Кимнинг тобутини олиб кетяпсиз?

Кенг дала. Сукунат. Ҳатто шабаданинг овози йўқ. Қуёш тиғида 4-5 бола, яна шунча аёл пахта териб юрибди. Айримлари ҳозир дарсда бўлиши, қолганлари жуда бўлмаганда фарзанд тарбия қилиши керак. Бироқ уларни пахта тарбия қиляпти, дала сабоқ беряпти. Баҳонамиз бор: улар миллий бойликни теряпти!

Наҳотки шу ўсимлик бойлик бўлса? На марихуанадан қиммат ва на мева-чевадан. Эркаклари қани бу қишлоқни? Улар Россияга кетишга улгурмаган экан. Йўл бошида оламон кўринди, устида тобут. Кўпга қўшилган кимдирни елкасига олган эркаклар. Забардаст, билагида кучи бор, ҳаёт ташвиши қаддини бироз букиб қўйган, аммо умиди сўнмаган.

Йиллар давомида миллий бойлигимиз пахта деб ишонтирганлар бекорларнинг бештасини айтипти. Бойлигимиз — халқимиз. Босмачилар буни билган, ҳадиксираган. Кейин эса пахта идеологияси ўйлаб топилган...

Рақобатда илғормизми?

Хоп, пахта. Биз шугина маҳсулот билан жаҳон бозорини титрата оламизми? Менимча, асосан ўзимиз титраймиз. Пахта далалари бобида Ҳиндистон, АҚШ ёки Хитойнинг олдига туша олмаймиз. Териш масаласида ҳам шу гап. Соҳа-ку тинимсиз ривожланиб борса, бошқа гап. Бироқ биз йиллар давомида пахтани қўлда териб келдик. Илғор техникани бунга олиб киришда ҳозиргача оқсаймиз. Бу ўша Бразилия ёки Колумбия плантацияларида кофе териб келган кишиларни ёдга солувчи манзара.

Фото: Google Images

Пахтадан ярим тайёр ёки тайёр маҳсулот тайёрлаш, кейин уни экспорт қилишда айтайлик Хитой, Туркия ёки Ҳиндистон билан рақобат қила оламизми? Маҳаллий текстиль ички бозорни ҳам тўлиқ эгаллай олмайди, биз фақатгина кичик доиралардагина маҳсулот сота оляпмиз. Буларнинг бари юқоридаги манзара маҳсули: болалар таълимдан, оналар замондан ортда. Демак, ҳозирги ҳолат билан яқин йиллар ичида ҳам нур кўринаётгани йўқки, бирор олим етишиб чиқса дегандек. Пойтахт шароитида таҳсил олаётган кимдир пахтани ёки далани тушунмаслиги, буларни тушунадиган болалар эса сифатли таълимдан узоқдалиги катта эҳтимол. Чунки ҳўв ўша даладаги аёлларнинг ярми ўқитувчилар.

Биз шунчаки ўзимизни алдаяпмиз. Яъни, артистга имтиёз бериб, миллатконцерт деган ташкилот тузиб, ўша артистларни пахта даласига текин олиб келяпмиз теримчилар кўнглини олиш учун. Кундузи отарчини, кечаси платанциядагиларни алдаш учун ишланадиган сериални кўрган халқ қандай қилиб ўзига келиб олади? Пахта идеологияси шунчалик пухта бўлганки, биз йиллар ўтса ҳам пахтада янгилик қилиши мумкин бўлган олимга эмас, пахтачини алдаши мумкин бўлганларга имтиёз беришдан чарчамаганмиз. Сананг: на пахтани қойил қилиб теряпмиз, уни на қойил қилиб сотяпмиз, на таълимда силжияпмиз ва на узоқда нурни кўряпмиз. “Темир хотин”даги Олимтойларни эмас, кичик-кичик Қўчқорвойларни кўпайтиряпмиз.

Яна нима экамиз?

Бозорга ёки катта тайёргарлик билан ёки янгилик билан кириш керак, йўқса чўкиб кетамиз. Денгиз биздан узоқ, унга интилиш мантиқсизлик. Бахтга қарши нефть конлари устида ястаниб ҳам ётмаймиз. Навоийдаги олтинларни, Ангрендаги кўмирни, воҳадаги газни тинч қўйинг. Валюта керак бўлгани учун сотяпмиз, аслида ўша нарсаларга ўзимиз муҳтожмиз. Кунига 3-4 соат нур кўрса шукр қиладиган, қишга ўтин ғамлайдиган халқимиз бор.

Пахтани бошқа ўсимлик билан алмаштирамизми? Айтайлик, мева-чева дегандек. 4 та фаслимиз бор, ширинликларимиз тилни ёради. Бироқ биз бу маҳсулот билан бозорни эгаллашга тайёрмизми? Боринг ана Россия ёки Қозоғистонга юкладик дейлик. Бироқ цитруслари билан танилган Малайзия, Таиланд, Индонезия, бу томонда Туркия ва Испания билан йўлларимиз кесишади. Қурув мева бозорида қаршимизда Эрон туради. Биринчидан, уларда техника кучли, иккинчидан, тажриба катта. Учинчидан эса бизда сув танқис, ўртоқлар. Икки дарёни бекор қуритиб ётибмиз.

Машинасозликка зўр беришимиз мумкин дейлик. Ғарбда немислар, чапда японлар, пастроқда Корея кўзимизни очирмайди. Шунча йил машина чиқарганимиз, “шапка” билан пулнинг 85 фоизини тўлаб, 185 кундан кейин машинага эга чиқишимиз бўлди, тўғрими? Қайтараман, биз кичик-кичик ҳудудлардаги рақобатга тайёрмиз. Аммо катта масштабда қийналишимиз бор гап.

Ишчи кучи экспорти-чи?

Бойлигимиз — халқимиз. Биз ишчи кучи экспортини шакллантиришимиз мумкин. Хўв ўша тобут кўтариб келаётганлар миграцияда ютиб чиқишга қодир. Қолган халқларга ҳурматимни сақлаганим ҳолда айтаман, халқимиз ўзига хос маданиятли, ўзига етгуча озодалиги бор, тарбияси бор, квалификацияси бор. Одамларимиз намойишкорана ишлардан тийилади, сабр қила олади, яхши сўз, муносабат, шароит ҳамда қонуний маош билан уларни бошқариш мумкин. Улар бекорга Россияда, Кореяда, Туркияда ёки араб мамлакатларида нон топиб кетмаяпти. Чунки айнан миграция масаласидагина рақобатга тўла тайёрмиз.

Стоп! Бу одам савдоси, бу бизга ярашмайди, уят бўлади дегувчи гаплардан тийилайлик. Айрим телебошловчилар Россияга ишлаш учун кетаётган кишиларга паст назар билан қарашни, тўғри мақсадда четга чиққан аёлларни қоралашни одат қилгани аслида уят. Масалага реал қарайлик. Меҳнат миграцияси бутун дунёда бор. Миллионлаб мексикаликлар АҚШда нон топади, араб мамлакатларида Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Вьетнам вакилларини кўп кўрасиз. Ҳатто польшаликлар ҳам ғарбий Европага сингишга ҳаракат қилади. Бу глобализация белгиси, уни истайсизми, йўқми — тўхтата олмайсиз. Аммо бошқариш, тартибга солиш мумкин.

SOS

Бир оилани пахта даласига ҳайдашдан кўра, шу оила вакилига миграция масаласида ёрдам бериш яхшироқ. Давлатлар миқёсида ёрдам керак. Биз ўша Россия, Корея, Туркия ёки араб мамлакатлари билан муносабатларимизни яхшилаш эвазига, одамларимизга шароит яратишга интилишимиз мумкин. Уларга қарши самарасиз курашдан кўра, ҳаминқадар ёрдам жуда муҳим. Армия, қандайдир маҳсулотлар савдоси, сиёсат доирасидаги катта учрашувларимиз ўз йўлига. Энди биз борлиги реал факт бўлган ишчиларимизни ҳам истисно қилмаганимиз ҳолда ҳамкорликка интилишимиз мумкин. Боиси ишчи кучи ўша давлатларнинг ўзига ҳам жуда керак. Улар ҳам нолегалларни қувишдан, улардан чўчишдан, назорат қилишдаги қийинчиликлардан чарчаган. Балки бизнинг таклифимизни кутиб турган бўлиши катта эҳтимол.

Меҳнат вазирлиги қошида меҳнат миграцияси билан машғул бўлувчи агентлик тузилса дейлик. Нолегал фаолият олиб бораётгани сабаб қора ишчига айланиб қолган муҳожирларимизда, ўз квалификацияси бўйича ишлаш имкони туғилиши мумкиндир балки. Давлатлар орасида бу борада алоҳида дастур бўлса, одамларимизнинг шароитлари яхшиланишига ишонч бор. Ишлаши учун муқим жойи бўлса, ертўлаларда ётиб юрмаса, маҳаллий полиция уларни чирқиратмаса, бизникилар туппа-тузук ҳамшира, механик, ошпаз, ўқитувчи, қурувчи ва ҳоказо. Мана энди пахта учун сарф этилаётган миллионларни фанга берсак эса, миллатконцерт тушунчаси ҳам керак эмас. Ахир олимлар, академиклар кўмакка муҳтож, ўзимиздаги билимлилар билан ҳам бир қатор соҳаларда ўсиш потенциалимиз бор. Афсуски, имтиёзни далага, армияга, саҳнага, спортга ва ҳайбаракаллачи фаолларгагина беряпмиз-у, таълим, фан, тиббиёт каби соҳалар нураб боряпти, бор олимларимиз четга қочяпти.

Ўша монопол темирйўллар, ҳаво йўллар меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик қилса, одамларимиз Қозоғистон чўлларида тириклайин ёниб кетмасди балки. Имтиёз, кредит, субсидия аслида уларга керак. Иши ўнгланса, қарзини албатта қайтаради, оиласини эпақайга келтиради, пахта даласида юрган укасини ўқитиш учун пул юборади, уйини таъмирлайди, газ олиб киради, кўчасини текислайди. Биз бор масъулиятни ўзимизга олиб, ҳар бир хонадонга кира олмаяпмизми, ҳеч бўлмаса ҳар бир хонадон вакилининг танловини ҳурмат қилишимиз керак, уларга шароит яратайлик демоқчиман.

Дўппи токчада

Ўша машҳур бош кийимни бир четга қўйинг, озгина ҳисоб-китоб қиламиз. 

Биз бир йилда таҳминан 1 миллион тонна пахта толасини экспорт қиламиз (аслида 4-5 миллион тонна пахта терилса керак). Биржада пахта толаси ўртача тоннасига 2 минг АҚШ доллари. Демак, йилига 2 миллиард доллар давлат ғаснасига миллий бойлик орқали тушяпти.

Энди эса пахта атрофидаги муаммоларни кўринг. Сувимиз, ўғит, дорилаш тизими ва вақтни айтмаганда ҳам, қолган чиқимларнинг ўзи анча тош босади. Ўқувчининг, ўқитувчининг далада юришиёқ қўрқинчли, энди бунга оддий ишчилар меҳнати, ҳарбий қисмдагилар кўмаги, пахтага бора олмай қолганларнинг чўтал тўлаши, қоида бузган ҳайдовчиларнинг далага одам ташиши, ёш тадбиркорларнинг турли кўмаклари каби масалаларни қўшинг. Давлат бир чўнтагига валюта солиб, унинг ёрдамида халқни боқмоқчи бўлса-ю, иккинчи томони билан шу халқни далага ҳайдаса — мантиқ ҳижолат бўлади. Яъни, миллий бойликни юзага чиқариш учун, биз ички бойликни ёқиб ўрганиб қолганмиз.

Энди танганинг иккинчи томонига қараймиз. Жаҳон иқтисодий инқирозигача (2014 йилларгача) Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг ўзи оиласига тахминан 7-8 миллиард доллар маблағ юборарди (аниқроқ рақамларни яна текшириш мумкин). Мана энди пахтанинг 2 миллиарди ва Россиядан кириб келаётган пулни олингда, саволга жавоб беринг: пахтами миллий бойлик ёки одамларимиз? Кореядан, араб мамлакатларидан, Туркиядан, боринг ана Қозоғистондан кириб келаётган суммалар бунда йўқ. “Дарё” рақамида айтилишича, 2017 йил давомида Қозоғистондан Ўзбекистонга 273,6 миллион доллар пул юборилган. Шунчаки кириб келгани яна қанча...
Фото: "Daryo.uz"

Агар пахтани давлат сиёсати даражасига олиб чиқиб, унинг тушуми ёрдамида тиббиёт ёки таълимни ривожлантиришни ўйлаган бўлсак, йилларни беиз кетган деб ҳисоблаш мумкин. Чунки бюджет шу соҳаларга пул ажратгани билан, бошқа қўл толибни ҳам, пир-у комилни ҳам, ҳакимни ҳам, ҳокимни ҳам далага ҳайдаган. Агар биз меҳнат миграцияси масаласида одамларга кўмак бера олсак, улар топаётган пулидан саломатлигини ҳам, ўқишини ҳам, қорин ғамини ҳам ўз гарданига ола билади. Улар бепул ва нисбатан сифатсиз тиббиёт ёки таълимга эмас, ўзи сифатли деб билган пуллигига мурожаат қилиш имконини қўлга киритади.

Агар биз четга иложсизликдан чиқаётган ҳаммада ношукур гастарбайтер ёки фоҳишани кўраверсак, одамларимизни ҳимоя қилмасак, унда муаммоларимиз атрофида айланиб қоламиз. Чунки пахта идеологияси шунинг учун ўйлаб топилган. Сувимизни-ку қуритиб бўлдик, энди силламиз қуригунича олиб бориш шарт бўлмаса керак.

Эркаклар кўтариб келаётган тобутда ким ётибди экан? Пахтадан қўллари қаварган одамми, тириклайин куйган ватандошимми, террор деган гумонда полиция отиб ташлаган гўл маҳалладошим — билолмай қолдим... Мен ўша тобутда пахта идеологиясини кўришни истардим.

4.36 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.36 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.57 / 25
  • Муштарийлар баҳоси
    4.59 / 76

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Қаҳрамон Асланов 08/06, 14:04

Бир уйда бир гуруҳ одамлар гаплашиб ўтиришган экан. Улардан бири “қаердадир хазон ёқишяптими, хиди келяпти” дебди. Иккинчиси туриб, текшира бошлабди. Учинчиси, аслида хазонмас, электр сими куйганини билиб қолибди. Тўртинчиси хавфни бартараф этибди. Бир гуруҳ одамлар яна ўша уйда бахтли гаплашиб ўтираверишибди. Мақолани уч марта ўқидим. Муаллиф нима демоқчи бўлаётганини нотўғри тушуниб қолмай, деган мақсадда. Аслида пахтадан келаётган 2 миллиард билан Россиядан келаётган 7 миллиардни ҳам тўғридан тўғри солиштириш хато. Муаллиф демоқчи бўлганми, йўқми, бизнинг асосий бойлигимиз ҳам, ривожланиш йўлимиз ҳам иш кучи, деган фикрга ҳам мутлақо қўшилмайман. Аммо гап менинг қўшилиш ёки қўшилмаслигимда эмас. Блогердан иқтисодий экспертликни, мукаммал таҳлилни, оргинал ечимни кутиш шарт эмас. Муҳими, Диёр ўз тили билан ўз фикрини ёзган. Қайсидир нуқталарда ўз фикрини тўлиқ очолмаётгандек туюлди, менга, аммо баён услуби ёмон эмас. Хуллас, у “қаердадир хазон ёқишяпти” деяпти, блогер ундан ортиғини иддао қилиши ҳам шарт эмас. У билан “йўқ, сен хато айтяпсан, бу хазон тутунининг хиди эмас, сен ноҳақсан”, “фикрингга қўшилмайман, бу симнинг хиди” деб эътироз қилишдан кўра, муаммонинг борлигини тан олиш лозим. Блогерни шундай қувватлаш мумкин, шундагина кимдир туриб, аслида хид қаердан эканини ахтаради, бошқаси бартараф қилади.

5 Адҳам Отажонов 08/06, 16:32

Гап йўқ... долзарб мавзу кўтарилибди

4 Бахтиёр Шералиев 08/06, 17:18

Muallif maqolada eski muammoga yangicha yondashishga harakat qilgan. Aslida paxtani yomonlashimiz emas, balki paxta yetishtirish bo'lgan munosabatni o'zgartirish kerakligiga urg'u berishimiz kerak deb o'ylayman. Qolaversa muallif ko'targan muammolarning barchasi allaqachon ko'tarilgan, ayniqsa ishchi resurslari haqidagi fikrlarini boshqa bir bloger aniq misollar bilan saralash bosqichida tahlil qilib bergan edi. Shunday bo'lsada maqolaning yozilishi juda tekis, bir nafasda o'qishli bo'lgan. Muallifga omad tilab qolaman.

5 Нигора Умарова 09/06, 07:53

Мақола муаллифи "ўзи оппоқ, бироқ заҳматли меҳнати аянчли, "оқ олтиннинг миллат бошига солган қора қилмишлари"ни "билса - чин, билмаса-хипчин" ҳолатида аччиқ киноя-сарказм воситасидан фойдаланиш орқали ўзига хос услубдан фойдаланиб мақола ёзган. Глобаллашув шароитидаги аҳолининг турмуш тарзини очиб берган. Блогпостни "ҳужжатли киноҳикоя" деб атаган бўлардим. Матн мутолааси жараёнида тасвирлар киши кўз ўнгида кинотасмадан ўтгандек гавдаланди.

4.5 Уйғун Ғафуров 09/06, 16:51

Жуда долзарб масала, кенг таҳлил қилинган. Шу билан бирга, муаммо ечими юзасидан ҳозиргача нималар қилингани ва яна нима қилиш мумкинлиги баён этилмаган.

4.5 Мансур Тангишов 10/06, 15:53

Пахтадан кўра ишчи кучи экспортига кўпроқ эътибор қаратиш ғояси яхши. Тасвирлар ва мисоллар таъсирли. Журналистик усуллардан яхши фойдаланилган. Бироқ, маълумотлар нисбатан юзаки, таъсирчанлик учун бўрттириш усулидан кўп фойдаланилган. Ҳозирда пахта масаласида давлат даражасида ҳам амалга оширилаётан ишлар ҳақида қисқача тўхталганда ўқувчи учун объективроқ хулоса берилар эди. Иши кучи экспорти бўйича таклифни батафсилроқ ёритиш керак эди.

4.5 Шерзод Шерматов 11/06, 01:16
3 Давронбек Тожиалиев 11/06, 12:39

Бу фикрлар аввал жуда кўп айтилган. Янгироқ мавзу кутгандим.

4 Беҳзод Қобулов 11/06, 12:40

Баҳолашга қийналдим. Мундоқ олганда, айтилавериб-айтилавериб сийқаси чиққан, биров тузукроқ эътибор бермаган мавзудек туюлди. Лекин, бу мавзуда бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сўз айтиш зарурати борлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Муаллифнинг эмин-эркин, ўзигагина хос бўлган ёзиш услуби борлиги таҳсинга лойиқ. Баъзи имло хатолари бор экан. Кейин пахтанинг фойда-зарари ҳақида давлат раҳбарининг шахсан ўзи айтган рақамлар бор. Муаллиф буни инобатга олса яхши бўларди. Лекин, матнда келтирилган рақамлар, шунчаки, мисол учун айтилган, деб қарасак бу камчиликка ўтмаса керак. Аммо барибир журналист ва блогер сўзида хато бўлмасликка ҳаракат қилиш керак.

4 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:18

Мавзу чиройли ва яхши езилган лекин долзарблилиги пастрок.

3.5 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:23

Яхши таҳлил, жўяли таклифлар. Лекин гастербайтерлар 50 миллиард доллар жўнатганларида ҳам, бу пуллар иқтисодиётнинг ўсиши, халқнинг фаровонлиги ортишига тўғридан-тўғри хизмат қилмаслиги мумкин. Бу пуллар фуқаролар чўнтагида бўлгани учун, Давлат армияни таъминлаш, ойлик маошлар, пенсия ва бошқа тўловлар учун бирон доллар ҳам ишлата олмаслиги мумкинлиги унутилган. Муаллифга омад тилайман.

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 12/06, 02:25

Муаллиф ўз фикрини ўзига хос тарзда баён эта олган. Кимгадир ёқадими-ёқмайдими унинг ўз фикри, мавзу юзасидан позицияси бор. Муҳими — шу. Фикрсизлик энг катта кулфат аслида. Блогпост менга ёқди.

5 Нодир Закиров 12/06, 08:00

Қизиқарли мулохазалар. Аслида сиз кўтарган масалалар одам савдоси олдини олишга ёрдам беради.

4 Абдумалик Носиров 12/06, 10:02

"Хоп, пахта." деб эмас "Хўп, пахта" деб ёзилади. Мавзу масаласига келсак яхши мавзу кўтарилган.

4 Расул Кушербаев 12/06, 12:11

Mavzu dolzarb bo'lsada muallifning fikrlariga qo'shil olmayman. Bu shaxsiy fikr va kuzatuvim.

4 Ботиржон Шерматов 12/06, 14:22

Яхши фикрлар берилган, лекин озгина чалкашиб кетган. Имловий хатолар мавжуд, ижтимоий ахамияти жуда катта маазу, ечим ва тахлил мавжуд. Факат муаллиф босмачиларни большевиклар билан адаштириб юборган куринади. Ташки мехнат миграцияси агентлиги хам аллакачон ташкил килинган.

3.5 Музаффар Назаров 12/06, 21:41

ёзиш услуби ёқди, лекин хар нарсани ўзи номи билан атаган яхши.

4.5 Умид Гафуров 13/06, 00:23

Фикрларингизга қўшиламан, аммо ҳисоб-китобда фақатгина пахта толасини сотишни ҳисоблагансиз. Аслида бир қанча индустрияларни назарда тутади биз ёмон кўрган Пахта. Шу одамни чалғитди.

5 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:34

Iflos, zararkunanda, xalqni omilashtirgan, zolim, zug‘umchi, kaltakchi, so‘kong‘ich PAXTA haqida mana hatto poytaxtlik bloger ham yozyapti. Kimga paxta kerak bo‘lsa, o‘zi eksin, o‘zi tersin. Xalqqa tegmasin faqat. :)

4 Иноят Садикова 13/06, 03:34

Qalamingiz juda o'tkir, Diyorbek! Zamonlardan beri muhlisingizman. Rahmat sizga. Endi baxolashga kelsak )) Blogpost g'oyasi ikkiga ajralib qolganday bo'libdi. Biri "ishchi kuchini eksport qilish", ikkinchisi "mehnat migrantlari sharoitlarini yaxshilash". Birinchisi ishchi kuchini eksport qilishga, uni kuchaytirishga chaqiruv bo'lsa, ikkinchisi mavjud yoki mavjud bo'lmagan tizimni rivojlantirish. Birinchisida biroz majburiy element mavjud. Ikkinchisi dolzarb va bu ham majburligimizdan kelib chiqyabdi aslida. Aynan shu ikkinchi yo'nalishga blogpost boshidayoq kirishib, analizga o'tib ketishingiz mumkin edi. Masalann: 1. Bizdagi holat shu, ma'lum ma'noda majburmiz, variantlarimiz ko'p emas, reallikni tan olaylik. 2. Mavjud sharoit o'zi qanday? Rossiyada, Qozog'istonda NNT bormi bizning migrantlar huquqini himoya qilayotgan? Palon-palon holatda nima bo'ldi, kim yordam berdi, davlatimiz nima ishlar olib boryabdu bu borada 3. Hulosa; yana nimalar qilsak bo'ladi o'sha sharoitlarni yaratishga; konkret takliflar. Blogpost mavzusi eski albatta, lekin aktualligini yo'qotmagan. Aynan shu ohirgi vaqtlardagi o'zgarishlardan o'quvchini bohabar qilsangiz ayni muddao bo'lar edi. Shuningdek, pahta dalalarida o'quvchilar/bolalar qolmadi. Men ham yaqinda Gulistonga borganimda dalalarda ko'rdim, lekin ular chindan ham oilaviy pudratchilar edi. Oiladagi bolaning majburiy mehnatini yo'q qilish endi boshqa mavzu. Pahtamizga yirik kompaniyalarning haridorligi paydi bo'lish ehtimoli ham yuqori. Bu borada Xalqaro Mehnat Tashkiloti tomonidan ishlar olib borilyabdi. Ya'ni, pahtani qimmatroq narhda sotish imkonimiz paydo bo'ladi hali. Albatta bu bitta e'tirof/fakt holos, blogpost umumiy mazmuniga qarshi birorta gap yo'q. Yana bir bor rahmat.

4 Мақсуд Саломов 13/06, 03:40

Xorijga chiqib ishlamoqchi bo'lganlarga qonun doirasida yordam ko'rsatish, paxta biz uchun optimal daromad manbai emasligi haqidagi fikrlarni quvvatayman. Lekin paxta masalasi va mehnat migratsiyasi orasidagi bog'liqlikka tushuna olmadim. Aytaylik, xorijga chiqib ishlash uchun davlat tomonidan real yordam ko'rsatila boshladi, ko'pchilik qonuniy yo'l bilan chetga chiqib, pul topa boshladi. Bu paxtaning ekilishi va uni terilishida ba'zi qatlamlarning jalb qilinishiga yoki paxtadan voz kechilishiga qanday ta'sir ko'rsatadi? Shuningdek. O'zbekistonning o'zida turib ham nimadir qila olish imkoniyatiga biroz pissimistik yondashuv bor postda. Xorijiy davlatlar bilan raqobat qila olmaymiz, shu uchun migratsiya eng maqbul variant degan fikrga qo'shila olmayman. Migratsiya uchun ham sharoit yaratilsin, mashinasozlik, meva-cheva va hk.larga ham zo'r berib e'tibor qaratilaversin. Bunda hech qanday yutqazish bo'lmaydi.

4.5 Мубашшир Аҳмад 13/06, 05:02

Икки марта изоҳ ёздим. Негадир кўринмади. Агар бу сафар кўриниб қолса, ўттиз йилдан бери бонг урилаётган муаммони муаллиф драматик тарзда очиб бергани учун олқишлайман. Бу мавзуни қайта-қайта ва баланд оҳангда кўтаравермасак, тобутда келаётганларнинг рўйхати узунлашаверади. Мен ҳам тобутда пахта идеологиясини кўришни жуда ва жуда хоҳлар эдим.

4.5 Шунқор Чориев 13/06, 11:55
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
49 та фикр