Мен кутаётган 15 кун

Aziza Qurbonova
Ярим финал

Бу йил ньюсмейкер саналар кўп бўлди: ҳам ички ҳаётимизда, ҳам ташқи сиёсатимизда, ҳам дунё миқёсида. Ҳар ким ўзгаришлар шамоли йўналишини ўзича баҳоламоқда:кимдир натижани кутяпти, яна кимдир ўша натижани ўз ҳаётида кўряпти, кимгадир ҳаётини ўзгартириб беришяпти, кимдир эса буни ўзи амалга оширяпти, кимдир гапираётганидан хурсанд, яна кимдир эшитишаётганидан боши осмонда, бошқалар мақтаётганидан хотиржаъм, умуман бошқалар эса нимага дуч келса, ёмонлай олаётганидан “мазза қиворишяпти” (блогерларга сал-пал ўхшадимми))).

Мен йил бошидан бери бир кунни кутяпман. Дарвоқе, фақат бир кунни эмас, 15 кунни кутяпман.

Назаримда, ўша 15 кун ичида сўнгги 2 йиллик аксарият фармон-у қарор, меҳнат-у ҳаракат, умид-у ислоҳот илк нишонасини бериб: натижа кўрсатади.

Фикримча, ўша 15 кун давомида ўзимиз ўзгармаган бўлсак-да, бизни ўзгаришга мажбур қила олишадими-йўқми, аён бўлади.

Тахминимча, ўша 15 кун ичида чалкашликлар кўп бўлади, бироқ яхшиликка хизмат қилади.

Орзуимча, ўша мен интиқиб кутаётган 15 кун Ўзбекистоннинг келгуси 15 йили учун энг яхши ресурсни тақдим этади.

Ўша 15 кун ичида аниқ бўлади: МХХ ДХХга ўзгаргач, ўз фаолиятини қанчалик ислоҳ қила билди?

Ўша 15 кун ичида маълум бўлади: АКТ Ўзбекистонда қанчалик ривожланган ва бехато ишлайди?

Ўша ярим ой давомида Ўзбекистон ота-оналари ўз инвестицияларининг дастлабки дивидендини оладилар: ё чикка, ё пукка.

Ўша 15 кун ичида сараланади: аслида Ўзбекистон ёшларининг сунъий (бункер, паравоз, снайпер ёрдамида) урчитилмаган, йўғ-ей оширилмаган, асл баҳоси қандай?

Ўша 15 кундан умидим катта: шамнинг ёруғида, кўмирнинг илиғида  дарс тайёрлаган, куннинг совуғида, офтобнинг иссиғида китоб-у тестдан бош кўтармаган  абитуриентлар ТАЛАБА БЎЛАДИ! 

Шуниси аниқки, йилда бир бор кўзини катта очадиган ДТМ деган 3 бошли аждаҳо неча юз мингларни ўша 15 кун ичида маҳв этади.

Яна умидим шуки, ўша 15 кун ичида ДТМ деган "профессор аждаҳо"нинг 4 шохли саволлари 2005 йилда менга азоб бергани каби, абитуриент шўрликларни тилка-пора қилмайди. Тахминан, мана шундай саволлари билан:“Шерғозихон мадрасаси қурилганидан сўнг 4 йил ўтгач, Европада нима юз берди?”

Ишонгим келадики, ўша 15 кун давомида ва ундан 15 кун аввал ДТМ ҳовлисидан “пашша” ҳам учиб ўтолмайди ва ўзбек ёшларига–Х(иёнат) вариант” ни ташиб чиқмайди.

Биз коррупциядан холи давлат ва жамиятни орзулаяпмиз. Биламизки, коррупция худди сариқ печакка ўхшаб, таълимнинг “гирибони”дан тутиб олган, афсуски, бу печакни юлмадик, ёқиб юбормадик, тагини юмшатиб, қуёшга қаратиб қўйдик: “пастдан тепага” - “тепадан пастга”, “параллель-диагональ”– умуман ҳар қандай шакл-у шамойилда бошқа соҳалар ҳам “олмагунча бермайдиган, бермагунча битмайдиган” тарзда бир-бирига коррупцион боғланиб кетди. 

“Август сезони”ни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан тортиб олий таълим ва ҳатто халқ таълимининг бир кун аввал бункерга кириб кетадиган энг олди педагоглари, ўша куни назоратчилик қиладиган ўртамиёна ўқитувчилари (ҳа, ўртамиёна, чунки, улар ечиб берган тест доим нотўғри чиққан:-)) гача умид билан кутадиган бўлиб қолди. Аввалги йиллар ўз кучи билан бюджетга кирган “свежий калла” ли талабалар ҳам “десант” га айланиб, уч-тўрт сўм ишлашни касб қилди. Хуллас, 1-августнинг коррупцион қозонига ҳамма бехижолат қўл узатишни ўрганди.

Ота-оналар ҳам хотиржаъмлашди: боласи йиллар бўйи қийналиб, репетиторга қатнаганидан, шунча “ўқитиб қўйиб” ҳам “кирармикин-йўқми” деб юрак ҳовучлагандан кўра, ўша пулни олдиндан йиғиб, “одамини топиб- бериш” конкретроқ бўлиб қолди.

...Агар 1-август куни МХХ ўз вазифасини бехато ва ҳалол бажарганида, олий таълимда “алиф”ни калтак дейдиганлар ўқимасди. (2005 йилда халқаро журналистикага бюджетга ўқишга кирган курсдошимиз “Американинг пойтахти–Лондон”, деганида “доп/контракт”га пул бериб ўқишга кирган курсдошимиз аламидан сўккан эди.) Раҳматли Биринчи орзу қилган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ва “базаси” ҳам бунчалик мўрт ва заифлашиб қолмасмиди...

...Агар Олий таълим ҳам йил бўйи олган арзимас ойликларининг аламини 1-август кунидан олмаганида, гўёки 36 та саволга тўғри жавоб топган инглиз тили факультети талабаларига яна бошидан “to be” феълини ўргатиб ўтирмасмиди, ўз жабрига ўзи қолмасмиди...

...Агар ДТМда шунча йил атиги 40 тагина штат* бўлмаганида (*Мажид Каримов- Халқаро Пресс клуб сессиясида), тест жавоблари ҳар йили истаган пайтда чиқиб, аччиқ ичакдек чўзилиб, одамларни хуноб қилмасмиди...

Хуллас, мен 1-15 август кунларини кутяпман. Бу йилги ОТМга кириш имтиҳонлари бўйича кескин (ҳозирча ташкилий ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги) ўзгаришлардан яхшилик кутяпман.

Кунда кунора ахборотларда ўқиётганим – ўзгаришлар эса жуда-жуда кўп: 15 кун давомида икки сменада имтиҳонлар бўлиб ўтади, тест жавоблари эртасигаёқ маълум бўлади, синовлар катта павильонларда топширилади, доимий видеокузатув таъминланади, шпаргалка ва бошқа нарсалар олиб киришга уринишнинг ўзиёқ абитуриентни тестдан четлатишга асос бўлади, энди ДТМда 150 киши ишлайди, жавобларни ҳисоблаш учун янги сканерлар сотиб олинди, кейинги йиллардан бошлаб абитуриентлар ўз ҳудудидаги давлат хизматлари маркази орқали истаган ОТМга ҳужжат топшириши мумкин бўлади ва ҳоказо ва ҳоказо...

Яна хулласини айтганда, биз чиндан ҳам ўзгаряпмизми, ёки кимнингдир блогпостида ўқиганим каби жойимизда қизил гап айтиб, “депсиниб турибмиз”ми, умидбахш шамоллар қаёққа эсяпти, мен учун ўша 15 кун давомида аниқ бўлади.

Ахир ҳаммаси таълимдан бошланиб, таълимда тугаши-аксиома-ку! 

4.21 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.21 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.40 / 35
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 24

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Бахтиёр Шералиев 28/05, 12:56

Tanlab olingan mavzu chiroyli tarzda yoritilgan, tahlil, ta'kid, xulosa o'z o'rnida, yozilishidan sohaning professional odami yozgani shundoqqina sezilib turibdi. 0,5 kam qo'yganimga sabab, men o'qigan hamma kitoblarda "xotirjam" deb yozilar edi. Agar muallif ushbu so'zning "xotirja'm" varianti ham borligini taqdim qilsalar ballni bajonu dil o'zgartirib qo'yaman. Professionallarning ishi professionallarnikidek bo'lishi lozim, shunday emasmi? Omad tilayman.

5 Абдумалик Носиров 28/05, 15:26

Агар, агар, агар. Агар гуллар бўлмаганида асаларилар бол тера олмаган бўлар эди. Жамиятимиздаги хар бир муаммонинг бошида ўзига хос "бошланғич нуқтаси" бор. Айнан мана шу "бошланғич нуқта"лар сабаб янги фармону қарорларни бугун амалиётга тадбиқ қилмоқдамиз. Автор сиз атиги 1 та хатога йўл қўйибсиз. Лекин бу юқори бахо учун халал бермади.

4.5 Уйғун Ғафуров 28/05, 18:14
5 Расул Кушербаев 29/05, 08:49
5 Шунқор Чориев 29/05, 13:07
5 Мубашшир Аҳмад 29/05, 13:28
3.5 Қаҳрамон Асланов 30/05, 23:02
5 Музаффар Назаров 30/05, 23:47
3.5 Мақсуд Саломов 31/05, 11:15

Mavzu dolzarb. Lekin post umumiy gaplardan iborat. Umumiy gaplar orasida ham o'quvchini (o'zimni nazarda tutyapman) o'ziga tortadigan fikr juda kam. Abituriyent bo'lganimda post menga boshqacha ta'sir qilardi balki.

3.5 Давронбек Тожиалиев 31/05, 11:40
4 Мансур Тангишов 31/05, 16:02

Журналистик маҳорат билан ёзилган, таъсирчан воситалар қўлланилган, лекин муаммолар ҳақидаги чиройли фикрларга бирор ечим кузатмадим. Шунингдек, муаллифнинг фикрлари кўпроқ фактлар билан мустаҳкамланганда бунданда ўқимишли блогпост бўлар эди.

4 Олимжон Солижон ўғли 31/05, 17:37
4 Нигора Умарова 31/05, 18:03
5 Маҳсуджон Асқаров 31/05, 21:18
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 01/06, 02:22
3.5 Иноят Садикова 01/06, 04:17

Yuzaki tahlil bo'lib qolibdi.

4 Беҳзод Қобулов 01/06, 09:22
5 Тўлқин Юсупов 01/06, 13:13
4 Адҳам Отажонов 01/06, 19:17
4 Умид Гафуров 01/06, 20:27

Ўзбекистон таълим тизими боғчадан бошлаб магистратургача бир аҳволда бўлганини ҳам эътиборга олиш керак, менимча. Бу 15 кун қанчалик зўр ўтмасин, бутун таълим тизими 15% га ҳам ўзгартира олмайди, афсуски. 1,5% га ўзгартирса катта гап. Ҳакам сифатида эмас, блогер сифатида жавоб беришга ҳаракат қилдим.

5 Шерзод Шерматов 02/06, 03:24
4 Нодир Закиров 02/06, 07:04
3.5 Ботиржон Шерматов 02/06, 19:14
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
32 та фикр