ЭКСПОРТНИНГ ТУШОВИГА АЙЛАНГАН "ЎЗАГРОЭКСПОРТ"

Ҳар қандай жамиятда қонун-қоидалар, ташкилотлар унинг ривожи учун ташкил қилинади. Агар тузилган ташкилот керакли натижани берса яхши, бермаса-чи?

Бизда ҳам яхши ниятлар билан, халққа фойдаси тегади, оғирини енгил қилади, деган мақсадда 2016 йилнинг 7 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2515-сонли қарорига асосан “Ўзагроэкспорт” АЖ ташкил этилди.

Ўтган икки йил давомида бу ташкилот халқимизга қай даражада ёрдам берди, деҳқон, фермерларга экспорт учун қандай қулайликлар яратди? Бунга жавоб топиш мушкул. Менимча, ёрдамидан кўра зарари кўп бўлди. Айни шу масалада республикамизнинг турли ҳудудларидан ингроқ овозлар келиши бу йил кўпайиб кетди.

Айниқса, фаоллашаётган интернет ОАВ хизмати билан “Ўзагроэкспорт”нинг куракда турмайдиган “ҳангома” қарорлари кўпчиликда норозилик уйғотди. Бу хабарлардан кўриниб турибдики, “Ўзагроэкспорт” мамлакат иқтисодиёти учун фойда келтириш ўрнига, бир сўз билан айтганда тушовга айланди. (Тушов – бирон бир жонзотнинг ҳаракат ва эркинлигини чеклайдиган ускуна ).

Компания ҳақида қуйида қисқача маълумот:

“Ўзагроэкспорт” акционерлик жамияти янги ва қайта ишланган мева-сабзавот  экспорт қилувчи ташқи савдо компаниясидир. Компания “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига киради. “Ўзагроэкспорт” АЖ хорижий ҳамкорлар билан тузилган тўғридан-тўғри экспорт контрактлари, шунингдек фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ташкилотлари билан тузилган воситачилик шартномалари асосида янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширади.

“Ўзагроэкспорт” АЖ фаолияти асосан ташқи бозорларда харидоргир бўлган рақобатбардош янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга йўналтирилган.

“Ўзагроэкспорт” АЖ таркибига қуйидаги ташкилотлар киради: савдо-логистика марказлари, савдо-харид базалари, тайёрлаш, сақлаш, калибрлаш ва саралаш бўйича совутиш омборлари, хориждаги савдо уйлари ва ваколатхоналар, озиқ-овқат маҳсулотлари учун тарақадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, ихтисослашган транспорт-логистика корхоналари, “Халқ озуқа моллари кўргазма ярмарка савдоси республика маркази” ҳамда “Озиқ-овқат лабораторияси ” сифат ва стандартлаштириш бошқаруви тизими маркази”.

Бир қарашда катта ташкилот, ваколати кенг доирада. Шунга кўра, бу ташкилот соҳада катта фойда келтириши керак эди. Лекин бу йилги деҳқончилик билан боғлиқ кўнгилсизликлар кўрсатиб турибдики, ишлар ҳафсала билан қилинмаган. Реал мониторинг йўқ, кабинетда ўтириб олиб қарорлар чиқарилаверган. Бу ёқда, маҳаллий бозорда маҳсулот ҳажми, нархи қандай, ташқи бозорда нима гаплар? Нега булар суриштирилмади? Балки қизиққандир, қандайдир чоралар кўришга ҳаракат қилгандир. Воқелик эса нега мутлоқо бунинг аксини кўрсатяпти? Бозор ишларини иш билмайдиган мансабдорларга эмас, бозорнинг ўзига қўйиб бериш керакдир?! 

АЙРИМ НАРХЛАРГА НАЗАР. 

(Афсуски, тўлиқ маълумотни тополмадим.)

Гилосдан бошласак, белгиланган нархлар бир қарашда кўзни қувонтиради. Бироқ улар белгилаган нархда ким уни сотиб олади?

(http://sof.uz/news/show/15593-uzbekistonda-gilos-uchun-eng-past-ekspor)

Белгиланган 4 доллар (≈32 000 сўм) гилосни сотиб олаётган давлатга етгунча нархи божхона ва транспорт харажатлари билан анча юқорилаб кетади.

Масалан, Хитойни олайлик. Гилос импорти бўйича етакчи давлат ҳисобланади. У ёққа сотиш учун транспорт (1 кг учун 2$) ва божхона тўлови (ЖСТга аъзо бўлмаганимиз учун 70% тўлов) натижасида бизнинг гилос бозорга киргунча 13 доллардан ошиб кетаркан. Асосий рақобатчиларимиз Чили ва Австралиядан уч баробар қиммат. Энди шунча нархда хитойликнинг гилос сотиб олишини тасаввур қилиб кўринг.

Маҳаллий бозорларимизда гилоснинг ўртача нархи 7 000 - 9 000 минг сўм (≈1$) атрофида бўлди. 32 000 сўмдан (!) олинган гилосни қайси бозорда сотиш мумкин? Тўғри, мавсум тугагач, нархлар кўтарилади. Лекин, бунча махсулотни сақлаш учун етарлича  шароит йўқ-да.

Музлатгичларда сақланган махсулотларнинг аҳволи билан қисман мана бу ерда танишамиз:

(https://kun.uz/news/2018/05/15/ana-uzagroeksport-akida-beli-ogrimaganning-narh-belgilasini-kur) (https://kun.uz/news/2018/05/03/ahlatga-taslangan-uzlab-tonna-sabzavotlar-ehud-eksportga-tuganok-uzagroeksport-narhlari)

Ушбу ҳаволаларда водийлик деҳқон ва тадбиркорларнинг аянчли аҳволи билан танишиш мумкин. Ҳар бир тадбиркор ўртача 35-40 миллион сўмдан зарар кўрган.

Яна ўша бюрократик қарорлар ва осмондан олинган нархлар натижасида.

Битта мисол, турпнинг тоннасига 175 доллар (≈1 400 000 сўм) қатъий нарх белгилаб қўйилган. Истасангиз ҳам бундан камига четга сотолмайсиз. Тан нархи сақлаш харажати билан  бир кг учун 700 сўм бўлган махсулотни 1 400 сўмдан камига четга сотиш мумкинмас. Бодрингга эса тоннаси учун 1450 доллар нарх белгиланган. Бу нархда оладиган одам йўқ. Камига тўловни олдиндан юз фоиз қилиш керак.

Маҳсулот қайси аҳволда етиб келади, унинг сифати қандай? Бу саволларга жавоб топмаган мижоз қандай қилиб баланд нархда пулини олдиндан тўлиқ тўлаши мумкин?

Сурхондарёлик деҳқонлар ҳақидаги хабарлар ҳам кўпчиликнинг диққатини оширди. (https://www.xabar.uz/iqtisodiyot/surxondaryoda-piyoz-etishtirganlarning-uyi-kuymoqda-video)

Пиёзнинг нархи далада 200-300 сўм бўлиб қолганини кимдир аския қилди, кимдир шеър тўқиди. “Ҳадеб фойда қилаверадими, аччиқ арзон бўлгани яхши”, деб ўзича мақоллар тўқиб ташлаганлар ҳам топилди.

Бунга кетган маблағ-чи, вақт-чи, меҳнат-чи?

Бир гектар пиёз етиштириш учун 20 000 000 сўм атрофида, карам учун эса 30-35 миллион сўм харажат қилинади. Яна сарфланган машаққатли меҳнат ва бебаҳо вақт ҳам бор.

Буёғи билан ҳамма ҳам унча қизиқиб кўрмади. Ҳатто “халоскор” “Ўзагроэкспорт” ҳам мум тишлаб қолди. Деҳқонлар эса дардини ичига ютиб, куйиб қолаверди. Ички бозорда таклиф қилинаётган нархлар ҳатто ҳосилни йиғиш харажатини қопламагани учун катта миқдордаги тайёр маҳсулотни далада қолдиришга мажбур бўлишди.

Агар, “Ўзагроэкспорт” ўз вақтида экин майдонларининг ҳисобини олиб, ташқи бозор учун керакли шароитни яратганда бу аҳвол бўлмасди. Ваҳоланки, пиёз экилган вақтдан пишгунча бўлган муддат 8-9 ойни ташкил қилади. Шу орада қўшни Қозоғистон, йирик импортёр Россия ва бошқа давлатлар билан катта шартномалар тузиш мумкин эдими? Ҳа, албатта! Бироқ, керакли ҳажмда тузилгани йўқ!

Бу ташкилот хориждаги импортчилар билан шартнома тузиш ва унинг ўзига юклатилган қисмини бажаришнинг ҳам уддасидан чиқмаган кўринади. Акс ҳолда, Россияда 120 вагон гилосимиз саргардон бўлмасди. (https://daryo.uz/2018/06/01/rossiyada-120-vagon-ozbekiston-gilosi-yigilib-qoldi/)

Ички қоғозбозликни ҳам тугатиш керак. Мисол учун, Самарқандлик Хоразмда рўйхатдан ўтган фирмаси орқалигина экспорт қила олади. Шунга ўхшаган чеклов (тушов)лар. Суғурта масаласи ҳам 0 даражада. Бунга ҳам ижобий ечим топиш лозим.

Ташклотнинг http://uzagroexport.uz/ cайтига кириб кўрдим. Хўжакўрсин авжида. Лекин инвесторлар учун маълумот деган жойи бўм-бўш. Бизнинг маҳсулотларимизга қизиқиш билдирганлар маълумотни қаердан олади, хайронман? Яна бир ёқимсиз томони – сайт фақат рус тилида экан. Давлат тилига ҳурматсизликнинг яна бир, яққол намунаси.

“Ўзагроэкспорт”нинг иш фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва жон куйдириб ишлайдиган ходимларни топиб, ўрнига қўйиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки бу йилги ярим йиллик натижалар ўта қониқарсиз. Ҳали олдинда ёзги-кузги маҳсулотлар экспорти масаласи турибди. Бундай ишлаш билан иқтисодимизга етказилаётган зарар миқдори кўпайиши, шубҳасиз.

Ўзи ҳаммаси феврал ойида карамдан бошланганди. Карам етиштирувчилар маҳсулотини сотолмай катта зарарлар кўрди. Шуни кўра-била туриб май ойида чиқадиган маҳсулотлар савдоси бўйича амалий ҳаракатлар қилинмади. Натижада, деҳқон-фермерлар ва тадбиркорлар умумий ҳисобда миллиардлаб зарар кўрди.

Кимдир автомобилини  сотиб сармоя  киритганди, бошқаси оғилдаги молларини. Шу мавсум чет элдан меҳнат мухожирларимиз жўнатган пулнинг ҳам кўпи "қулоғини ушлаб" кетди, афсус. Фойданинг ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган ишларни улгурган айтибгина қолди, улгурмаган ёқасини қаттиқ тишлабгина қолди. Биров (бу йилча) хотинсиз қолди, биров уйсиз. Бошқаси автомобилсиз, яна кимлардир ўқишдан, баъзи кексалар эса ҳаж амалидан умид узишди...

ХУЛОСА

Нархлар сониясига ўзгараётган замонда 3-4 ой олдин қатъий нарх ва тутуруқсиз қарорларни чиқариб қўйиш мантиқсизликдир. Тайёр ҳосилнинг тақдирини уни етиштирмаган, бели оғримаган, совуққон мансабдорлардан иборат ташкилот ҳал қилиши қанчалик тўғри? Бели оғримаганнинг ҳосилга қанчалик ғамхўр бўлишини кўрдик. Соҳада соф бозор механизмларига ўтишимиз учун ҳали қанча маҳсулот нобуд бўлиши, қанча деҳқон оилалари хонавайрон бўлиши керак? Мантиқсиз, собиқ иттифоқдан қолиб кетган экспортга қатъий нарх белгилашни ҳеч тушунмайман. Қишлоқ хўжалик маҳсулотилари экспортининг муваффақиятини таъминловчи омиллар аллақачон ихтиро қилинган. Экспортчи субъектлар – деҳқон маҳсулотининг адолатли меъёрда бўлишининг омилидир. Муҳими – монополия бўлмасин. Эркин бозор иқтисодиётининг асосий талабларидан бири шу.

Шунинг учун давлат иқтисодни ривожлантирмоқчи бўлса, бозорга аралашишни, ундаги нархларни мажбурий равишда ушлаб туришни чеклаш керак.

“Ўзагроэкспорт”га келсак, ички ва ташқи бозорни кунлик назорат қилиб, олинаётган маълумотларни тезкорлик билан оммага етказиб туриши ва бозор кўрсаткичларига қараб тезкор  қарор қабул қилиши лозим. Интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш керак. 

Кейин бу қарорларни вилоятлар кесимида қабул қилса, яхши бўларди, деб ўйлайман. Сабаби, ҳар бир вилоят ўзига хос табиат ва иқтисодий салоҳиятга, имкониятга  эга.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА.

Масалан, Сурхондарё вилоятини оламиз. Қўшни Афғонистондаги нотинч вазият, вилоятнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан “узилиб қолган” географик жойлашуви сабабли кўзга кўринадиган завод-фабрикалар қурилмаган. Ишсизлик республикада энг юқори даражада. Ички ва ташқи мигрантларнинг аксариятини сурхондарёликлар ташкил қилади. Уйдан чиқмайдиганларнинг қарийб саксон фоизи деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Мен ҳам Россиядаги ишимдан уйга бироз сармоя билан қайтиб, такрорий экин учун ижарага ер олиб деҳқончилик билан шуғулланмоқчи эдим. Вазиятни кўриб фикримдан қайтдим. Шундай ниятдаги кўплаб меҳнат мухожирлари бор эди. Уларнинг ҳам фикри ўзгарди.

Шунга, Сурхондарё вилояти учун алоҳида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти учун имтиёзларга эга ЭИЗ (эркин иқтисодий зона) тизими бўйича қарор қабул қилинса яхши бўларди. Маҳсулотни пойтахтга, бошқа вилоятларга  сотишдан кўра, қўшни Туркманистон, Афғонистон ва Тожикистонга сотиш жуда қулай. Вақт ҳам, харажат ҳам анча тежалади. Шу орқали аграр соҳага боғланиб қолган вилоят  аҳолисининг турмуш даражаси кескин ошиши мумкин. Экспортдан тушган пулга бирйўла маҳаллий бозор учун керакли нарсаларни харид қилиб қайтса бўлади.

Бунда Афғонистон Республикаси асосий бозор ҳисобланади. 30 000 000 аҳоли, йўлнинг яқин ва қулайлиги ҳисобига экспорт ҳажмини янада ошириш имконияти бор. Тўғри, хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳадик бор. Лекин шартномани чегарадан ўтказиб беришгача қилиб тузиш билан яхши натижага эришса бўлади.

Тожикистонга ҳам қулай. Сабаби, пойтахти жуда яқин. Катта истеъмол бозори бор. Иқлими биздан кечроқлиги сабабли эртаги (полиз ва ҳўл мева) махсулотларни яхшигина нархда пуллаш мумкин. Бунинг жуда ижобийлигини икки давлат ўртасидаги чегаралар қайта очилиб, виза тартиби бекор бўлгач кўрдик.

Хуллас, ҳар биримиз шу юртнинг иқтисодий ривожини, халқимиз тўкин яшашини хоҳлар эканмиз, бунга тўсиқ бўлаётган омилларга ўз муносабатимизни билдиришга мажбурмиз. Зеро, “Ҳақиқат баҳсларда туғилади”, дегандек хилма-хил фикрлардан фойдалилари саралаб олинади. Халққа фойда бермайдиган ташкилот ва қонунлардан воз кечилади. Кераклилари эса мукаммаллаштириб борилади.

Биттагина яхши фикр-таклиф, ғоя ҳам яхши натижаларга тезроқ эришишимизда сабабчи бўлади. 

Шунинг учун таклиф киритишдан асло тортинманг!

Изоҳ: Тажрибасизлигим панд бериб, керакли суратларни бирга жойлай олмадим, афсус!

4.28 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.28 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.61 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 13

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Уйғун Ғафуров 10/06, 22:18

Аста секинлик билан одимлаётган ислоҳотлар самара беришида бу мақоланинг ҳам фойдаси бўлиб қолар.

4 Бахтиёр Шералиев 11/06, 12:13

Muallif fikrini chiroyli ko'rinishda yetkazishga harakat qilgan, lekin lo'nda xulosa yetishmagandek. "O'zagroeksport" ruxsatisiz birorta dehqon o'zicha narx belgilab bir bog' piyozini ham sota olmaydi qabulida keskin, lo'nda gap kerak edi. Qolaversa matnni joylayotgan sayt manzillarini biror so'zga bog'lab gipermatn yaratilsa yaxshi bo'lar edi. axir dasturchimiz bunday imkoniyatni o'ta qulay shaklda taqdim etib qo'ygan bo'lsa. Shunday bo'lsada, maqola zo'r yozilgan. Omad tilayman!

4.5 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:23

Барчанинг асабига тегиб бўлган соҳани танлаб маҳорат билан таҳлил қилибсиз. Россиянинг барча йирик шаҳарларида, Туркия, Қозоғистон, АҚШ давлатларига бориб учрашувлар ташкил этган Ёшлар иттифоқи фаолларини “Узагроэкспорт”га ишга ўтказиш керак деган таклиф етишмабди холос. Омад ёр бўлсин.

4 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:23

Керакли мавзу еритилган. Лекин куйилган заволалар ишламаяпти, суратлар йук, видеолар хам куйса буларди.

3 Давронбек Тожиалиев 11/06, 15:32

Мавзу яхши ўрганилмаган. Интернетдаги тайёр маълумот-хабарлардан фойдаланилган холос. Экспортер-тадбиркор-деҳқонлар билан боғланиб, мавзуни жонли ёритиш мумкин эди. АЖнинг муносабатини билиш ҳам муҳим.

5 Адҳам Отажонов 11/06, 18:57
3.5 Қаҳрамон Асланов 12/06, 01:59

Сайтларда эълон қилинган фактга (муаммо) нисбатан ҳаммада пайдо бўладиган саволлар берилиб ва умумий жавоблар айтилибди холос. Албатта, бундай блогпостлар ҳам фойдали, пайдо бўлган муаммога таҳлилийроқ ёндошиш ва урғуни кучайтириш учун. Лекин қачонки, мана шу фактлар эълон қилиниши билан эртасига шу реакция билдирилса, шундагина «маладес» дейиш мумкин. Блогер бир муаммони кўтарар экан, тезкор реакция бериши ҳам муҳимдир. Зўр мавзу бўлди, чемпионатга ёзаман деб олиб қўйиш ҳам, ўша УзЭкспортнинг мевани чиритиб сақлаб қўйишидек гап. Тўғри, бу мавзу ҳали чиримади, лекин эскирди. Энди бу мавзу янгича қараш ва хос ечимлар бериш керак бўлган паллага келиб бўлган. Масалан, мана, Муҳрим Аъзамхўжаев, чемпионат даврида яна бир нечта блогпост ёзиб, ўз блогига жойлади. Бу ерга қўйганларидан долзарброқдир баъзилари, балки ўша постлар яхшироқ баҳо оларди. Аммо у бу ҳақида ўйламади, табиий равишда, воқеаларга ўз вақтида реакция берди, чемпионат вақтини кутмади. Ва энди чемпионатга мавзу қаердан оламан, деб ўйланиб ўтирди. Блогер шунақа бўлиши керак.

4.5 Мубашшир Аҳмад 12/06, 05:23

Яхши мақола. Муаллиф ўзи кўтарган муаммони яхши тушунади.

4 Нодир Закиров 12/06, 08:30

Ҳавола қилинган мақолалар ва келтирилган рақамлар мақолани ёзишдан аввал изланиш қилганингизни кўрсатади. Лекин айрим шархларингиз тугалланмагандек фикрлардек, қисқалигича қолиб кетган.

4 Абдумалик Носиров 12/06, 11:58

Бу мавзунинг хам ечими классик капитализмда. Эспортдаям импортдаям хусусий секторга йўл тўсиқ экан нотўғри қарорлар қабул қиланаверади. Чунки хусусий сектор ўта эхтиёткорлик билан ишлайди. Бекорда касод бўлишни хохлаймайди. Давлат даражасида экспортни амалга ошириш мушкул. Ундан ташқари махсулот етиштираётган деҳқонларда режа "А", агарда бўлмай қолса режа "Б" деган режалари бўлиши лозим. Стратегик режалар хам мухим. Халқаро миқёсда ишлаш учун халқаро даражада ўйлаш лозим. У хатто деҳқон бўлсин, хох эспортер бўлсин.

5 Расул Кушербаев 12/06, 12:07

Juda dolzarb masala tanlangan. Izohga hojat yo'q

4 Нигора Умарова 12/06, 14:59

Баён этишда иқтисодий жиҳатдан ёндошилган бўлса-да, ифода усули ва тасвирий воситалар етишмайди.

4 Мансур Тангишов 12/06, 15:13

Долзарб муаммолардан бири кўтарилган, бироқ ташкилот фаолиятига фақат ташқаридан бир ёқлама баҳо берилибди. Танганинг бошқа томонини, амалга оширилаётган ижобий ишларни ҳам мисол қилиб келтириш керак эди, зеро улар ҳам талайгина. Нарх белгилаш масаласини битта ташкилот томонидан белгиланиши деган ҳолатни ичига кирилса, бу ерда фақат кабинетдагилар эмас, умумий конъюнктурадаги ҳолат, жаҳон нархлари ва потенциал харидорлар таклиф қилаётган нархлар инобатга олинган ҳолда белгиланиш қоидаларидан фойдаланишини айтиш мумкин. Сурхондарёда ЭИЗ ташкил қилиш ғояси яхши, бироқ буни Узагроэкспортга боғлиқлиги жуда кам. Блогпост мазмуни изчиллиги ва асослантирилган бўлиши учун нисбатан кўпроқ изланиш ва имкон қадар объектив ёритишга ҳаракат қилиш керак эди. Деҳқонлар кўраётган зарари муаммоси кўтарилгани яхши, бу олдин ҳам кўп муҳокама бўлган, лекин барчасига фақат битта ташкилот айбдорлиги масаласи бироз шубҳали.

4.5 Ботиржон Шерматов 12/06, 18:20

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолардан холи, фойдали блогпост. Ечим ва тахлил мавжуд.

4 Беҳзод Қобулов 12/06, 19:55

Қизиқ ва долзарб мавзу. Масалага "Ўзагроэкспорт" нуқтаи назаридан ҳам бир қаралганда, балки вазият янаям аниқроқ аён бўларди. Билишимча, уларга топшириқлар берилган ва улар ижрочи. Сиз санаган хатоларни такрорламаслик бўйича ҳам ишлар кетаяпти. Сиз бу ишларнинг боришини ҳам қаламравингизни олсангиз бўларди-ку!..

3 Музаффар Назаров 12/06, 21:59

тахлил унчалик ишончли эмас фақат кўчадаги гаплар, баён қилиш усули хам ўқувчини зериктириб қўяди

4 Мақсуд Саломов 13/06, 00:38

Fikrlar oqimini tushunishda biroz qiynaldim.Davlatning bozorga arlashishini minimallashtirish fikriga qo'shilaman. Postni rasmiylashtirishda texnik kamchiliklar bor.

4.5 Умид Гафуров 13/06, 01:07

Яши мавзу танланиб, яхши ёзилган. Финал учун янада кучлироқ бўлиши керак эди назаримда.

4 Шерзод Шерматов 13/06, 01:34
4 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:54

Suratlarni tashkilotchiga yuborsangiz, joylab berar edi. Finaldoshlaringizga nisbatan biroz dolzarbligi kamroq mavzu tanlabsiz. Blog, telegram kanal yoki facebook profilingizga chiroyli joylasangiz, zora eksportni nazorat qiluvchilar o‘qib, uqsa.

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06, 02:01
5 Иноят Садикова 13/06, 04:19

Mavzudan behabarlar uchun umumiy ma'lumot beruvchi blogpost bo'libdi. Anchagina qisqartirish mumkin edi lekin. Keyingilarida shunga harakat qiling )

4.5 Шунқор Чориев 13/06, 11:54
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
7 та фикр