етиб борган бўлардим. Вақт ҳам алламаҳал бўп қолди. Шаҳардаги бирорта меҳмонхонада тунаб қолинг. Эртагаёқ бу масалани ҳал қиламиз. Кетган ортиқча харажатларингиз ҳам қопланади.

Ичим сал ёришган бўлса-да, барибир кўнглимдаги ғашлик тарқамаганди. Бу шаҳар мен учун тамоман бегона бўлса? Қаерга бораман? Қайси меҳмонхонада тураман? Шаҳарга икки қадам йўл учун фалон лира пул олишади. Арзонроқ жойни билмасам...

Шунда ҳолатни кузатиб турган «опахоним» дарров жонимга оро кирди: — Укажон, билетни нотўғри регистрация қилиб қўйишибди-да! Ҳечқиси йўқ, «Турк ҳаво йўллари»да танишим бор. Бор-йўғи 200 кўкидан берсангиз, «шесть секунд»да чиптангизни бугунга тўғрилаб бераман.

— Опажон, ўзи чиптамни ҳам конференция ташкилотчилари жўнатишганди. Менда ортиқча пул нима қилсин? Чўнтагимда 20 доллардан сал кўпроқ пул бор, холос.

Опа сал ҳафсаласи пир бўлганини сездирмасликка тиришди.

— Бўлди, бўлди, бошқа йўлиям бор, — дея қувлик билан кўзини қисди. — Мен сизни битта танишимнинг уйига жойлаштираман. Қўлига ўша 20 долларни берсангиз етади. Фақат икки кундан кейин шу ерда кўришамиз, юкимни Тошкентгача етказиб берасиз. Келишдикми?

Бегона шаҳарда, деярли пулсиз, кўчада қолиб кетиш ташвиши мени қаттиқ таҳликага солиб қўйганди. Ҳали ўзимни тутиб олмасимдан опахон мени етаклаб, аэропорт олдида «тирикчилик» қилиб юрган бошқа бир «ҳамюртнинг» ёнига бошлаб борди:

— Фалончи ака, бу киши менинг тоғаваччам бўлади. Чиптаси икки кундан кейинга экан. Сизникида тура турсин, икки кунгина, майлими?

Ўрта ёшли, сочларига оқ оралаган эркак кескин бош чайқади:

— Э қўйсангиз-чи, ўтган сафар «амакиваччангиз»ни жойлаб кетувдингиз, бир тийин бермай, яна янги курткамни кийиб сурворибди. Ким билсин буям...

Қоним қайнаб кетди. Булар мени ким деб ўйлаяпти? «Бўлди опа, ёрдамингиз учун катта раҳмат, жой-пой керакмас», деб нари кетдим. Худди шуни кутиб тургандек, иккита ёшроқ йигит шартта икки томонимдан келишди:

— Брат, кўриб турибмиз, ЧП бўп қопти. Ёнингизда қанча пул бор ўзи?

Мен соддалик билан борини айтдим.

— Ҳмм, брат, Истанбул Сизга Тошкент эмас. Ҳа майли, бўлар иш бўпти. Бу опага ишонманг, ғирт мошенник-ку, яхшиям у билан кетмадингиз, нақ бор-йўғингизни шилиб оларди. Биз «Лалели»да савдо қиламиз. У ерда арзон меҳмонхоналар кўп. Ўзимиз жойлаб келамиз. Рейс жўнаб кетиши билан метрода етволамиз, бўптими?

Бунақа пайтда ким қаерга бошласа кетавераркан одам.

— Бўпти укалар, сизларга ишондим!

— Фақат, брат, кетишингизда бизни юкни ўзингизникига қўшиб опкетасиз, «окей»ми?

Кўнмасдан бошқа чорам қолмаганди. Йигитлар билан метрода «Лалели»га йўл олдик. Кечаси 11 дан ошиб қолганига қарамай, «Лалели» даҳасидаги дўконлар ҳамон ишлаб турар, шерикларим йўл-йўлакай учраган танишлари билан салом-алик қилиб боришарди. Кейин билсам, бу бозорда ҳамюртларимиз жуда-жуда кўп, «Отчопар» ёки «Чорсу»дан кам фарқ қиларкан. (Ҳар қалай эртасига эрталаб, қизиқиш учун расталар айланганимда бунга яна бир бор амин бўлдим).

Шерикларим икки тарафини ёймачилар эгаллаб олган тор кўчалардан мени узоқ айлантириб, ниҳоят тўрт қаватли, эскироқ меҳмонхонага олиб боришди.

— Брат, сиз шу ерда туринг, бегоналарга сразу жой йўқ дейишади. Ўзим гаплашиб чиқаман.

Университет профессорининг «бугун амаллаб туринг, эрталаб ўзимиз муаммони ҳал қилиб берамиз» деганини эслаб, чўнтагимдаги бор пулим, 24 доларни ҳалиги йигитга узатдим.

— Брат, бу пулингиз бир кунга етади, холос.

— Мен ҳам эрталаб бу ердан чиқиб кетаман, танишлар келишади, бугун амаллаб турайлик.

Йигит бир зум ўйланиб тургач, тўрт долларни қўлимга қайтариб берди.

— Унда манави пулга ужин-пужин қиволарсиз. (Ҳар қалай, ҳали инсофини батамом йўқотиб юбормаган экан барака топкур).

Тўртинчи қаватнинг энг тўридаги каталакдек хонада жойлашдик. Ҳар қалай пулига яраша-да, беш юлдузли меҳмонхонада туриш учун чўнтак анчагина бақуват бўлиши керак.

Вақт ўтиши жуда қийин бўлаётганди. Хонани қулфлаб пастга тушдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, меҳмонхона мижозларининг деярли ҳаммаси ўзимизникилар экан. Мана, фойеда иккита сармаст эркак ёшликдаги шўхликларини эслаб, қаҳқаҳа отганча «яримта»ни майдалашяпти. Сочи калта қирқилган йигирма ёшлардаги қиз (телефонда ким биландир гаплашганида у ҳам ўзбек эканини пайқадим) юзини соқол босган турк йигитининг пинжига тиқилганча ҳиринглашяпти. Иккита ёшроқ йигит, талаба бўлса керак, меҳмонхона маъмури билан арзонроқ жой талашяпти.

Беихтиёр бояги «шеригим» марҳамат кўрсатиб, таниши орқали жой гаплашиб бергани эсимга тушиб, секин маъмур йигитнинг ёнига бордим. Бўш хоналар ва уларнинг нархи билан қизиқдим. Маълум бўлишича, меҳмонхона номерларининг ярми бўш, нархи ҳам 10—15 доллар атрофида экан... Хуллас, менга «беминнат» ёрдам кўрсатган ҳамюртим ўз чўнтагини ҳам унутмабди.

...Ёз чилласида, кондиционери ишламайдиган торгина хонада амаллаб тонг оттирдим. Эрталаб меҳмонхона телефонидан профессорга қўнғироқ қилиб, манзилимни тушунтирдим. «Ишқилиб, буям қулоққа лағмон илмаган бўлсин» деб тургандим. Хайрият, саккизларга яқин анжуман ташкилотчилари меҳмонхонага машина юборишди. Мени шаҳар марказидаги тузукроқ меҳмонхонага жойлаштириб, юз берган англашилмовчилик учун узр сўрашди. Икки кунлик харажатларни ҳам тўла қоплашди.

Ниҳоят, икки кун ўтиб, яна аэропортга етиб келдим. Яна юракда олдингидек ҳадик. Ишқилиб чиптам яна «орқага сурилиб» қолмаганмикин? Йўқ, бу гал «Суғур куни» такрорланмади. Яна ўша издиҳом, икки кун аввал кўрган одамларим.

Албатта, Тошкентга қайтувчилар орасида олди—сотди билан шуғулланувчилар аксариятни ташкил қилади. Бундан ташқари, кўп йиллардан бери Истанбулда яшаб, униси—бунисидан Ўзбекистонга юк жўнатиб пул ишлашни касб қилиб олганлар ҳам йўқ эмас. Яна бировлар йўловчиларнинг сумкалари очилиб кетмаслиги учун скотчлаб бериш эвазига яхшигина чойчақа олишяпти. Майли, йўлини қилибди, қандини урсин.

Аэропорт ходимлари ҳам «ҳамюртларимиз»нинг бу қилмишларини яхши билиб қолгани учунми, имкон бўлиши билан уларни уришиб, огоҳлантиришар, ҳатто кези келганда, қувиб солишар, аммо «учар»ларимиз бирпасдан кейин яна пайдо бўлишаркан.

Тунов куни менга «беминнат ёрдам» кўрсатган «укалар»ни бугун кўрмасам керак деб ўйлагандим. Адашибман. Уларниг ўзи бир пайтда мени топиб олишди.

— Брат, қалай бўлди? Сизни «лох» қилмоқчи бўлган ўша профессорлардан минг-икки минг «кўки»дан ундирмабсиз-да! — дея илжайди эски танишим. — Эҳ, ўзим ёнингизда бўлмабман-да! Ҳа майли. Энди эркакча ваъдани бажарасиз. Озроқ юкимиз бор. Қўрқманг, унақа ёмон нарсамас, ҳаммаси кийим—кечак. «Таможня» бошни қотирса, жиянларга совғага олдим деб тураверасиз. Ҳаммас «законни». Жавоб, брат!

«Укалар»нинг меҳмонхонага жойлаштиришдаги уддабуронлиги эсимга тушиб, энсам қотди. Лекин пачакилашиб ўтиргим келмади. Майли, ҳар қалай ўша куни бир кечага бўлсаям жой топиб беришди-ку!

Барака топкурлар мени паспорт назорати томон кузатишдан олдин телефонига суратга олиб қўйишни ҳам унутишмади. Ахир, у бечоралар қаердан билишсин: Тошкентга боргач, аэропортдан чиқишим билан уларнинг юкларини «ухлатиб» кетишим ҳам мумкин-ку?

...Хуллас, самолётдан икки кунга кечикишим ҳисобига хорижда юрган ҳамюртларимизнинг «янги қирралари»ни ўзим учун кашф этгандек бўлдим.

Бу воқеага икки—уч йилча бўлиб қолди. Ҳозир ҳам вазият шу тахлит давом этяптими, ўзгардими — билмайман. Аммо, аэропорт эшиги олдида туриб, тўрт—беш танга илинжида дуч келган одамни аврашга, энг аввало ўз юртдошларидан нимадир ундиришга шай турган дўстларимизни ҳали-ҳамон эслаб тураман.

Бу ҳақда кўп бора ёзишга чоғландим-у, истиҳола қилдимми, негадир орқага суриб келдим. Фақат. Яқинда, мамлакат раҳбарининг парламент минбаридан туриб, «бизга ўз ватанини, халқини, миллатини севадиган инсонлар» деган баралла хитобини эшитиб, анчадан бери дилимни хира қилиб келган хотираларни ёзишга жазм қилдим.

...Мени олис юртларда, ўз оиласини боқиш, кам-кўстини бутлаш учун сарсон-саргардон юриб, ҳалол меҳнати билан пул топаётган дўстларимиз кечиришсин. Мени дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб, ўзбекнинг ақлу заковатини намоён этаётган ёшларимиз кечиришсин. Юртимизнинг хорижий ўлкаларидаги ваколатхоналарида фаолият юритаётган, ўз вазифаларини адо этаётган давлат хизматидаги ҳамюртларимиз кечиришсин. Аммо, Ватан сарҳадидан чиққан ҳар бир фуқаро ўзи билан бирга миллат шаъни, юрт ғурурини ҳам елкасига ортмоқлаб кетаётгани, уларга қараб, бегоналар бутун бошли халқ устидан ҳукм чиқариши мумкинлигини эътибор олмас экан, яхшиси, уйидан чиқмай ўтиргани минг марта маъқул.

Мен шу халқнинг оддий бир вакили сифатида дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам, ўзбек деганда кимларнингдир кўз олдига «билиб-билмай» номусфурушлар қўлига тушиб, кимларнингдир жирканч эҳтиёжини қондираётган ожизалар эмас, арзимаган чойчақа эвазига ҳар қандай паст ишни ҳам бажариб кетаверадиган, на тил, на қонунни биладиган «гастарбайтерлар»лар эмас, шахсий манфаати йўлида ҳатто ўз қондошларини ҳам аямайдиган фирибгаларни эмас, фақат ва фақат зукко, маданиятли, ҳалол, мард, теран фикрли, ёруғ юзли, покиза қалбли, эзгу ниятли инсонларни келтиришини истайман, холос.

3.96 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.96 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.19 / 15
  • Муштарийлар баҳоси
    4.38 / 13

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 23/04/2018
5 Беҳзод Қобулов 23/04/2018

Изоҳга ҳожат йўқ. Жуда ичкин ҳиссиётларга берилмасдан, хитобнамо гапларни қалаштирмасдан жараённинг ўзини сувуққонлик билан таҳлил ва танқид қилиш – мана бу ҳақиқий устанинг иши! (блогпостнинг охирида гап тугамай қолган. Бошқа блогпостларда ҳам бошида ёки охирида шунақа ҳолат кузатилаяпти. Назаримда, бу техник хато. )

5 Абдумалик Носиров 24/04/2018

Виждонни нонга қўшиб еб юборганлар тўғрисида яхши фикрларни ёритибсиз. Сизга омад тилаган холда чемпионатни кейинги босқичига чиқасиз деб умид қиламан.

4 Давронбек Тожиалиев 24/04/2018
5 Олимжон Солижон ўғли 26/04/2018
5 Мақсуд Саломов 27/04/2018
5 Адҳам Отажонов 27/04/2018
5 Маҳсуджон Асқаров 04/05/2018
4 Расул Кушербаев 05/05/2018
5 Шерзод Шерматов 09/05/2018
4 Мансур Тангишов 16/05/2018
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05/2018
4 Мубашшир Аҳмад 18/05/2018
5 Нигора Умарова 18/05/2018
3.5 Қаҳрамон Асланов 18/05/2018
4 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
4.5 Музаффар Назаров 19/05/2018
4.5 Шунқор Чориев 19/05/2018
5 Умид Гафуров 20/05/2018
5 Иноят Садикова 20/05/2018
5 Нодир Закиров 20/05/2018
5 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр