Фирибгар журналистни чув туширди, журналист эса...

Муаллиф изоҳи:

Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган воқеилик тафсилотлари буткул ҳаётий. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар буюртмаси ёхуд бадиий тўқима эмас. Фақат услуби бошқачароқ. Аниқроғи, куни кеча “Xabar.uz” ахборот-таҳлилий порталида терролог-аналитик Саид-Абдулазиз Юсупов муаллифлигида эълон қилинган “Ёшларни «ижтимоий импотентлик»дан асранг” мавзуидаги “Оқ ва қора” кўрсатувида илгари сурилган фикрлар мақолага шундай ёндашишимизга сабаб бўлди. Яъни, жиноят содир этилганлиги ҳақидаги хабарни совуққина қилиб, ўз ҳолича узатиш жамиятда лоқайдлик кайфиятини пайдо қилишини, оқибатда бепарволик таназзулга етаклашини англаган ҳолда материалга бошқачароқ ракурсдан қарашга ҳаракат қилдик.

Якшанба

...Машинанинг олд чап томон шинаси уч кундирки, шиғиллаган овоз чиқаради, асабингиз чатоқроқ пайтда-ку баттар ёқмайди. Эрталабдан таниш устага қўнғироқ қилдим, у уйқусираб ғўлдиради:

– Тушдан кейин, соат тўртларда келинг.

Айтилган вақтдан хийла аввалроқ чиқдим. Пойтахтимизнинг Учтепа ва Бектемир туманлари оралиғи бирон ўттиз чақиримча келар. Хуллас, манзилга уч бекат қолганда “Арча кўча”дан ўнгга бурилиб, светофорнинг қизил чироғида тўхтадим. Олдимда яна икки машина бор – “Спарк” ва “Матиз”. Азим чинорлар қуюқ соя ташлаган, халқ тилида “Жуковский” деб аталадиган шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси олдидан ўтувчи кўча четида чамалаб айтсак ўн бешдан ортиқ дорихоналар кўзга ташланади. Йўл четида эса Бўзбола (ҳозирча шартли равишда шундай атадим, боиси тергов ишлари кетяпти) турарди. У дастлаб “Матиз” автомашинаси олд ойнасига букилиб, ҳайдовчи билан нималарнидир гаплашди. Савдоси пишмади чоғи, уч қадам ташлаб мен тарафга эгилди.

– Таксимимиз, ака?

– Йўғу, лекин йўлим шу ёққа эди.

– Манави дориларни айтилган жойга обориб беролмайсизми, жуда зарил эди.

У шундай деркан, ихчам қилиб қадоқланган икки дона тиббий дори воситасини кўрсатди.

– Қаерга, кимга бериш керак?

– Гаплашинг, телефон рақамини айтаман.

Рақам терилди. Икки гудок чақирувидан сўнг нариги тарафдан хавотирли овоз эшитилди.

– Алло, алло.

– Сизга дори берворишятувди.

– Ҳа-ҳа, акажон, илтимос, фақат тезроқ келинг.

– Қаерга?

– “Гулзор” мавзеси “Оқтепа лаваш”нинг ёнида турибман.

Яқин экан-ку, ўн минутлик йўл.

- Бўлди, гаплашдим, бер дориларингни, – дедим Бўзболага.

У дориларни узата туриб қўшимча қилди:

– Ака, мен дориларни пулини ҳам олиб қолишим керак-да. Шунга... У ҳозир беради, сизга.

– Э-ҳа, – қанча бериш керак?

– 38 минг сўм.

Чўнтак ковладим. Майда йўқ экан. Қирқ минг узатдим.

– Қайтимим йўқ-да!

– Э, сен қанақа аптекачисан, қайтиминг бўлмаса?

Бўзбола у ёқ-бу ёғини тинтиган кишим бўлди-ю, беш мингталикни қайтариб узатди.

– Майли, уч мингни ўзи менга “Пайнет” қиворар.

– Ўзинг биласан...

Ҳожатбарорлик бадали

Агар сиз кўнгилчанроқ бўлсангиз, менга ўхшар экансиз. Хавотирли овоз шу қадар таъсир қилдики, машинани белгиланган тезлик меъёридан ошириб, шамолдай учириб бордим. Умумий овқатланиш шохобчаси автотураргоҳига етганим ҳамоноқ қўнғироқ қилдим.

– Ака, мен келди...

Дут, дут, дут...

Рақамни қайта тераман, яна шу аҳвол.

Учинчи марта – оператор қиз: “Кечирасиз, сиз чақираётган абонент...”

Буёғи неча пулдан тушди? Бечора, телефонининг қуввати тугаб қолдимикан? Машинадан тушиб атрофга алангладим, жонсарак кас кўринмайди.

Майли, дедим ўзимга ўзим. Кутиб турай-чи, келиб қолар.

Ўн минут ўтди, йигирма минут. Бу орада теваракни икки марта изғиб келдим. Тарвузим ҳали қўлтиғимда, рулни ортга бурдим: очиб кўрилмаган дориларни қайтариш керак.

Катта-кичик, баланд-паст, ёнбоши туртиб чиққан дорихоналар қаторига келиб, Бўзбола чиққан жойни мўлжалладим. Ичкарига кирсам, хушбичимгина сотувчи аёл қарши олди:

– Келинг, хизмат?

– Сизларда қорачадан келган, қошлари қайириқ, кўриниши ўктам йигит ишламайдими?

– Йўқ, нимайди?

Муддаомни айтдим. Опа елка қисди. Қўшни дорихонага ўтаман, ундан наригисига, ундан кейингисига... Саноқ бўйича олтинчисига келганда, пешонамга шап этиб урдим.

– Кечирасиз, мана бу дорилар неча сўм туради?

– 4200 сўм!..

Ичкин ўйлардан – Ички ишларга

Шу куни қайсидир юмуш билан йўлингиз шу тарафларга тушиб, машинасига суяниб қаҳ-қаҳа отиб кулаётган одамга ногаҳон ажабсиниб қарагандирсиз? Ҳа, адашмадингиз ўша азамат менман-да!

Аввалбошда жағим қийшайиб қолгунча кулдим. Оббо, шоввозлар-е! Зап туширишди-да, ўзиям. Эътиборимни тортган жиҳат, улар шунчаки алдаб кетишмади. Фириб учун озгина сармоя киритишди. Кейин ишонтиришди. Тўғриси, ўша пайтда Ғафур Ғуломнинг “Ёдгор” қиссаси қаҳрамонидек эдимки, азбаройи яхшилик қиламан, деб ҳатто хизмат ҳақи ҳам сўрамабман. Шу нарса алам қилиб кетди.

Айтинг-чи, менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилган бўлардингиз? 38 минг сўм пул учун қўл силтаб кетармидингиз? Тактика шу қадар устамон эдики, бир тушлик нархига тенг сумма учун унча-бунчага ИИБ эшигини тақиллатиб бормайсиз. Улар буни яхши билишган.

Шошма, бўлган воқеа – бўлиб ўтди. Ана, Учтепа туман ИИБ биноси тўрт бекат нарида-ку. Шартта бориб, ариза ёзаман. Табиийки, касбимни сир тутаман. Шу баҳона ИИБ тезкор ходимлари ҳақиқатда тезкорми, ё кунора телевизорда кўрсатилаётган лавҳалар шунчаки томошами... Билиб оламан. Сал ўтмай, қўлинг ўлгурсин материал ҳам тап-тайёр-да!

***

– Нима хизмат билан келдингиз?

– Фирибгарлик тўғрисида арзим бор эди?

– Ҳужжатларингизни беринг...

Ёпирай, “Ташқарида кутиб тур”, “Ҳозир йўқ экан, эртага кел”, “Прописканг борми?” деган беписандликдан асар ҳам йўқ. Ўн минутда ишим битди. Очиғи, ҳайрон қолдим. Чунки бундан уч йилча аввал ҳам айни шу идорага ишим тушган – овораи-сарсон бўлиб, сўкина-сўкина ҳафсалам пир бўлган эди-да.

Бўйи кичикрок, зуваласи пишиққина тезкор ходим бошлиғи номига ариза ёздириб олгач, воқеа тафсилотларини ипидан игнасигача сўраб суриштирди.

– Бўлди, ака. Ҳозирдан қидирувни бошлаймиз. Балки кўпроқ вақт кетар, сабрлироқ бўласиз.

– Гап пулда ҳам эмас, булар уюшган гуруҳга ўхшайди. Ким билсин, яна менга ўхшаган нечта содда одамни чув туширишди, – дейман. Зора, шу гапим билан ижтимоий хавфлилилик даражаси кўтарилса.

– Ака бу ёғи бизнинг иш. Сиз бемалол кетаверинг. Ўзим қўнғироқ қиламан...

Юзма-юз

Эртаси куни тушга яқин телефоним жиринглади. Нариги гўшакдан тезкор ходимнинг ғолибнамо овози янгради:

– Иш жадаллашиб кетди, яна озроқ сабр қилиб турасиз.

Сешанба куни яна қўнғироқ. Кунда хабар беради. Мурожаатчилар билан ишлаш механизмининг барча мурватлари ишлай кетибди-да, хайрият! Шанбада терговчи қўнғироқ қилди. “Бир келиб кетинг, юзлаштириб олайлик”.

Машина рул чамбарагини маҳкам сиқиб олганман. “Лаънатилар, мени ўзларингга ўхшаган мишиқи деб ўйловдингларми, бузоқнинг югургани сомонхонагача!” Ғазабнок ўйлар бир зумда Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИБ биносига элтади.

Терговчи коридорда кутиб олди. Ҳозир хонасига киритишини, холислар, адвокат ҳозир эканини, мени чув туширган кимса кимлигини таниб, қўлим билан кўрсатишимни, шу асосда баённома расмийлаштирилишини айтди. Кейин ичкариладик. Тергов хонасининг бир бурчагида беш йигит саф тортиб турарди. Ҳар бирининг қўлидаги қоғозчага рақами ёзилган. Дераза олдидагиси мени кўрибоқ ерга қаради. Танидим, танимай бўладими, сал демаса, унинг қайрилма қошлари тушларимга кириб чиқай, деди-ку!

Керакли ҳужжатларга имзо чекилди. “Қайрилма қош” узр сўради, тавба қилганини айтди. Индамадим. Судда кўришадиган бўлдик...

Ташқарида тезкор ходим билан озгина ҳангома қилдик. Айтишича, фирибгарлар кўпчиликни алдаб, пулларни ўзлаштирган. Навбатини кутиб турган миқтигина оқсоч киши улардан бири экан. Дардимиз бир – кўнгил сўрадим. Маълум бўлишича, уни мендан ҳам баттар қилишибди. “Бешбола” гуруҳи акамизга 2007 йилда чиқарилган дори қўлланмалари ёзилган варақ ксеронусхасини нақ етмиш минг сўмга пуллабди...

Бўзболанинг иқрори

...Бинодан чиққанимда номозшом эди. Баҳорнинг илимиқ ҳавоси. Кайфиятим масрур, негадир ким бўлса ҳам суҳбат қургим, мақтангим келади. Кутиш ўриндиғига назар ташлайман. Қатлари ғижим, эски кўйлак кийган, рўмолини кампирнусха ўраган онахон ерга маҳзун тикилади. Тўкилишдан қолган яккам-дуккам сариқ тишларини лаблари яширмас, кўча шовқини-да уни ғарқ ўйидан уйғотолмас эди. Манзара шу қадар аянчлики, бир лаҳзада хотирам қатлари жунбушга келди; ўн тўрт йил муқаддам университетда ғўрлик ортидан ўқитувчим билан тортишганим, аччиқ қилиб дарсга бормай, ижара хонадан чиқмай ётганим эсга тушади. Ўшанда деканат уйимизга мени университетдан ҳайдаш тўғрисида огоҳлантириш хати юборган, онам келгани ҳақида курсдош-хонадошим хабар берган, оёғимни қўлтиғимга олиб деканатга чопгандим. Минг ваҳки, ҳаллослаб етиб келганимда онам стулга чўкканча унсиз йиғлаб ўтирар, ўнг қўлини кўксига қўйиб, менинг ўрнимга декандан қайта-қайта узр сўрарди... Негадир мен бу аламли хотирани ҳеч унутолмайман...

Каловланиб қолдим. Юзлаштириш асносида Бўзбола шаҳарга яқиндагина келганини, шериги ундовига лаққа тушганини, эндиликда қаттиқ пушаймонлигини, қишлоқда қари онаси борлигини айтиб, мўлтираган эди. Мана ўша иқрор: “Акажон, узр. Бу ерга келиб “мойка”да ишламоқчи эдим. Лекин шаҳарга келишга йўлкирам йўғиди. Танишим такси пулини тўлаб берди. Эвазига ишлаб берасан деди. Мен ўша куни хато қилаётганимни кечроқ англаб етдим. Эртаси куни Чилонзор кўчалари бўйлаб сизни изладим. Сиздан ташқари яна икки кишини ҳам алдагандим. Уларга эртаси куни пулларини қайтариб бердим. У ёқда қари онам қолган...”

У пайтда қўйиб берса, ўзим жазолаш кайфиятида эдимки, илтижолар асло парвоимга келмасди. Гапи ростмикан? Наҳотки, изтироб-ла ўтирган анови муштипар онахон шу киши бўлса? Бўзбола шу қилмиши учун қанча вақт виждон азоби чекаркин? Ё, ҳаммаси найрангми?..

Ортга бурилиб, онахоннинг юзига тикилгим, Бўзболага ўхшаш белгиларни унинг юзларидан излагим, топгим келди.

Аммо қарамадим. Қаролмадим...

3.92 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.92 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 13
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 15

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Беҳзод Қобулов 17/05, 13:22

Бу воқеа ҳақиқатда шундай бўлгандир-бўлмагандир, лекин гап бошқа ёқда – одамларда ИИВ тизими шундай ишлаётгани ҳақида тасаввур пайдо бўлди. Тасаввур янглиш чиқса, халқни алдаётган бўлсак, биз – ОАВ ходимлари айблимиз... Мен муаллифнинг ёзганларига ишондим. Ўқувчини ишонтириш учунгина шундай ёзмаган, деб умид қиламан.

5 Бахтиёр Шералиев 17/05, 14:18
5 Шерзод Шерматов 18/05, 00:32
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 18/05, 02:01
4.5 Мубашшир Аҳмад 18/05, 05:45
3.5 Давронбек Тожиалиев 18/05, 11:52
5 Нигора Умарова 18/05, 15:01

Фирибгарликнинг биз аҳамият бермаган, бироқ мавжуд янги кўриниши тасвирлаб берилган саргузашт ҳикояга монанд матн. Матнни ўқиган киши сал сергакроқ тарзда атрофидаги ҳар бир фирибгарликка эътиборлироқ бўлади.

3.5 Қаҳрамон Асланов 18/05, 16:01
5 Маҳсуджон Асқаров 18/05, 22:20
5 Расул Кушербаев 18/05, 23:00
4 Мақсуд Саломов 19/05, 12:04
5 Шунқор Чориев 19/05, 18:48
4 Тўлқин Юсупов 19/05, 21:22
5 Умид Гафуров 19/05, 22:59
4.5 Мансур Тангишов 20/05, 13:12
5 Музаффар Назаров 20/05, 20:07
5 Нодир Закиров 20/05, 22:28
4 Иноят Садикова 20/05, 22:33
4 Абдумалик Носиров 21/05, 09:12

Фирибгарлик масаласи жудаям кенг муаммолардан бири. Бундай муаммоларни жамиятчиликнинг ўзи пайдо қилади. "Рахмдил ва ишонувчан" одамлар тоифаси бор экан бу муаммо ўз якунини топмайди.

4.5 Уйғун Ғафуров 21/05, 12:53
4 Олимжон Солижон ўғли 21/05, 13:15
4.5 Адҳам Отажонов 21/05, 17:12
5 Ботиржон Шерматов 21/05, 20:23
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
8 та фикр