Муаммони ким ҳал этади ёки пиёдалар ҳуқуқларининг бузилиши нималарга сабаб бўлмоқда?

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзо Улуғбек кўчаси икки тарафи бир хилда чиройли дарахтлар, майсазор ва гуллар билан безанган бўлиб, ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Мазкур кўча ва унинг икки юзидаги пиёдалар йўлакларининг асфальт қилинганига кўп бўлгани йўқ. Шу боис йўллар текис ва равон. Бироқ...

Фақат мазкур Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган 95- ва 97-сонли кўп қаватли уйлар ёнидаги пиёдалар йўлаги бундан мустасно. Сабаби, бу уйлар атрофдагиларга нисбатан бироз чуқурроқ жойлашгани боис катта йўл юзидаги майсазорни суғориш ва ёғингарчиликлар пайтида, ҳаттоки, катта йўлнинг нариги юзидаги барча сув ҳам шу уйларга қараб оқади. Уйлар атрофидаги ариқлар ҳам талаб даражасида эмас. Сув оқиб кетиши керак бўлган ариқ қаердадир кўмиб ташланган бўлса керак. Шу боисдан сув умуман оқмай, ариқдан тўлиб-тошиб уй атрофини сув босиб кетади. Ташкил бўлган кўлмаклар асфальтнинг вайрон бўлишига сабаб бўлиш билан бирга пиёдаларнинг ҳаракатланишига ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Энг ачинарлиси, бу уйларда истиқомат қилувчиларнинг таъкидлашича, биринчи қаватдаги хонадонлар поллари захдан шишиб кетган. Қаттиқроқ ёмғир ёққан пайтда мазкур уйлар худди кўл марказида жойлашган оролчага ўхшаб қолади. Бундай шароитда кўчага чиқиш ҳам, кўчадан уйга кириб олиш ҳам мушкул. Қолаверса, бу ҳолат уйларнинг зилзилабардошлигига салбий таъсир кўрсатмасмикан, деган хавотир ҳам йўқ эмас.

Ачинарлиси шуки, 2017 йилда «Ипотека-банк» филиали томонидан мазкур уйларга хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига кредит ажратилган. Ушбу кредит олиниши жараёнида аҳоли, энг аввало, мазкур муаммони ҳал этиш шарти билан розилик билдирган эди. Бироқ, на ширкат ушбу муаммони ҳал этди ва на банк раҳбарияти кредитнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилди.

Мазкур туманнинг «Хирмонтепа» (аввалги Никитина) кўчасининг икки четида ҳам на пиёдалар йўлаги ва на ариқ мавжуд. Бу эса ушбу кўчада пиёдаларнинг ҳаракатланишида жиддий қийинчиликларни туғдириши билан бирга ёғингарчилик мавсумида сувнинг оқиб кетмай кўлмаклар ҳосил қилиб, асфальтнинг носоз ҳолга келишига сабаб бўлмоқда. 

Назаримда, автомобиль йўлларини равон этишга эътибор қаратиш баробарида пиёдалар йўлакларни ҳам унутмаслик керак. Ёки бу йўлакларга қилинган меҳнатнинг тез фурсатда абгор ҳолга келиб қолмаслиги чоралари кўрилиши зарур.

Автомобиллар ўз йўлидан қоидага мувофиқ юришлари зарурлиги сингари, пиёдалар ҳар доим ўз йўлидан ҳаракатланишлари даркор. Бу – йўл қоидаси, яъни қонун талаби. Бироқ, бу талабнинг бажарилиши учун шароит яратилганми? Энг ачинарлиси, шаҳар кўркини бузиб турган оғзи очиқ қудуқларни, ўйдим-чуқур, паст-баланд, кавлаб ташланган йўлакларни кўриб дилингиз ранжийди. Қор-ёмғирли кунларда ҳосил бўлган кўлмаклардан қочиб, автоулов йўлига чиқиб кетган пиёдаларнинг ҳайдовчилардан ҳақорат эшитган ҳолларига ҳам кўп дуч келгансиз, яхши биласиз. Бу гапларни айтишимизга сабаб, айрим кўчаларда пиёдалар йўлаклари савдо, умумий овқатланиш шохобчалари, бошқа корхоналар ва хаттоки хонадонлар томонидан ўзлаштириб юборилган.

