ФАЛАЖЛАНГАН УМУРТҚАМ(ИЗ)

Фозил Жабборов
Ярим финал

Ифторлик

Кеча дўстим Жамшид Умрзоқов ва онаси Холида холамнинг  таъзиясида (Оллоҳ раҳматига олсин!) Пискентдаги ота уйига борган, бир неча кун кетмаган, сўнг кимлигини била олмай, охири танишгач, телевизордан унинг чиқишларини кузатиб юрадиган мухлиси бўлиб чиққан Маъруфхон Тошкандий билан ифторлик қилдик. Сўнг улар таробеҳ намозига боришмоқчи эканини айтишди. “Salvia” кафесидан чиқиб, Навоий кўчасига буриламиз, дўстим сўрайди: “Сиз ҳам биз биланми?” “Ҳа”, дейман.

Худонинг уйига йўл

Халқ тилида “Кўкча”, яъни “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидига йўл оламиз. Шерикларим кафедалигимизда бу масжидда Муҳаммадлоиқ исмли қори бир неча кундан бери Қуръонни ажойиб қироат қилаётгани, шунинг учун ҳам у ерга одам кўп бораётганини гурунглашишганди. Жамшид йўл-йўлакай менга таробеҳ намози қоидаларини ўртагиб боради. 32 ёшга кириб илк бора таробеҳ намозига бораётганимдан ҳам уяламан, ҳам ўкинаман. Масжидга етиб, таҳорат олгач Маъруфхон ака олиб келган жойнамозларга жойлашамиз. Бирор ярим соатларда қайтишимизни мўлжаллаб Маъруфхон акадан: “Ўн минутларда тугайдими?” деб сўрайман. У киши тарабеҳ намози кеч соат 12:00гача ўқилишини айтади. Бу гапдан – масжидда соат 00:00гача қолиб кетишимиздан сал ҳадиксирайман.

Худонинг уйида болаларни кўрдим

Масжидда одам кўп. Ҳаммаси нурли чеҳралар. Орамизда ёш болаларнинг ҳам борлиги кўзни қувнатади. Имом маъруза қилади. Кеча бир ёш бола масжидга бирга келган яқинидан адашиб қолгани, мелисалар таксига ўтирғизиб уйига кузатиб қўйгани ҳақида гапиради. Яхшилик қилганларга раҳмат дейди. Лекин ёш болаларни масжидга қўйилишини суиистеъмол қилмасликни, уларга эътиборлироқ бўлиш кераклигини айтади. 

Умуртқа касалликлари + Намоз = Соғлом ҳаёт

Намоз бошланади. Мен ҳам жамоатга қўшилиб, имомга иқтидо қилиб ўқийвераман. Бирор соатлар ўтгач, умуртқа поғонамдаги чуррам оғрий, оёқларимдаги томирларим тортиша бошлайди. Ўн йиллар аввал бошланган умуртқа касалим бугун жуда оғир аҳволга етган. Бўйнимдан то думғазачага туз билан қопланган. “МРТ” қилдирмасам ҳам “грижа”ларим кўпайганини оғриқларимдан сезаман. Умуртқамдан қўлларим, оёқларим, юрагим, ошқозонимга борган томирларим тортишади, бу аъзоларим муттасил оғрийди. Тузлар юрак, буйрак, ўпка, бош мия, жигар ва бошқа аъзоларимни бир-бири билан улаб турадиган асаб толалари орасига ўрнашиб олиб, шу аъзонинг ишлашига тўсқинлик қила бошлаган. Бир жойда мункайиброқ узоқ вақт ўтириб қолсам, чап оёғимга қон бормай ишламай қолади. Алқисса, соғлиғимга эътиборсиз бўлиб, нотўғри овқатланиш, кам ҳаракат ва зарарли маҳсулотлардан тийилмаслик натижасида шу аҳволга келиб қолдим.

Муҳаммадлоиқ қори Оллоҳнинг каломини гўзал оҳангга солиб айтади, кўнглини ранжитган одамларим, айбларим ҳақида эслаб: “Шунча гуноҳ билан олдингга қандай бораман?” деб кўзимда ёш қалқийди...

Одам кўз ёш қилганда танадаги ортиқча тузлар чиқиб кетиши ҳақида эшитгандим. Мутахассислар намознинг инсон саломатлигига фойдаларини кўп бора исботлашган. Ҳар гал “Аллоҳу акбар” дея саждага бош қўйганимда бўғимларимдаги ортиқча тузларнинг эришини ҳам ҳис қиламан. Намоз гуноҳларимдан фориғ қилгандай, танамдаги касалликни бироз аритгандай, дарддан қийналаётган руҳимни енгиллатгандай, уни юксакликка олиб чиққандай бўлади. 

Таксичилар

Йигирма ракат таробеҳ, уч ракат витр намозини адо этиб бўлгач, кеч соат 12дан ошиб кўчага чиқамиз. Ҳаво салқин. Ҳаммамиз уй-уйимизга тарқалиш учун мошина тўхтатамиз. “Кўкча”дан “Дўстлик” метро бекатигача: “20 минг сўм беринг”, дейди биринчи таксичи. “Раҳмат”, деб бошқа такси тўхтатаман. Униси ўн беш дейди. Мўлжалим, ўн минг сўм. Охири лецензияси бори 12 мингга олиб кетади.

Тартибсизлик. Таксиларнинг кмга қараб аниқ бир нархи йўқлиги, ҳамма таксичи ҳар хил нарх айтиши мени ранжитади. Айниқса, Тошкент возкалини эгаллаб олган киракашлар вилоятдан келган йўловчилардан жуда инсофсизларча – отнинг калласидай йўлкара олади.

“Йигирма минг сўм”, деган таксичини ҳам “инсофсиз” дегим келади. Лекин демайман. У ҳам нима қилсин, ишлаши, оила боқиши керак ахир.  Гарчи даромадидан давлатга солиқ тўламаса-да.

Хуллас, қайси бармоғимни тишласам ҳам оғрийди, ўзимники!

Дима Қаюм ўзимиз

Уйга келаман. Газ билан сувни иситадиган “калонка”мизни ёқиб ювинаман. Қишлоқдаги яқинларим эсимга тушади. Ота-онам, ука-сингилларим газ баллон уланган газ плитада сув иситиб ювинишади, чойни ҳам ўшанда қайнатиб ичишади, агар баллоннинг гази тугаб, уни тўлдириш учун нечадир кунга олиб кетишган бўлса, улар чойни ҳам, ювинишга сувни ҳам ўчоқда қайнатишади. Ҳозир-ку кунлар иссиқ. Унча билинмайди. Ҳақиқий муаммо қишда бошланади. Хоналарни печкада иситиш керак. Печкага эса ўтин, кўмир керак бўлади.

Нега мен шаҳарда яшаб қувурда оқиб келаётган газни маза қилиб ишлатаман-у, шароити оғир қишлоқда яшаётган яқинларим баллонга сиқилиб плитага уланган газда ювиниш учун сув иситишади, чой қайнатишади, овқат қилишади. Тандирда ўтин ёқиб нон пиширишади. Бу икки марта адолатсизлик-ку!

Дима Қаюм, яъни Дилшод Болтабоевнинг фейсбукдаги печка, таппи, ўтин ҳақидаги аччиқ латифалари, газ ҳақидаги армонлари, фақир ҳаёти акс этган афандинамо қилиқлари, қишда печка тутунидан танаси, кийимлар қорайиб кетган, оғир турмуш қийинчиликлари сабаб ёшидан эрта қариб қолган қаҳрамонлари – Риштон деҳқон бозорида ул-бул сотувчи юртдошларимизнинг расмлари эсимга тушади. Унинг куюнганича борлигини қишлоқларда яшаб кўрганларгина билади.

Дима Қаюм, шу аҳволида, шу шароитимизда кутубхона очганини эса гўнгда ўстирилаётган гулга ўхшатаман.

Ўлманг, Дилшод ака! Сизнинг ҳамма хатти-ҳаракатларингизда оғир турмушингизга, айтилаётганчалик фаровон бўлмаган бугунги кунларимизга исённи кўраман!

Қачонки, Дима Қаюмнинг печкалари сотилмай, савдоси инқирозга учраса, қаҳрамонлари чин маънода фаровон яшай бошлаган одамларга айлансагина, биз ўшанда Ўзбекистон тараққиёт сари одимламоқда, дориламон кунлар келди, деб мақтана оламиз. Унгача афанди Дима Қаюм ҳақиқий аҳволимизни бизга ойна тутган каби эслатиб тураверади. 

Саҳарлик

Вазним 95 килограмм. 175 смлик бўйимга ҳисоблаганда, ўн беш килоча ортиқча “чиқиндим” бор. Блогерлар чемпионатида қатнашаётган дўстимиз Рашид Усмоновнинг: “Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб, сувдан тўйиб олишса, шуни ўзи кун давомида енгил юришларига етарли, деб ўйлайман”, деган тавсияларига амал қилиб бугун саҳарликда фақат сув билан кифояландим. Мана, ифторликка ҳам яқин қолди, аммо очлик ҳисси қийнагани йўқ, кун бўйи енгил, яхши юрдим. 

Суфи – Умар Ҳайём

Бугун Аслиддин оғайним билан интернетда гап талашдик. У сўкинади. “Рўза эдим, бўлмаса ўзим билардим нима дейишни”, дейман. Гўё рўза тутмаган одамга сўкиниш учун “яшил чироқ” доим ёниқдай. У қаҳ-қаҳ отаётган кулгичлар жўнатади. Нима деяримни билмай: “Худо инсоф берсин!” дейман. У яна гап топади: “Кўп қийналманг, озроқ тавба қилганингиз билан аслиятингиз ўзгариб қолмайди ))) Шу қойил қоламанда сизга ))) Рамазон келса сўфи бўлиб қоласиз, маишат бошланса Умар Ҳайём! )))” “Ўзи инсоф берсин ҳаммамизга!” дейман яна иложсиз. У “зўр” деган “лайк” жўнатади.

Аслиддин ҳақ. Яширмайман ёмон одатларим бор. Ёмонидан ёмонлари ҳам. Ичаман. Ичсам баъзи-баъзида чекаман ва бошқалар... Ҳаммасини айтолмайман. Лекин оғайнимнинг имонга келмоқчи бўлаётган одамнинг устидан кулгани оғир ботади. 

Мен – биз

Аксар юртдошларимизни ўзимга ўхшатаман. Аниқроғи, мен бошқаларга менгзайман. Чунки кўпимиз мусулмон бўла туриб, фарз этилган беш маҳал намозимизни ўқимаймиз. Икки ҳайит ё таробеҳларда бу фарзни адо этишимиз кераклиги эсимизга тушиб масжидга борамиз. Худонинг олдидаги бу қарзимиз ҳисобланса, катта-катта терабайтли миллион-миллион компютернинг хотираларига ҳам сиғмаса керак.

Ичамиз. Аслиддин айтганидай, байрамларда Умар Ҳайёмга айланамиз-қоламиз.

Чекамиз. Бу билан ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам, атроф-муҳитни ҳам, чўнтагимизни ҳам зарарлаймиз.

Юрамиз. Албатта, нотўғри, буюрилмаган, таъқиқланган йўллардан.

Рамазонда рўза тутамиз-у, сўнг яна “эски ҳаммом, эски тос”лигимизча юраверамиз. Рўза киришидан бир неча кун аввал касбдошим сўрайди: “Рўзага неча кун қолди?” Нечадир кун дейман мен. У эса: “Тезроқ пиво ичиб қолиш керак”, дейди. “Зўр” гап-а? ((( Гўё рамазондан ташқарида мусулмон кишига ичиш мумкиндай.

Узоққа бормай, мана ҳозир, шу блогпостни ёзаётганимда ҳам ҳамкасбларимдан бири: “Шерик бўлганида эллик грамм-эллик граммдан олардик”, дейди. Бошқаси: “Ҳозир рўза-ку!” дея киноя қилади. “Ифтордан кейин-да!” давом эттиради ҳалиги касбдошим. “Унда саҳарликка уланиб кетади-да!” қўшимча қилади яна бир касбдошимиз. Хонада кулги кўтарилади.

Ҳамкасбларим хонада сигарет тутатишади. Тилимни тишлайман. Индолмайман.

Хуллас, бўйнимизгача – терабайт-терабайтли гуноҳларимиз бўлса кераг-а? Тағин билмадим. 

Биринчи болани олдириб бўлмайди!

Уйдан ишга чиқаётиб, йўл-йўлакай атрофни, атрофдагиларни кузатиб кетдим. Ўғлини кўтарган, хотини ёнида кетаётган йигитга ҳавасим келади.

Бир ҳовлида эркак дарвоза очади. Ҳижобли аёл “Каптива”да ичкаридан чиқиб келади. Эрига “хайр-хайр” қилади. Юзи тундлашиб турган эркакнинг юз ифодаси ўзгармайди. Ишқилиб, аёл яхши ният билан кўчага чиққан бўлсин-да!

 Янги уйланган оғайнимнинг аёли турмуш қийинчиликларига, эрининг қаттиққўллигига чидолмай уйдан кетиб қолибди. “Сизда кўнглим йўқ, яшамайман”, деяётганмиш. Ҳатто дўхтирга бориб боласини “аборт” қилдирмоқчи бўлибди. Қандай қабиҳлик!

Оғайним фарзандини сақлаб қолиш учун нимжон ҳомиладор аёлини дўхтирхонада икки марта “сохранение” қилдирганди. Келин эса... Хафа бўлса ҳам айтай, эри билан яшамаган тақдирда ҳам дунёга кўз тикиб, кундан кун ривожланиб бораётган болани олдирмоқчи бўлган аёлни фақат ва фақат жиноятчига тенглаштираман. Дўхтир ҳартугул: “Биринчи болани олдириб бўлмайди!” деб қайтариб юборибди. Ўзига шукр!

Оғайнимнинг айтишича, хотини телефонда жуда кўп гаплашаркан. Эри ким билан гаплашаяпсан деб сўраса, аям, дадам, дугоналарим билан деркан аёли... Келин телефонда уйдаги вазиятдан отасини хабардор қиларкан, отаси эса куёвга қўнғироқ қилиб оила ишларига аралашавераркан. Натижада қайнота куёв ўртасида жанжал келиб чиқибди.

Келиннинг сумкасидан жуда кўп турк сериалларининг, алмойи-жалмойи қўшиқ(чи)ларнинг дисклари чиқибди.

Ижтимоий тармоқдаги аҳлоқсизикка бошловчи, енгил ҳаётга ўргатувчи сериалларнинг баҳслари, уларни тв дастурларидан олдириб ташланишлари, алмойи-жалмойи қўшиқларнинг ёшларимиз онгига салбий таъсири, ёшларни, оилаларни телефон бузаётгани ҳақидаги фикрларни ўйлаб қолдим. Ростмикан-а? 

Имонимиз сусайган(ми?)

Касбдошим Бобур Эсонов яқинда армиядан қайтиб келди. Уйида бирор ўн кунча юриб, одамларнинг яшаш тарзини кузатибди. Гап орасида айтиб қолди: “Ҳамма ичадиган бўлибди ҳозир. Ҳатто одамлар маъракада ароқ олиб келасан, деб туриб олишаётган экан!”

Ҳаммасига ишсизликни, қийинчиликларни сабаб қилиб кўрсатман. Бобур эътироз билдиради: “Йўқ, ака! Одамларнинг имони сусайиб келган!”

 Кеча фейсбукдаги саҳифамга: “Шайх Зайниддин – “Кўкча” жомеъ масжидида таробеҳ намози якунланди”, дея масжид расмлари билан пост қўйгандим. Бир дўстимиз: “Нақадар гўзал. Онам раҳматли ҳаёт бўлганда шу масжидларни кўрсатгани олиб борар эдим. Бизни оналаримиз илмли бўлиб, СССР даврида намозини канда қилмай давлат ишларида ишлаган. Шу кунларни кўрмади. Кўрганда боши осмонга етар эди”.

Ўзимга ўзим савол бераман? Нега совет иттифоқи даврида намозини канда қилмаган одамлар мустақиллик йилларида бенамоз одамларга айланди. Чиндан имонимиз сусайиб кетдими ё? 

Соғлом умуртқасиз яшаб бўлмайди

Жамиятимизни фалажланган умуртқамга ўхшатгим кеп кетди. “Темир хотин” филмидаги Аломат айтганидай, система бузилган! Қолган  муаммоларни атай санамайман. Чунки уларни ҳаммамиз биламиз. Муаммоларимиз шу даражада серобки, менинг умуртқа касалимни тузатиш қанчалик оғир бўлса, уни бартараф этиш ҳам шунчалик оғир.

Рашид Усмоновнинг http://usmonov.uz сайтидаги блогларга назар ташлайман. Уларда шундай ёзилган:

“Инсон қўлсиз ва оёқсиз яшаши мумкин, лекин носоғлом умуртқа билан яшаш жуда мушкул”.

“Умуртқа поғонасининг мустаҳкамлиги инсон ички аъзоларининг яхши ишлаши билан боғлиқ бўлса, ички аъзоларнинг саломатлиги умуртқа поғонасининг соғлиги билан боғлиқдир”.

Хуллас, қарс икки қўлдан чиқади. Жамиятимиз ўнгланиши учун ҳам бошқарув системаси, ҳам ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак экан.

Қўрқаман. Бир невропатолог бу касаллик ҳеч қачон тузалмаслигини ҳам айтган. Бошқаси эса аксинча фикрлар билдирган. Қувонаман.

Ўйланиб қоламан. Лекин қанчалик машаққатли, оғир бўлмасин, бундан кейинги ҳаётим(из)ни сақлаб қолишим(из) учун, соғлом яшашим(из) учун, узоқ умр кўришим(из) учун нима қилиб бўлса ҳам умуртқам(из)ни созлашим(из) керак! 

Бечоранинг чораси

Бразилия давлатининг байроғида “Тартиб ва тараққиёт” деган сўзлар ёзилган экан. Рост. Тартиб бўлсагина тараққиётга эришиш мумкин.

Дўхтирларнинг айтишича, ароқ одам танасини жуда сувсизлантириб қўяркан. Менинг танамдаги сув миқдори 50 фоиз чиқди. Соғлом одамда бу кўрсатгич 70 фоиз бўлиши керак экан. Демак, мен бу жиҳатдан ҳам соғлом эмас эканман. Танамда қурғоқчилик.

Ер юзасининг 70 фоизидан ортиқ қисми ҳам сувдан иборатлиги инсон танасидаги сув билан уйғун келиши мўъжизадай туюлди менга. Рашид Усмоновнинг хулосалари эса фикримни тасдиқлади: “Албатта, бекорга Ер шарининг 70 фоизидан ортиғи сувдан иборат эмас, бу асосан ҳар доим таҳоратда, тоза-озода ювиниб юришни англатади. Тоза одам ҳар доим инфекциялардан йироқда ва соғлом юради. Яна бир жиҳат шундаки, сув одамнинг ички аъзоларига шифо бўлганидек, терисига ҳам даво”.

Умуртқа поғанаси касалликларини тартибли овқатланиб, кўпроқ сув ичиб, сувда сузиб даволашим мумкин экан. 

Ҳидоят сари

Жамшид қўнғироқ қилади: “Ифторликка борасизми?” “Шуни сўрамоқчи эдим сиздан ўзи. Бораман!”, дейман. Пискентдан келадиган меҳмонлар ҳам борлигини айтади. Кечаги жойда кўришамиз.

Худога шукр! Дўстимга яқин йўлаганимдан сўнг ичкиликдан анча узоқлашдим. Соғлигим кўтармаяптими ё бошқа сабабми, охирги пайтда ўзим ҳам унча ичолмайдиган бўлиб қолибман. Онам ҳам: “Шу ўртоғингга яқин юравер! Кам бўлмайсан!” деб тайинлаган. Кеча таробеҳдан чиқиб уй-уйимизга тарқаётсак: “Майли, “родной!” деб хайрлашгани эсимга тушади.

Бугун фейсбукдаги бир дўстимнинг профилидан ўқиб қолдим! Оллоҳ бир ой рўза тутиб, бир ой таробеҳ намозини адо этган одамнинг барча гуноҳларидан кечаркан. Пост тагига аёллардан бири: “Эҳ, аёллар эркаклардай таробеҳ намозига бора олмайди-да! Аттанг!”га ўхшаш коммент қолдирибди. Ўша аёлга, умуман аёлларга айтгим келди: “Шундай қилиш керак бўлмагани учун ҳам буни сизларга Худо буюрмаган!”

Таробеҳга борган одамнинг гуноҳлари тўкилиши яхши. Аммо мен Худонинг уйига аввало яхши ўйлар орасида, яхши ниятлар оғушида, яхши одамлар ичида бўлиш, яхшиликка яқинлашиш, яхшиликлар қилиш; ёмон ўйларга бормаслик, ёмон одамларга қўшилмаслик, ёмонликдан қочиш, ёмон ишлар қилмаслик учун бордим. Битикларимга шу ерда нуқта қўяман. Бўлмаса ифторликка, сўнг таробеҳга кеч қоламан.

4.00 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.00 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.27 / 19
  • Муштарийлар баҳоси
    4.52 / 10

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Абдумалик Носиров 23/05, 13:35

Нафақат умуртқамиз балки бутун танамиз хам фалаж. Автор ўқувчининг хукмига бугунги кундаги ижтимоий муаммоларимизни аниқ равшан кўрсатиб берган. Услуб бўйича бир неча муаммоларга алохидадан тўхталган. Бу мақтовга лойиқ. Блогпостдаги ечим масаласини оддий ўқувчи фахмлай олмасада зиёли ўқувчи буни пайқай олади. Аммо лекин биздаги мавжуд жамиятчилик хар хилликга асосланган. Ким қандай яшашини эса ўзи хал қилади. У хатто илмсиз бўлса хам.

3 Қаҳрамон Асланов 23/05, 17:58

Жуда узун ёзилибди. Мақола вертикал чўзилса, яъни бир мавзу чуқур таҳлил қилингани учун узун бўлса, тушунса бўлади. Аммо бу ерда "горизонтал кетилган", кенг майдонда, жуда кўп мавзуларнинг устида юрилаверилган. Натижада мақоланинг узунлиги дарров, дастлабки таассурот сифатида билинади.

4 Нодир Закиров 23/05, 18:59

Мавзу сал ёйилиб кетган. Бир мақолада жуда кўп масалани ёритмоқчи бўлгансиз. Худди жўшқин оқаётган дарё саёз ерга бориб ирмоқларга бўлиниб кетгандек, ўқувчи эътибори чалғиб кетади. Яна бир тавсия: имкон қадар узун гаплар ёзманг. Энг узун гапингиз узоғи билан 20та сўздан иборат бўлсин. Бўлмаса ўқувчи гап охиригача етгунча, боши эсидан чиқиб қолади. Мақолангизни очиб берадиган гап жудаям узун.

2 Бахтиёр Шералиев 23/05, 21:20

Blogpostning birinchi gapida muallif nima demoqchi bo'lganini tushunishim uchun 10 marta qayta o'qidim. Baribir tushunmadim, qaysidir so'zlar yo qolib ketgan yoki men o'zbek tilini uncha yaxshi bilmayman. Yana shuni ham aytishim kerakki yarim final uchun umuman "yemagan" blogpost bo'libdi. Bitta blogpostda 14 ta mavzu, biroz ko'p emasmi? Blogpost haddan ortiq cho'zilib ketgan, qolaversa, blogpost tili bir xil tempda, xuddi bir narsani bayon qilib bergandek, avj ko'zga tashlanmaydi. Men muallifning saralashdagi ishidan keyin ulardan yaxshiroq material kutgan edim. Biroq ... P.S. odam organizmiga, salomatlikka oid ma'lumotlarni professional mutaxassisdan olishingizni maslahat beraman.

4 Расул Кушербаев 23/05, 22:47
3 Уйғун Ғафуров 24/05, 14:15
4 Мансур Тангишов 25/05, 11:27

Лонгрид учун имкон қадар ўқимишли қилишга ҳаракат қилинган. Лекин, бирёқлама ёндашув жуда сезилган, тўғри блоггер ўзининг мустақил ёндашувини исталганча билдириши мумкин, лекин имкон қадар ушбу ёндашувни бошқа мустаҳкамловчи аргументлар, фактлар билан бойитса, шунда унинг пости нисбатан ишонарли бўлади. Блогпостни мазмунини мана шу сўзлар билан ифодаланган мазмун атрофида ёзилган: Жамиятимизни фалажланган умуртқамга ўхшатгим кеп кетди. “Темир хотин” филмидаги Аломат айтганидай, система бузилган! Шу сўзлар учун қўйдим баҳони.

4 Музаффар Назаров 25/05, 20:29
4.5 Беҳзод Қобулов 25/05, 21:15
3.5 Олимжон Солижон ўғли 28/05, 16:06
3.5 Мақсуд Саломов 29/05, 09:57
5 Мубашшир Аҳмад 29/05, 13:39
3.5 Давронбек Тожиалиев 31/05, 11:37

Кўпроқ кундаликка ўхшаб қолибди.

3.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 31/05, 16:31
3 Нигора Умарова 31/05, 19:58

"Умуртқани тузатиш" муаммолари кўтарилган-у, бироқ матн жуда узун. Матндаги ғоя нуқтасини бир ерга жамлашда чалғитувчи ўринлари кўп.

5 Маҳсуджон Асқаров 31/05, 21:17
3 Иноят Садикова 01/06, 01:27

Fikrlar tarqoq

5 Шерзод Шерматов 01/06, 18:13
5 Адҳам Отажонов 01/06, 19:14

Ҳақиқий блогерга хос блогпост )

4 Умид Гафуров 01/06, 20:10
4 Тўлқин Юсупов 01/06, 23:32
4 Шунқор Чориев 02/06, 20:23
4 Ботиржон Шерматов 02/06, 21:28
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
13 та фикр