Eтти авлодига eтадиганни “босиб” қўйганлар ёки “музлаган” иқтисодиёт

Биз бозор иқтисодиётидан ҳам илгарилаб кетдик…

Биз бозор иқтисодиётига ўтдик, қоғозда ва ғалаба рапортларида бозор иқтисодиётидан ҳам илгарилаб кетдик (матбуотнинг кучи-да, бу!). Аслини олганда, бозор иқтисодиёти ўз қонунларига кўра мустақиллик йилларида юртимизда миллионлаб тадбиркорларни етиштириши керак эди, лекин, биз кўплаб гастарбайтерларни, “ноилож” давлат хизматчиларини ва ишсизлик важиданми ёки бошқа сабабдан ҳаракатдан тақа-тақ тўхтаб қолган, мияси музлаб қолган, ҳатто ўз томорқасидан ҳам фойдалана олмайдиган боқимандаларни, “пастдан олиб, тепага узата олмагани” ва қадр топмагани учун бахтини чет элдан излаганларни ва нозик қатлам ҳисобланган “йиға-йиғ-боса-бос” форматидаги амалдорларни етиштирдик.

Набирамга уй солдим…

Фалончиев Тошкентнинг бир тарафида бир набирасига, иккинчи томонида иккинчи набирасига уй кўтарди. Омадини берсин!

Баъзида Тошкентнинг айрим ҳудудларига адашиб кириб қоламиз. Айримлар бу уйларга қараб, “булар бева-бечораларнинг уйи” деб ҳазиллашиб қўйишади. Афсуски, бу уйларнинг аксариятида ҳеч ким яшамайди. Набиралар катта бўлиб, уй-жой қилишига ҳали 10-15 йил бор. Ҳарқалай, фойдаланилмай ётган бу ҳайҳот уйлар тадбиркорга тегишли эмас, деган таҳмин тўғрироқ.

Негаки, тадбиркор ҳеч қачон маблағларнинг “музлаб” қолишини ўзига эп кўрмайди. Ё ўзи яшайди, ё сотиб пулини “айлантиради”, масалан, ўша ерда меҳмонхона ёки битта цех очади. Фалончиев бу биноларни ижарага берадими? Иси чиқишидан қўрқар ёки эҳтиёж сезмас...

Фалончиевлардан ҳам тадбиркорлар бор, ахир…

Аслида ўша фалончиевларнинг баъзилари ҳам қайсидир маънода тадбиркор. Яъни, битта ҳаракат билан ҳамма ҳайдовчиларни “аптечка” сотиб олишга “руҳлантириб” юборишади, яна битта ҳаракат билан шунга ўхшаш, охир-оқибат нафлилиги жуда паст яна алламбало матоҳларни сотиб олишга мажбур қилиб юборадиган ажойиб “маркетинг ўйинлари” ўйлаб топишади (“ўзингникини тунайсанми, номард, бўқоқ, сол уни!” (“Шум бола” филмидан)).

“Катта” тадбиркорлик

Куни кеча бир даврада қизғин суҳбат бўлиб ўтди. Бир ҳикоя айтишди. Анча йил нефт-газ компаниясининг молиявий бўлимида ишлаган бир инсон даб-дурустдан ички ишлар органига ўтиб кетибди. Нега бундай қилганини сўрашганда, “у ердаги бўлаётган ишларни кўрсанг” қўрқасан, “миллион туда, миллион сюда – катта ишлар”, дебди.

Баъзи “катта иш”лар…

Конденсант ўтувчи қувурлар таъмирлаш дастурига тушар экан. Нечадир километр қисми икки тарафдан тўсилиб, алмаштирилар экан. Бу «қувур ўғирлаш операцияси» эмас. Йўқ! Қувур ҳеч кимга керак эмас, ичидаги қолган-қутган конденсант турган битгани пул экан.

Оббо шоввоз “тадбиркорлар”-ей!

Бошлиқ комиссия келаяпти, уларни қандай қилиб кузатамиз деб ўйлай-ўйлай, завод ичидаги кўчувчи краннинг поезд изи йўли “яроқсиз” эканини ва таъмирланиши кераклигини аниқлабди. Ҳамма иш қоғозда ҳал қилинибди. Бир неча миллионлик “таъмир”дан сўнг поезд ҳали-ҳамон эски йўлакчасида тиқ этмай ишлаётган эмиш.

Оббо шоввоз “тадбиркорлар”-ей!

Хитойликларни нима бой қилди?

Камина ХХРда таълим олганман, кўп марта бизнес сафарлари билан у ерда бўлганман. Мендан Хитой иқтисодиётининг бугунги кундаги муваффақияти калити нима, деб сўранг! Арзон иш кучи дейсизми – йўқ, бу бирламчи эмас! Мўл табиий заҳиралар, дейсизми, бу ҳам эмас! Арзон денгиз йўли, дейсизми – бу ҳам асосий омил эмас! Киритилган миллион-миллион доллар чет эл сармояси, дейсизми – бу ҳам бирламчи эмас.

Хитой иқтисодиёти ривожидаги омилларнинг энг каттаси – одамларнинг тадбиркорлик салоҳияти! Хитойнинг “очиқ иқтисодиёт” сиёсати Тайван, Макао, Гонг-Конгдан миллион-миллион тадбиркорларни ХХР иқтисодиётига жалб қилди.

Арзон денгиз йўли ва арзон иш кучи важидан Шотландия ўз соҳиллари атрофида тутилган балиқни Хитойга юбориб, консерва қилдириб, қайта олиб келиши мамлакатнинг ўзида қайта ишлашдан арзонроқ тушар экан. Ўша балиқни маромига келтириб, “шотландча” стандартда пишириб бериш Тайван, Макао, Гонг-Конг тадбиркорлари тажрибаси негизида ўзлаштирилган.

Ватаним ҳақида ўйлар… бизда нима бор?

Энди ўйлайлик, Ўзбекистонда нима бор? Денгиз йўли борми? Чет эл сармояси-чи? Асосийси, Ўзбекистонимизда тадбиркорлик салоҳияти борми?

Бозордаги чайқовчини олибсотарни тадбиркор деб бўлмайди. Тадбиркор деб Phatek Philip бренди остида энг арзони 20 минг долларда қўл соатини сота олган одамга, тадбиркор деб таннархи 200 долларлик iPhoneни 1200 долларга сота олган одамга айтилади. Буларнинг барчаси билимлардан ҳосил қилинган қўшимча қийматдан келиб чиқади.

Хитойдан мол олиб келиб, тўрт-беш сўм устамасига сотган одам тадбиркор эмас. Ўзбекистоннинг “очиқ иқтисодиёт” сиёсати даврида рақобатда тезгина жон таслим қиладиган ишлаб чиқарувчи ҳам ҳақиқий тадбиркор эмас! Энди бу соҳада “нон” қолмади деб, барча сармоясини ўзи учун мутлақо янги бўлган соҳага бурадиган одам тадбиркор эмас! Юртимизда бирни минг қила оладиган тадбиркорлар неча донани ташкил этади?

Хитойдан Ўзбекистонга қайтиб…

Бир йил олдинги аэропорт. У пайтлар аэропорт ходимлари ичида “тадбир”корлар анчагина эди. 100 килолик стюардессалар, инглиз тилини умуман билмайдиган божхона ходимлари (дипломинг борми, фалончиевларданмисан, ҳеч бўлмаса қўшнисининг жиянимисан, имтихондан ўтдинг!) ва шу ходимларни қабул қилган аэропортнинг кўплаб содиқ “тадбир”корлари… Хуллас, вазиятнинг илдизини англаган сари Ватан тақдиридан ҳавотирда қалб қулайди.

Тадбиркор бўлиш қийинми?

ЖУДА ОСОН! Банкдан “имтиёзли” кредит олинади, сўнг ушбу маблағ ҳамма ўзини ураётган бирор турдаги бизнесга тикилади. Мисол учун, товуқ боқиш ёки жўжа очириш бизнеси. Бозорда таклиф ортиб кетиб, тухум ёки жўжа нархи тушиб кетгани ва дон-дун баҳоси кескин ошиб кетгани учун бизнес банкрот, деб эълон қилиниб, банк қарзини узиш учун Россияга кетилади. Бир таваккал қилиб кўрдик-да, ўхшамади, шунга…. Тадбиркорлик деганда “sustainability” – яъни узоқ вақт ва давр ўзгаришларига туриб бера олиш тушунилади! Тадбиркор бу ҳамма ухлаганда фикрлайдиган, фикрлари уйқусини бузадиган одам.

АЛБАТТА, ҚИЙИН! Бунинг учун зарур ингредиентлар - иш кучи, маблағ, зарур хомашё ва албатта, замонавий маркетинг ва менежмент кўникмалари даркор.

Гапнинг пўсткалласи…

Мамлакатимизда арзон иш кучи жуда ҳам кўп! Ҳудудларда хусусий секторда 150-200 минг сўмга (фақат тушлик текин) ишлаётганлар талайгина.

Мамлакатимизда хомашё ресурслари етарли! Пахта уюм-уюм, тоғ-кон ресурслари беҳисоб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари “сув-текин”.

Нима йўқ унда?

Йўқ деган сўз анча ёқимсиз. Ўзбекнинг мақоли бор; “йўқ-йўқ деяверма, бутунлай йўқолиб кетмасин!” Йўқ демаймиз.

Мамлакатимизда данғиллама дала-ҳовли, чет элда қад кўтарган вилла, сейфда тоза ҳавони кутиб димиқиб ётган пул ва қанча-қанча “музлаб қолган” капиталлар бор.

Яна нима етишмаяпти?

Ягона етишмаётган ингредиент бу – тадбиркорлик билимлари (салоҳиятли кадрлар)! Ўз бизнесини ҳақиқий замонавий тадбиркорлик билимлари асосида ташкил этган уч-тўрт “Кorzinka”, “Аrtel”, “Аkfa”, “Мurad Buildings” каби номдор брендларни айтмаганда, бошқа пичоққа илинадигани йўқ.

“Ғалаба рапортлари» бўйича унча-мунча экспортимиз бор-ку?

Бир бор экан, бир йўқ экан… GM машиналари экспорт деб расмийлаштирилиб, сўнг “бағрикенг” ўзбекка қайта сотилган экан…

Экспорт бор, лекин унда қўшимча қийматнинг салмоғи, афсуски, кам. Аксарият маҳсулотларимиз россиялик тадбиркорлар қўлига шундоқ топшириб келинади.

Қўрқитиб юбордингку, алвастижон… Гапир тез-тез, муддаоинг не?

“Қашқирлар макони” филмида “рўпарангдан икки нарса чиқса, албатта, ўлдир - бири илон, иккинчиси ҳақиқатгўй” бўлади, дейилади.

Камина инновацион менежмент фанлари билимларига эгаман. Иқтисодиётда барча ресурслар чекланган, асосий масала улардан оқилона фойдаланишнинг самарали йўлларини қидириш деган эски назарияга қўшилмайман. Иқтисодиётда чекланмаган ресурс бор – бу ҳам бўлса инсоннинг интеллектуал салоҳияти шаклидаги ресурс!

Ватанимиз жуда ҳам ноёб ва “бахтли”. “Бахтли”лиги шундаки, у “double land-locked” мақоми эга бўлган дунёдаги икки мамлакатнинг бири (иккинчиси Лихтенштейн). Дунё бозорига биз исталган тарафдан икки давлатнинг чегараларини босмай чиқа олмаймиз.

Рекламная пауза!

“Бунда сизга Ўзбекистонда ЯГОНА “АБУ-САҲИЙ” карго ёрдам бера олади”!

Ҳа айтганча, реклама ҳақида бир гап: “Ўзбекистон касаллар (руҳий зўриқиш, ким очликдан, ким тўқликдан) мамлакати, шунинг учун биз эртадан кечгача ҳамма жойда дори воситаларини тарғиб қилмоқдамиз”!

Сериалинг чўзилиб кетди, охири борми, таклифларга ўт…

Тадбиркорлик салоҳиятини қаердан оламиз?

- Бир вақтлар Хитой чет элдаги кадрларини қайтариш учун Жонггуанcун билим ва технологиялар зонасини (“Силикон водийси”) очган эди. Ўзбекистонда ҳам хориждаги ватандошлар учун эркин-иқтисодий технологик зона ташкил этиш лозим;

- Олий таълим қамровини кенгайтириш, албатта, шарт. Лицей ва коллеж битирувчиларининг 10 фоизинигина олий маълумотли қилишга чекловни бартараф этиш зарур. Давлат маблағлари етмас экан, бу вазифани хусусий секторга топшириб, кўплаб бизнес ва аниқ фанлар соҳаларига йўналтирилган олий таълим муассасалари очилишига шароит яратиш орқали 100 фоизлик қамровга эришиш керак. Олий таълимни хусусий секторга берсак, террористлар кўпайиб кетади деган фобиядан воз кечиш вақти келди;

- “Тадбиркорлик асослари” деб номланган ўта зерикарли мактаб программасини тубдан қайта ишлаб чиқиш зарур. Голливуд фильмларида муваффақиятга ўз кучи, билими ва меҳнатсеварлиги билан эришган америкаликлар тақдири маҳорат билан тасвир этилади (“Муз қироличаси” – “Ice Princess”, “Бахт ортидан” – “Pursuit of Happyness” ваҳаказо). Албатта, бундай фильмларни кўрган ёшлар муваффақиятга осон етиб бўлмаслигини ўрганади, ҳаётда муваффақиятга эришишга анча рағбатланади.

Бизнинг кинолар ўзгача. Бойиш учун бойнинг қизини севиб қолиш керак (асосий воқеалар данғиллама уй, касалхона, қабристон ва “спецназ” билан рўй беради; фарзандларимизни харбий бўлиш ва севги муносабатларига иштиёқи шундан бўлаётган бўлса, ажабмас). Ҳаёт машаққатлари акс этган бирорта фильм йўқ. Олди—қочди маиший мавзулар, енгил ҳаёт тарғиб қилинади. Қисқаси, мактабларда ўтиладиган “Тадбиркорлик асослари” фанини қизиқарли ва мазмунга бой шаклини шакллантириш ва ушбу машғулотлар соатини кўпайтириш лозим;

- “Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида амалга оширилаётган ишлар таркибига маблағ бериш билан бирга, оддий халқни босланғич бизнес билимларига ўқитишни ташкил этиш ва айни важдан бизнес-тренинглар соҳасига алоҳида рағбатлантириш усулларини ишлаб чиқиш лозим. Ушбу хайрли ишлар ҳар бир ҳудудларда “бизнес инкубаторлар” ташкил этиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Маблағни қаердан оламиз?

- Набирасига уй солаётганлар қандини урсин, эплабди. Лекин энди уларни ҳам Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга чақириш керак! “Ўтган ишга саловат”, “қайси бармоғингни тишласанг оғрийди”, “ўзбекнинг боласини ёмони йўқ” (фақат вазият уни айнитган, холос). Музлаган капиталларни фаоллаштириш учун Қозоғистон каби бундай мулк эгаларига молиявий амнистия эълон қилиш керак, токи улар ўз капиталини сармояга айлантирсин. Ёки маълум механизмлар орқали улардан “ангел инвесторлар”ни шакллантириш лозим.

- Айни даврда пенсия ёшини қисқартириш масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш лозим. Ҳарқалай, 55 ёшдаги одам (кўпроқ давлат ташкилотлари ходимлари назарда тутилади) анча-мунча сармоя, унча-мунча билим ва ҳаёт тажрибасига эга, бир мотивация бўлса, туппа-тузик тадбиркорга айланадиган шахс ва кадр. Қўполроқ айтганда, давлатнинг фаол инновацион ривожланишини таъминлаш учун “уч конверт” усулида ишловчи давлат раҳбарларини билимли, ёш ва ватанпарвар кадрларга алмаштириб, собиқ раҳбарларнинг фаол тадбиркорликка ўтишига замин яратиб бериш лозим. Қўйиб берайлик, боғ яратсин, китоб ёзсин, тренинглар ташкил қилсин, оилавий тадбиркорликка бош-қош бўлсин. Ёшликда ғайрат бор, вақт бор, маблағ етишмайди, ўрта ёшда ғайрат бор, маблағ бор, вақт етишмайди, пенсиядан кейин маблағ бор, вақт бор, ғайрат етишмайди, дейишадику. Хуллас, шу пенсия ёши чегараси чапга қараб тортилса, ана шу етишмаган ғайрат ишга тушармиди?

Яна бир қанча таклифлар

- Давлат корхоналари ишчи-ходимлари вақтини оптималлаштириш эвазига уларни ҳам фаол тадбиркорликка жалб этиш мумкин (мисол учун, университет муаллими, агар у қоғозга кўмиб ташланмаса, бўш вақтида оилавий бизнес сифатида репетиторлик қилишга имкони бор, ҳарқалай, узоқ муддатли даврда кўчадаги олибсотардан кўра, олий маълумотли тадбиркор афзалроқ);

- Технологиялар жуда ҳам тез эскираётган бир даврда бор пулимизни технологияларга қайта-қайта тиккандан кўра, айни технологияларни ўз кадрларимиз орқали яратишнинг пишиқ узоқ йиллик режасини тузиб чиқмоғимиз лозим.

- …хуллас, мен ҳам 15 кунни кутаяпман…

Хулоса чизгилари…

Бир пайтда АҚШ президенти Б.Обама “Wе need more Jobs” деб бонг урган эди. Бунинг маъноси (job – ишчи ўринлари) фақатгина оддий иш ўринлари мазмунида бўлмаган, балки президент бу ерда Стив Жобс (Steve Jobs) каби креатив инсонларни назарда тутган эди.

“Double land-locked” мақомидаги Ватанимизнинг порлоқ келажаги учун билимлар иқтисодиётини яратишдан бошқа ечим йўқ. Шу билан бирга, Ўзбекистонни бир пайтларда Мовароуннаҳрнинг билимлар маркази бўлгани каби бугун ҳеч бўлмаганда, Ўрта Осиёнинг билимлар марказига айлантирмас эканмиз, менимча, бошқа узоқ даврга мўлжалланган ҳаракатларимиз охир-оқибат самара бермайди.

Тўғриси, мен бу босқичда ғолиб бўлиш учун ёзмадим, шунчаки, кимдир шу фикрларимни ўқиб хулосалар чиқарса, кенгроқ стратегик фикрласа, деган мақсадда қалам тебратдим. Алалхусус, мақсадим чемпион бўлишдан кўра буюкроқ.

Келинг, ўзимиздан чиройли тарих қолдирайлик, ҳали биз қураётган уйларда невараларимиз яшайдими, йўқми?

Кайфиятингизни тушириб юбордим, узр…

- Эшмат, нега вазифани бажармадинг?

- Ёшлар Иттифоқи билан тадбир қиляпмиз. Тайёргарликда эдим. Тавсия қилишса, Худо хоҳласа, талаба бўламан.

- Тушунарли, ўтир. Тошматова, вазифани бажардингизми?

- Нашриётга боргандим. Шеърий китобим чиқяпти. Зулфиячиларга имтиёз бор экан. Худо хоҳласа, талаба бўламан.

- Яхши, ўтир. Ҳа, Абдурайим, кеч қолибсан? Вазифаниям бажармагандирсан?

- Энди тергашингиз керакмас. Дадам ҳарбий. Биз талабамиз.

- Кир, жойинга ўтир. Солиев?

- Устоз, бошида айтганман. Битириб олсам, дадам билан Россияга бораман.

- Сен-чи?

- Домла мен IELTS ўқияпман. Чет элга кетаман.

- Ҳеч ким вазифани бажармадими?

- Домла, талаба бўлишга жой қолмади. Ўқисанг одам бўласан, дейсиз. Ишониш қийин-да. Биз сиздан ўрнак оламиз. Сизнинг аҳволингиз эса маълум. Ойлигингиз, 100-200 доллардир? Бола-чақадан орттириб янги кийим ололасизми, йўқми? Бизга шуни раво кўряпсизми?! Қўлимдаги телефонни олиш учун 1 йил ишласангиз керак?! Бизга шундай келажакни раво кўряпсизми? Сиз яхшиси журналингизни тўлдиринг. Аслида дарсга келмасак ҳам бўлаверадию, йўқлама деб ойлигизни қирқишмасин деймиз-да.

- Келишдик, шовқин қилмай ўтиринглар. Комиссия келаркан. Мана бу ҳужжатларни тўлдириб қўяй... (анекдотга муаллифлик ҳуқуқи даъво қилмайман).

Муҳими, мана шу кайфият, шу ёндашувни ўзгартириш керак. “Ўқиб нима бўлардим” деган ёшларни тўғри йўлга сола олсаккина, интеллектуал давлатга айланамиз. Мамлакат ривожи эса бевосита ёшларнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ.

3.54 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.54 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.31 / 5
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 7

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

1 Уйғун Ғафуров 31/05, 18:44
5 Бахтиёр Шералиев 31/05, 19:38

Sizniki amerikaliklar aytgandek "short and sweet" emas, "long and sweet" bo'libdi)))

2 Нигора Умарова 31/05, 19:49
5 Абдумалик Носиров 31/05, 21:48
0.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 31/05, 21:56

Бу блогпостни исм-шарифи кўрсатилган инсон эмас, бошқа шахс томонидан ёзилгани ҳақида далилни етказишди. Муаллиф ташкилотчилар шу саволга ойдинлик кирита олса, баҳо ўзгартирилади. Акс ҳолда йўқ.

3.5 Расул Кушербаев 31/05, 23:11
3.5 Давронбек Тожиалиев 01/06, 03:05
2 Беҳзод Қобулов 01/06, 09:52
4.5 Мақсуд Саломов 01/06, 11:00
4 Қаҳрамон Асланов 01/06, 14:14
4 Олимжон Солижон ўғли 01/06, 15:05
2 Мубашшир Аҳмад 01/06, 16:57
3 Адҳам Отажонов 01/06, 19:17
3 Музаффар Назаров 01/06, 21:19
2 Умид Гафуров 01/06, 21:34
2 Тўлқин Юсупов 01/06, 21:48
3 Маҳсуджон Асқаров 01/06, 22:51
3 Шерзод Шерматов 02/06, 00:53
0.5 Иноят Садикова 02/06, 01:04

Plagiat ekan, afsus.

4 Нодир Закиров 02/06, 08:00
4 Шунқор Чориев 02/06, 20:25
3 Мансур Тангишов 02/06, 20:46
4 Ботиржон Шерматов 02/06, 21:19
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
11 та фикр