Хўш, пиёдалар ҳуқуқларини ким ҳимоялайди, улар учун белгиланган йўлакларни қайси ташкилот назорат қилади? Бу йўлакларнинг доимо соз ҳолда бўлиши учун қайси идора масъул.... Бу саволларга ким жавоб бераркин?

Бизнингча, арзимаган муаммодек туюладиган ушбу масалага жиддийроқ эътибор қаратилса, кўплаб нохушликларнинг олди олинади. Йўловчиларнинг манфаатлари бу халқнинг манфаати демакдир. Айниқса, бу масала шундоқ ҳам имконияти чекланган, ногиронлик аравачаларида юрадиган инсонларнинг, шунингдек, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳларнинг ҳам манфаатини англатади. Тобора чирой очиб, гўзал фусну тароватга эга бўлиб бораётган диёримизга келган ҳар бир меҳмон бу юртда барчанинг манфаатлари бирдек эътиборда эканини, энг аввало, ана шу пиёдалар йўлакларида кўради.

Умид қиламизки, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва мазкур муаммони бартараф этишга масъул бўлган бошқа идоралар Мирзо Улуғбек ва Хирмонтепа кўчаларидаги қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўради ва биз жараённинг давоми ҳақида яна ахборот берамиз.


Қуйидаги фотолавҳалар кучлироқ ёмғир ёққан чоғдаги видеолавҳалар олдида ҳеч нарса эмас.

3.60 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.60 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Мансур Тангишов 06/05, 01:34

Ушбу блогпост шаклан ва мазмунан блоггерликдан кўра кўпроқ журналистик ёндашувга яқин бўлибди. Жамиятдаги мавжуд муаммолардан бири кўтарилган ва унинг асл ҳолати ҳақида маълумот берилган, фотолавҳалар илова қилинган. Агарда ана шу фотолавҳалар матн орасида бўлганда ва ҳар бирига ўзига хос изоҳ берилганда ўқимишлилик даражаси янада ортган бўлар эди. Журналистик суриштирув қисман олиб борилганлиги блогпостни ўқимишлилик даражасини ошишига сабаб бўлган. Бироқ, кўтарилган мавзу бўйича, расмий мурожаат қилинганлик ҳолати мавҳум, таҳлил кам, хулоса қисми натижа кутиб қолиниши билан тугалланган. Муллифнинг ўз фикри ва ушбу ҳолатга ўз ёндашуви, ўзининг ечими сезилмаган.

4 Расул Кушербаев 12/05, 01:16
4 Маҳсуджон Асқаров 12/05, 17:14
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/05, 03:18
4 Шерзод Шерматов 17/05, 23:13
3.5 Давронбек Тожиалиев 18/05, 16:02
4.5 Нигора Умарова 18/05, 20:18
3 Олимжон Солижон ўғли 19/05, 00:35
4 Мақсуд Саломов 19/05, 14:26
3.5 Бахтиёр Шералиев 19/05, 14:34
3 Тўлқин Юсупов 19/05, 18:02
4.5 Уйғун Ғафуров 19/05, 18:22
5 Умид Гафуров 19/05, 23:37
3.5 Мубашшир Аҳмад 20/05, 09:42
3.5 Қаҳрамон Асланов 20/05, 14:48
4 Музаффар Назаров 20/05, 18:16
3.5 Шунқор Чориев 20/05, 20:43
3 Абдумалик Носиров 20/05, 22:57
5 Иноят Садикова 21/05, 00:51
5 Нодир Закиров 21/05, 06:04
4.5 Адҳам Отажонов 21/05, 18:06
4 Беҳзод Қобулов 21/05, 19:15
4 Ботиржон Шерматов 21/05, 20:42
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр