ИШОНЧИМНИ ҚАЙТИБ БЕРИНГ...

Бекатда автобусдан тушгач, ишхона тарафга юрдим. Қаршимдан ўзимизнинг қишлоқ аёлларидек одмигина, содда кийинган, юз-кўзлари шаҳарлик эмаслигини далиллаб турган ўрта ёшлардаги аёл чиқиб, йўлимни тўсди.

— Укажон, яхшимисиз? Ярим соатдан кейин поездим жўнайди. Шунгача вoкзалга улгуришим керак. Агар имкониятингиз етса, автобусда вокзалгача боришимга бироз пул бериб туринг! Телефон рақамингизни ёзиб олай, уйимга борибоқ шу пулни ортиғи билан «Paynet»дан қайтараман.

Автобусда юриш учун бир марталик чиптага яраша пул узатдим. Телефон рақамимни сўраганида, шарт эмаслигини, бехижолат манзилига кетаверишини айтиб, хайрлашдим. Рўпарамдаги йўлакнинг охиридан мен томон келаётган нотаниш киши нималардир деб қўлини силкитди. Бояги аёлни чақирмоқчимикан, деб ортимга қарадим. Аёл аллақачон муюлишдан ўнгга бурилиб, кўздан ғойиб бўлганди. Орамиздаги масофа яқинлашгач, йигит дабдурустдан:

— Ака, пул бердингизми? — деди.

— Ҳа, бердим. Тинчликми? — дедим таажжубим ошиб.

— Узоқдан шунча бақириб, қўлимни силкитсам ҳам эътибор бермадингиз-е! Ака, бундайларга пул берманг! Ҳар куни шу йўлдан юраман. Бояги аёлни анчадан бери кузатаман. Йўловчилардан поездига етиб олиши учун йўл пули сўрайди. Сиздан ҳам сўрабди, — деди аёл кетган томонга қараб. Ярим соатдан бери ўндан ортиқ одамдан шу баҳонада пул олганини кўрдим. Шулардан тўрттасини тўхтатиб гаплашдим. Ҳаммаси бир хил гапни айтди. Ўтган ҳафта мен ҳам вокзалга кетиш “операцияси”ни эшитиб, пул бергандим. Майли, ака, ҳушёр бўлинг, энди. Ҳар кимга ҳам ишонаверманг!

Ишхонага келгунча аёлни шунга мажбурлаган сабабларни ўзимча чўтладим, шароити оғирдир-да, деб оқлашга уриндим. Орадан икки-уч ҳафта ўтди. Қиш барвақт келганидан ҳамма бир кунда иссиқ кийимга ўралди. Ҳаво нам, аччиқ совуқ юз-кўзни аямай чимчилайди. Ишлар кўплигидан ишхонага барвақт бориш, топшириқларни ҳаялламай бажариш керак. Лекин узун автобуснинг имиллашидан жаҳлим чиқади. Уловдан тушгач ерости йўлига қараб юрдим. Ўтиш йўлининг зиналарига оёқ босганимда ортимдан бир аёл нимадир сўради. Тўхтаб, эшитмаганимни айтиб, гапини такрорлашини сўрадим.

— Ука, темир йўл вокзалига қандай боради бу ердан?

— Агар автобусда бормоқчи бўлсангиз ҳув анави бекатда тўхтайдиган автобусларнинг кўпи боради. Метрода бўлса, йўлнинг нариги томонидан метрога тушиб, «Тошкент» бекатидан чиқасиз.

— Раҳмат, ука. Ҳа, яна бир нарса сўрасам, имкониятингиз етса, вокзалгача боришим учун пул беролмайсизми? Ярим соатдан кейин поездим жўнайди-да. Уйга етиб боришим билан телефонингизга ташлаб юбораман. Ишонинг, укажон, албатта қайтараман.

Миямда чақмоқ чаққандек бўлди. Қаршимдаги аёлга унчалик эътибор бермабман, яхшилаб қарасам, ўтган сафар кўпчиликни лақиллатиб, поездига кечикаётган “йўловчи”. Ё мени танимади ёки бу баҳона аллақачон одатга айланганидан уятни четга сурган. Жаҳлимни босишга уриниб дедим: — Сиз ҳали ҳам шу ердамисиз? Қишлоғингизга кетмадингизми? Мени танимадингиз, чоғи? Ўтган гал ҳам поездингизга кечикмаслик учун йўл пули олгандингиз. Одамлар нега бир-бирини алдайверади-а?

Шошаётганим, кейин аёл кишига қаттиқ гап айтишдан чўчиб, зиналардан юқорилаб кетдим. Бу сафар аёлни оқлаш учун ҳеч бир сабаб топмадим.

* * *

Гулсиной момо поезддан тушиб, шаҳарнинг гавжум бекатига келганида кун пешиндан оққанди. Одамлардан сўраб-суриштириб, чоли даволанаётган касалхонани топди. Озиб, ранглари қочган чоли бир бурдага айланиб, чойшабга ўраниб ётибди. Кириб кўрди, қишлоқдагилардан гапирган, янгиликларни айтган бўлди. Бобонинг кампирига ичи ачиди. Агар қисматимизда фарзанд кўрмай ўтиш ёзилмаганида, шугина тоғларни орқалаб йўл босмасди, янаям сабр-садоқатига балли, олтмиш икки йилдан бери турмуш ғалваларини биргалашиб татиб келаяпти-я, дея чуқур хўрсинди.

Гулсиной момо хонадан чиқиб даволовчи-шифокорлар билан гаплашди. Уларнинг айтишича, Козим бобонинг аҳволида ўзгариш сезилмаётганмиш. Отахоннинг қарилиги, камқувватлиги сабаб экан. Момо чарчаган кўзларини доктор ёзиб берган дори-дармон рўйхатига тикканча касалхонанинг узун йўлагида туриб қолди. Кеча почтачи бериб кетган пенсиясини рўмолчасига маҳкам тугиб, дорихонага беҳол юрди. Ичкари гавжум, хийла шовқин. Гулсиной момо бироз шошди: назарида чолини тузатадиган дорилар тугайдигандек бўш пештоққа ҳовлиқиб яқинлашди. Сотувчига қоғозни тутқазди. Қоғозда камдек кўрингани билан момонинг олдига тоғдек дорилар уюлди. Ҳисоб-китобини тугатган йигит суммани айтди. Момо рўмолчасига ўраган пулларининг ҳаммасини узатди. Сотувчи пулларни санагач, яна минг сўм етмаётганини айтди. Гулсиной момо ҳамма чўнтакларини пайпаслади, саккиз юз сўми қолибди. Хижолатдан қизарган кампирни кузатаётган сотувчи йигит пулни олиб, қолганига розиман, деди. “Инсофлилар ҳам анча-мунча-я”, деб қувониб дорихонадан чиққан момо касалхонага шошди.

Кеч кирди. Козим бобони тинчлантириб, хайрлашган момо темир йўл вокзалига қатнайдиган автобуслар бекатига келиб турди. Қўлини чўнтагига солиб, ундан елим халтага ўралган поезд билетини олиб, бошқа чўнтагига солди, кўнгли хотиржам тортди. Шунда бор пулини дори учун сарфлаганини эсладию, юраги ғашланди — энди қандай кетади? Касалхонага қайтай деса, чолида ҳам пул йўқ, устига устак бекатдан касалхонагача масофа хийла узоқ. Атрофга аланглаб, нарироқда кетаётган йигитдан йўлга етгулик ҳақ сўрашни мўлжаллади. Йўловчи йигитга яқинлашиб, чолининг касалхонадалигини, бор пулига дори олганини, чиптаси бору, лекин поездигача етишга пули қолмаганини, қишлоғига бугун қайтиши кераклигини — ҳаммасини тушунтирди.

Момонинг гапларини эшитиб, йигитнинг авзойи бузилди, совуқдан гезарган лаблари янада кўкарди, тишларини асабий ғижирлатди, қовоқларини уйди. Кейин ҳеч нарса демай, кетиб қолди.

Йигит шу куни ишхонасига бориб, ҳамкасбига бугуннинг ўзида икки аёл ундан бир хил сабаб билан йўлкира сўраганини, биринчи аёлни аввал ҳам учратганини, ўшанда аёлга ишониб, пул берганини айтиб, “Одамларга ишониш-ишонмасликни ҳам билмайсан-а?” деганича юмушига шўнғиди.

3.44 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.44 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 4
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 2

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Олимжон Солижон ўғли 05/05, 21:29
3.5 Расул Кушербаев 10/05, 21:33
3.5 Мақсуд Саломов 11/05, 09:05
4 Маҳсуджон Асқаров 13/05, 13:03
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 16/05, 01:49
4 Шерзод Шерматов 17/05, 16:15
3.5 Бахтиёр Шералиев 18/05, 13:08
3.5 Давронбек Тожиалиев 18/05, 16:05
4 Нигора Умарова 18/05, 20:44
3.5 Тўлқин Юсупов 19/05, 17:34
3.5 Уйғун Ғафуров 19/05, 17:51
3.5 Умид Гафуров 20/05, 00:27
3 Музаффар Назаров 20/05, 17:41
3 Қаҳрамон Асланов 20/05, 20:16
3 Шунқор Чориев 20/05, 20:49
4 Беҳзод Қобулов 20/05, 23:01
2.5 Абдумалик Носиров 20/05, 23:05
4 Мубашшир Аҳмад 20/05, 23:45
3.5 Иноят Садикова 21/05, 01:45
4 Мансур Тангишов 21/05, 11:35
4 Нодир Закиров 21/05, 12:30
4 Адҳам Отажонов 21/05, 18:47
4 Ботиржон Шерматов 21/05, 20:57
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр