"ГРИПП СОТАМАН. ҚИММАТ!"

Ҳаммаси мана шу постимдан бошланди:

https://www.facebook.com/shahnoza.turaxodjaeva/posts/1658080074267630

Шундан сўнг фб саҳифам шарҳларга ва шахсийдан юборилган хабарларга тўлиб кетди. Кимдир учрашиб вазиятни тушунтирмоқчи бўлди, биров таҳдид қилди, сўкди, раҳмат айтганлар ҳам бор. Хуллас, анча машмашалардан сўнг амалиётчи шифокор Обиджон Латипов ва тиббиёт олийгоҳи талабаси Бекзод Аҳмадалиевлар менга кўп нарсани тушунтириб қўйишди. Масала биз ўйлагандан анча чуқурроқ ва жиддийроқ экан. Мен излана бошладим.

ЙЎҚОЛСИН ВАКЦИНАЛАР! ЯШАСИН АНТИБИОТИКЛАР!!!

Дунёда катта фойда келтирадиган учта жирканч бизнес бор: наркобизнес, қурол-яроғ савдоси ва фармбизнес. Форбс рўйхатида 79 нафар фармацевт ва соғлиқни сақлаш вакили турибди. Фармация ва биотехнологиялар соҳаси гиганти Johnson&Johnson нинг бозордаги улуши 274 миллард долларни ташкил қилади. Ҳинд дорифуруши Дилип Шангви эса 15 миллард доллардан ортиқ активлари билан неча йилларки рўйхатнинг кучли 50 талигидан тушмайди.

Хуллас, соҳа ривожланяпти – касалликлар кўпайяпти!

Парадоксми? Йўқ! Қонуният!

Наркотик ва қурол сотганни ёмон кўрамиз, дори сотганни эса олқишлаймиз. Ахир, у бизни ўлдирмайди-ку, тузатади-ку деймиз-да. Аслида шундайми?

Мен бутунжаҳон фитнаси (всемирный заговор) назариясига ишонмайман. Масонлар, учта К, учта Ф ва ҳоказоларга анча скептик назар билан қарайман. Лекин фармацевтикани таҳлил қиларканман, балки чиндан ҳам шундай оламшумул келишув, фитна бормикан деб қолдим.

Мисол:

Америкалик дорифуруш гигант Pfizer вакциналардан БИР ЙИЛДА 12 миллиард, антибиотиклардан эса БИР ОЙДА 16 миллиард доллар фойда кўрибди. Демак, фирмалар учун касалликнинг олдини олишдан кўра даволаш фойдалироқ бўлиб чиқяпти. Ҳар ҳолда, рақамлар шундай деяпти.

Антибиотиклар вирусларнинг чидамлилигини оширади, вакциналар эса иммун тизимининг. Иммунитети яхши инсон қайтиб касал бўлмайди, дори сотиб олмайди. Антибиотиклар туфайли чидамли бўлиб қолган вирусларни даволаш учун эса кўплаб дори керак, бундан фармацевтлар чўнтагига анча даромад тушади.

Интернет тармоғида бот-бот вакциналашга қарши кўтарилиб турадиган кампанияларнинг мантиғини тушунгандекман. Уларнинг ташкилотчилари кимлигини ҳам тахмин қилгандекман. Сиз ҳамми?

ДОРИХОНАДАГИ ФИТНАЛАР

Табиийки, Ўзбекистонда ҳам фармбизнес дунё андозаларидан ўрнак олиб ривожланяпти: “фарм” томонидан бўлмаса ҳам, “бизнес” жиҳатидан. Мен сўзбошида тилга олган постимда фармфирмаларнинг шифокорлар билан яширин келишувларини айтгандим. Ҳамма ўзини оқлаб, айбдорларни кўрсата бошлади, лекин ҳеч ким бундай нарса йўқ демади. Умуман, борлигини ўзимиз ҳам биламиз. Демак, инкор эмас, таҳлил қилиш ва ечим излаш керак.

Дорилар қандай яратилади?

Идеал шароитда тиббиёт тизими (Соғлиқни сақлаш) фармацевтикага дори учун буюртма беради, шу буюртма асосида фармацевтика дори яратади. Лекин ҳозир тескариси бўляпти: пули кўп ва бақувват соҳа сифатида фармацевтика ўзи дориларни яратяпти-да, тиббиётга таклиф қиляпти. Хўш, фармацевтика нимага асосланиб дори яратади? Ахир унинг шифокорлар каби амалиёт майдони йўқ-ку. Тахмин қилиш қийин. Лекин фармбизнес соғлиқни сақлаш тизимининг гирибонидан маҳкам ушлаб олгани равшан. Бўлмаса, шифокорлар эшик тагида беморларни куттириб қўйиб фармфирмалар вакиллари билан тет-а-тет суҳбатлар қуришмас, рецептлар спекуляцияси билан шуғулланишмас эди.

Тиббиёт институти талабаси, фармфирмаларда ишлаб контрактини тўлаган бир йигитнинг айтишича (номини сир тутишимни илтимос қилди), ҳар бир йирик шифохона атрофидаги дорихоналар (улар жуда кўп) фармфирмалар вакиллари томонидан эгаллаб олинган. Вакиллар кунда-кун ора ўзига тегишли ҳудуддаги дорихонага келиб фирмасининг дорилари савдосини суриштиради: қайси дори яхши сотиляпти, қайсиниси туриб қолди, қайсинисидан кўпроқ келтириш керак – оддий маркетинг. Улар дорилардан ташқари врачларнинг рецептларига ҳам жуда қизиқишади: қайси врачдан қандай рецепт чиқяпти, касали кўп врачлар қайси, улар қандай фирмаларга ишлаяпти ва ҳоказо. Хуллас, рецептлар фирма вакиллари учун зарур ахборот манбаи. Албатта, бу манбани уларга дорихоначи тақдим этади.

Баъзида фирма вакили дорихоначига шундай деб қолади: “Фалон врачни фалонча доридан фалон миқдорда ёзишга кўндириб чиқдим. Аптекангизга шу доридан фалонча миқдорда олинг, сотилишига мен кафил”. Ўша ернинг ўзида врачга телефон қилиб ҳам беради. Кўпинча, врач билан аптекачи таниш бўлади. Врач: “Фалончи укамиз билан келишиб олдик, айтган дорисини олиб беринг, ман ёзиб бераман” дейди. Иш пишди!

Таъкидлаш жоиз, фирмалар легал ишлайди, ҳужжатлари тоза, солиқларни ҳам тўлашади. Бордию бирон вакили юқоридаги иш устида қўлга тушса ҳам, фирма биз бундай ишлашни талаб қилмаганмиз деб тураверади. Ҳатто ходимларига ички этика бўйича йўриқномаю шартномалар ишлаб чиқиб, қўл ҳам қўйдириб оладиган фирмалар бор.

Бу пухта ўйланган ва жуда хатосиз ишлайдиган система. Ва айсбергнинг учи, холос.

Бўлажак анестезиолог Бекзод Аҳмадалиев:

“Дунё бўйича ЦЕФТРИАКСОН кукунини ишлаб чиқарувчи атиги 8 та завод бор. Хом ашёнинг 1 грамми 8$ (саккиз доллар) туради. Лекин Ўзбекистоннинг ўзида бир нечта фирма шу дорини «ишлаб чиқаради» (аслида хомашёни сотиб олиб қайта ишлаб қадоқлаб сотади).

Аптекалардаги оддий цефтриаксоннинг бугунги кунда давлат ўрнатган қатъий нархи 5 000 сўм атрофида. Хуш, энди уйлаб кўрамиз, қандай қилиб ХОМАШЁнинг бир грамми саккиз доллар турса-ю, бизда бир грамм тайёр дори 5 000 сўм бўлиб қолди? (Қайси аҳмоқ ёнғоқнинг шақиллашига ишқибоз экан?)

Қайта ишловчи фабрика дорини олиб навларга бўлиб чиқади, энг олий навини (соф массасида бир граммига бир грамм тўғри келадиганини) бошқа ном билан алоҳида қадоқда донасини 100 000 сўм атрофида сотувга чиқаради. Қолгани оддий флаконда бир грамм дори улушига ҳақиқий дори миқдори 200 ёки 400 миллиграмни ташкил килган шаклда ўша сизу биз сотиб оладиган беш минг сўмлик дори бўлиб дорихоналарга чиқарилади”.

Шу жойида ўйлаб қоламан: мана нега болам бир антибиотик курсини тугатиб, орадан ой ўтар-ўтмас яна касал бўлаверади! Дори сифатсиз бўлгани учун чала даволанар экан-да!

Интернетнинг айтишича, бир антибиотик курси 100 доллардан қиммат туриши керак, бизда эса 100 сўм атрофида бўляпти. Фармфирмалар фаердан фойда қиляпти? Ахир, катта фойдалар қиляпти-ку!

Бекзод фикрида давом этади:

“Икки-уч йил аввал Тошкентда жуда катта жанжалли судлашув бўлиб ўтган. Врач бемор болага маҳаллий ишлаб чиқарувчиники бўлган антибиотикни ёзиб берган. Эффект бўлмасдан, болада сепсис (бутун организмга инфекция тарқалиб кетиши) рўй берган. Беморнинг онаси аввал врачга ташланган, лекин врач ҳаммасини стандарт бўйича бажарганини қонуний исботлаб берган. Кейин она ўша дорини лабораторияда текширтирса, фаол модда бир грамм ўрнига 400 миллиграм чиққан. Қарангки, фирма бу ишни “босди-босди” қилган. Қандай қилиб? Худога аён”.

Бекзоднинг гапларидан даҳшатга тушиб кетаман. Болаларимизга қандай дорилар беряпмиз? Шундай хавфлар бормиди ҳали? Дорилар стандартлашми, сертификациялашми, ишқилиб, текширувлардан ўтади-ку? Нега унда бундай ҳол рўй берди? Таассуфки, саволимга жавоб топиш умидим йўқ. Она сифатида ёлғиз нажотни қиммат дорилардан кўраман... ва яна ўша фармфирмаларнинг қармоғига илинаман.

Шифокорлар нега бу ишни қилишади?

Шифокор Обиджон Латиповнинг айтишича, бизда тиббиёт соҳасига кам маблағ ажратилади.

Рақамлар шифокорнинг сўзларини тасдиқлайди. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағлар ЯИМ нинг 4,5 фоизини ташкил қилади (бу яна аввалги йиллардан 2 бараварга ортгани!). Россияда бу кўрсаткич 3,6 %, Қозоғистонда 4,4%, Панамада 8,03%, Хорватия ва Чилида 7,8%, АҚШ да 15,7%, Францияда 11%, Германияда 10,4 ва ҳоказо. Кўриниб турганидек, рўйхатнинг жуда қуйисида бўлмасак ҳам, соғлиқни сақлашнинг реал муаммоларидан келиб чиқсак, бу соҳа ҳали кўп маблағга муҳтожлиги аён.

Шифокорларнинг ижтимоий ҳимояси, ойлиги масалалари эса тиббиёт коррупциялашувининг асосий сабаблардан, қолаверса, аянчли оқибатларидан биридир. Энг эҳтиёткор тахминларга кўра, ҳозирда 10 минглаб шифокорларимиз хорижда ишлаб юрибди: асосий қисми араб ва Африка давлатларида. Шароит оғир бўлса-да, ойлиги яхши, ҳурмати баланд.

Ҳаммадан кўп (ўн йил) ўқиган, ҳаммадан кўп контракт тўлаган, илмий даража олиш учун ҳаммадан кўп изланган, тенгдошлари тўрт йил ўқиб, ишга жойлашиб, маош олиб, аллақачон меҳнатининг роҳатини кўрган паллада ҳам лаборатория, клиника ва кутубхоналарда сарғайиб юрган бу касб эгаларининг ойлиги 1 ёки 2 млн сўм бўлмаслиги керак! Шароити оғир ҳудудларда, ҚВПларда ишлаётган, етиб бориш қийин жойларда қаҳратону саратонни писанд қилмай тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорлар фуқаролар томонидан сўкилмаслиги, дўппосланмаслиги керак! Ҳар бир ёзган рецепти, чеккан имзоси, беморга айтган бир оғиз гапи билан ўз тақдирини ҳам ҳал қилиб қўйиши мумкин бўлган касб соҳиблари кўча супуриш, тонналаб қоғоз тўлдириш, оиласини боқиш учун икки-уч жойда ишлаш, фармкомпанияларнинг халқдан оладиган пули учун чўнтак бўлиб беришга лойиқ эмас!

Улар заҳматлари бадалини халқдан оляптилар, халқ аламини улардан. Бу мантиқсиз муҳораба палласида кимлардир саломатлигимиздан катта капиталлар қиляпти.

Ҳар куни ижтимоий тармоқлардаги тасмаларимизда даволаниш учун хайрия сўраётган инсонларни кўрамиз. Кўпига хориждан келтирилган қиммат дорилар керак ёки даволаниш учун фалон минг долларлик амалиётга муҳтож. Ҳа, соғлиқ жуда қиммат нарса. Ана шу қимматликнинг бир учи тиббиёт ходимларининг зиммасида туради. Шу сабабли улар фармфирмалар билан яширин ҳамкорлик қилишга мажбур.

Шу ерга келганда яна қитмир шубҳалар пайдо бўлади: бу атай қилинмаяптимикан? Шифокор даволаш усулларини белгилаётганда беморнинг аҳволи билан бирга ўзининг қозонини ҳам ўйлашга мажбур бўлиб қолгани ортида фарммафиянинг ҳам ҳиссаси йўқмикан? Ахир, яхши ойлик оладиган шифокор фармфирмалар билан ноқонуний ҳамкорлик қилиб, номини ва фаолиятини хавфга қўярмиди?

Бу худди масонлар фитнаси каби: мантиқли, аммо киши ишонгиси келмайдиган ҳолат.

Аллоҳ ўзи саломатлигимизни асрасин. Ўзимиз ҳам асрайлик: носоғлом турмуш тарзи билан яшаб фармкомпаниялар ўчоғига ўт қаламайлик. Шифокорларни ҳам тушунайлик!

4.37 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.37 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.44 / 27
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 25

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 30/05, 15:22

Six ham kuymabdi, kabob ham. Qisqa bo'lsada oddiy odam tushunadigan juda yaxshi tahlil bo'libdi.

5 Абдумалик Носиров 30/05, 18:11

Авторга яна бир ажойиб "фактни" тақдим этаман. ОИТСга қарши қўлланиладиган AZT (Зидовудин) препарати 1967 йилда саратонга қарши химиотерапия сифатида синтез қилинган. Препарат беморларга қўлланилганда саратон ривожланмасдан туриб оғир ахволга олиб келгани учун АҚШнинг FDA ташкилоти ушбу препаратни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаган. Сабаби препарат ўта кучли токсик хусусиятга эга бўлган. Аммо шу препарат негадир 1980 йиллар бошида ОИТСга ташхиси бор беморларга яна қўлланилган. Нима учун деган саволга жавоб мавхум. Хозир хам шу препарат ОИТСга қарши амалиётда қўлланилади. Ўзбекистонда хам. Хохласангиз журналистик суруштирув олиб бориб бунга ўзингиз амин бўлишингиз мумкин.

5 Расул Кушербаев 30/05, 22:34
4 Қаҳрамон Асланов 30/05, 23:29
5 Мубашшир Аҳмад 31/05, 09:32
4 Давронбек Тожиалиев 31/05, 11:51
4.5 Уйғун Ғафуров 31/05, 12:43
5 Нигора Умарова 31/05, 17:15

"Дард" дейишармиди!!! Дардни даволовчилар нафси амрида дардманд бўлса, додингни кимга айтасан. Хуллас, блогпост эгасининг ҳар доимгидек огоҳликка чорловчи мақоласи. Ҳажми ҳам блог ёзиш қоидаларига хос ва мос.

4 Олимжон Солижон ўғли 31/05, 18:31
4 Мақсуд Саломов 31/05, 19:37
4 Маҳсуджон Асқаров 31/05, 21:28
4.5 Шунқор Чориев 01/06, 01:11
5 Беҳзод Қобулов 01/06, 09:31
5 Тўлқин Юсупов 01/06, 12:57
4 Мансур Тангишов 01/06, 16:33

Жуда долзарб мавзу кўтарилибди. Фармбизнесдаги катта ўйинлар медиклар орасида айниқса машҳур. Бозор иқтисодиётида дори нархи маъмурий йўл билан шакллантирилмайди, агар шундай қилинса дотация қилиниши керак, иш ҳақи ҳам шу қаторда меҳнатига яраша белгиланади, умуман калавани учини топаман деса ҳамма соҳани айланиб чиқишга тўғри келади. Шундай журналистик суриштирув ва таҳлилий блоглар кўпайиши керак, ҳеч бўлмаганда инсонлар бевосита ўз соғликларига таъсир қиладиган нарсалар ҳақида билиб олишади. Муаллиф ижод қилишдан тўхтаманг. Визуал материаллардан ҳам фойдаланинг. Ечим сифатида таклифларни батафсилроқ беринг.

4.5 Музаффар Назаров 01/06, 17:59
5 Адҳам Отажонов 01/06, 19:00
5 Умид Гафуров 01/06, 20:53
5 Иноят Садикова 01/06, 23:46

Mazmun, ma'no, mantiq - gap yo'q! Bo'limlarga bo'linib chiqilsa o'quvchiga osonroq bo'lar edi.

4 Нодир Закиров 02/06, 07:24

Сарфлаган вақтингиз ва изланишларингиз натижасида журналистик суриштирувингиз қизиқарли чиққан. Матбуотда шунақа мақолалар етишмайди. ЛЕКИН... "Антибиотиклар вирусларнинг чидамлилигини оширади", деб нотўғри маълумот берганингиз учун 1 балл олиб ташладим. Антибиотиклар БАКТЕРИЯ чидамлилигини оширади, ВИРУСНИ ЭМАС. Вирус жонли мавжудот эмас. Уни антибиотик даволамайди. Антибиотик бактериал инфекцияларда ишлатилади. Ўзбекистонда энг катта муаммо - озгина шамоллаган болага антибиотик беришади. Шамоллаш бу оддий вирус. Жумладан ГРИПП ҳам вирус. У ўз цикли билан ўтиб кетади. Антибиотикни умуман вирусга даҳли йўқ. Шамоллаган болага антибиотик ёзиб беришдан аввал қайси бактерияни топишади бола организмида? Стрептокок ёки бошқа бактерия? Уларга қайси антибиотик таъсири аниқланади? Бунга лабораторияда 3 сутка вақт кетадику! Аслида бактериялар чидамлилигини келтириб чиқараётган айрим савиясиз врачлар ва ота-оналар.

5 Ботиржон Шерматов 02/06, 15:32

Ижтимоий ахамияти юкори, имловий хатолардан холи, муаллифнинг шахсий фикри мавжуд, тахлил ва таклиф берилган.

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 02/06, 16:57

Жуда яхши ёзилибди. Фарммафия кўп давлатларни бошқариши ҳақида гап-сўзлар бежиз эмас. Чунки уларда пул бор. Даромад тайин. Масаланинг илдизи чуқур. Бу блогпост ўзбек сигментида ҳозирча ман ўқиганларнинг энг яхшиси бўлибди.

5 Шерзод Шерматов 02/06, 17:55
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
23 та фикр