Мен қамчини севаман, менга зуғум ёқади

Финалга етиб келган блогер дами чиққан пуфакка, заряди тугаган батареяга ўхшайди. Тишининг ковагидаги мавзуларини ёзиб бўлган, энди бошқа топиш керак. Энг эсда қоларли блогпостлар дастлабки босқичларда кузатилиши сабаби шудир, эҳтимол. Буни, кўпчилик эътироф этса керак. Хусусан, 2-босқичда биринчи ўринни олган Исроил Тиллабоев “Биринчи блогпостни финалгача сақламайсанми, аҳмақ”, деб ўзига хос тарзда танбеҳ берган эди. Ким билиб ўтирибди, дейсиз. Дарвоқе, билмаслик ҳақида гап кетди. Билганларим ҳақида эмас, билмайдиган нарсаларим ҳақида ҳам ёзиб кўрайчи.

Олдиндан айтиб ўтишим керакки, бу сафарги мавзу эркинлик эмас, зеҳниятимиздаги қаттиққўлликка мойиллик ҳақида. Муаллиф эркинлик тарафдори сифатида доим норози постлар ёзиб давлат сиёсатини танқид қиларди, энди бошқача фикрлаб қолибди, десалар дейишсин.

Сиёсатшунослик ва жамиятшуносликка оид яхши мақолалар эълон қилган, Европада илмий иш билан шуғулланаётган толиби илмга бир вақтлар берган бир саволимга жавоб ололмаганман. “Одамларни қандай қилиб тезлик билан тартибга ўргатса бўлади? Жамиятнинг онгини ошириш керакми ёки кескин (баъзида адолатсиз) чоралар кўрилиши тўғрими? Энг тартибли ва қонунга итоаткор кишилар ривожланган ғарбдадир. Тўғри, улар маданиятли, онги юксак этиб тарбияланган. Аммо 80 йил олдин ўртоқ Сталин даврида ҳам одамлар кучли тартибга ўргатилганди. Европаликлардан фарқли равишда ярим оч, саводхонлиги паст аҳоли қаттиқ жазодан қўрқарди. Айтингчи, тезлик билан тартиб ўрнатишга тўғри келса, қайси йўлдан юрардингиз?”. У йигит “буни алоҳида мақола қилиш керак”, деди, аммо ёзмади, шундай қилиб бу саволнинг жавоби менга қоронғулигича қолди.

Фараз қилинг, тиғиз кўчанинг четини одамлар қўлбола “стоянка” қилиб олган. Стол қўйиб писта-қурут ҳам сотишади. Аммо бир куни “стоянка”нинг ёнидаги бино нақ майдонча устига қулиб тушиши эҳтимоли аниқланди. Маҳаллий ҳокимият огоҳлантирувчи ёзув илди, махсус белги осди, тўсди, маҳаллий посбонлар аралашди. Одамлар ёзувга қарармиди – машина қўйишда ва савдо қилишда давом этди. Шунда ҳокимият дубинкали ўнта милиционерни жалб қилиб машиналар ва одамларни куч билан чиқариб юборди. Шу тариқа катта фожеа олди олинди. (Бу бир мисол, тўғри, ҳозир давлат бирор янгилик киритса, одамлар тагида бир балоси бор, деб шубҳаланади, аммо у бошқа мавзу). Ёки ҳайдовчи камарини олинг, шофёр зоти борки, мелисани кўргандагина тақади, ҳолбуки у ўзининг саломатлиги учун керак. Мен ишлайдиган ташкилот ходимларини ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишади, аммо одамлар шуни ҳам четлаб ўтиб, беш-ўн сўм эвазига “справка” олиш пайида бўлади. Ҳа, одамларни мажбурламаса, бошқалар тугул ўзига яхшиликни раво кўришни ҳам бас қилиб қўярмикан, деб ўйлайсан киши.

Бугун ғарб маданиятидан таъсирланган зиёлилар сиёсий эркинликлар, либераллик, дахлсизлик, плюрализм каби тушунчаларни шарҳлаётганини, уларнинг давлатчиликдаги аҳамияти ҳақида ёзишаётганини тез-тез учратамиз. Буларнинг барчаси зарурлигига шубҳа йўқ, аммо шартли равишда бўлинган шарқ ва ғарб давлатлари етакчиларининг сиёсий қиёфаларини таққослаб, шарқда муваффақиятли автократ лидерлар оз эмаслигининг гувоҳи бўламан. Келинг, шарқ давлатларининг “қамчиси бор” етакчиларига назар солайлик. Мустафо Камол Отатурк (Туркия), Оятилло Ҳумайний (Эрон), Пак Чон Хи (Жанубий Корея), Махатхир Муҳаммад (Малайзия), Ли Куан Ю (Сингапур) ва бошқалар. Уларнинг ҳеч бирини либерал ёки демократ деб бўлмайди, ҳаттоки, диктатор деб сифатлашади. Улар ҳам ўзига ёқмайдиган фикрни бўғган, мухолифатни репрессия қилган, ўзининг танқидчиларини аяб ўтирмаган, ОАВ устидан назорат ўрнатган, қисқаси қўлидан қамчисини қўймаган. Аммо қаттиққўллик билан бўлса-да, ислоҳотчи лидерларнинг эришган юксак натижалари эътирофга лойиқ, зотан уларнинг учтаси мамлакат иқтисодини “Осиё йўлбарси” даражасига кўтарди. Биз қизиқ одамлармиз, мажбурламаса, натижа бермаймиз чоғи. Зеҳниятимизда “етакчи қаттиққўл бўлиши керак” деган ақида сингиб кетган, ҳаттоки, юмшоқ табиатли етакчига бўйсунгимиз келмайди. Айниқса, псевдоанархиядан кейин ҳозиру нозир бўлувчи автократияни хуш қаршилаймиз. Ҳа, мундоқ раҳбарга ўхшаб бир сўкса, бошқа гап экан. 2016 йилнинг сўнгида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимлари халқ томонидан сайланишини таклиф қилди. Тўғри, бу янгиликдан хурсанд бўлдим, чунки тайинланган шахс тайинлаганнинг, сайланган шахс эса сайлаганларнинг иродасига қараб иш тутади. Аммо бу ислоҳотнинг меваси кечпишар деб биламан, чунки сайлаш малакаси йўқ одамларимиз ё бир артистмижоз ваъдабозни, ё супертанишбилишчини ё бўлмаса ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган мўмин-қобил кишини сайлаб қўйишади ва кейин “раҳбар дегани қаттиққўл бўлиши керак”, деб ғудраниб юришади. Афсуски, бизнинг ҳар қандай раҳбарни диктаторга айлантирувчи “қудратимиз” бор.

...Яна бир гап. Мухолифатдаги собиқ депутат Пўлат Охуновнинг ёзишича, биринчи президент Ислом Каримов умрининг охиригача лавозимда қолишига сабаб Наманганда таъқиб ва қатағон қилинган диний фаоллар учун жавобгарлик хавотири бўлган. Тасаввур қиляпсизми, агар 91-92 йилларда Наманган тартибсизликлари рўй бермаганда, диндорлар бу қадар қаттиқ қатағон этилмасди, журналистлар эркинлиги бўғилмасди. Эҳтимолки, 90-йилларнинг эркинлик ҳавоси ҳуқуқий онгимизни юксалтириб қўйгач, президентга лавозимни бўшатиш ҳақидаги бош қонунни эслатишга иродамиз етган бўларди. Ва бугунги ислоҳотлар ўн беш йил олдин бошланарди. Пуллар ўмарилмаган, “каламуш”лар урчимаган, “симёғоч ҳам қамалмаган”, таълим тизими тўғнамаган бўларди... Яна ким билади, дейсиз. 

4.41 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.41 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.57 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 29

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Бахтиёр Шералиев 10/06, 13:04

Ajoyib boshlangan blogpost, balki davomini o'zingiz tasavvur qilib fikrlab olavering deyilgan tipidagi ishdir, har kim o'z dunyoqarashidan kelib chiqib berilgan mujdaning davomi to'liq tasavvur qilib olaveradi. Lekin shaxsan menga muallifning to'liq tahlil va fikrlarini bilish juda qiziq edi. Shunday bo'lsada, ajoyib ish uchun muallifga tashakkurlar. Omad tilayman.

4 Мансур Тангишов 10/06, 16:09

Кўп нарса ҳақида ёзилибди. Лекин, аниқ таклиф берилмабди. Муаммо одамларимизда бўлса, шу одамлардаги фикрлашни ўзгартириш учун нима қилиш керак, шу ҳақида бироз тўхталиш керак эди. Таъсирли мисоллар, таҳлил, расмлар етишмабди. Лекин, муаллифнинг жуда чиройли фикрларни баён қилиш услубини алоҳида қайд этиш керак.

4 Уйғун Ғафуров 10/06, 21:58

Мавзу матн кичиклигига яраша қисман очилган

4.5 Мубашшир Аҳмад 10/06, 22:31

Маҳорат билан ёзилган, аммо кишида қандайдир мавҳум ҳис қолдирадиган мақола.

3.5 Давронбек Тожиалиев 11/06, 12:20

Ҳақиқатдан ҳам биринчи турдаги блогпостингиз яхшироқ эди. Бу сафаргисида сунъийлик сезилди. Мутолаа табиий кечмади.

3.5 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:24

Қаттиққўл раҳбарлар ўз давлатларини ривожланиш йўлига олиб чиққан эканлар, демак улар ҳалол, диёнатли раҳбар бўлганлар ва халқ уларга ишонган. Ўзи порахўр, маданиятсиз раҳбар ҳар қандай қиёфада иш юритмасин халқ унга ишонмайди ва эргашмайди. Оқибатда биздаги каби аҳвол вужудга келади. Демак гап қамчида эмас. Омад ёр бўлсин.

3.5 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:28
5 Қаҳрамон Асланов 11/06, 16:44

Асосан, фикрларга қўшилмайман. Диктатура ҳамма жойда бор. Қаердадир шахслар диктатор, қаердадир қонун диктатор. Қачонки қонунлар жамият истакларидан келиб чиқса, жамият сайлаган раҳбарр қонунни ҳамма нарсадан устун қўйса, ўша қонунга ўзи ҳам амал қилса, ана ўшанда унинг қаттиққўллиги фазилатга айланади. Халқ бунга тайёр эмас, халқ тушунмагани учун, халқ тўполон қилмаганда унақа бўларди бунақа бўларди - бу гаплар гўёки олдин сузишни ўрганинглар, кейин бассейнга сув қўйиб берамиз, дейишдек гап. Нега Наманганда тўполон бўлди? Чунки халқ узоқ йиллик ёпиқ тизимда яшаб, эркинликка тайёр эмасди. Худди шу гапни муаллиф яна айтмоқда. Бу ҳолда, ҳеч қачон биз тайёр бўлмаймиз, шундайми? Бир кун Ли Куан Ю каби раҳбар келса, ривожланамиз, у ўлиб, эртасига Генерал Франко келса, яна қулга айланамиз ва ҳоказо.. Мана шу шахсларга боғлиқ ҳолда давом этаверамизми юз йиллаб? Бу шунчаки мавзу юзасидан фикрлар эди холос. Блогпост яхши ёзилган. Муҳими, муаллифнинг дунёқараши акс этган, мунозарали ва қизиқ мавзу танланган, асослар изланилган.

5 Адҳам Отажонов 11/06, 18:51

Намангандаги воеқалар бир баҳона бўлган, холос...

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 12/06, 02:48

Финал учун хийла бўш блогпост бўлибди. Зеро, муаллиф нималарга қодирлигини аввалги босқичларда кўрсата олганди. финалда эса, ўзининг таъбири билан айтганда, "заряди" тугаб қолгандек.

4.5 Нодир Закиров 12/06, 08:42

Дадил ва дилдаги сўзларингиз учун, қисқа ва лўнда ёзганингиз учун раҳмат.

5 Расул Кушербаев 12/06, 11:47
5 Абдумалик Носиров 12/06, 12:38

Хозирги кун одамларимизни юксак даражадаги тартибга фақатгина "жарима"лар сола олади. Европадаги тартибнинг асосида хам улкан "жарима"лар туради. "Жарима" бор бўлгани учун фуқоролар ўзларини ўзлари назорат қилишга мажбур бўлишади. Тартиб бўлишига светафорларга ўрнатилган камераларни мисол қилиш мумкин. Андижондаги шахар йўлларида бундан 15 кун олдинги тартибсизликда асар хам қолмади. Хамма асабни сақлаган холда сигнал чалмасдан тартиб билан харакатланмоқда. Шунинг учун жамиятдаги асосли жарималар биз юксак даражадаги тартибга чорлай олади.

4 Ботиржон Шерматов 12/06, 14:41

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолардан холи, ижтимоий ахамияти бор, тахлил мавжуд. Умумийрок мавзудаги макола булибди. Ечим ва таклиф йук. Хаёлга келиб колган фикрларни когозга туширгандай булибди. Бундан яхширогини кутгандим.

5 Нигора Умарова 12/06, 15:11

Мақолани ўқидим-у, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Бозор"идаги "бозорона" сўзларига уйқаш фикрлар уйғонди: миллат, иллат, лат... Наҳотки "мазохизм" шу даражада бизга "ёқимли" бўлиб бораётган ёки шууримизга сингиб илдиз отиб кетган бўлса... "Сиёсатшунослик ва жамиятшуносликка оид яхши мақолалар эълон қилган, Европада илмий иш билан шуғулланаётган толиби илмга бир вақтлар берган бир саволимга жавоб ололмаганман. “Одамларни қандай қилиб тезлик билан тартибга ўргатса бўлади? Жамиятнинг онгини ошириш керакми ёки кескин (баъзида адолатсиз) чоралар кўрилиши тўғрими? Афсуски, бизнинг ҳар қандай раҳбарни диктаторга айлантирувчи “қудратимиз” бор". Муаллиф ўзига хос улубни танлай олган.

4.5 Беҳзод Қобулов 12/06, 18:46

Жуда ширин татиган паллада тугаб қолган таомдек туюлди менга... Бугун ҳам умумий ижтимоий тафаккур ўшандай бетартиб ҳаркатларга доялик қилишга бел боғласа-чи? Бугун ҳам тарих такрорланмаяптими? Бугун ҳам айримлар раҳбари олийнинг тоқатини тоқ қилиб, бошланаётган гўзал ислоҳотлар ярмида қолмасмикин, дегандек ҳадик-хавотирли саволлар ҳар бир зиёлининг қалбида бор. Умид ва таскин шулки, интеллигенциянинг сиз каби жиловтортар жўмардлари бор экан, бетгачопарлик ва ҳақиқатталаблик борасида ҳаддимизни, ҳақимизни биламиз, деб умид қиламан. Сиз менга айтган эдингиз: "Ановилар ҳам тараққиётга хизмат қилаётганини сира ўйлаб кўрганмисиз?" тарзида. Ўйладим, кўп ўйладим. Сиз ҳақ экансиз. Душманона назар, йўқ, адашдим, яратилган, тўқилган эртакка терс назар ҳамиша фойдали экан... Хуллас, блогпост менга ёқди.

5 Музаффар Назаров 12/06, 22:26

енил киноя манзилга тез етишини енгиллаштирибди. Баён услуби силлиқлигидан бир нафасда ўқиш мумкин

5 Умид Гафуров 13/06, 00:42

Шундай қисқа ва долзарб блогпостлар тарафдориман!

4.5 Мақсуд Саломов 13/06, 01:05

"Haddan ortiq qattiqqo'llik/zo'rlik ishlatish bilan rahbar sifatida insonlarning munosabatini o'zgartirish mumkin" degan fikrdan voz kechib, "insonlar munosabatini o'zgartirish orqali o'ta qattiqqo'llik/zo'rlik/zulm bilan boshqarishni isloh qilish kerak" degan fikrni xalqqa singdirish vaqti allaqachon kelgan. Post yaxshi. Lekin tugallanmay qolgandek taasurot qoldirdi.

4.5 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:13

Bu blogpostni nega blogingizga joylamadingiz? Bu blogpostga na taklif berib bo‘ladi, na yechim. Juda g‘alatimiz. Men ham ikki marta tayoq yegach, yaxshilab o‘qiganman kitobimni :))

4 Шерзод Шерматов 13/06, 01:47
5 Иноят Садикова 13/06, 04:37

Har doimgiday tekkis, ravon, bir nafasda o'qishli! Rahmat. --O'zim siz ta'riflagan insonlardan bo'lmaganim uchun bir hayolim 4 baxoga qarab ketdi. Iddaoim - odamlar o'zgaryabdi, hamma ham bunday emas. Lekin, ming afsuski, bunday odamlar kamchilik, istisno sanaladi. Aynan ko'pchilik siz aytganday fitratga ega. Bu narsa bolalikdan shakllanadi - o'zidan kattalarni avtoritet ekanligini bolaga uqtirish. Va aynan bu narsa sharq madaniyatida kuchli. Shundan ham siz keltirgan misollar kelib chiqqan. Biz bundan qisman voz kechishimiz kk. Farzandlarimizga kattalarga hurmat-ehtirom lozimligini uqtirish bilan birga, ular noto'g'ri fikrlaganda, harakat qilganda buni e'tirof etish kerakligini o'rgatishimiz lozim. Aks holda, so'kong'ich/urong'ich o'qituvchi, keyinchalik rahbarlar oldida amyoba/qo'rqqoq holatda turaveradigan, yuraveradigan ko'pchilik bo'lib qolaveramiz.

4 Шунқор Чориев 13/06, 11:46
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
19 та фикр