Мактаб ихтирочиларни етиштириб чиқаряптими ёки мақсадсиз ёшларни?

Мамлакат ривожланишида илм-фаннинг улкан ҳиссаси мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Илм-фан ривожланиши учун эса инсон болаликдан бошлаб сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиши муҳим, деган фикримга кўпчилик қўшилса керак.

Барчамизга маълумки, инсон билим ва дунёқараш фундаментини айнан мактаб даврларида шакллантиради. Шунинг учун ҳам мен бугун айнан олий таълим ҳақида эмас, балки бошланғич ва ўрта таълим ҳақида сўз очмоқчиман. Сабаби, инсоннинг айнан шу даври унинг дунёқараши ва бутун келажагига катта таъсир кўрсатади.

Мен мактаб даврини асосий таълим манбаи деб биламан. Агар ўқувчи 11 йил таълим олиб ҳам айнан қайси соҳада қизиқиши устун эканини ва қайси касб ўзи учун мос эканини шу пайтгача билолмаган бўлса, мен буни мактаб йилларининг катта қисми увол бўлди, деб ҳисоблайман. Ота-онаси танлаб берган ёки таваккал танланган касб йўналишида ўқиб, бу касбни севмаган ҳолда қўлига диплом олган мутахассис жамият ривожига қандай ҳисса қўша олади ахир?

Ўз касбини севган инсон ишламайди, балки у ҳар куни ўзи севган машғулот билан банд бўлади. Касбини севган инсон ихтирочидир! У касбининг янги-янги қирраларини ҳар куни кашф эта олади ва вақт ўтган сари ўз касбининг профессионалига айланади. Жамиятда ўз касбининг профессионаллари кўп бўлса, бунда инсоннинг ўзи ҳам, жамиятдаги бошқа инсонлар ҳам фақат ва фақат ютади. 

Чет эл ва миллий ўрта таълимни шахсий тажрибада солиштирганда...

Таълимнинг илк ўн бир йили ичида ўқув масканларини тўрт марта алмаштирдим. Орада юртимизда ўша пайт фаолият юритган чет эл илм масканида ҳам таълим олишга муваффақ бўлдим. Бу масканда атиги икки йил таълим олган бўлсам ҳам шу давр бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди, деб бемалол айта оламан, сабаби шу қисқа даврда олган билимларим кейинги йилларда олган билимларимдан кўпроқ ва сифатлироқ бўлиб чиқди.

1992 йилда оддий мактабда биринчи синфда ўқий бошладим. Ўқиш ва ёзишни боғча пайтида ўрганиб олган эдим, шу сабабли ҳам биринчи синфга чиққанимда алифбони ҳар бир ҳарфини доналаб ўргатишган пайтда жуда зерикдим. Қанийди йиллик программани ўзлаштириб бўлган болалар билимига қараб мос синфларга жойланса эди, камида бир йил ютган бўлар эдим ва бу вақтда бошқа фойдали нарсалар ўрганган бўлар эдим, деб кўп ўйлайман.

Олтинчи синфни тугатганимда чет эл лицейи очилгани ҳақида эшитиб қолдим ва кириш учун имтиҳон топширдим. Омад кулиб боқиб масканга қабул қилиндим. Янги ўқув йили бошланганида, мен сизга айтай, ҳайратим ошган эди. Бутунлай ўзгача методика, ранг баранг ва қизиқарли дарсликлар, чет тили дарсида фақат чет тилида гапирадиган домла ва мени ҳайратлантирган яна бошқа кўп деталлар.

Энг асосийси, ўқувчилар билими баҳоланишининг иложи борича адолатли бўлиши бизларни чинакам билим олишга ундар эди. Баҳони на таниш-билиш, на ота-она, на директор, на пул ўзгартира оларди. Баҳо ўзгартиришга бир ёки иккита имконият бериларди. Тест/имтиҳон топширилади, китобдан кўчиришнинг эса умуман иложи бўлмасди. Наилож, ҳамма ўқир эди. Баҳолаш тизими ҳам ўқитувчининг ўз ихтиёрида эмас, балки тест натижаларига қараб бўлар эди. Бу дегани, ўқитувчи биронта ўқувчини "ёқтирмай" қолгани учун паст баҳо қўя олмасди, балки натижасига қараб баҳоларди.

1998-2000 йиллар. Тошкент.

Ҳар бир ўқув йили сўнгида ҳар бир синфдан фанларни энг яхши ўзлаштирган талаба бутун мактаб қаршисида табрикланар ва эсдалик совғалар билан тақдирланар эди. Бу ҳам талабалар учун ўзгача бир мотивация бўлиб ҳизмат қиларди.

Қизлар алоҳида ўқигани учун кимнинг қош-кўзи чиройли каби беъмани мусобақалар бўлмасди. Ҳаммада бир ҳил форма, ўқитувчиларнинг ҳаммаси устига оқ халат ташлаб олган. Шунинг учун кийим ёки қомат солиштириш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмасди.

Шу масканда икки йил ўқиб мен кейинги 3 йил ичида олган билимларимдан кўпроқ билим ола олдим.

Чет эл лицейи маълум сабабларга кўра ёпилди ва мен миллий гимназияда ўқишни давом эттира бошладим. Бу ерда ўқувчиларни баҳолашдаги адолатсизликлар, ўқувчиларнинг билимига ҳаққоний баҳо бера олмаслик, зерикарли дарслар ва дарсликлар мени бошқа илм масканида ўқишни давом этишга ундади. Бу ерда бир йил ўқигач, бошқа ўрта таълим ўқув масканига ҳужжат топширдим. Кейинги ўқув масканида ҳам айни шу ҳолатларга гувоҳ бўлдим.

Бундай солиштиришдан ягона мақсадим ўзимизнинг мактаб тизимининг яна ҳам такомиллашишига доир баъзи таклиф ва фикрларим билан бўлишишдир.  Мен мактабни бошлаганимда юртимиз эндигина Мустақилликни киритган пайтлар эди, шу сабабли ҳозирги даврда мактабдаги таълим ва дарсликлар сифати олдингидан яхшироқ эканига шубҳа қилмайман. Ўзимизда ҳам бироз ўқув методикаси ва тартиб устида ишланса, тез орада таълим сифати яна ҳам ривожланишига ишонаман.

Қизларнинг таълими ҳақида алоҳида

Ўғил болалар таълим олишининг аҳамияти ҳақида исталган одамдан сўранг, ўғил болаларнинг яхши таълим олиши жуда муҳим, деб жавоб беришади. Қизларга келганда эса негадир фикрлар ниҳоятда хилма-хил бўлиб чиқади. Мен сизга айтсам, таълим олиш барча учун муҳим, аммо қизларнинг сифатли таълим олиши ундан ҳам муҳимдир! Сизга олим ва олима бўлган фарзандлар, яъни порлоқ келажак керакми? Марҳамат, қизларга инвестиция қилинг.  Таълим ҳам диний ҳам дунёвий бўлиши ва ҳеч қачон фақат бир томонлама бўлиб қолмаслиги керак. Фойдали билим ва ҳунарга эга бўлган аёл-қизлар ҳудди ўғил болалар каби жамият ривожига катта ҳисса қўша олади.

"Расулуллоҳ (с.а.в.): “Илм талаб этмоқ ҳар мусулмон эркак ва аёл учун фарздир”, деб буюрганлар. Ҳозирда мусулмонлар орасида илм деганда, фақат диний илмлар тушунилади. Бу - хато тушунча. Исломда диний, дунёвий, деган гаплар бўлмаган. Илм соҳаларга бўлинган, холос: фиқҳ, ҳадис, фароиз, тиб, ҳандаса, тарих, фалакиёт илмлари ва ҳоказолар. Мусулмонлар Қуръон ва суннатга амал қилган вақтларида уларнинг орасида илмнинг барча соҳаларида дунёга танилган алломалар етишиб чиққан." Фотимахон Сулаймон қори қизининг "Аёл мукаррамдир" китобидан парча. 

Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.

Мактаб тизимидаги муаммолар

Бошланғич ва ўрта таълим даврида ўқувчи сифатида қандай муаммоларга дуч келганимни баён қилай. Бу муаммолар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган бўлса ажаб эмас.

Бошланғич мактаб тизимидаги муаммолардан айримлари:

1. Болалар ўртасида ўзаро табақалашиш, ночор оила фарзандларининг тенгдошлари томонидан камситилиши, жисмоний ва бошқа камчиликлари учун бир-бирини  масхаралаш ва шунга ўхшаш муаммоларнинг кам эмаслиги. Умумий қилиб айтилса, болалар ўртасидаги ўзаро руҳий (ва баъзан жисмоний) зўравонликнинг тез-тез учраб туриши. Бу социализациянинг бир кўриниши дейишингиз мумкин, аммо бу аслида руҳий синишга сабаб бўлувчи катта омиллардандир. Зўравон болалар ва зўравонлик қурбони бўлган болаларнинг катталардан вақтида тегишли ёрдам ола олмаслиги болаларда заифларга нисбатан бешавқатликни, ўзига бўлган ишончнинг йўқолиши ва ҳудбинликни болаликдан шакллантиради. 

Мактабда болалар ўртасидаги руҳий зўравонликнинг бир кўриниши.
Расм: tes.com 

2. Синфда ўқувчилар сонининг ниҳоятда кўп бўлиши ўқитувчининг ўқувчиларга индивидуал эътибор бера олмаслигига сабаб бўлади. Мактабга боришдан мақсад таълим олиш бўлгани учун, менимча, бу жиддий муаммодир. Болалар психологиясини инобатга олганда, бошланғич синфлар ҳажми қанча кичик бўлса, шунча яхшидир.

3. Тез ўзлаштирадиган ўқувчиларда умумий ўқув дастурини қисқароқ вақтда ўзлаштира олиш қобилияти мавжуд бўлсада, улар шу синфда нақ бир йил ўқишга мажбурлиги бироз ачинарли. Бундай болаларга билим даражасига қараб синфдан синфга сакрашга имконият берилиши керак, деб ўйлайман. Ўзлаштира олмаётган болалар ўзлаштираётган болаларга қараб мотивация ёки илҳом олади деган гапга унчалик қўшилмайман. Ўз кучи билан адолатли имтиҳон топшириб, синфдан синфга белгиланган вақтдан олдин ўта олиш бошқа ўқувчиларга мустақил ўқиб изланиш учун жуда катта мотивация бера олишига аминман. Тез ўзлаштираётган болалар бошқалар ҳисобига вақтидан ютқазмаслиги керак. Болалик ва ўсмирлик давридаги вақт нақадар қимматли эканини барчамиз биламиз. Бу олтин даврда ҳеч қайси вақт мажбурий зерикиш ва қачон вақт ўтади деган ўйлар билан ўтиб кетмагани маъқул. Бу албатта "яхши бўлар эди" қабилидаги бир таклифдир.

4. Болаларнинг индивидуал қобилиятларини ҳисобга олмаслик ҳолатларининг учраб туриши. Барча болалар у ёки бу соҳада қобилиятли бўлишади, аммо афсуски барча болалар ҳам бу қобилиятни ўзида вақтида кашф эта олишмайди. Бу эса катталар кўмагисиз амалга ошиши жуда қийин.

Ўрта ва ўрта махсус таълим давридаги энг катта муаммолардан айримлари:

1. Баҳолаш тизимининг адолатсиз бўлиши ўқувчи талабаларда ўқишга бўлган иштиёқ ва мотивациянинг сўнишига катта сабаб бўлади.

