ЛОҚАЙДЛИК СИРТМОҒИ

Завол бўлаётган ёшлик

Бўйнидаги сиртмоқ ўсмирни тобора бўғмоқда. У типирчилаб атрофдан нажот излайди. Афсуски, ҳеч ким ёрдам бермайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора!

UZREPORT телеканали одамларни ўзига хос тарзда синовдан ўтказди. Актёрлардан иборат икки-уч нафар йигит бир ўсмирга дўқ-пўписа қилди ва гўёки уни калтаклади. Яширин камерада суратга олинган мазкур «саҳна»лар гавжум жойларда, бекатдан сал нарида, пиёдалар йўлакчасида уюштирилди. Ўтган-кетган уларнинг ажримига аралашмади, кўриб кўрмаганга олди. Бепарво ўтиб кетаверди. Айрим эркакларни эса хотини судрагудек қилиб ўз ортидан эргаштирди. Хуллас, ўткинчилар оч қорним – тинч қулоғим қабилида иш тутишди. Аслида эса бу шунчаки лоқайдлик, қўрқоқлик бўлиб, жамиятни емирадиган иллатлардир.

Коллеж, лицейдаги нохуш воқеалар ҳақида эшитганимизда савол туғилади: наҳотки бу фожиаларнинг олдини олиш мумкин эмас эди? Ечими жуда оддий эди-ку ахир! Билим даргоҳи орқасидаги ёпиқ дарвозадан ҳатлаб ўтмоқчи бўлган талаба йиқилиб тушиши оқибатида вафот этган. Бошқа илмгоҳда бир талаба иккинчисини пичоқлаган. Яқинда, аниқроғи, 1 июнь куни Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги коллеж талабалари ўртасида жанжал чиққан. Беш нафар бола 19 ёшли А.Алижоновнинг қорни ва юзига бир неча марта кучли зарбалар бериб, умрига зомин бўлишган. Куппа-кундузи бошқалар кўз ўнгида калтаклаб ўлдирилган Жасур Ибрагимов воқеаси каби!

Келажагимиз ворислари ўлмоқда. Навқиронлар гумдон бўлмоқда. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини татимай туриб заволга юз тутмоқда. Улар бир-бирини ўлдирмоқда. Ўлдирганда ҳам эҳтиётсизлик оқибатида эмас, онгли равишда бир-бирини шафқатсизларча яксон қилмоқда. Таассуфки, ёшларнинг ҳаётини ситаётган сиртмоқ тортилган сайин бизнинг лоқайдлигимиз ортиб бормоқда. Кучимиз ижтимоий тармоқда оҳ-воҳларга етяпти, холос.

Энг нозик палла

Бугун оиладаги тарбия ҳақида гап кетса, кўпчиликнинг пешанаси тиришади. Ота-она ишда. Болага тарбия беришга ҳафсаласи ҳам, вақтлари ҳам йўқ уларнинг. Фарзанд ўзи билганича ўсади. Таралабедод ҳаёти ҳақида ота-онасига сездирмайди. Тенгқурлари билан билганини қилади. Тарбиядек энг муҳим жараёнга панжа орасидан қаралгани боис... тенгдошини ўлдириб, панжара ортига тушади.

Олий ўқув юртларида ёшларнинг бу каби бебошликлари анча кам. Чунки улар нисбатан балоғат ёшидан ўтган бўладилар. Энг нозик палла – 16 ва 17 ёш. Биз эса аксига олиб, айни шу вақтда тарбияни ҳам, назоратни ҳам эътибордан қочирамиз. Ваҳоланки, ён-атрофимиздаги инсонларга, воқеа-ҳодисаларга нисбатан қанчалик лоқайд бўлсак, унинг сиртмоғи шу қадар кўп одамни ўз домига тортаверади. Муаммоларга ўралашиб қолган одам, аввало, теварагидан ечим, малҳам, таскин кутади. Жавоб бўлмагач оқибати аянчли тугайди. Тенгдошлари томонидан ўлдирилмаганда ҳам ўз умрига ўзи нуқта қўяди. Шундай экан, унутманг: МУАММОЛАРГА ЎРАЛАШИБ ҚОЛГАН ОДАМ ЛОҚАЙДЛИК ҚУРБОНИГА АЙЛАНГАН, ХОЛОС.

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси матбуот хизмати хабари: 2018 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда вояга етмаганлар орасида 153 нафар ўз жонига қасд қилиш ҳолати қайд этилган. Биргина Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич жорий йил дастлабки уч ойида 91 кишини ташкил этади. Бу инсонларнинг яқинлари нохуш ҳолатларнинг олдини олишлари, уларни қутқариб қолишлари мумкин эди.

Аксариятимиз шу даражада худбин одамларга айландикки, яқинларимиз аҳволи билан қизиқмаймиз. Лоқайдлик занжири бора-бора улкан ҳалқани ташкил этади. Оқибатда жамиятда бир-биридан қўрқинчли жиноятлар, кутилмаган қилмишлар содир бўлаверади. Масжидларда силаи раҳм ҳақида кўп гапирилиши бежиз эмас. Силаи раҳм қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш, улар ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни англатади. Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин, дейилган. Яқинларимиз биз билан ўзларини бахтли ҳис этишлари керак.

«Сиз бахтни изласангиз, уни тополмайсиз, — дейди машҳур бестселлер китоблар муаллифи Наполеон Хилл. — Сиз бошқаларни бахтли қилишингиз керак. Ана шунда бахтнинг ўзи олдингизга келади».

Қалбаки диплом соҳибаси

Билим муассасаларида ўқитиш, таълим-тарбия кўп омилларга боғлиқ. Биз, журналистлар ўқитувчиларни жабрдийда, жафокаш қилиб кўрсатишни одат қилдик. Тўғри, уларнинг иши оғир, маоши кам. Аммо ўз соҳасининг фидойиси бўлса ҳар қандай шароитда ҳам обрў-эътибор қозонади. Педагогиканинг нонини булғамайди. Бир вақтлардаги Хлебушкиналар қани?

Етук кадрлар ўрнига дуч келган инсонлар ишга олинган ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳеч қаерда ўқимаган уй бекаси қалбаки диплом сотиб олган. Уч-тўрт ойда мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирган. Сентябрь ойидан дарс ҳам бера бошлабди. Роппа-роса бир ойдан сўнг 1 октябрь – ўқитувчилар кунида болалар байрамга деб 5000 сўмдан пул йиғиб беришибди. Янги устоз лабини бурибди: «Бунга бир жойингни артиб қўй, 25 мингдан олиб келасанлар!..» Педагогиканинг кўчасидан ўтмаган аёл ўқиш-ўқитишдан кўра «йиғди-йиғди»га киришган. Синф, мактаб фонди, ремонт, бало-баттар... Уйда эрини, қайнота-қайнонасини писанд қилмайдиган бўлибди. Бир жанжалдан сўнг қайнонаси аччиқ устида мактаб директорининг ҳузурига бориб, нима учун келинини сохта диплом билан ишга олганини сўраб дағдаға қилибди. Қўрқиб кетган директор хоним ўқитувчиси устидан ўзи прокуратурага ёзиб берган. Сохта муаллима кўз ёши тўкади, раҳм қилишларини сўрайди. Қимтиниб турган ўқувчиларидан пул талаб қилганида қаерда эди бу ашки фаввора?

Пойтахт мактабларидаги бир ҳолат бу. Агар қайнона «сотмаганида» нима бўларди? Айтинг, қалбаки дипломни ким келиб текшириб ўтирибди? Бошқармами, вазирликми? Киши билмас қуюшқонга сиғмайдиган яна не-не ноқонуний ишлар юз бераётган экан-а жойларда? Бизда, одатда, бу ҳақда билган одам етказса текширилиши мумкин, «ходимларнинг ўта ҳушёрлиги» туфайли! Келажак ворисларига нисбатан лоқайдлик, очкўзлик, баднафслик урчиган мактабда рисоладагидек таълим-тарбия берилади деб ким кафолат беради?

Ўткир Ҳошимов ҳақиқати

Кўпчилигимиз юқоридаги гапларни шунчаки эшитадиган, шундай бўлиши керакдек қабул қиладиган бўлганмиз. Баҳонада ўқитувчиларни бўралатиб сўкамиз, холос. Мавжуд тизимга «ақлимиз ўтмайди», жараёнга таъсир этмаймиз. Ҳинд фильмларини кўрган бўлсангиз, кўчада бир қаҳрамон бошқасини роса тепкилаб-уради, одамлар «ҳой, тўхта» деб ажратиш ўрнига йиғилиб томоша қилишади. Биз ҳам худди шу томошабинларга ўхшаб қолдик, ҳатто аянчли манзараларга қарсак чалиб қўямиз гоҳида. Кимдир кўнгилсизлик ботқоғига ботдими, фақат кузатишимиз кифоя қилади гўё. Уни қўллаб-қувватлаш, муҳофаза қилишга камдан-кам одам бел боғлайди. Қўрқоқлик васвасаси дилларга ваҳима солади. Агар биз ҳам аралашсак, гўёки жавобгарликка тортиладигандек, кейин бизга ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмайдигандек туюлаверади.

Қодирий, Чўлпон, Фитратни айнан лоқайдлик мавҳ этмадими? Нега бундаймиз? Шунчаки томошабинмиз? Оташнафас шоиримиз Эркин Воҳидов ҳақида эшитган эдим. Бу гап қанчалик рост ёки ёлғон, у киши маълум вақт депутат бўлиб ишлаганида водий йўлида суиқасд уюштиришган – ўтирган автомобилини ўққа тутишган. «Ўйлаб кўрсам, мен ҳали яқинларим учун керакман, бизнинг элимиз ўз шоирларини кўксини қалқон қилиб ҳимоялайдиган Кавказ халқи каби эмас», деган экан Эркин ака.

Биз ўзгаларнинг ҳаётига лоқайд, бепарвомиз, аммо улар ютуққа эришса, ҳасадни дўндирамиз, ичимизни қурт кемиради. Ўткир Ҳошимов ёзганидек, армани қоровул Петросянни сўраб борсангиз, уни қоровул эмас, академик, донишманд одам, дейишади. Гуржидан этикдўз Панжикидзени суриштиринг, этикдўз демайдилар. Уни ҳам академик, донишманд киши дейдилар. Ўзбекдан академик Алижоновни сўранг, ҳеч қанақа академик эмас, қоровулчалик саводи, этикдўзчалик илми йўқ деб жавоб беришади.

Ғира-шира пайтдаги «разбор»

Ишхонада шомгача қолиб кетибман. Ғира-ширада уйга қайтиш учун кўчага чиқсам, ўн беш-йигирма чоғли ёшлар тўдалашиб турибди. Ўртада икки ўсмир бир-бирига хезланган. Бу ёшлар ён томондаги ўқув марказидан чиқишган, кейин гаплари келишолмай қолиб, ўзаро мунозара қилишарди. Катта йўл томон кетар эканман, бақир-чақир тобора авж ола бошлади. Ногоҳ Жасур Ибрагимов воқеаси ёдимга тушди. Беихтиёр тўхтаб, орқамга қайтдим. Икки «ишкалчи» ўсмир баланд бино ёнидаги хилват жойга кириб борарди. Орқасидан бошқа болалар ҳам эргашди. Аммо ҳеч ким ихтилофдаги болаларни ажратай демасди. Икки ўсмирнинг бир-бирига нафрати эса «ўв, ногиронлар аравасига михлаб қўяман», «сен ҳозир аниқ ўласан» деган пўписаларида яққол намоён эди.

Демак, йигитларнинг униси ёки буниси калтаклар тагида қолади, майиб бўлади. Кейин ҳар иккисининг тарафдорлари ҳам қўшилиши мумкин. Вазият қалтис, фурсат ғанимат эди. Мен шоша-пиша бу бир тўда ёшларнинг ортидан юрдим. Тез-тез одимлаб, икки «қаҳрамон»нинг ўртасини «ёриб» кирдим.

– Ҳа, тинчликми? – дедим ўсмоқчилаб. – Нимани бўлишолмаяпсизлар? А?!. Қани ҳамманг тарқал! Ҳеч ким қолмасин! Тез!

Эътироз қилиўмади. Тарқалишди. Мен кўча муюлишида икки «қаҳрамон»ни кузатиб турдим. Бир томонга кетаётганида тўхтатиб, бошқа-бошқа тарафларга йўналтирдим. Акс ҳолда жанжални давом эттиришлари аниқ эди. Шу зайлда уларнинг шериклари ҳам икки томонга равона бўлишди. Охиригача кузатдим, сўнг уйга йўл олдим. Кун бўйи ишда толиққанимга қарамай, қушдек енгил эдим. Аммо виждоним олдида жавоб бераман: агар Жасур Ибрагимов воқеаси сабоқ бўлмаганида мен бу можарога аралашмаслигим мумкин эди.

Нима қилмоқ керак?

1. Давлатдан, ҳукуматдан домангир, умидвор бўлманг. Ҳеч ким кўчадан келиб болангизни тарбиялаб бермайди, ҳатто Ёшлар Иттифоқи ҳам буни бўйнига олмаган. Болангизни ўзингиз тарбия қиласиз. Унинг бўш вақти бўлмаслигига эътибор қаратинг. Зеро, ҳамма балонинг боши бекорчиликдан. Эртадан-кечгача болангизнинг ёнида бўлишингиз шарт эмас, бунга вақтингиз ҳам, тоқатингиз ҳам етмайди. Вазифалар, режалар беринг ва қатъий назорат қилинг.

2. Ҳар куни энг камида 100 бет бадиий китоб ўқисин. Ҳар оқшом оилавий мутолаани йўлга қўйинг. Одоб-ахлоқ мавзуларида овоз чиқариб, ҳадис, ҳикмат, ривоятлар ўқиб беринг. Иккала қўлида қилич ишлатишга қодир бўлган Амир Темурдек бобокалонлар авлоди эканлигимизни уқтириб боринг.

3. Масжид, амру маъруфларга бирга боринг. Вақти-вақти билан эътиборли имомлар, муллалар суҳбатидан баҳраманд бўлинг. Улар каломини фарзандингиз диққат билан тинглашига эътибор беринг. Бирга намоз ўқинг. Оналар ҳам қизларига мусулмончилик қоидаларини ўргатсинлар.

4. Ҳар ҳафтада оила аъзоларингиз билан ота-онангиз, қавм-қариндошларнинг уйига, театр, кино, кутубхонага боришни одат қилинг. Шунингдек, турли кўргазмаларга ташриф буюринг. Уйга меҳмон таклиф қилишни ҳам унутманг.

5. Фарзандларингиз мудом спорт билан шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратинг. Жисмоний жиҳатдан чиниқишларини кузатиб боринг. Эрта тонгда улар билан бирга югурсангиз, барчангизга бирдек фойдали. Яна бир гап: жисмоний меҳнатга алоҳида тайёрлаб боринг, тоблансин.

6. Фарзандларингизнинг дўстлари, дугоналари кимлиги билан албатта қизиқинг. Улар билан яқиндан танишиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Болангизнинг дўстлари даврасида бўлишига қўйиб беринг, бироқ тизгинни қўлдан чиқарманг.

7. Ўғлингиз ёки қизингизнинг қўл телефони сизда бўлсин. Уни албатта текшириб туринг. Ана шунда ҳар бир қадами, хатти-ҳаракати диққат-эътиборингизда бўлади. Келажакдаги орзусига мувофиқ равишда турли тўгараклар, тренингларга қатнашини таъминланг.

8. Телевизорда ўзбек ва инглиз тилида бериладиган хабарларни кўришига изн беринг. Ибратли телесуҳбатлар, чиройли фильмлар, дунё мамлакатлари, илф-фани, тараққиёти ҳақидаги кўрсатувларни, гоҳида янги видеоклипларни томоша қилишига қўйиб беринг.

9. Ўғлингиз, қизингизни эшитинг, фикрлари билан қизиқинг. Дунёқараши шаклланишини таъминланг. Келгусида жамият учун керакли шахс бўлиб етишиши кераклигини уқтиринг. Ўзгаларга ҳамдард, ҳаммаслак бўлмоғи шартлигини миясига сингдириб боринг.

4.42 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.42 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.59 / 9
  • Муштарийлар баҳоси
    4.58 / 43

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Уйғун Ғафуров 10/06, 21:52

долзарб масала кўтарилган. лекин сабаблар ва таклифлар тўлиқ ёритиб берилмаган

4.5 Бахтиёр Шералиев 11/06, 03:03
4 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:15

Фарзанд тарбияси ун керакли маслахат ва тавсиялар юерилибди, яхши езилган.

4 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:25

Долзарб мавзу танланган. Таҳлил ҳам ажойиб. Лекин жамиятимизда лоқайдликнинг бу қадар чуқур илдиз отиб кетиши сабаблари яхши ёритилмабди. Муаллифга омад тилайман.

3.5 Давронбек Тожиалиев 11/06, 15:27

Аксарият фикрлар аввал айтиб бўлинган. Ярим финалдагидек ортгинал блогпост кутгандим.

5 Адҳам Отажонов 11/06, 18:49
4.5 Расул Кушербаев 11/06, 23:38
3.5 Қаҳрамон Асланов 12/06, 01:46

Умумий, ҳамма билган гаплар. Муаллифнинг меҳнатини камситиш ниятим йўқ, аммо масалан, мен янгилик, одамларни ўзгартириши мумкин бўлган гап фикр кўрмадим. Инсон қачон ўзгаради? Қачонки, умрида эшитмаган бирор фикрни эшитса, умрида яшамаган бирор ходисани бошидан ўтказса... Ўзидан ўзи ўзгариб қолган инсонга ҳам қачондир эшитган бирор фикр кечикиб таъсир қилган бўлади. Бу пост кимгадир таъсир қилишига ишонмайман.

4 Нодир Закиров 12/06, 09:06

Жонкуярлигингиз учун раҳмат. Аслида бу мақолани таҳрир қилсангиз, орада у қадар муҳим бўлмаган қисмларини олиб ташлаб, қисқача ёзишингиз мумкин эди. Муаммо тавсифи, "разбор" ва охиридаги 9та тавсиянгиз билан. Дипломсиз ўқитувчи қисми бироз эътиборни чалғитди.

4 Абдумалик Носиров 12/06, 11:07

матнда "Эътироз қилиўмади." деган жойига тушунмадим.

4.5 Нигора Умарова 12/06, 13:50

"Сабаб+оқибат+моҳият" ёритиб берилган ажойиб мақола. Бироқ, панд-насиҳат руҳияти ҳам йўқ эмас.

5 Мансур Тангишов 12/06, 15:55

Ҳамма нарса ўз ўрнида. Шундай блогпостлар кўпайиши керак. Бефарқлик ва лоқайдлик замонавий инсонларнинг энг катта муаммоси. Фақат таклифлар орасида фарзандларини тарбия қилишда ота-оналарнинг ўзларини тарбияларига ҳам эътибор беришни қўшимча қилиш мумкин.

4.5 Ботиржон Шерматов 12/06, 16:16

Ёзиш услуби яхши, лекин имловий хатолар мавжуд, ижтимоий ахамияти катта, ечим ва тахлил мавжуд.

5 Беҳзод Қобулов 12/06, 19:38

Уста – уста-да!..

5 Умид Гафуров 12/06, 23:10

Аянчли ва долзарб муаммо. Тавсиялар учун алоҳида раҳмат!

5 Музаффар Назаров 12/06, 23:33
4 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:20

Loqaydlikka o‘zimiz aybdor. Yeb qo‘yganmiz boshqa joydan. Inday olmaymiz. Boshqa aybimiz bilan boshimizga uradi, kim bo‘lsayam.

5 Шерзод Шерматов 13/06, 01:52
4.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06, 02:09
4.5 Мақсуд Саломов 13/06, 02:47

Dolzarb mavzu tanlangan. Tavsiyalar uchun rahmat.

4.5 Мубашшир Аҳмад 13/06, 05:21

Бўлди бошқа изоҳ ёзмайман.

4 Иноят Садикова 13/06, 05:53

Blogpost markaziy fikri biroz chalg'ish bo'lib qolibdi. To'g'ri, loqaydlik ko'rinishi turlicha bo'ladi va bir qarashda blogpost ularni barini qamrab olmoqchi bo'lgan, yana bir qarashda faqat bir loqaydlik natijasiga e'tibor qaratilgan. Hukumatdan umid uz - chaqirig'i ham unchalik to'g'ri emas. Sizga balki qiziq bo'lar: https://www.facebook.com/notes/inoyat-hon/ahmoqona-xato/10156303845328158/

5 Шунқор Чориев 13/06, 11:56
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
15 та фикр