Кабинет

Nozimjon Safarov
Ярим финал

Қўллари кир, усти иркит ва йиртиқ футболкани тескари кийиб олган болакай тахталари орасида катта катта тешикли полда тугмаларни бир қатор териб қўйиб нимадир ўйнамоқда. Бирданига тугмалардан бири полдаги ёриққа тушиб кетади. Қўлини тиқиб уни олишга харакат қилади. Тўхтовсиз равишда маълум интервал билан каталакдек хонада ғийқ-ғийқ товуши чиқади. Ногахонда қайнаган чойнакнинг чиррилаши бу ғалати сукунатни бузади. Чойнак чиррилашда давом этади. Ғийқ-ғийқ. Болача хам парвойи палак равишда ўз тугмасини қидирмоқда. Газ плитасига яқин жойда эски адо бўлган табуреткада сочларини ёйиб олган аёл ўтирипти. Чириллаётган чойнакдан чиқаётган буғ унинг сочларига келиб урилмоқда. Юзида хеч қандай ифода йўқ. Аёл бир нуқтага тикилганча қотган. Юзида соя бир ўнг томонга югуриб ўтади, бир чап томонга. Соянинг харакати ғийқ-ғийқ қилиб чиқаётган товушга хамоҳанг. Аёл эса соя таралаётган томонга қараб хануз хеч қандай маносиз қараш билан тикилиб қолган. Ғийқ-Ғийқ.

Кабинет эшиги тақиллайди. Кабинет ойнаси орқали тушаётган ой шуласидан вақт алламаҳал бўлганини сезиш мумкин.

Бошлиқ: Кир!

Кабинет эшиги очилиб, ходим кириб келади.

Ходим уй кийимида ва оёғига шиппак кийиб олган.

Бошлиқ: Муқумжоновга охирги хатингда нима деб жавоб бергандинг?

Ходим: Яна ёзиптими?

Бошлиқ: Нима деб ёзгандинг?!

Бошлиқни авзойи жуда бузуқ. Қўйиб берса ходимни бўғиб ўлдиришга тайёр.

Ходим: Хали жўнатмаганмиз. Столингиз устида турипти.

Бошлиқ столни ковлаштириб керакли қоғозни топади.

Бошлиқ: порталдан кегани шуми?

Ходим: ҳа

Шоша пиша кўз югуртиради. Пичирлаб ўқийди. “хозирда буни имконияти йўқлигини маълум қиламиз”

Ўқиб бўлиб қоғозни йиртиб ташлайди.

Бошлиқ: Бошқа ёз тез! Ўзинг ва хотининг “инвалит” эканлигини инобатга олиб идорага келиб шартнома тузишингни сўраймиз деб ёз.

Ходим блокнотини очиб шоша пиша ёзмоқда. Тўхтаб бошини кўтаради.

Ходим: фарзандиям соқовлигини киритайми?

Бошлиқ: бу хақида справка берган бўлса қўш.

Ходим: уй берамизми унга?

Бошлиқ: катта холангга уй берасан! Даф бўл. Тез.

Ходим эшик томон йўл олади.

Бошлиқ: ха, айтганча, бир хафта олдинги сана билан ёз. Тез ёзиб манга қўл қўйдириб, унданам тезроқ югуриб Мурод почтани уйига борасан. Бир хафта олдинги сана билан печатланган квитанцияни беради. Кейин чиқувчи хатлар папкасига тикиб қўясан.

Ходим қошини кўтариб иккилангандай бўладию хўп деб чиқиб кетади.

Кабинет эшиги очилиб қора куртка ва джинси кийган йигит кириб келади. Қўлида ғижимланган қоғозларни олиб столга ташлайди.

Бошлиқ: хаммасими бу?

Йигит: ҳа.

Бошлиқ қўллари қалтираб қоғозларни титкилайди.

Бошлиқ: хўш... ноябрдагиси, декабрдагиси, мана иккита январники, хўш... март бор, апрел хам... тушунмадим? Февралдаги жавоб хати қани?

Йигит: бори шу, ўзи анови Илёсни милисалари зўрға утқазди мани.

Бошлиқ: Феврал йўқ ку! Онасини эмсин. Аниқ бошқа хат ёқми?

Йигит: хат бор, силадан чиққан хатлар фақат шулар.

Хонага узун бўйли қирра бурунли ўрта ёшдаги эркак кириб келади. Шошганиданми бўйнида калейдоскоп қолиб кетган.

Духтир: Лаббай бошлиқ?

Бошлиқ: сан, бор анови анқовга айт Муқумжоновни февралдаги ёзган хатини топиб йўқотсин.

Йигит туриб чиқиб кетади.

Бошлиқ: Хўш, Ихтиёржон укам, Муқумжонов деган инвалитимиз бор. Хабаринг бордир бугун нима бўлганидан. Шуни картотекангга тиқиб қўйишинг керак бўлади.

Духтир: Қайси картотекага? Рухий касалларгами?

Бошлиқ: Ха, худди шундай.

Дўхтир мийиғида кулги ва ажабланиш билан бошлиққа тикилади.

Духтир: Ўлган одамними??

Бошлиқ: Биринчидан хали ўлмаган. Файзиев ўлим хақида хулосани эртанги сана билан ёзиб берди. Иккинчидан сал мазаси йўқ эди уни.

Духтир: Буни иложи йўқ

Нигохини бошлиқнинг қошдор ва олазарак кўзидан олиб қочишга харакат қилади.

Бошлиқ: Ўзинг ўйлаб кўр укажоним, ақлан соғлом одам хам ўзини ўзи ўлдирадими?

Духтир: унақа рўйхат бизда хар ой янгиланади, Тошкент назорат қилади.

Бошлиқни қоши секин кўтарилади.

Хонага хўппасемиз хансираб хириллаб ётган амаки ва сочлари оқарган чол кириб келади. Бошлиқни авзойини кўриб секин жой топиб товуш чиқармасдан ўтиришади.

Бошлиқ: Қара, хотини жинни, ўзи инвалит, боласи соқов. Хотини ва боласи ўтирган хонани ўртасига келяптида, табуреткани қўйиб ўзини осяпти. Бу нима? Касал у. Касал!

Духтир: Бошлиқ буни иложи йўқ ахир, тушунинг.

Бошлиқни батамом жахли чиқади.

Бошлиқ: Биласанми нимани иложи йўқ?

Ўрнидан туриб ойнага яқин келади.

Бошлиқ: Шахар марказидан, болалар майдончаси учун ажратилган ердан катта икки қаватли магазин қуришни иложи йўқ!

Духтирни олдига келиб уни боши узра эгилади.

Бошлиқ: Бошқа хамма нарсани иложи бор! Аканг ўргилсин сан учун иложсиз нарсани қилиб бердимми? Энди мархамат қилиб жавоб қайтаринг.

Охиста ва залворли қадам ташлаб креслоси олдига келиб сигаретини олиб тутатади.

Бошлиқ: Нима ман кириб кетсам санла қоласанми? Хамманг кирасан! Ман у ерда бир ўзим зерикаман. Биттама битта хамманг. Хатто бобой хам киради. Бобой у жойлани кўрган. Ўзим олиб чиққанман. Тўғрими Тохир ака? Хамманг! Битта қаердаги инвалитни деб. Хаммангни киринг бор. Мани билмайди деб ўйлайсанми?

Ихтиёр пешонасини тириштириб қўли билан махкам бошини ушлайди.

Бошлиқ: Энди боргинда, ман айтган ишни қил!

Бошлиқ семиз амаки томонга юзланади.

Бошлиқ: Одамам шунча ичадими? Чўчқадай семирганингни қара, мол. Бор ойналарни оч.

Ихтиёр хонадан хохламаган каби мулзам юриб чиқиб кетади.

Семиз амаки ойналарни очиб, оғзига сақич ташлаб бошлиқни олдига яқинроқ жойлашади.

Бошлиқ тутатиб тутатиб сигарет чекади. Креслога ўзини оғриниб ташлайди.

Бошлиқ: Нима бўлди?

Семиз: Ўлими олдидан ёзган хатини сиз айтгандай йўқотдик.

Бошлиқ: Нима деб ёзган экан?

Семиз: Хаммасини ёзган. Сизни, мани, нафақаси бўйича Тохир акани. Лекин... Бир муаммо бор. Мурдани биринчи топган одам,  қўшниси хатни ўқиган.

Бошлиқни кўзлари пиррилайди. Бошини айлантириб қисирлатади.

Семиз: Нима қилайлик. Йигитларимга айтайми?

Бошлиқ: Эй, қайси замонда яшаяпсан? Яна чўнтагига ташлаб қўйиб, “хранение” билан тиқмоқчимисан? Йўқ. У хаммасини билади. Уни оғзини ёпиш керак.

Ўрнидан туриб уёқдан буёққа юра бошлайди.

Семиз: Балки, олиб бориб, тиқиб қўйиб 3-4 кун болаларга айтсам...

Бошлиқ: Сани қўлингдан бошқа иш келадими ўзи каллаварам? Бўлмайди. Кейин “газитчи”лага гулласа тамом.

Бошлиқ яна сигарет қутидан тамаки олиб тутатади. Сигаретни қаттиқ қаттиқ тортиб тортиб чекади.

Бошлиқ: Бобой, махаллакомсизку, нима одам у? Нима айби бор?

Бобой: шу, оддий “расиячи”. Камбағал. Оддий одам. Хеч қанақа рўйхатта йўқ.

Бошлиқ: Топтозами шунчалик? Ака укаси бордир.

Бобой: эмм... Тўғри. Ха, эсладим. Акаси. Қамоқда. Фирибгарлик билан тушган.

Бошлиқ: Бу жуда яхши, Илёс, сан кимлиги нималигини аниқла. Бир ўзи ўтирган бўлса “уюшган бўлиб чиқяпти, 3-4 йил қўшилади” деб айт. Иложи бор де. Хуллас бир нима қил. Оғзини ёп.

Тохир: Хўп булади. “ес” қиламиз.

Бошлиқ: Урма лекин. Пулам ома. Фақат айтганимни қил!

Улар амал тамал хонадан чиқиб кетишади. Бошлиқ ойна олдига келиб қоронғуликка узоқ тикилади. Костюмини ечиб столга уради. Чуқур нафас олиб секин чиқаради. Ўз атрофига, жихозларга, столига ижирғаниш билан бесаранжом қарайди. Уюлиб ётган мажақланган қоғозларга хорғинлик билан қарайди. Икки қўлини қўйган ҳолда столга суяниб, бошини жонсиз эгади. Қоғозларни битта битта нозиклик билан пайпаслаб кўзини қаттиқ юмади. Кўзини очади. Креслога ўзини ташлайди. Кўзида нимадир ялтирагандай бўлади. Стол устида бетартиб тарқаб ётган қоғозларни гугурт чиқариб бирма бир ёқа бошлайди. Унинг юзида соя  ҳосил бўлиб, уёқдан буёққа харакатланади. Ғийқ-ғийқ. Қайнаган чойнакнинг чириллаган товуши. Бошлиқнинг кўзлари қоронғуликка сингиб кетади.

Қоронғулик кичрайиб полдаги ёриққа айланади. Болакай ғингшиган товуш чиқариб милиция ходимлари қўлидан қочиб чиқиб ёриққа қўл солади. Йўқотган тугмасини топа олмайди. Қичкиради, қўлини янада ичкарироқ тиқади. Қўли қонай бошлайди. Хонада турган духтирлардан бири уни кўтариб олади. Болача бир нималар демоқчи бўлиб узуқ-юлуқ товушлар чиқаради. Уни хонадан олиб чиқишади.

Эски газ плита устидаги чойнак қорайиб кетган. Аёл эса хамон боқийликка назар солган каби қилт этмай эри ўзини осган табуреткага бежон бемано кўзлар билан тикилиб турипти. Табуреткани нариги томонидаги шкафни қора куртга ва джинси шим кийган йигит титкилаб, нарсаларни хар ёққа отмоқда. 

3.96 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.96 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.35 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 14

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Расул Кушербаев 31/05, 23:58
4 Абдумалик Носиров 01/06, 00:16
5 Бахтиёр Шералиев 01/06, 04:28

Voqeaning bayon qilinish uslubi ajoyib chiqqan. Qisqa, lo'nda, lekin aniq!

5 Мақсуд Саломов 01/06, 09:32

Jonli tasvir.

3.5 Нигора Умарова 01/06, 12:10
3.5 Давронбек Тожиалиев 01/06, 12:20
4 Беҳзод Қобулов 01/06, 13:02
4 Қаҳрамон Асланов 01/06, 14:16
3 Шерзод Шерматов 01/06, 15:44
4 Уйғун Ғафуров 01/06, 16:13
3 Саид-Абдулазиз Юсупов 01/06, 16:41

"Блокнотчи" яхшироқ, табиийроқ чиққанди...

3 Мубашшир Аҳмад 01/06, 16:42
4 Олимжон Солижон ўғли 01/06, 17:44
3 Адҳам Отажонов 01/06, 18:44
5 Умид Гафуров 01/06, 19:30

Зўр ёзилган. Лекин буни блог эмас, ҳикоя деб қабул қилдим.

3 Тўлқин Юсупов 01/06, 21:31
4 Музаффар Назаров 01/06, 23:15
3 Маҳсуджон Асқаров 01/06, 23:22
4 Нодир Закиров 02/06, 08:59
4 Шунқор Чориев 02/06, 20:21
4 Мансур Тангишов 02/06, 20:45
5 Иноят Садикова 02/06, 21:29

Chiroyli badiiy tasvir bo'libdi. Rahmat.

4 Ботиржон Шерматов 02/06, 21:29
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
6 та фикр