2. Талабаларда мустақил фикрлаш бўлмаслиги ва мустақил фикрлашга рағбатлантирилмаслиги.

3. Дарслар қуруқ лекция ва теориядан иборат бўлиб қолиши.

4. Баҳолаш тизими адолатсиз бўлганда баҳо учунгина ўқиш, яъни "дарс тезроқ тугасин" қабилида вақтни зое қилиш.

5. Ўқувчиларда етарли ва сифатли билим олиши учун етарли имконият яратиб берилмаслиги, технологиялардан унумли фойдаланмаслик ёки технологиянинг етарли бўлмаслиги.

6. Порахўрлик.

Мактаб таълими сифатини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар  

Бошланғич ва ўрта таълимни такомиллаштириш борасида менда айрим фикрлар мавжуд. Қуйида уларни баён қиламан.

1. Аввало, таълим она қорнидан бошланади. Бола миясининг 90% қисми боланинг беш ёшигача шаклланиб бўлган бўлади. Шунинг учун ҳам келинларнинг руҳий ва жисмоний саломатлиги муҳофаза қилиниши муҳим ва шартдир. Аёлнинг жони қирқта деган гапни ким ўйлаб топган билмадиму, фундамент муҳофаза қилинмаса қуриладиган уй заиф бўлиши аниқ. Аёл-қизларнинг қадрини ошириш учун нима қилиш керак? Бунинг учун аввало уларни вақтида ўқитиш, ҳунарли қилиш ва ўзини муҳофаза қилиш сирларидан бохабар қилиш, яъни ўргатиш керак. Бу мактабнинг вазифаси эмас дерсиз, аммо каттароқ синфларда соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзи, бола психологияси каби дарсларнинг киритилиши нафақат ўқувчилар учун, балки бутун жамият учун  фақат ва фақат фойда бўлади деб ўйлайман. Мактабни битирган ёшлар турмуш қуриб фарзандли бўлишганида янги авлод тарбиясига масъулиятлироқ ёндаша олиши учун шу учала фан катта кўмак бериши мумкин.

2. Кейинги вазифа бу болаларда китобга бўлган муҳаббатни уйғотишдир. Бу муҳаббат ҳеч қачон ўзидан ўзи келиб қолмайди. Болага китобни севдириш ва болаликдан саводини ошириш учун чақалоқлигидан бошлаб ҳар куни ухлатишдан олдин қизиқарли расмли китоблар ўқиб бериш ниҳоятда муҳим. Буни ҳамма ҳам қилавермайди, чунки бу ҳақида кўп гапирилмагани учун ҳамманинг ҳам ҳаёлига келавермайди. Шу ҳақиқатни медиа ва ойнаи жаҳон орқали инсонлар онгига сингдириб борилса, бора-бора бу нарса оддий ҳолга айланади. Шу кичик қадам келажак учун қандай инвестиция бўла олишини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Китобсевар болалар кўпайиши илм-фан тараққиёти сари қўйилган биринчи ва муҳим қадам бўла олишига ишончим комил.

Болага китобни севдириш учун чақалоқлигидан бошлаб ҳар куни ухлатишдан олдин китоблар ўқиб бериш аҳамиятли ва самаралидир. Расм: rd.com 

3. Бошланғич синфлардан бошлаб болалар билан толерантлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат мавзусида суҳбатлар қилиб туриш ниҳоятда фойдалидир. Бу уларда бир-бирига нисбатан меҳрибон бўлишга ва юқорида тилга олинган ҳар қандай руҳий зўравонликларни камайтиришга туртки бўлади. Руҳий зўравонлик қурбонлари асосан саломатлигида нуқсони мавжуд болалар, семизликдан азият чекувчи болалар ва/ёки уятчанг болалар ҳисобланади. Толерантлик мавзусидаги суҳбатлар бундай кўнгилсиз вазиятларни камайтиришга ёрдам беради. Албатта, бундай мавзулар аслида оилаларда муҳокама қилиниши тўғрироқ, аммо мактабларда ҳам амалга оширилса қамров кенгроқ бўлган бўлар эди.

4. Баҳолаш тизимининг адолатли бўлишига интилиш зарур! Мисол қилиб айтганда, математика дарсида ҳисоб-китоб қобилиятига эмас, дафтардаги ёзувига қараб баҳо қўйиш адолатсизликнинг бир кўринишидир. Баҳолаш ўқитувчининг фикрига эмас, балки имтиҳон ёки тест натижаларига қараб амалга ошиши шарт. Шундай қилинганида ўқувчида мавҳумлик ҳисси пайдо бўлмайди ва қандай ўқисам ҳам паст баҳо олавер эканман, китоб ўқигандан кўра устозга ёқишга ҳаракат қилиб юқори баҳо оламан деган тушунча пайдо бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу эса ўз навбатида коррупция каби иллатларнинг кўпайиши ёки болаларда мотивациянинг сўнишига олиб келади. Баҳолаш тизимини такомиллаштириш учун баҳолашнинг маҳсус стандарти ишлаб чиқилиши керак. Мисол учун, имтиҳонда 50 та тест саволи бўлсин ва ҳар бир саволга 2 баллдан ажратилсин. Шунда жами 100 балл бўлади. 84 баллдан юқориси 5 баҳо. Имтиҳон пайти кўчиришга ҳаракат қилган ўқувчилар имтиҳон қоғозига белги қўйилиб, ҳар бир кўчириш ҳаракати учун маълум балл айириб ташланади. Иш баҳолангач, кейинги дарсларда имтиҳон қоғозлари қайтарилиб, ўқувчиларнинг хато қилган мавзуларида ёки ечолмаган масалалари устида умумий қайта ишланади. Шунда имтиҳонда рўй берган хатоликлар устида ишлаш учун алоҳида дарс ажратилган бўлади. Шундай қилинганида ўқувчилар мавзуни яна ҳам чуқур ўрганиб олишади.

Расм: shutterstock.com

5. Ўқитувчиларни тайёрлайдиган педагогика институтида асосий эътибор бўлажак педагогларга теория ўргатиш эмас, балки амалда болаларга билимни қандай қилиб самарали равишда етказиб беришни ўргатишда бўлиши шарт. Бунинг учун бўлажак устозлар қандай қилиб дарс ўтишни ҳақиқий синфхоналардаги ҳақиқий дарсларда қатнашган ҳолда малакали устозлардан жонли равишда мастер-класс олишлари керак. Нега деганда, теорияни билган ҳамма ҳам самарали равишда ва тўғри усулда билимни болаларга ёки талабаларга етказиб бера олмаслиги мумкин. Буни эса ўрганиш керак. Ўқитувчилик таланти ҳам бу ўрганса бўладиган сифатдир.

6. Бошланғич синфларда ўқувчилар сони 20-25 тадан ошмаса таълим сифати ҳам ошади. Албатта, буни амалда тадбиқ этиш осон бўлмаслиги мумкин, аммо ўзингиз ўйлаб кўринг. Синфдаги ўқувчилар сони қанча кам бўлса, болалар ўзини шунча яхши тутади. Ўқитувчи ҳам болалар билан ишлаганда уларнинг индивидуал эҳтиёжларидан бохабар бўла олади ва улар билан самаралироқ ишлай олади. Кичик сонли синфларда ўқувчилардаги муаммолар яққол кўринади ва уларга ёрдам бериш осонлашади.

