"Лайк" босиш масъулияти ёхуд сизни бошқаришларига йўл қўйманг!

“Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмидаги эпизоддан лавҳа: шоҳ зобитлари сарой томида “иблислар”ни икки томондан қуршаб олади. Шунда князь Милославский зўр хийла ўйлаб топади. Шартта чўқинади-ю, “жойим жаннатда бўлсин”, дея ўзини гўё юқоридан пастга ташлайдигандек кўрсатади. Кейин нима бўлганини яхши эсласангиз керак.

Бу — бир фильм. Аммо ҳаётда ҳам, айниқса, ижтимоий тармоқлар тобора оммалашаётган ҳозирги жамиятда, бундай ҳолатлар ҳам учраб турибди. Сизнингча, қайсидир “иблис”нинг интернетдаги қутқусидан таъсирланиб, мусулмонларни “озод этиш” учун қирғинбаротга кетаётган ғўр-шўр ёшларнинг ўша фильмдаги бир тўда ахмоқ зобитдан қандай фарқи бор? Мен сезмаяпман. Бири ҳазил, бошқаси эса — фожиа эканини айтмаса...

Ижтимоий тармоқда фаолмисиз? Демак, навбатдаги ўлжа — сиз!

Ижтимоий тармоқ дегани ҳақиқий топилма чиқди-да! Хоҳлаган одаминг билан гаплашасан, истаганча фикр қолдирасан, “лайк” босасан, суратлар билан ўзингни кўз-кўз қиласан, газеталарда ёзилмайдиган хабарларни ўқийсан, телевизорда намойиш этилмайдиган лавҳаларни кўрасан, керак бўлса ўзинг жойлаштирасан... Хуллас, ахборот уммонида балиқдек яйрайсан. Бир эркинлик бўлса, шунча бўлар-да!

Кечирасиз-у, агар шундай ўйласангиз — бекорларнинг бештасини айтибсиз. Тармоқда саҳифангиз борми, тамом, сизнинг бу “эркинлигингиз” аллақачон ўрганиб бўлинган. Бугунги замонавий технологиялар терингизни рангидан тортиб, руҳиятингиз, дунёқарашингиз, моддий-маънавий аҳволингиз, ҳиссиётингизгача ўрганиш имконини беради. Қандай қилиб дейсизми? Оддий, сиз босаётган “класс” ёки “лайк” тугмалари орқали!

Масалан, 2008 йилда Кембриж психометрия маркази илмий ходимлари Михаил Косинский ҳамда Дэвид Стиллуэл томонидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг психологик портретини аниқлаш мақсадида махсус алгоритм ишлаб чиқилган. Унга кўра 10 та “лайк” ёрдамида фойдаланувчи ҳақида унинг касбдошлари, 70 та — дўстлари, 150 та — ота-онаси, 300 та — турмуш ўртоғига нисбатан кўпроқ маълумот олишингиз мумкин. Сингапур миллий университети олимлари яратган алгоритм билан фойдаланувчининг оилавий шароитини 86 фоиз аниқлик билан айта оласиз.

Нима, дунёдаги нуфузли илмий муассасалар бошқа иши йўқлигидан “лайк” санаб ўтирибдими? Асло, бунинг ортида катта сиёсий мақсадлар, миллиард-миллиард сармоя ҳамда Сиз билан Мени ўша арзимас белгига мурожаат қилишимиздан манфаатдор кучлар ётибди.

“Ким кўп маош олишни хоҳласа, “класс” боссин”

Аминманки, агар “Одноклассники” сайтида саҳифангиз бўлса, бир қоп пул сурати билан жойланган шунга ўхшаш постларга кўзингиз тушган. Одатда фойдаланувчилар ижтимоий тармоқда бирор фикр, сурат ёки бошқа материаллар улашганда, бу иши учун дўстларидан рағбат эшитишни, “виртуал авторитети”ни оширишни, кўпроқ “класс”га эга бўлишни истайди.

Бироқ эътибор берсангиз, мана шу руҳдаги, яъни нимагадир “класс” босишга ундовчи аксарият постлар кўпинча шахси номаълум “фойдаланувчилар” ёки қайсидир виртуал гуруҳ маъмури томонидан жойлаштирилади.

Хўш, уларнинг мақсади нима? Табиийки, ўзига тўқ ва ақли бутун одам бунақа “бекорчи” нарсаларга аҳамият бермайди. Аммо молиявий томондан қийналиб юрган ёки боши бўйнидан ўсиб чиққанлар қанча? Жилла қурса бир марта, майли виртуал бўлса ҳам, “бир арава кўкат”га ҳирс билан қарайди, шу қулинг айлансин учун битта “класс”ни аямайди. Қарабсизки, ўша номаълум “иблислар” учун пулга муҳтож, бунинг устига фикрсиз икки-уч минг авом — “ўлжа” тайёр. Истаган йўриғига ўйнатиши мумкин!

“Кимнинг байроғи чиройлироқ: Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистон?”

Ижтимоий тармоқларда кўп учрайдиган сўровнома усулидаги яна бир пост. Аниқки, ҳар учала давлат байроғининг сурати ҳам илова қилинган бўлади. Сиздан нима кетди, ўз ватанингиз рамзи учун овоз берасиз, “класс” босасиз. Бироқ, билмайсизки, сиз бу хатти-ҳаракатингиз билан аслида фитна тарқатаяпсиз, “шайтон”нинг ноғорасига ўйнаяпсиз. Ишонмайсизми? Унда шу каби постларнинг “изоҳлар” қисмини ўқиб кўринг, ҳар иккита “коммент”дан биттаси ўзаро тортишувлар, қайсидир миллат шаънига отилган мағзава, ҳақорат ва таҳдиддан иборат.

Қизиғи шуки, “иблислар” Қирғизистон байроғини, масалан, Мадагаскар ёки Венесуэла эмас, балки айнан Ўзбекистон, Тожикистон ёхуд бошқа қўшни давлатларники билан таққослайди. Тўғрида, дунёнинг нариги чеккасидаги, дейлик малай халқи билан ўзбеклар ўртасида миллий низо чиқариш мумкинми?

Биз рақамли технологиялар эрасига қадам қўяяпмиз ва афсуски, бу жараён силлиқ кечмаяпти, - дейди медиакоммуникация соҳаси эксперти Сергей Моругин. — Яъни, ижтимоий онгни манипуляция қилиш ёки бошқаришнинг янги-янги технологиялари пайдо бўлаяпти. Айни пайтда мустақил тафаккурга таъсир ўтказиб, одамлар диққатини чалғитиш, улар онгига муайян фикрни сингдириш учун кеча-ю кундуз ҳаракат қилаётган тузилмалар, структуралар вужудга келди.

Бир қарашда арзимасдек кўринадиган юқоридаги постлар — аслида кимларнингдир пухта ўйланган режаси асосида ишлаб чиқилган манипуляцион юриш эмас, деб ким кафолат беради?

Ўз ҳиссиётингизга ўзингиз эгалик қилинг!

Мутахассисларнинг фикрича, одамлардаги муайян ҳисларни қўзғатиш ва шу орқали улар онгини бошқаришга қаратилган ғаразли манипуляцион технологиялар талайгина. Айбдорлик туйғусини сингдириш бу борадаги энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Айниқса, ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга ин қуриб олган экстремистлар, сохта “шайх”лар бу усулдан жуда кенг фойдаланаяпти. Улар томонидан жойлаштирилаётган суратлар, видеолар, хитобларнинг аксариятида — “Ҳой, гўрсўхта! Диндошингни бўғизлаб кетишаяпти, сингилларингни зўрлашаяпти. Сен нега қараб ўтирибсан, келиб кофирнинг калласини сапчадай узмайсанми?”, деган бузғунчи маъно яширин.

Ўз фикрига, диний ва дунёвий билимларга эга бўлмаган кишилар, айниқса ўсмир-ёшлар одатда бундай ахборотларни “фильтрлаб” ўтирмайди, яъни бу хабар қанчалик ҳақиқатга яқин, расмий манбаси борми, мусулмонлар учун “жон куйдираётган” чўққисоқол ўзи ким, қандай “кароматлар” кўрсатган, нега энди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи юзлаб халқаро ташкилотлар қолиб, мени саҳифамда “дод-вой” солаяпти ва ҳоказо саволларга жавоб изламайди. Иродаси заифроқ бўлса (худо асрасин), “айбини” ювишга киришади.

Психология фанлари доктори, Украинадаги Ижтимоий ва сиёсий психология институти катта илмий ходими Вадим Васютинский шундай ёзади: “Ҳеч қачон биринчи таассурот таъсирига тушиб қолманг. Ижтимоий тармоқда қандайдир хабар, ҳодиса ёки муайян ҳаракатга чорловчи хитобларга кўзингиз тушса, энг аввало ахборотни “хазм қилиш” учун ўзингизга вақт беринг. Бироз “совигач”, яна бир бор, қайта ўқиб чиқинг. Муҳими ахборотнинг манбаси, муаллифи, тайёрловчисига эътибор қилинг ва ўзингизга шундай савол беринг: “Бу иғво эмасми?”. Бир сўз билан айтганда, ўз ҳиссиётингизга ўзингиз эгалик қилинг. Шундагина сизга тиқиштирилаётган сохта “оҳ-воҳлар” ортидан эргашиб кетмайсиз”.

3.50 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.50 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Бахтиёр Шералиев 30/04, 04:00
3 Олимжон Солижон ўғли 05/05, 20:39
4 Маҳсуджон Асқаров 13/05, 13:08
4 Расул Кушербаев 15/05, 00:03
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05, 04:12
4 Шерзод Шерматов 17/05, 17:10
4.5 Мақсуд Саломов 18/05, 09:14
3.5 Давронбек Тожиалиев 18/05, 15:55
3 Нигора Умарова 19/05, 15:03
3 Тўлқин Юсупов 19/05, 17:06
4.5 Уйғун Ғафуров 19/05, 18:57
4 Умид Гафуров 20/05, 00:56
3 Қаҳрамон Асланов 20/05, 14:52
4 Музаффар Назаров 20/05, 16:19
3.5 Мубашшир Аҳмад 20/05, 16:25
3 Шунқор Чориев 20/05, 20:56
2.5 Абдумалик Носиров 20/05, 23:09
5 Иноят Садикова 21/05, 01:07

Tartibli, sodda tilda yozilgan aktual mavzu. Rahmat.

4 Нодир Закиров 21/05, 06:11
4 Мансур Тангишов 21/05, 11:44
4 Адҳам Отажонов 21/05, 18:42
4.5 Беҳзод Қобулов 21/05, 19:13
3.5 Ботиржон Шерматов 21/05, 20:50
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр