Оғиш бурчаги

Хотира:

Мактаб. Олтинчими-еттинчи синф. Алгебра дарси. Ҳамманинг дами ичига тушган. Сўзлар тил учида, кўзлар синфхона ўртасида қаққаймиш қотма, рангпар болапақиру унинг қаршисида тобора тажанглашаётган “раҳбар”да. “Раҳбар” деганимиз — Синф раҳбари: “Шомуродип домилла”. “Биринчи муаллим” кетдию “Синф раҳбари” келди. Математика ҳам улғайганакан — Алгебра бўлди...

Шундай қилиб, дарс... йўқ, дарз кетаётганди, нимагадир. Он сайин “раҳбар” тутақади, болапариқ ютақади. Теграсига олазарак аланглайди. Худдики, саволнинг жавоби синфхонада сочилиб ётибдию, йиғиб-терса бўлди-дай. Савол нимайди ўзи:

“...Яна бир марта, ўзбекчалаб сўрайман. Сонди (!) иккинчи (!) даражаси (!) квадрат (!), хўш, учинчи даражаси (?)...”.

Болапақир боз ютинди. Сўлагига қўшиб жавобни-да ютиб юборди, чоғи, томоқ қирди. Буни ҳар ким ўзича тушунди. Сукунат лахта қотди. Айниқса, “раҳбар”нинг сукути ... Йўқ, энди нимадир дийиш шарт! Майли, нотўғри бўлсаям... Нимадир дейиш ша-артт... Қани...

***

Тирикчилик:

— Танаффус, у-ув, уйғон!

Тириклик:

— Ухламаяпман. Хаёлим қочибди...

Тирикчилик:

— Шу “қочоқ” хаёлларинг бир кун бошингни ейди.

Тириклик:

— Ўзини ўзи еркан-да?

Тирикчилик:

— Нима деганинг у?

Тириклик:

— Бу бошда хаёлдан бошқаси йўқ, деганим. Тўғрироғи, хомхаёлдан.

Тирикчилик:

— Пишиб қолгандир? Яшаётганингга яраша.

Тириклик:

— “... Наҳотки, мен яшаётган бўлсам?”

Тирикчилик:

— Нодир-ноёб жумлалар жимжимасига ўчлигинг қачон қолади-а?

Тириклик:

— Нодир... мас, Нодар — Нодар Думбадзе. “Абадият қонуни”да шундай ёзган. “Манучар” деган мараз тилидан.

Тирикчилик:

— Маразмисан?

Тиркилик:

— “Соғ” бўлганимда, бошқача ўтармиди кунларим... Ҳаммага ўхшаб, дейман-да.

Тирикчилик:

— Қандай?

Тиркилик:

— Шундай. Фаол, намунали, ошиғи олчи, топармон-тутармон...

Тирикчилик:

— Ҳасадми, бу ҳавас?

Тириклик:

— Ҳайрат... Ҳамма деганни деб, ҳамма еганни еб юриш қўлимдан-ку балонинг ўқидай келади, аммо...

Тирикчилик:

— Виждондан ваъз айтмаган сен қолувдинг ўзи...

Тириклик:

— Виждон... Нима у: “...сувми, шўрвами, адёлми?” Мендақаларнинг луғати учун “виждон” — санскритча сўз. Исботини кўрасан ҳали...

Тирикчилик:

— Яхши-яхши... Финалга ниманг бор?

Тириклик:

— Сени бир кулдирай. Ҳеч нима...

Тирикчилик:

— Сабаб?

Тириклик:

— Нимани ёзишни билолмай қолдим. Шу.

Тирикчилик:

— Туре-е! Шуям “сабаб”ми? Мавзу-муаммо бижғиб ётибди-ку, қадамда қоқиласан.

Тириклик:

— Шуни айт. Лекин... ишонч чатоғроқ-да.

Тирикчилик:

— Нимасига ишонмайсан?

Тириклик:

— Нимадир ўнгланишига. Матбуотни ол: ёзасан, ёзғирасан, дод солиб қоровул чақирасан... Ким ўқийди? Мажбурий обуначиларми? Пистафуруш, сомсапаз, носкашларми ё? Ошиб борса, уч-тўртта зиёлисиёқлар, эллик марта эснаб-эснаб кўз югуртиради. Ёқиб тушсаям нима дейишлари аён: “...тузув-тузув, манби жойларини бироз ишлаш кере, атак ўсиш бор болада... Уп-пҳҳ, чёрт, ошши кўп евориппан...”

Тирикчилик:

— Эҳ-ҳее... Оролингдан чиқ, Жумавой, кема келгани қачониди?

Тириклик:

— Нуҳ кемасими? Бориб сўрачи, жуфти йўқ махлуқни ҳам олишармикан?

Тирикчилик:

— Одам бўмайсан!

Тириклик:

— Албатта, ахир олдимда сен турибсан. Одамзот сенга йўлиққунча яхлит бўлади, кейин... майда бир мавжудотга айланиб қолади.

Тирикчилик:

— Ҳай-ҳай-ҳай, сенга гап бўлса... Ие, ҳа, тусинг ўзгарди?

Тириклик:

— Э... эски бир ярамни эсимга солдинг. Биттаси айтганди қачонлардир: “...сиззи гапда енгиб бўмиди!” Ахмоқлигим далили ўлароқ, илжайгандим ўшанда. Ҳалигача ундай... ширин ҳақорат эшитмадим.

Тирикчилик:

— Балки йиғлаб берарсан?

Тириклик:

—...Нима деятувдинг? Ҳа, финал... Кенгаш берчи, хўп, бозор кўргансан, ҳайтовур?

Тирикчилик:

— Бозорбопи керакми? Им-м... Во... Президентни мақта! Ишларини алқа...

Тириклик:

— Кўпга қўшилиб кучаниш ўз йўлига. Улгурарман. Кейин... нима учун айнан? Ортиқча оҳанжамани йиғиштириб, гапнинг гарткамига ўтсам, мен учун аҳвол ўша-ўша ҳалиям...

Тирикчилик:

— Нима “ҳалиям?”

Тириклик:

— Ҳалиям хоҳлаганимни ёзиб, ҳохламаганимни ёзмаяпман. Ҳалиям тусаганимни ўқиб, тусамаганимни ўқимаяпман... Хўш, китобларми? Уларнинг нархи ҳалиям ўша-ўша. Лекин, рости, бундан кўпам куйинмаганман: кутубхона бор, китобхўр таниш-билишлар дегандай... Ойликми? Ҳалиям ижара пули, йўлкира, қорин, телефон... ўртасида “улоқ” бўп кетяпти. Прописками? Чин, ишхоналарда ижикилашмаяпти.., деб оғиз тў-ўлдириб айтгим келяптию, вилоятлардаги кепатани кўриб, тилимни тишлаб қоляпман. Тошкент ҳам жуда-а “Сусамбил”га айланиб қолгани йўқ — ҳалиям пропискасиз борсанг, пешоналари тиришиб қаршилаётган жойлар етарлича. Махсус суриштирув шартмас, иссиқ жоннинг иситмаси қўзиб, бирорта давлат клиникасига кир, кўрасан “ислоҳот”ни. Тиши оғриб кирган, тўшини ушлаб чиқади...

Бош ролда Дензил Вашингтон ўйнаган “Ота меҳри” киносида, юрак операциясининг ўта қимматлигидан, жон талвасасида ётган ўғлини асраб қолиш-чун чорасиз ота... бутун округ шифохонасини гаровга олади. Ўша ерда анчадан бери “енг ичидаги” кирдикорлардан бохабар юрган, ёш бир амалиётчи кутилмаганда “портлаб”, шундай дейди: “...Эҳтимол, бешинчи қаватда адолат ҳукм сураётгандир, аммо бу ерда...”. Шу гапни са-ал ўзгартириб айтмоқчиман: эҳтимол, пойтахтда, айрим ташкилотларда адолат ҳукм сураётгандир, аммо бошқа жойларда, айниқса вилоятларда...

Тирикчилик:

—...Ўпкангни бос, “бу ер сенга Монако эмас, ошна, бу ер Боғдод!” Мен ҳам бир кинони эсладим ва эслатдим: “13 ҳудуд”. Французларники. Кўрганмисан... Ҳазил! Хў-ўп, нима, ҳеч нарса ўзгармадими, сенингча?

Тириклик:

— Ундай демадим, кўпиртирма! Ўзгаришига лафз очилган, бироқ ҳалиям муз ҳолича ётган оғриқлардан жағ урдим. “Яхшилик мақтовга мухтожмас, аммо ёмонлик қораланиши шарт!” (Карим Баҳриев). Ҳа, ёмонни ёмон дейиш керак, фақат ўзига, юзига дейиш керак, ортидан “сасимай”! Умумий ўзгаришларга, ўнгланишларга келсак, нимаям дердим, бажарилиши шарт бўлган ишларни бажариши шарт бўлган одам бажараяпти. Вассалом! Нимасига мақтов-алқов? Манзилимизга эсон-омон элтиб қўяётгани учун ҳайдовчига ҳамду сано ўқимаймизку? Йўл ҳаққини берамиз, кетаверамиз. Бунда “йўл ҳаққи” — фуқаролик бурчларимиз...

Тирикчилик:

— Унда... олдингисининг гўрига ғишт қала. Аҳли қаламнинг “қийқириқ мода”сику ҳозир.

Тириклик:

- Қўрқаман.

Тирикчилик:

- Худсоветданми?

Тириклик:

- Худодан!

Тирикчилик:

- Уф-ф...

Тириклик:

- Йўқ, сен “...берди”синиям эшит-да энди. Ўша, гўрига ғишт қалаб юрганлардан озми-кўпми хабарим бор. Кечагина, отаси ўлгандай, марсия ёзишганди. Ундан олдин, тиригида, мадҳиялар ёзишарди. Бугун эса... Тонгда мадҳия, шомда марсия. Шундайми? “Аҳли қалам”мас, аҳли аламга хос “ҳунар” бу. Сигири қисир чиқса ҳам, айб сигиримдамас, фалончининг ҳўкизида-а, деб жар солишни қойиллатади улар...

Тирикчилик:

- Маддоҳлик, деяпсан. Шуни “руҳий рағбат” дейиш ўринлироқдир, балки, “далда”ми ё?

Тириклик:

- Сендан яхши муҳаррир чиқаркан... Исмини эслолмадим, ишқилиб, қайсиямдир саркарданинг ҳайкали остига шундай сўзлар ўйилган экан: “Товонингни яламоқчи бўлаётганни эзғилаб ташла!” А, бизчи? Товонни ялашу ялатишга иштаҳамиз карнайлиги касрига товон тўлаймиз доим.

Тирикчилик:

- Демоқчисанки, ҳамма бало ...

Тириклик:

- ...ўзимиздан ўсиб чиқади: ўзимиз овоз берамиз, ўзимиз кўтарамиз, ўзимиз мақтаймиз, ўзимиз бузамиз, ўзимиз ёмон қаритамиз, ўзимиз кўмиб келамиз, ўзимиз йиғлаймиз, ўзимиз зиёратига борамиз, ўзимиз “номини абадийлаштириш” чора-таклифларини ташлаймиз ва ўзимиз... ғийбатини ғовлатамиз. Янгиси сайланди ахир энди навбат унга! Азиз Несиннинг мақтову хушомадлардан эси оғиб қолган арбоб, аниқроғи мақтову хушомадлари билан ҳар қандай арбобнинг эсини оғдирувчи омма ҳақидаги ҳикояси калламда кўп айланяпти, охирги пайтлар.

Тирикчилик:

- Китоб ҳақида гапиргандай бўлдинг боя. Шуни ёзсангчи: китобхонликнинг фойдаси, мутолаа гашти... Сен тенгилар “Spark”ка даъвогар.

Тириклик:

- Бу мавзуда икки оғиз айтарим бор: то қўлимизда китоб борлигидан қисиниб-чимтиниб-уялиб юрарканмиз, то китоб варақлаб ўтирган жойимиздан тўрттаси туриб кетаверар экан, то “кино”ю “клип”ларимизда китоб қўлтиқлаб, кўзонак таққанлар - “лох”, “ботаник”... сифатида кўрсатиб-кулинаркан, то китоб дўконларимизда китоббехабарлар сотувчилик қилар экан, то олигархлар - “аллома” саналаркан ва то президент учунгина (хўжакўрсинга!) китобхонлик “тарғибот”лари олиб борилар экан... бугунги жамиятимизда китоб мутоласининг аҳволи ўнгланмайди, ўнгланмайди, ўнгланмайди!

Тирикчилик:

- Тошиб кетди-е, ошишам гапми... Шу-унча фестиваллар, ярмаркалар, шоулар... озмунча одамнинг бошини китобга эгмагандир?

Тириклик:

- Унсини билмадим. Китобхонлик бобида саноққа урғу бериш, фикримча, қандай ҳаводан нафас олишмас, неча марта нафас олиш муҳим, қабилидаги гапдай... “Китоб савдосининг, умуман китоб тарғиботининг тепасида турган одам камида Баҳри Ғуломовадай бўлиши керак!", деганакан раҳматли профессоримиз Азиз Қаюмов.

Тирикчилик:

- Қаерда ўқий қолдинг?

Тириклик:

- Курсдош жўраларимдан бири, у кишининг вафотларидан бир неча ой олдин, топшириқ юзасидан хонадонларига ўтганди. Суҳбатларини олибди. Баҳри Ғуломовага қизиқиб, телевидения кутубхонасига кирибди. Бир қучоқ китобу китобчалар кўтариб келганди. Эртаси тушгача қопкетдим. Ўшаларни варақлаб-да... Ў-ў, йигирма йилдан зиёд китоб олди-сотдиси билан шуғулланган бўлса, ҳа-ар келган янги китобни аввал ўзи ўқиб, кейин растага чиқариш одатини ҳеч қўймаган экан... Олтмиш олтинчи йилдаги Тошкент зилзилсида ерпарчин ётган мингта китобни, вайроналар остидан ковлаб оларкан, боласини ковлаб олаётгандай эзилиб йиғлаганакан. Буни кўриб-кузатиб турган акаси – Ғофур Ғуломнинг ҳам ўпкаси тўлиб кетган экан... Ҳозиргиларчи?

Тирикчилик:

- “Оқ байроқ!” Бошқа “вагон”га ҳатлаймиз. Кейинги бекат, Худо хоҳласа... Айтганча, диндан доклад қилсангчи? Ҳа нима. Не-ечтаси, минг йиллик мулладай, “амру маъруф” қиляптику. Асос ачиб ётган бўлса: муқаддас ой, муқаддас амаллар, мақаддас сўзлар ...

Тириклик:

- Икки қароқчи бир дайдини ўрмонда сўйишибди. Тўрвасини титкилашса, озроқ қоқ гўшту шароб чиқибди. Қароқчилардан бирининг иштаҳаси очилиб, “ўлжа”га ташланган ҳам эканки, иккинчиси “тарс!” урибди қўлига: “Нафсингни тий, худобехабар, бугун рўзаку!”... Кўк гулдираса, ўғрига инсоф битармиш. Инсоф битгани яхшикуя, гулдирашнинг тинчиши баробарида инсоф жониворнинг жонига қасд қилишимиз яхшимас-да. Рўза чиққунича нафсга тортган “бисмил”ларимиз узра рўза чиққач “пахмел”лар карахтлигида “қайта қуриш” бошлаймиз. У қилдик, бу қилдик, тақвониям тақвимга илдик.

Тирикчилик:

- Давом эт-давом эт?

Тириклик:

- Бўпти. Давоми жинингга ўтирмаса, айбга буюрмассан. Чекка қишлоқлардаги имомларнинг ҳоли хароб: киссасиям, калласиям... Биласан, диний идоралар нодавлат ташкилот саналгани учун ойлик-пойлик деган нимарса йўқ, уларга. Бор-йўқ “тушум” — хайр-эҳсонлару маъракалардаги кўрпачаости “қистир-қистир”лардан. Униям пойтахтга юборадими, оиласига обборадими, тасарруфидаги мачитнинг кам-кўстига сарфлайдими... Шугина “хизмат ҳаққи”га тоғдай топшириқлар юклашади: маҳаллада можаро — “...муллани чақиринглар!”, мактаб-коллежда дилхиралик — “...имомниям олволинглар!”, суд-тергов — “...домла қани?”... Ўйлаймиз-да: бир кунда беш вақт намоз бўлса, мачитдаги эҳсон қутисига анча-мунча йиғилиб қоларов... Тошкентда у. Ва бу — табиий ҳол. Қишлоқ мачитларида, рамазон жумаларига жаъм бўлмиш жамоатни Тошкент жомеъларида, ҳар куни, дейлик, шом намозининг ўзида кўриш мумкин. Кўпдан кўп йиғилади. Озчиликдан, боз устига, ҳар-ҳар замон беш-ўн минг сўм “саховат” қип қўядиган озчиликдан эса...

Хўп, калла масаласи. Бу тахлит “боқув”дан алҳами олти бўлган қишлоқ имомларимизнинг илинжи — қавмининг дастурхонидан: никоҳ, хатна, ақиқа, жаназа... Қавмининг илинжичи? Тезроқ “расмий қисм”лардан қутулиб, даҳлиздаги “бўйни узун”ларни дастурхонга тортилишидан. Бунинг учун биргина кимса — тўрда ўтирган саллалию соқолли “мушайт беряпти”. Буни унинг ўзиям илғаб ўтирибди — чўғ устида ўтиргандай. Ҳамияти миталамаган имом зоти аввали келмайди бунақа даврага. Келса-да, бир шартини бошданоқ кўндаланг қўяди уй эгасига: “...охиригача арақ-парақ қўймайсан!”. Аммо-лекин-бироқ бунақаси думли юлдуздай юз йилда бир ўтади.

Чор-ночор “мулла бува” битта ютинадию ваъзга тутинади: “Ўзи-и ичиш гуноҳмас ундай, энди-и ичибоп, кайпда кимгадир зиён-заҳмат етказсак, ана у — гуно-оҳ...”. Кечадан қолган овқатдай тўнглаган турқларда “ренессанс” қўпади: “Боракансиз-ку-йей... Опке, қуй-қуй!” Тамом. У ердан галдираб-алжираб чиққанларга оят-ҳадис айтдинг нима — эшакка азон айтдинг нима! Эшитганинг шу бўлади: “...епсаней, гуноҳ-пуноҳмасакан ичиш, палончиникида, пистончи мулла айтти, ўзиям ичди”. Кўп ўтмай, шу ширакайфлардан қайсидир бировини, қандайдир жинояти важҳидан ТВда “пушаймон қилиб” ўтирган афтини кўриб, ғижинишниям “қотирамиз” кейин.

Хўш, ўша “пистончи мулла”, тўғрисини айтганида, қайтарганида нима бўларди? Ўша “палончи” уни бошқа айттирмасиди мавлуд-маъракасига. Камига ўша даврадагилар ҳам... Алвидо, назр-ниёз! Албатта, тишини берган Худо, ризқиниям беради. Лекин... тиланиб топилган ризқ... Билмадим.

Қиссаи кўтоҳ, қишлоқлардаги имомларимизга моянами нимадир тайинланиши зарур. БАШАРТИКИ, аттестацияга ўхшаш синов-саволлар ҳам: илми зўр, мадраса кўрган ва албатта, ҳалқуми ҳалоллардан тузилган ҳайъат имтиҳонларидан ўтсагина олсин оларини! Бу нима беради? Имомларимиз амал-тақал ёдлашган саккизта сурани, шариатмас, шароит юзасидан “тафсир” қилганча, айлантири-иб юравермай, ўз устларида ишлайди: китоб титади, дунёдан бохабар бўлишга уринади ҳамда ўз-ўзидан қавмини-да “ўтлатмайди”. Муносиблар тақдирланади — мунофиқлар эмас!

Тирикчилик:

— Бу ҳақда бош қотиришаётганмиш-ку? Яъни жойларда йиғилаётган эҳсон пуллари ўша ҳудуддаги мачит ходимларининг ўзига, маъносидаги “проект” кўрилаётганмиш. Яна “Вақф” фонди...

Тириклик:

— “Миш-миш” — гапнинг урғочиси. Кейин... хонаси келганда айтай: фатвою фармон, қонун-қоида... ҳар кун чиқяпти, деярли. Хўп, унинг ижроси-чи? Амалда-чи?.. Чакаги тинмайдиган камолотчи, зулфиячи, тарғиботчи... ва ҳоказо “...чи-...чи-...чи”ларнинг чиранишидан ишонгинг кеп-кетади, бир нималарга. Не шомки, қабулхоналардаги кети кўринмайдиган навбатларни, порталлардаги адоқсиз арз-додларни, марказларга босим қатнаётган шикоятчиларни кўрасану...

Жамғармалар, хайрия ташкилотлари борликка-ку бор бизда. Фақат, кўпикка ботган ОАВимизни бир четга суриб айтсак, байрам-пайрамларда, ҳиёбонлардаги музқаймоқларни текин тарқатишгани янглиғ “жонбозлик”лардан ташқари нима каромат кўрсатишяпти улар?! Чораси кўрилаётган бўлса, яхши. Кўрамиз: номи ила номаи аъмоли ўзаро мувофиқ нимадир оёққа турадими ёхуд тағин битта номи улуғу супраси қуруқ ташкилот қаққаядими...

Тирикчилик:

— Охирги марта қонунми, қоидами ўқиганинг қачониди?

Тириклик:

—Ўқишга ўқиб тураман, кунора. Уқиш қийин. Қонунчилигимиз тили — диққинафас тил. Такрорий кириш сўзлари, қайтариқ жумлалар, мажҳул нисбатдаги феъл-кесимлар, узундан-узун эргаш гаплар... сил қилаёзади, одамни. Шуни қисқа, лўнда, халқчил ёзишса, нима, “қонун” отлиғ салобатига соя тушадими? Буёғи Напалеон Бонапартнинг гапи: “Қонунларни шунчалар тушунарсиз ёзингки, авом изоҳ сўраб, ўзимизга келсин ва биз уларни ўзимизбоп алфозда изоҳлайлик”.

Тирикчилик:

— Камолотчи, зулфиячи, тарғиботчи... Хўп, буларнинг, ҳеч бўмаса, одамга ўхшаб гапиришлари учун нима қилиш керак, дейсан?

Тириклик:

— Мухолифат керак! Аҳмаджон Мелибоев дегич домламиз талабаликда айтарди: “Партия дегани, мақсад-муддаосига биноан — мухолиф, дегани. Яъни ҳар бир партия ўзидан президент опчиқиши керак. Сайлов пайти ҳар бири ЎЗИНИНГ НОМЗОДИНИ югуриб-ютоқиб пиар қилиши керак”. Бизда ҳам бирмас, тўртта партия бор, Худога шукр. Сайлов мавсумида, қизиқ, биттаси — “O’zLiDep” югуриб-ютоқади, қолганлари... унинг ортидан ҳаллослайди.

“Адолат” партиясида анчадан бери ишлайдиган бир ошнамга: “Шу партиянг нима беряпти сенга, деҳқончасига тушунтирчи?”, деганимда ундан: “Бир миллион икки юз минг сўм ойлик беряпти, ва-ха-ха-а...”, жавобини олувдим. “Миллий тикланиш”да икки йилча ишлагани ҳам кулмоқчийдию, бўғилиб қолди негадир: “Қиладиган ишимизнинг оти — уйма-уй юриб, аъзолик бадали йиғишиди. Сўнг шуни “тадбир” деб, газит тўлдирардик. Бўшадимей, охири. Эртасида ўсиш кўрмадим, оға...”

Индалло, мухолифати чалажон юртда, ана шундай — иссиқхонада етиштирилган мадҳиябозлар урчийди. Етмагандай, жўровоз машшоқлар қўшилади. Машшоқ кўпайса, қашшоқ... Э, ҳаммага отнинг қашқасидай маълум-ку уёғи.

Тирикчилик:

— Тўғрикуя...

Тириклик:

— Бўлар-а? Чўзилса, ҳатто латифаниям тузи қочади. Мен айтаримни айтдим, қайтарим йўқ. “In God we trust” — долларда шундайчикан ёзув бормиди...

Тирикчилик:

— Доллар, де... Сўнгги сўроқ. Нима дардда қатнашяпсана, бу чемпионатга?

Тириклик:

— Тўрт йил “учлик” степендияга ўқиган, сўғин уч йилча олти юз минг ойликка ишлаганнинг “дард”и нимаям бўларди? “...Нега ҳар нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсайдур, ўғлим!”

Тирикчилик:

— Тфу-ей...

***

Хотима(...ўрнида хотиранинг давоми):

...Болапақир жавобмас жон берди, гўё: “Ки... куб...”. Энди “раҳбар”нинг жони чиқди: “Билийкансанку жавобди, мана? Шуни айтиш учун желкамди жовурини чиғаришинг шартмиди, Бобоқулип? Отангди калласи кампитирку, сен нимага ундаймассан, Бобоқулип? Ё нимага чичип қўйған боладай ў-ўтирасан, билганингдиям гапирмайсан-а-ей, Бобоқули-ип?.. ”. Болапақирнинг боши эгилгандан эгилиб борар, хира нигоҳлари партадаги дафтарида чизилган параболанинг оғиш бурчагини пайпасларди ҳадеб.

Шербек Бобоқулов

4.35 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.35 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.59 / 11
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 11/06, 04:20

Bu safargisi meni darajamdan biroz baland chiqibdi. Munosib bahoni vaqtning o'zi beradi. Omad tilayman.

4 Расул Кушербаев 11/06, 10:17

Uslub yangicha va original. Biroq mavzular ko'p va ayrim holda kompozitsiyani tushunish qiyin.

3.5 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:22
4 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:27

Яхши ғоя, оригинал тақдим. Лекин ҳаддан ортиқ чўзиб юборилган. Асосий фикрнинг ўзи етарли эди. Омад ёр бўлсин.

3 Давронбек Тожиалиев 11/06, 15:51

Турли масаллиқларни бир қозонда қайнатишга ҳаракат қилгансиз. Пост тили зўр. Лекин бундай баён ҳар доим ҳам муваффақиятли чиқмайди.

3.5 Уйғун Ғафуров 11/06, 18:35

Бу мақолани баъзи масалалар юзасидан хусусий ёндошув, шахсий фикр деб қўйишимиз мумкин. Лекин ҳар на деганда имому "мулла"ларни танқид қилавериш, "тирноқ остидан кир кидириш" атеистик тузумдан қолган одатимизга айланмаса эди деб чўчийди одам.

5 Қаҳрамон Асланов 11/06, 19:23

Муаллифнинг фақат ўзига хос услуби менга ёқди. Аввалги блогпостлари ҳам манзур бўлганди. Омад.

4.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 12/06, 03:33

Услуб ўзига хос. Аммо ҳазми осон эмас. Интеллектуал пост бўлибди.

4.5 Беҳзод Қобулов 12/06, 09:06

Бобоқулип, мундайчикин нимарса жазғандан кегин, гапди жиловини сал тортади-да... Жиддий айтганда, ўқиш аввалида ажабсинаш ва мутолаа иштиёқи туғилди. Ўртароғида зерикиш туйдим, маълум ва машҳур гапларнинг қайтариғидан муддаони англашга тиришдим. Охирроғида эса умумий концепцияни тушунгандек бўлдим. Лекин, матнда ортиқча, қисқартса ҳам бўладиган ўринлар бор. Шунчаки ақллилик қилинган баъзида. Бунақа жидду жаҳд билан ёзгандан кейин ёмбидек қуйма нарса яралиши керак эди. Эҳтимол, муаллиф ўзининг ёзганларини таҳрир ва таҳқиқ қилишни эп кўрмаган (балки вақти бўлмаган) дир. Баъзо имло ва мазмуний хатолар боиси шундадир. Аммо, шу туришда ҳам жуда ғаройиб битиклар ёзибди. Омад тилайман)))

3.5 Нодир Закиров 12/06, 10:00

Ўзига хос услуб, лекин бироз чўзилиб кетган.

5 Абдумалик Носиров 12/06, 11:57

Бугунги кун башарамиз очиқ ойдин кўрсатилган.

4.5 Мансур Тангишов 12/06, 14:08

Ёзиш услуби оригинал. Муаммоларни бу қадар маҳорат билан кўрсата олиш ҳам санъат. Ўзига хослик учун максимал бал қўйдим. Лекин низомга мувофиқ бирор таклиф йўқлиги учун озроқ пасайтиришга тўғри келди. Таъсирли расмлардан ҳам фойдаланилганда ва қисман мавзуларга ажратилганда бунданда қизиқарли блогпост бўлар эди. Лекин, ушбу йўналишда ёзишда давом этсангиз блоггингда муваффақият қозонишингизга шубҳам йўқ.

4.5 Нигора Умарова 12/06, 15:03

Замонавий услубда ёзилган "Калвак махзумнинг хотира дафтаридан" туркумидаги мақола бўлибди.

4 Ботиржон Шерматов 12/06, 16:41

Узига хос ёзиш услуби, муаллиф мени куриниб турибди, лекин укишга озгина кийналдим. Кизик гаплар бор.

5 Мубашшир Аҳмад 12/06, 19:17

Офарин! Куннинг бир неча хил масаласини оригинал тарзда очилибди. Камига ечимлар ҳам бор. Мириқиб ўқидим.

4 Мақсуд Саломов 12/06, 19:29

Yozilgan materail sifatida yaxshi. Lekin blogpost sifatida yaxshi deb bo'lmaydi. Keragidan ortiq uzun tuyuldi menga.

4 Умид Гафуров 12/06, 21:02

Кўп блогерларни ўқийман. Бундай адабий услубни биринчи кўришим. Муаллиф ўзи билан ўзи суҳбат қилишини ўқиш осон эмас. Тўғриси салгина чалкашиб кетдим Тириклик ва Тирикчилик ролларига киравериб.

5 Музаффар Назаров 13/06, 01:04
4 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:34

Finalga bundanda yaxshiroq blogpost kutgandim. Blog oching, o‘qib boraylik sizni. Chempionatdan keyin yo‘qotib qo‘ymaylik sizni.

4.5 Шерзод Шерматов 13/06, 01:58
5 Иноят Садикова 13/06, 07:33

Gap bo'lishi mumkin emas!!! Mazza qilib o'qidim! Boshqa blopostlarni ko'pini esa, mana bunday alpozda o'qishga majbur bo'lgan edim: "Ошиб борса, уч-тўртта зиёлисиёқлар, эллик марта эснаб-эснаб кўз югуртиради." ))

4 Адҳам Отажонов 13/06, 11:12
4 Шунқор Чориев 13/06, 11:55
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
8 та фикр