Расм: teacher.org

7. Йил бошида ҳар бир фаннинг илк дарси шу фаннинг ўтилишидаги мақсадни ҳаётий мисоллар билан тушунтиришдан бошланиши керак. Нега деганда, ўтилаётган фаннинг ҳаётий аҳамиятини тушунмаган бола бу фанга қизиқмаслиги аниқ. Бу илк мотивация дарсининг ўқув режасига киритилиши жуда фойдали бўлади деб ўйлайман.

Билим олишга ундайдиган энг катта куч бу МОТИВАЦИЯдир.

8. Ҳар бир боланинг индивидуал қобилиятлари бўлади, аммо ҳамма бирдай мукаммал ўзлаштириши шарт бўлган фанлар борки, бу фанларга савод ошириш фанлари киради: ўқиш, хатосиз ёзиш, математика ва тарих. Мактаб таълимидаги энг катта эътибор болаларнинг саводини оширишда бўлиши шарт! Ўқиш ва ёзишда қийналаётган болалар борми, демак улар билан қўшимча шуғулланиш керак. Савод чала бўлса, бошқа фанлар ҳам чала ўрганилиши табиий. Бола ўргангиси келмаяптими, демак унга мотивация етишмаяпти.

Изоҳга ҳожат йўқ. Расм: facebook.com

"Касб танлай билиш учун аввало касблар билан танишинг."

Ўқувчи болаликданоқ ўзи севадиган касбни танлай олишига кўмак бериш таълимнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиши лозим. Нега деганда, вақтида ўзига мос касб танлаб олган болада илм олишга бўлган мотивация ва иштиёқ кучли бўлади. Нима учун кўп болалар асосан космонавт, ўқитувчи ёки шифокор бўламан дейди? Асл сабаб болаларнинг аксарияти бошқа касб вакиллари нима билан шуғулланишини билмаганликларида эмасми? Болаларни турли касблар билан таништириш ва бу касбларни яхши ўзлаштириш учун қайси фанларни чуқур ўрганиш кераклигини тушинтириш мақсадида презентациялар ёки маҳсус дарслар ўтиш болалар учун жуда фойдали бўлади.

“Катта бўлсам ким бўлсам экан…”.  Расм: shutterstock.com

Афсуски, ҳозирги кунда шоша-пиша касб танлаб, ўша касбга ўқиб бўлганидан кейин танловидан афсусланган ёшлар кам эмас.
 
Фақат ўқув дастурига киритилган фанларнигина ўрганиб, келажакда айнан қайси соҳада ишлашини айтиб бера олмайдиган болалар мактабни битирганида қайси олийгоҳни танлайди, деб ўйлайсиз? Улар таваккал қилган ҳолда энг машҳур ёки энг паст балл билан ўқишга кириш мумкин бўлган ўқув масканини танлайди албатта. Олийгоҳни битиргач эса қаерда ва қандай ишлашини билолмай сарсон бўлади ва маош учун ўзини дуч келган жойга уради. Ҳозирги кунда бундай мисоллардан кўплаб учратиш мумкин.
 
Албатта, мен бу каби муаммоларда мактабларни айблашдан йироқман. Фарзанд келажаги ҳақида қайғуриш аввало ота-оналарнинг вазифаси, аммо таълим тизимини такомиллаштиришда юқорида тилга олинган муаммолар ечимига доир чора-тадбирлар потенциали кенг миқёсда кўриб чиқилса, бундан бутун жамият ютишига ишончим комил.

4.54 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.54 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.61 / 11
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 20

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Уйғун Ғафуров 10/06, 22:21
5 Шерзод Шерматов 11/06, 01:39

Жуда долзарб мавзу.

5 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 14:58

Яхши солиштирилган, лекин куп жумлаларда такрорланиш бор.

4 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:25

Абдулла Авлоний минг бора хақ эканлиги, бугун барчамизга кўриниб турибди. Лекин биз маориф соҳасини ўнглаш учун ҳали ҳам тўғри йўлни топганимиз йўқ. Бу мавзудаги тортишувлар ҳали узоқ давом этадими, деб қўрқаман. Муаллифга раҳмат.

5 Бахтиёр Шералиев 11/06, 15:30

Muallif material ustida jiddiy ishlagani sezilib turibdi. Keltirilgan tahlil, solishtirishlar, kamchiliklar, takliflar ushbu tizimni isloh etishda qo'l kelishi shubhasiz. Omad tilayman.

5 Абдумалик Носиров 11/06, 15:40

Блогпост автори хақ. Бола мактабни битиргунга қадар у нимага қизиқиши шакланиб бўлади. Энди ўқитиш методикаларга муаммоалрига келсак таклифлар ўринли. Хуллас бундан буён пуллик ўқиш методикалар ўз самарасини бераверади.

4 Давронбек Тожиалиев 11/06, 15:42

Яхши фикрлар берилибди. Лекин баёнда парокандалик бор

5 Адҳам Отажонов 11/06, 18:47

Ёшларни тарбиялаш учу, энг аввало ўқитувчиларнинг ўзи тарюияланган бўлиши керак... болалар учуне ўқитувчи доим ибрат бўлиши керак

4 Қаҳрамон Асланов 11/06, 19:43

Жуда яхши газетбоп мақола. Муаллиф касбий тажрибасидан келиб чиқиб жуда тўғри таҳлил қилган бўлиши мумкин, аммо бу ерда блогернинг касбидан алоҳида ҳолда фикрлари, дунёқараши, позициясини кўриш қизиқроқ бўларди. Муаллиф блог юритиб, мунтазам равишда шундай фикрларни бериб борсалар, балки шу соҳа кишилари учун жуда қизиқ бўлар. Аммо мен ҳар доим таъкидлайдигандек, ўқитувчи, методист ёки психолог эмас аввало, блоггернинг ўзини қидираман.

4 Расул Кушербаев 11/06, 23:36
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 11/06, 23:46

Муаллифнинг фикрлари менга маъқул бўлди. Таҳлил бор, шахсий мулоҳа бор, таклиф бор. Умид қиламанки, бу фикрлар таълим тизими мутасаддилари томонидан инобатга олинади. Муаллифга эса омад тилаб қоламан. Раҳмат!

5 Нодир Закиров 12/06, 09:28

Шахсий тажрибангиз мисолида турли академик мухитларни солиштирганингиз мақолани қизиқарли қилибди. Берган таклифларингиз жуда ўринли.

4 Ботиржон Шерматов 12/06, 11:06

Ёзиш услуби яхши, лекин бир нафасда укиладиган эмас, имловий хатолари йук, ижтимоий ахамияти жуда катта, ечим ва тахлил мавжуд. Маколада расмлардан фойдаланилган. Маколани "жонлантириш" керак. Нимадир етишмаяпти. Узингиз мактаган лицейда угил болалар ва кизлар алохида укиганларини таъкидлабсиз, лекин нима сабабдандир бундай килиш таклифини бермабсиз. Мактаб формаси хам шундай булган.

5 Нигора Умарова 12/06, 15:28

Шахснинг жамиятда қандай ўз ўрнига эга бўлиши бошланғич ва ўрта таълимда ўргатиладиган билим, кўникма ва малакаларга боғлиқ. Мақола муаллифи таълим олувчиларнинг "Ким бўлсам экан?" деган саволларини тўғри бера олишлари ва ўз ўрнига эга бўлиш учун тўғри йўналишларни кўрсатиш хусусида мақолада ўзига хос ёндашган.

4 Беҳзод Қобулов 12/06, 19:27

Блогпост чўзилиб кетган. Умумий ва аввалдан айтиб келинаётган гапларни қисқартириб, муаллифнинг оригонал фикрларини қолдирилганда, янаям қизиқроқ чиқарди. Бошида жуда яхши бошланган, кейин эса ҳаммаси аралашиб кетибди... Махтумқули айтганларидек: "Рости қайси, ёлғон қайси, кўринмас..."

5 Мубашшир Аҳмад 12/06, 21:29

Бу босқичда яхши мақолалар кўплиги ва фақат долзарб муаммолар кўтариб чиқилаётгани учун мақтайверишга сўз тополмай қолдим. Демак, жамиятимизда муаммолар тиқилиб кетган ва улар ечимларга муҳтож. Блогерларимиз эса бундан унумли фойлаланишмоқда. Шундай бўлгач улар яхши баҳолар учун муаммолардан миннатдор бўлишлари керак)))

5 Умид Гафуров 12/06, 22:30

Аниқ муаммолар ва аниқ таклифлар борлиги яхши.

5 Музаффар Назаров 13/06, 00:28
4.5 Тўлқин Юсупов 13/06, 00:37

Blogpostingizni o‘qish davomida biror joyda Sir Ken Robinsonning Do schools kill creativity? – Maktablar ijodkorlikni o‘ldiryaptimi? degan fikrlarini eslab o‘tasizmi deb kutdim. Fikrlaringizda biroz chalkashliklar bor, maktab bilan ota-ona vazifalari aralashgan. Siz o‘qigan joylarda men ham xuddi shu tartibda o‘qiganim uchun nimani aytmoqchi bo‘lganingizni yaxshi his qildim. Xullas, xulosa shuki, o‘z yo‘limizdan emas, rivojlangan mamlakatlarning ta’lim tizimidan namuna, xulosa va andoza olib ta’limimizga olib kirmasak, ahvolimiz juda chatoq. Men farzandlarimni maktablarimizda o‘qishga judayam qo‘rqaman.

4 Мақсуд Саломов 13/06, 01:29

Bir-biridan alohida bir nechta post o'qigabdek bo'ldim. Final uchun raqobatbardoshligi biroz pastroq post bo'libdi.

4.5 Мансур Тангишов 13/06, 01:30

Juda dolzarb masala yoritilgan muammo va takliflar ham chiroyli bayon etilgan. Faqat shaklda birmuncha turlicha shriftlardan foydalanishi va ayrim qisqaroq ifoda qilinishi mumkin bo‘lgan joylar ham cho‘zib yuborilgani biroz o‘quvchini chalg‘itadi. Adashmasam Turk litseylari haqida yozilgan ijobiy fikrlar bo‘lgan blogpostda. Darhaqiqat samarali o‘qitish metodlari xorijiy o‘quv muassasalarida kuchliligini e'tirof etish kerak. To‘g‘risi bu blogpostni bir nechta blogpostga bo‘lib har bir taklif va muammoni alohida ko‘rsatsa ham dolzarb blogpostlar bo‘ladi. Muallifning rasmlardan foydalangani, alohida sarlavhalar qilgani monoton matnlarni o‘qimishli qilgan, yoritish uslubi o‘ziga xos. Umumiy fikrlarning ko‘proq berilishi biroz blogpost sifatiga ta'sir qilgan. Lekin muallif mavzuga kompleks yondashgan.

5 Иноят Садикова 13/06, 06:23

Batafsil blogpost uchun rahmat. "Барчамизга маълумки, инсон билим ва дунёқараш фундаментини айнан мактаб даврларида шакллантиради." - degan gapingiz unchalik ham to'g'ri emas - deb yozmoqchi va boya o'zim tinglagan mana buni qoldirmoqchi edim: https://www.youtube.com/watch?v=xvDox42OleU Qarasam, o'zingiz ham pastroqda "Аввало, таълим она қорнидан бошланади. Бола миясининг 90% қисми боланинг беш ёшигача шаклланиб бўлган бўлади." deb qo'yibsiz. Lekin, manba yetishmagan. Ijodingizga baraka tilayman! Mavzuga yana qaytasiz deb umid qilaman.

5 Шунқор Чориев 13/06, 11:53
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
25 та фикр