Дорихоначилар дориларнинг нархига қанча устама қўяди?

Тўсатдан оёғим илкис оғриб, томири қаттиқ торта бошлади. Шифокорга учраб, тиббий кўрикдан ўтдим. Айтишича, “Варикоз” касаллигининг дастлабки аломати бўй кўрсатибди. Вақтида даволанмаса, ўнглаб бўлмас ҳолатларга олиб келаркан. Демак, муолажани кечиктирмаслигим, тавсия қилинган дориларни зудлик билан олиш зарур.

Ҳаёлимга қўрғошиндек қуйилган ана шу фикр билан Олмазор туманининг Форобий кўчасидаги дори-дармон “галерея”сига бордим. Биласиз, ушбу ҳудудда қирққа яқин дорихона мавжуд бўлиб, истаган “маҳсулот”ингизни қийналмай топишингиз мумкин.

“Муродли” ИЧКга қарашли дорихона шулардан бири. Эшикдан ичкарига кираверишингизда 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари рўйхати осиб қўйилган. Хизмат кўрсатиш сифати ҳам юқори... “Истеъмолчи бурчаги” ташкил қилинган. Касса аппарати, терминал ишлаб турибди.

Сотувчига юзланиб, “рецепт”ни қўлига тутқазаман. У бир энлик қоғозга ёзилган дориларнинг пулини ҳисоблаб, умумий нархини айтди: Уч юз тўқсон минг тўрт юз сўм... Сотувчига янглишмадингизми, дегандай қарайман. У эса юз-кўзимдаги ҳайрат маъносини уқиб, дориларни хомчўт қилиб беради.

— “Этоксисклерол”нинг 30 мг.ли ампуласидан сизга беш дона буюрилган. Шунчаси 346 минг сўм бўлади. “Венариц” эса 44 минг 400 сўм туради.

Дорихона ходимидан маҳсулотларнинг нархини тушириб беришини илтимос қиламан. У эса белгиланган суммадан камига сотолмаслигини айтади...

“Теchnology servis group” МЧЖга қарашли дорихона харидорлар билан гавжум, савдо авжида. Бироқ бу жараёнда уларга чек берилмаяпти. Касса аппарати ўчиқ. Сабабини сўрасам, сотувчи қиз елка қисиш билан қутулиб қўя қолди. Энг қизиғи, бу ерда мен излаётган “Этоксисклерол” роппа-роса 405 минг сўм бўлса, “Венариц” 57 минг сўм экан. Эътибор беринг-а, бир манзилда — икки хил манзара. Биринчи дорихонадаги нарх билан иккинчисини чоғиштирсам, 71 минг 600 сўм фарқ бор.

Сотувчидан бу ҳолатга ойдинлик киритиш учун дорихона мудири билан учраштиришини сўрайман. Ўзини Миржалол Абдуғаниев деб таништирган дорихона иш юритувчиси мен билан қуюққина кўришгач, вазиятни тушунтира бошлайди.

— Биласиз, тадбиркорликнинг нонини ейиш жуда қийин. Йўлнинг бу юзидаги тўртта аптека бизники. Бу ерда ижара тўлови асосида фаолият олиб борамиз. Ойлик тўловимиз қиммат — 3500 доллар. Шу боис, дориларга 25-30 фоиздан устама қўйиб сотамиз. Акс ҳолда қопламайди. Сихимиз куйиб, кабобимиз жизғанак бўлади.

— Қизиқ, дориларнинг ҳақиқий таннархига давлат томонидан белгиланган устамани қўйсангиз ҳам етарлича фойда кўрмайсизми, нима учун қопламайди?

Саволим иш юритувчини андак ташвишлантириб қўйди. Мен эса истеъмолчи сифатида “Этоксисклерол” ва “Венариц” дори воситасининг юк хати билан танишмоқчи бўлаётганимни айтдим.

Томоша шундан кейин бошланди. Ҳисоб-китоб ишлари билан иш юритувчи эмас, университет талабаси, яъни, М. Абдуғаниевнинг жияни шуғулланиши ва барча ҳужжат унда туриши маълум бўлди.

Моддиятни ўйлаб, ҳар жиҳатдан олғир бўлиб кетган дорихона иш юритувчиси ўз ишининг устаси экан. Кимга, қайси пайтда, қандай ҳужжат бериб, қанақа муомала қилиш кераклигини яхши биларкан. Буни тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ортимга қайтаётганимда харажатларингизга ишлатарсиз, дея бир даста пулни чўнтагимга солишга чоғланганидан ҳам билиб олиш мумкин. Минг афсуски, мен унинг дорихонасига шифо илинжида борган эдим, у эса ўзининг хатти-ҳаракати билан камчиликни хаспўшлашдек “касаллик”ка чалинганини кўрсатиб қўйди. Мазкур ҳолатдан дилим хуфтон бўлди, кўнглим чок-чокидан сўкилди. Ва беихтиёр хотирам қатларига муҳрланган қўшиқнинг сатрлари ёдга тушиб, ҳаёлимда чарх ура бошлади: “Мен ундан ўзимга дори изласам, нетай табибимнинг ўзи ҳам бемор”...

Ўйлаб қолдим. Не-не илтижолар билан савдо шаҳобчасига кирган харидорларнинг ризқини қирқиб, ҳақидан уриб қолаётган, барча нарсанинг қийматини пул билан ўлчайдиган бу жанобда одамийлик унсуридан ҳам бормикин? Фикримча, йўқ. Агар бўлганида ижарани рўкач қилиб, қозонини ҳам, чўмичини ҳам мойга тўлдиришни мақсад қилмасди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, аслида мазкур дориларнинг нархи қанча? “Dori-darmon” акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, “Этоксисклерол”нинг мазкур жамиятга қарашли марказий дорихонага кирим қилинган нархи 286 минг 186 сўм бўлса, “Венариц”нинг қиймати 29 минг 932 сўмни ташкил қилаяпти.

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрда қабул қилинган “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб бериш ҳамда ушбу жараёнда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда, чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Шу маънода, юқорида қайд этилган ҳар икки дори воситасига чакана нархда 20 фоиз устама қўядиган бўлсак, биринчисидан 57 минг 237 сўм, иккинчисидан 5 минг 467 сўм соф даромад келиб чиқаяпти.

“Technology servis group” дорихонаси биринчи дори воситасидан соф даромаддан ташқари 61 минг 600 сўм, иккинчи дори воситасидан 23 минг 471 сўм қўшимча фойда қилаяпти. Агар ҳар бир доридан чап чўнтакка шунча миқдорда пул тушиб тураверса, у ёғини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.

— Бугун юртимизда олиб борилаётган эзгу ишлар ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаатлари, унинг бахту саодати, фаровон турмуши учун амалга оширилмоқда, — дейди харидор Феруза Исломова. — Аммо бу борада қабул қилинаётган қарору фармонлар ижросини таъминлашда ҳали ҳам сусткашликлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, куни кеча Чилонзор туманининг 16-мавзесида жойлашган “Orom farm servis” МЧЖга қарашли дорихонага бориб, қон босимимни тушириш учун ичиб юрганим — “Индапамид” дорисини сўрадим. Қарангки, охиргиси тугаган экан. “Carabella gold star”, “Welcome farm”, “999”, “Farm sintez group” сингари тиббий савдо шахобчаларидан ҳам мазкур препаратни тополмадим. Ваҳоланки, бу дори Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан биринчи ёрдам воситаси сифатида ҳар бир дорихонада мавжуд бўлиши шарт қилиб белгилаб қўйилган. Таажжубки, кўплаб дорихоналарда ушбу мезонларга амал қилинмаяпти. Муттасаддиларнинг лоқайдлиги сабаб, ижтимоий муаммолар урчиб кетмоқда. Демак, бу йўналишдаги норматив ҳужжатларнинг соатдек аниқ ишлаб туришини таъминлаш лозим.

Истеъмолчи ҳақ гапни айтди. Албатта, қонун ижроси билан мукаммал. Биз тараққиётнинг юқори босқичига эришишни мақсад қилган эканмиз, энг аввало, бу юксалишнинг муҳим омили сифатида тизимдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро механизмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Токи, аҳоли олаётган дорисининг нархи асоссиз ўсиб кетишидан норизо бўлмасин, дармон излаб хуноби чиқмасин, хизмат кўрсатувчи қонунни четлаб ўтиб иш юритмасин.

3.55 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.55 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 4
  • Муштарийлар баҳоси
    4.38 / 15

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 28/04, 03:15

Maqola mavzusi ham, uning uslubi ham, qahramonlarning ochiq-oydin aytilishi ham, xullas barchasi ma'qul keldi. Muallifga omad tilayman.

4.5 Мақсуд Саломов 29/04, 22:23
4 Маҳсуджон Асқаров 04/05, 14:10
4 Олимжон Солижон ўғли 05/05, 20:08
3 Расул Кушербаев 06/05, 17:57
4 Шерзод Шерматов 10/05, 05:00
3.5 Давронбек Тожиалиев 10/05, 15:26
3 Қаҳрамон Асланов 14/05, 16:45
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05, 03:50
4.5 Нигора Умарова 18/05, 17:40
4 Тўлқин Юсупов 19/05, 16:27
4 Уйғун Ғафуров 19/05, 19:13
3.5 Мубашшир Аҳмад 19/05, 23:31
4 Умид Гафуров 20/05, 01:16
2 Беҳзод Қобулов 20/05, 10:05

Масалага чуқур кирилмаган. Муаммонинг илдизлари ҳақида гап йўқ. Аслида бу жуда керакли ва оғриқли мавзу.

3 Музаффар Назаров 20/05, 15:18
3 Шунқор Чориев 20/05, 21:02
3.5 Абдумалик Носиров 20/05, 23:15
4.5 Иноят Садикова 21/05, 00:53
4 Мансур Тангишов 21/05, 01:28
4.5 Нодир Закиров 21/05, 06:15
4.5 Адҳам Отажонов 21/05, 18:18
4 Ботиржон Шерматов 21/05, 20:45
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр