ИФФАТГА ҚЎЙИЛГАН ҲАЙКАЛ ёхуд жўнатилмаган мактуб

Аёл гуноҳ қилса, бунга эркак ҳам айбдордир.
(Шотланд халқ мақоли)

Қўлимга бир мактуб тушиб қолди. Қизиғи, хат менга битилмаган, лекин эгасига ҳам жўнатилмаган. Келинг, мақсадга ўтишдан олдин ушбу мактуб билан танишамиз:

“Ассалому алайкум, адаси!

Мана сиз сабабли бегона юртларни кезиб, номаҳрам эркаклар орасида ишлаб юрибман...

Тўғри, бунга ўзим рози бўлдим. Чунки оилавий муаммоларимизга сиз бирор ечим тополмагач, мен шундай хатарли сафарга отландим. Қарзларимиз бўйнимиздан ошиб, қарз эгалари остонамизда туну кун қўриқчилик қилишларига қарамай, сиз масъулиятни бўйнингизга ололмадингиз. Мен эса лоақал уч болам қийналмаслигини истаб, ўзга юртда мардикорликка чиқдим...

Истанбулга келганимдан буён ҳар қандай қийинчиликларга дош бериб ишлаётган эдим. Аммо бугун ҳаммасига тупуриб, уйга, ўз юртимга, болаларим бағрига қайтишга қарор қилдим. Сабаби пул топаман деб, энг қимматли нарсаларимдан айрилишни истамайман. Юртимга қайтгач, майли фаррош бўлай, кўча супурай, майли кимнингдир эшигида чўри бўлай, фақат аёллик шаъним, ор-номусимга доғ туширмасам, бўлгани...

...Мен ишлаётган кафе хўжайини уйини тозалаб беришимни, эвазига яхши ҳақ тўлашини айтди. Иккиландим, аммо ишлаб пул топишга бўлган эҳтиёжим унинг таклифини қабул қилишга ундади. Вазифаларимни тушунтиргач, ортига қайтди. Ишга киришдим. Аммо негадир кўнглим жуда ғаш торта бошлади. Эндигина юмушларни тамомлаб бўлгандим ҳамки, кўча эшикдан уй эгаси кириб келди. Ойнадан унинг эшикни қулфлаётганини кўриб қолдим. Кўнглимдаги ғашлик ортди. Бурилиб улгурмасимдан келиб, белимдан қучди. Дод солиб эшик томон отилдим. У эса:

– Сени илк кўрганимдаёқ ёқтириб қолдим. Аёлим билан ажрашганман. Гапларимни эшит, илтимос! Мен билан қол, сени бахтли қиламан, – деди.

– Мен эрли аёлман! – тилимга келган биргина жумла шу бўлди. У турган ерида қотиб қолди. Дарҳол мени қўйиб юборди. Таажжуб билан:

– Эринг бор?.. Алдамаяпсанми? – деди.

– Эрим, болаларим бор... Эрим бўлмаганида ҳам менга номаҳрамсан! Худодан қўрқмайсанми? – дедим-да, қулфни очибоқ, бор кучим билан кўчага отилдим. Ғира-ширада югуриб кетарканман, ортимдан унинг овози келди. Бироқ тўхтамадим, қайрилиб ҳам қарамадим. Аммо қанча югурмай, у менга етиб олди, тиз чўкканча:

– Тўхта, буни кийиб ол! Мени кечир... Кечирдим, деб айт? Истасанг, эртагаёқ юртингга жўнаб кетишингга ёрдам бераман. Фақат кечирсанг, бўлгани! Бу иш қиёматга қолмасин?..– дея ялинди.

Оёқяланг эканимни шундагина билдим. Қолган бирорта гапи қулоғимга кирмади. Бир амаллаб кафега етиб олдим. Зарурат не кўйларга солганидан хўрлигим келди, аёл эканимдан илк бор пушаймон едим, туни билан йиғлаб чиқдим. Болаларимиз кўз ўнгимдан ўта бошлади. Гарчи бирор ножўя иш қилмаган бўлсам ҳам “Энди сизнинг, болаларимнинг кўзларига қандай қарайман?” деган ўй ич-этимни кемирди.

Унинг уйида қолиб кетган сумкам эрталаб эшигим тутқичига осиб қўйилганидан билдимки, менга рўпара бўлишга журъати етмаган.

... У ваъдасида турди – ниҳоят учоқдаман. Йиғлаётганимни билдирмаслик учун рўмолчамни ахтараркан, бармоқларим букланган қоғозга тегди. Ажабландим. Хат экан. Орасига солиб қўйилган “кўкқоғоз”ларни кўриб, ҳаммасини тушундим. Хат қисқагина эди:

“Синглим!

Мени тавбага, саждага, намозга қайтардинг.

Сендан қарздорман.

Бундан кейин бегона юртларга ҳеч қачон ёлғиз борма...

Эрингга айт, сендек аёлини асрай олмаса, бадали оғир бўлади.

Шуни билки, юрагимга ҳайкал ўрнатиб кетдинг – номуснинг ҳайкалини, иффатнинг ҳайкалини...”

Ҳар икки мактуб шу ерда тугайди.

Ушбу хат аёл билан ўртамизда кўринмас ришта боғлади. У билан яқиндан танишдим, кейинги ҳаёти билан қизиқдим.

Айтишича, уйига қайтгач анча пайтгача ўзига келолмай, ёқимсиз хотираларини унутолмай қийналган. Алам билан, кўзёшлар билан битган мактубини эса эрига ўқитишга жазм қилолмаган.

– Мана юрагимни тошдек босиб ётган, ҳеч кимга айтолмаган сирларимдан воқиф бўлдингиз. Буларни ёзишингизни истайман. Эҳтимол кимгадир фойдаси тегар? Эримга ўхшаган эркаклар ўқиса, ибрат олар? Чет элда ишлашга бориб, қийинчиликдан қочиб, фаҳш йўлни танлаётган аёлларнинг йўлдан қайтишига туртки бўлар? Эрим ҳам ўқиб қолар?.. – деди у.

Мен ёзишга ваъда бердим.

Бир куни уни хафа ҳолатда топдим. Сабабини билгим келди.

– Яқин ўртоғимнинг эри мени ёқтиришини айтиб қолди. Унга муносиб жавоб қилдим. Лекин у: “ Бу нима, нозми? Чет элга чиқиб келган аёлларни яхши биламан!” деди сурбетлик билан. Уни дўкондан қувиб чиқардим-да: “Яна бир марта келсангиз, дугонамга ҳаммасини айтиб бераман!” дедим.

Менга алам қилгани – у менинг эрим борлигини билади-ку? Наҳот хорижлик бир бегона эркакчалик бўлолмаса?..

Энди сиз ростини айтинг, мен енгилтак аёлга ўхшайманми? – деди.

Дафъатан берилган бу савол қаршисида жим қолдим. Киприкларимни кўтариб, ғамгин нигоҳига қарашга мажолим етмади. Фақатгина:

– Дугонангизнинг эри ҳатто ор-номусга ҳам ҳайкал ўрнатиш мумкинлигини, бу ҳайкал фақат Аллоҳдан қўрқувчи қалблардангина жой олишини афсус, билмайди. Аллоҳ ўрнатган ҳалол-ҳаром чегараларидан ҳам ғафлатда. Билганида, у ҳам тавба эшигини қоқиб, нафси амморасини енгиш илинжида истиғфор арқонини маҳкам тутган бўлармиди... – дея олдим.

Мактуб баҳона бир аёлнинг изтиробли кечинмалари ҳамда хиёнатдан, ҳаромдан ҳазар қилувчи пок қалби, метин иродаси билан танишдингиз.

Аммо буларни нега ёзяпман?

Ҳар гал Истанбул кўчаларида ялангоёқ ҳолда номусини опичлаб югураётган ожиза ёдимга тушса, аччиқ ҳақиқатга йўғрилган: “Аёл гуноҳ қилса, бунга эркак ҳам айбдордир” мақолини беихтиёр эслайман. Кўз ўнгимдан эса минг бир тоифага мансуб аёллар бирма-бир ўта бошлайди:

– биргина тун ҳамда бокиралиги эвазига тонгда “кино юлдузи” бўлиб уйғонган “малика”лар...

– карьера ҳамда машҳурлик илинжида режиссёрининг нафақат пинжидан, ҳатто тўшагидан бошпана топган баъзи тележурналистлар...

– бозордаги дўконларини хорижий моллар, чўнтагини эса пуллар билан тўлдириш истагида чет элларга бориб, бешюлдузли меҳмонхоналарда номаҳрам тижоратдоши билан битта хонада тунаётган “тадбиркор” аёллар...

– овози борлигига ҳатто ўзи ҳам ишонмайдиган, лекин қоматию ясама – бўяб-бежалган совуқ рафторини реклама қилиш, продюссерининг битта ишораси билан унга нима кераклигини илғайдиган ва сўзсиз бажо келтириш эвазига санъат осмонида “чақнаётган” “юлдузча”лар (Илоҳо, бундай “юлдуз”лар битта қолмай тўкилиб тушиб, осмонимиз майли юлдузсиз, лекин мусаффо қолсин!)...

– “Аввал диван, кейин экран” деб аталувчи ёзилмаган жирканч қоидага амал қилиш билан телеэкранлардан тушмай келаётган, на қалами, на фикри бўлган айрим телебошловчилар...

– интернет тармоқларида уч-тўрттадан профилга эга, лекин эри унинг фақат биттагина профилини кузатиш ҳуқуқига эга бўлган (Аслида, бу ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилмаганликларининг ўзи бир бахт! Шундай аёлларнинг эрлари мабодо хотинининг қолган профилларида жойланган суратларини кўрганида, “Воҳ! Бу ҳурлиқо ким бўлди?!” дея аниқ севиб қолишларига заррача шубҳа қилмайман!) “соҳибжамол”лар...

– хорижга ишлаш учун боргач, эри тирик ҳолда, тип-тирик эрини ўлдига чиқариб (“кўмиб келиб”) ёхуд у билан ажрашганини эълон қилиб, чет эллик бирор пулдор билан яшаётган ва юртига қайтгач, яна ҳеч нарса кўрмагандек, “тирилиб кетган” эрига хотин бўлиб кетавераётган баъзи аёллар...

– уйида битта, кўчада яна битта эри бўлган “қўшэрли” хотинлар...

– адабиётнинг “а ”сини, шеъриятнинг “ш”сини тушунмасдан туриб, “ака”ларининг дастаги билан катта адабиётга “кириб келган ижодкор”лардан то ишқий саргузаштлари воситасида бирор мансаб курсисини банд этган “хоним”ларгача...

Кўнгилни беҳузур қилувчи ушбу рўйхатни давом эттиришни истамайман.

Фақатгина сўзим сўнггида айрим саволларимга жавоб олишни истайман:

Муҳтарама аёл! Ўз жуфтингиз учун номаҳрам аёлларга ҳатто унинг хаёли ҳам кетишига йўл қўймайдиган даражада садоқатли, фидойи рафиқа, АЁЛ бўла олдингизми? Фарзандларингизга улар бошини тик тутиб, сиз билан фахрлана оладиган ОНА бўлолдингизми?

Сиз-чи, оиланинг устуни, фарзандларининг суянган тоғи, аёлининг икки дунёдаги қалқони бўлиши лозим бўлган марди майдон эркаклар! Сизга қорачиқлари ёниб турган фарзандларни туғиб берган ожизангизга ҳам дунё, ҳам охират қийноқларидан ҳимояловчи (либос) парда бўла оляпсизми?

Шундай бўлса, бу шараф сизга муборак бўлсин!

Агар шундай бўлса, қора тунда қоп-қора тошнинг устидаги қора қумурсқани кўришга, оёқ товушларини эшитишга қодир бўлган Зот сизга жаннатини мукофот этсин!

18.05.2018

4.01 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.01 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 9
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 6

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 19/05, 17:57

No comment!!!

5 Нигора Умарова 19/05, 18:00
4.5 Уйғун Ғафуров 19/05, 18:06
4.5 Мақсуд Саломов 19/05, 18:42
5 Шунқор Чориев 19/05, 20:35

Ofarin!

5 Умид Гафуров 19/05, 20:39
5 Маҳсуджон Асқаров 19/05, 21:10
5 Тўлқин Юсупов 19/05, 21:39
5 Беҳзод Қобулов 20/05, 11:35

Бу муаллиф биз билган шоира Гулбаҳор Ортиқхўжаевами? Муаллифга катта раҳмат. Юракка тегадиган қилиб ёзибсиз!

3.5 Қаҳрамон Асланов 20/05, 13:27
5 Ботиржон Шерматов 20/05, 18:18
4.5 Мансур Тангишов 20/05, 19:15
5 Музаффар Назаров 20/05, 20:54
5 Нодир Закиров 20/05, 22:28
5 Иноят Садикова 20/05, 22:40
4 Абдумалик Носиров 20/05, 22:44
5 Мубашшир Аҳмад 20/05, 22:58
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 21/05, 02:41
5 Шерзод Шерматов 21/05, 06:38
4 Давронбек Тожиалиев 21/05, 10:01
4 Олимжон Солижон ўғли 21/05, 13:46
5 Адҳам Отажонов 21/05, 17:11
5 Расул Кушербаев 21/05, 21:36
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр