Блогер ким?

Sanjar Said
Финал

Фото: organicadigital.com

Баъзиларнинг назарида блогер – фақат танқид қилиб, ҳаммага ақл ўргатиб ўтирадиган одам. Мен эса уларни қоронғуда гугурт чаққан одамга ўхшатаман: ҳеч ким кутмаган мавзуни кўтариб чиқиб, барчанинг эътиборини унга қарата олади. Блогерлар чемпионати баҳона Ўзбекистонда ҳам бу мавзу муҳокамалар марказига чиққанидан фойдаланиб, блогерлик ҳақидаги билим ва тажрибаларим, фикр-мулоҳазаларимни ўртоқлашишга қарор қилдим. Чунки ҳозир кўпчилик, ҳатто блогерларнинг ўзлари ҳам унинг нима эканини тўла тушуниб етмаган, блогерлик имкониятлари, истиқболлари ҳақида етарлича тасаввурга эга эмас.

Блог нима? 

Гапни блог нима эканлигидан бошласак. Блог – инглиз тилидаги web log сўзларидан ясалган бўлиб, интернет-журнал, ҳодиса, интернет-кундалик, онлайн-кундалик деган маъноларни англатади. Аввалига блог шахсий онлайн кундалик сифатида қабул қилинган. Одамлар ўз фикрлари, бирор воқеа ёки ҳодисага нисбатан муносабатини бошқалар билан мунтазам бўлишиб борган. Бугунга келиб блог тушунчаси анча кенгайди, матн, тасвир ёки мультимедиани ўз ичига олган, мунтазам ёзувлар қўшиб бориладиган веб-сайт назарда тутилади (манба – Википедиа).

Блогнинг қуйидаги турларини санаб ўтиш мумкин: матнли блог (Ўзбекистонда ҳозирча энг оммалашгани), фотоблог, артблог (Rais buva каби блог муаллифи чизган расмлардан иборат), мусиқий блог, видеоблог (влог), микроблог. Кўриниб турибдики, блогда ҳар қандай кўринишдаги материал, файл ва маълумотларни жойлаштириш мумкин. Бу блогер танлаган йўналишга боғлиқ, истаса ҳамма турларини қориштириб юбориши ҳам мумкин. Чунки блог учун ҳеч қандай қатъий қоида, шаблон ёки мезонлар йўқ.

Блогер ким? 

Блогер - блог юритувчи шахс. У юритаётган блогни кичик газетага ўхшатиш мумкин. Фақат унинг штатида биргина мухбир – блогер бор. У бир вақтнинг ўзида ҳам муаллиф, ҳам муҳаррир, ҳам саҳифаловчи. У SMM, SEO, дизайнерлик, дастурчилик, фото ва видеолар монтажчиси вазифасини ҳам бажариши мумкин.

Кимлар блогер бўлиши мумкин? 

Ўзбек блогосферасида таниқли блогерларнинг касби ва мутахассислигига эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти ё журналист (менга ўхшаган), ёки ўқитувчи. Журналистлар орасида блогерларнинг кўпроқ экани сабабли баъзилар журналист билан блогерни адаштириб юборади ҳам. Аслида эса ҳар ким блогер бўлиши мумкин. Ҳатто ғирт бекорчи одам ҳам блог очиб, кун бўйича ҳеч нарса қилмаётгани ҳақида блогпост ёзиб ўтириши мумкин. Муҳими у одамларни қизиқтириши ва блогига жалб қила олиши керак.

Бошқа касб эгалари – шифокорлар, стоматологлар, қурувчилар, ошпазлар, чўпонлару деҳқонлар, уй бекалари ҳам блог юритиши, унда ўз шахсий фикрларидан тортиб, тажрибаларигача ёрита олади. Ошпаз таом тайёрлаш, уй бекаси бола тарбиялаш, ўқитувчи сифатли дарс ўтиш, ҳуқуқшунос ҳуқуқий маслаҳатлар бериши ёки ўз соҳасидаги оғриқни масалаларни кўтариб чиқиб, уларга ечимлар таклиф қилиши мумкин. Энг муҳими тўхтаб қолмаслиги, блогини доимий янгилаб туриши керак.

Блогпост ва мақоланинг фарқни нимада? 

Баъзида ёзган блогпостимни улашсам, одамлар зўр мақола чиқибди, деб қолади. Шахсан мен блогпост билан мақолани бошқа-бошқа нарса деган бўлардим. Мақола – журналист томонидан оммавий ахборот воситаси – газета-журнал ёки электрон нашр учун ёзилади. Мақолада факт ва далиллар бўлиши, холис ва ҳаққоний ёзилиши, мавзу чуқур таҳлил қилиниши, ечим ва таклифлар берилиши керак. Одатда мақолаларда муаллиф «мени» кўринмайди.

Блогпост эса асосан шахсий ва субъектив фикрлардан иборат бўлади. Блогернинг шахсий кузатувлари, мулоҳаза ва муносабати, шахсий тажриба ва маслаҳатлари ўрин олади. Фикр тўғри ёки нотўғри бўлиши, унга қўшилиш ёки қўшилмасликдан қатъи назар, ҳурмат қилиниши керак.

Муаммони кўтариб чиққан блогерга ечимлар беришни талаб қилиш ҳам нотўғри. Чунки блогер ўша соҳанинг мутахассиси бўлмаслиги мумкин, унинг вазифаси қаердадир қандай муаммо борлигини кўтариб чиқишдан иборат, масалани ўрганиш, ечим топиш ва ҳал қилиш билан ўша соҳанинг эгалари – давлат ойлик, ваколат берган одамлар шуғулланаверсин.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ҳам блогерми? 

Бу мени ҳам ўйлантирадиган савол. Аслида улар ҳам блогер бўлиши мумкин, аммо бунинг учун аввало шахсий позицияси, йўналиши, тематикаси бўлиши ва мунтазам постлар қолдирилиб турилиши керак, деб ўйлайман. Масалан, YouTube, Instagram, Facebook, Telegram каби ижтимоий тармоқ ва мобил мессенжерларида юз минглаб обуначиларга эга бўлган блогерлар, агар таниқли шахс бўлмаса, катта аудиторияни йиғиш учун яхшигина тер тўккан, турли усул ва механизмлардан фойдаланган бўлади. Улар бирор тор мавзуда ҳафтасига бир ёки иккитадан қизиқарли, мультимедиали пост қолдириш ҳисобига тезда оммалашади. Бунда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси контентни ўзи тайёрлаши муҳим.

Тушган селфисини қўйиб борадиган ёки бошқалар тайёрлаган материалларни қолдирадиганлар, менимча, блогер эмас.

Блог юритиш учун харажат қилинадими? 

Блог юритишнинг текин ёки пулли йўллари бор. Бошловчи-блогерлар учун бепул блог платформалари – blogger.com, livejournal.com, wordpress.com, zen.yandex.ru ва бошқалардан фойдаланиш мумкин. Ушбу платформаларда дизайн ва бошқа имкониятлар чекланган, блог учинчи даражали субдоменда жойлашган бўлади. Масалан, мен аввалига постларимни sanjarsaid.blogspot.com блогига жойлаштирардим.

Маълум бир аудитория, блогпостлар базасига эга бўлиб, етарлича тажриба тўплагандан кейин профессионалроқ даражага кўтарилиш мумкин. Бунда биринчи бўлиб веб-сайт номи – домен сотиб олиниши керак. cctld.uz сайтида доменнинг банд эмаслигини аниқлаб, webname.uz сайтидан сотиб олиш мумкин. Домен биринчи йили 26 минг, кейинги йиллар эса 24,5 минг сўмдан.

Кейинги қадам – хостинг масаласини ҳал қилиш. Хостинг, бу – сиз блогга жойлаштираётган маълумотлар, суратлар ва видеолар жойлаштириладиган сервер. Ўзбекистонда энг арзон хостинг ойига 10 минг сўмдан бошланади. Биз блогерликни бошлаган вақтда ўн нафар блогер уч йил учун 10 доллардан йиғиб берган эдик. Ҳозир эса бир неча блогим учун Россия хостингига йилига 300 минг сўм атрофида харажат қилаяпман.

Навбатдаги босқич – веб-дастурлаш. Агар дастурлашни билмасангиз ва дастурчилардан танишларингиз бўлмаса, битта блог учун энг камида 300-400 минг сўм сарфлашингиз керак. Бунда бепул блог дизайнидан фойдаланасиз, блогерлар ўртасида оммабоп бўлган Wordpress платформасини ишлатасиз. Нолдан код териш эса жуда қиммат, лекин сифатли ва ишончли бўлади.

Шундай қилиб, профессионал блог юритиш сизга йилига сайт очиш ва интернет харажатларини ҳисобламаганда 170 минг сўмларга тушиши мумкин.

Блогерликдан нима фойда? 

Блог очиш фалон пул, уни юритиш бунча харажат бўлса, ундан нима фойда бўлиши мумкин? Бу ҳақда менга жуда кўп савол беришади. Ҳозирги босқичда блог мен учун асосан ўз фаолиятимни (журналист ва корейс тилидан репетитор) реклама қилиш воситаси ҳисобланади. Таниқли интернет сайтларига ишга киришим, колумнистлик саҳифамни юритишим, ҳозирда эксперт сифатида ҳам фаолият олиб бораётганим, Америкага бориб-келишим – буларнинг барчаси блогерликдан. Ваҳоланки журналистикада қалами ўткир, мендан ҳам иқтидорли ижодкорлар кўп. Бироқ уларнинг кўпчилиги борлигини билдирмайди ёки ўзини кўз-кўз қилишни хоҳламайди. Менга қолса ҳар бир касб эгаси менежмент-маркетинг усулларини ўзлаштириши, ўз пиари устида жиддий шуғулланиши керак. Ҳар ҳолда компания ва ташкилотлар қўлидан иш келадиган ва таниқли шахсларни ўз сафида кўриш учун бошқаларга нисбатан кўпроқ маош таклиф қилишга тайёр.

Бизда – Ўзбекистонда блогерлик кўпроқ хобби ҳисобланади. Хобби билан эса одатда бўш вақтда, кайфият яхшилигида шуғулланилади ва ундан даромад олиш режа қилинмайди. Аслида эса блогерлик – дунёдаги энг даромадли бизнесдан бирига айланган.

Масалан, YouTube-каналида 100 мингдан ошиқ обуначига эга блогерлар видеороликлари 100 минг мартадан ортиқ томоша қилинса, кунига 50-100 доллар, ойига эса 1500-4150 доллар атрофида даромад олиши мумкин. Аммо аксарият блогерлар ойига 500 доллардан камроқ даромад топаяпти (манба: sputnik-georgia.ru)

Узун-қулоқ гап-сўзларга қараганда, бизнинг шароитда ҳам YouTube ёки Telegram каналида ойига 1000 доллардан ортиқ даромад кўраётган блогерлар йўқ эмас, аммо улар таҳлили ва мониторинги юритилмаган, аниқ статистик маълумотлар йўқ. Агарда блогерлик билан жиддий шуғулланиб, доимий фаолият олиб борилса, у орқали нафақат оила боқиш, балки бой бўлиш ҳам мумкин.

Махсус тайёрланган ва ғоявий қуроллантирилган блогерлар учун эса бу – касб. Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига келишида блогерликни касб қилиб олган россиялик блогерлар таъсири катта бўлганини эслаб ўтиш мумкин.

Блогерга тазйиқ ва босимлар бўладими? 

Аслини олганда тўғри сўзлаган, ҳақиқатни талаб қилган, ўзгаришларни истайдиган одам ҳаммага ҳам ёқавермайди. Блогерлар ҳам ана шундайлар тоифасидан. Қайсидир мавзуни ёзар экансиз, кимлардир гап эшитиши, ишдан бўшатилиши, мўмай даромаддан қуруқ қолиши, ишлаши, оғримаган бошини оғритиши мумкин. Уларнинг ҳам кучи, ваколати, «ака-ука», таниш-билишлари, «каналлари», «ричаглари» бўлиши, беҳосдан оёғини босиб олсангиз, улардан фойдаланиши мумкин. Дўқ-пўписалар, таҳдидлар, қўрқитишлар, яккама-якка суҳбатларга чақиришлар, сиз ҳурмат қилган инсонларни ўртага солиш ёки «тепадан» кутилмаган қўнғироқлар эҳтимолдан ҳоли эмас. Фикр эркинлигига тоқатсиз одамларнинг таъна-маломатларига қолиш ҳам блогерга руҳий зарба бўлиши мумкин.

Яқинда қорақалпоғистонлик ёш блогер дўстимиз боғчадаги аянчли ҳолатни суратга олиб, ўз блогига жойлаганини айтиб қолди. «Аввалига ҳеч ким эътибор бермади, учинчи куни блогимга 1200 киши кирибди. Кейин юқори идорадан қўнғироқ бўлди, чақиришди. Борсам қаттиқ гапиришди, кўча-пўчада бошингга ғишт тушиб кетиши мумкин, **сиб юр, деб айтишди. Қўрқиб қолдим, ўшандан бери фақат расмга тушириб юрибман, танқид ёзмаяпман», - деди.

Лекин бу блогерларга босим кучли, танқид ёзмаслик керак, дегани эмас. Ҳамма жойда ҳақиқатни ёқлайдиган, холис танқидларни тўғри қабул қиладиган одамлар бор. Унинг устига одамлар, интернет фойдаланувчилари ҳам қўлдан келганича блогерларни қўллаб-қувватлаши, ўз ёрдамларини таклиф қилишлари мумкин. Бир танқид ортидан муаммо ҳал бўлса, кўнглингиз қанча хотиржам бўлади. Сиз шунчаки бор бўлмайсиз, балки борлигингизнинг одамларга фойдаси тегади. Ундай пайтда ортда қолган кўнгилсизликлар ёдингиздан чиқади. Энг муҳими холис бўлиш, бошқалар манфаатига хизмат қилмаслик.

4.39 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.39 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.58 / 20
  • Муштарийлар баҳоси
    4.52 / 18

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Шерзод Шерматов 10/06, 21:37

Бу соҳага қизиқиши бўлганлар учун яхши таҳлил бўлибди.

4 Уйғун Ғафуров 10/06, 22:19

Умумий маълумотлар. Шахсий фикр ва таҳлил камроқ бўлибди.

5 Адҳам Отажонов 10/06, 22:40

Блогерлар чемпионати ҳақида ва унинг блогерлар учун фойдаси ва зарари ҳақида ҳам батафсил тўхтаб ўтиш керак эди ))

3.5 Мансур Тангишов 11/06, 02:45

Финал босқичи учун бироз содда мавзу танланибди. Имкон қадар батафсил тўхталишга ҳаракат қилинган, журналистик услублардан фойдаланилган. Блогерликдаги тажрибадан келиб чиқиб блогерларни кўп қийнайдиган муаммолар ҳақида ҳам батафсил тўхталганида ва ушбу муаммоларга нисбатан шахсий фикр сифатидаги ечим таклифлар бўлганда чемпионат мезонларига кўра юқорироқ баҳолашга асос бўлар эди. Умуман олганда эркин форматни ҳуш кўрувчи блогерлар учун яхши, чемпионат блогпостлари учун эса ўртача блогпост бўлибди.

3.5 Бахтиёр Шералиев 11/06, 03:14

Ushbu mavzu orginal emasligi, bu haqida istalgan yerdan istalgancha ma'lumot topish mumkinligi uning finalga mos tushmaganligini ko'rsatadi. Qolaversa muallif tor diapazonda turib fikrlagani shundoqqina ko'rinib turibdi, yoki fikrlari faqatgina ijtimoiy yo'nalishdagi bloglarga tegishli ekanligini yozishni unutgan. Chunki men asosan ilmiy bloglarni kuzatib boraman, bu yerdagi muallifning blogpost haqida yozayotganlari men bilgan bloglardagi blogpostlarga qo'yiladigan talablardan farq qiladi. Lekin shunday bo'lsa ham ma'lumotlar izchillikda berilganligini ta'idlab o'tish kerak.

3.5 Давронбек Тожиалиев 11/06, 15:24

Бошловчи блогерларга тавсияларга ўхшабди. Деярли янги, долзарб фикр кўрмадим.

4.5 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:25

Мен муаллифдан финал учун бошқача бир пост кутгандим. Тақдим этилган пост менда худди маълумотномадай таассурот қолдирди. Ижодий парвоз тилайман.

4 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:29

Санжар каламингиз жуда уткир, лекин бунданда яхширок макола езишингизни кутгандим.

5 Қаҳрамон Асланов 11/06, 19:15

Қизиқ парадокс. Агар бу блогпост бўлса, яъни, муаллиф айтганидек, "блогернинг шахсий кузатуви, муносабати, ва мулоҳазалари" бўлса, "блог нима?", "ижтимоий тармоқ ҳам блогми?", "блог қанақа бўлиши керак?" каби саволларга бунақа кескин жавоблар бўлмаслиги керак. Агар блогер бу ерда умумбелгиланган ва тажрибага айланган қоидаларни санаб, маълумот бераётган бўлса, бу ерда блогернинг "мени" йўқ. Нима ёзсам ҳам, холис қабул қилинмаслигини билганим учун, аслида изоҳ ёзмаслигим керак эди. Аммо ташкилотчилар шундай шарт қўйишгандан кейин, худди муаллиф "бундай чемпионатга тупурдим дегандан кейин ҳам қатнашгани сингари, мен ҳам ўзим хоҳламаган ишни қилишга мажбур бўлдим.

4.5 Расул Кушербаев 11/06, 23:37

Juda yaxshi mavzu kotarilibdi. Blogerni qonuniy tushunchasiga ham toxtalinsa yaxshi bo'lardi. 2014 yili "Axborotlashtirish to'g'risida"gi qonunda bunga tushuncha kiritilgandi

4.5 Нодир Закиров 12/06, 09:19

Инглиз тилида кунда иш юритсамда, айрим сўзларни таржимасиз ишлатгим келмайди. Шунинг учун доим мақола деб ёзаман. Тартибли ва лўнда ёзилган мақола учун раҳмат. :)

4.5 Абдумалик Носиров 12/06, 11:08

Блогпост яхши келаётган эди, аммо якунига етганда бир нарсани тушунмай қолдим. Хўп блогер холис бўла олар, лекин бошқалар манфаатига хизмат қилмасликни тушунтиришда бироз нотўғри услуб танланганмасми? Манфаатлар фақатгина бир тарафлама бўлмайди ва у фақатгина "юқори"да эмас, қўйи қатламда хам бўлади. Мисол учун Дима Қаюм ўз блогерлик фаолиятида бева бечораларни манфаати учун холис ишлади. Блогер менимча қандай бўлмасин бирор бир манфаатни кўзлаб иш юритади. Манфаатсиз жойда ривожланиш бўлмайди.

5 Беҳзод Қобулов 12/06, 14:29

Низомга кўра, баҳолашда блогернинг аввалги фаолияти ва ёзганлари инобатга олиниши мумкин. Санжар Саид, яъни Санжар Рустамов кечаги пахтакор журналистикага тфу деб, блогерликни бошлаганлардан. У чемпионатда қатнашаётган кам сонли ҳақиқий блогерлардан биридир. Яъни, чиройли фикрни, луқмани вақти бўлганда блогпост, деб эълон қиладиган қавмдан эмас. У мунтазам ёзади ва дадил ёзади. Баҳо қўйишда шу мантиқдан келиб чиқиб, муносабат билдирдим. Муаллифга омад тилайман!

5 Ботиржон Шерматов 12/06, 15:04

Ёзиш услуби енгил, хулосаларда узвийлик бор, муаллиф узини курсата олган ва мавзу хам оригинал. Фойдали маълумотлар бор. Имловий хатолардан холи. Факат блогерлар чемпионатининг низомида келтирилган блогпостларни бахолаш мезонларидан бири сифатида ечим ва тахлилнинг мавжудлиги курсатилган. Ушбу блогпостда "Муаммони кўтариб чиққан блогерга ечимлар беришни талаб қилиш ҳам нотўғри. Чунки блогер ўша соҳанинг мутахассиси бўлмаслиги мумкин, унинг вазифаси қаердадир қандай муаммо борлигини кўтариб чиқишдан иборат, масалани ўрганиш, ечим топиш ва ҳал қилиш билан ўша соҳанинг эгалари – давлат ойлик, ваколат берган одамлар шуғулланаверсин." дейилган. Мен тугриси иккиланиб колдим. Сабаби барчадан ечим талаб килаётгандим.

4 Нигора Умарова 12/06, 15:13

"Блогер ким?" деган савол анчадан бери ОАВда берилиб, жавоб қидириб келинаётганлиги учун ҳам танланган мавзу янгилик эмас. Бироқ, муаллиф саволга жавоб топишга ўзигша хос ёндошиб, ҳаракат қилган.

4 Мубашшир Аҳмад 12/06, 21:42

Блогерлик нима эканиниэканини яхши тушуниб олдик. Бунинг учун ташаккур. Мен Санжардан каттароқ иш кутгандим, Санжарни оқсоқол-блогер деб ҳисоблардим.

4 Умид Гафуров 12/06, 22:14
3 Музаффар Назаров 13/06, 00:13

«Фикр тўғри ёки нотўғри бўлиши, унга қўшилиш ёки қўшилмасликдан қатъи назар, ҳурмат қилиниши керак. Муҳими у одамларни қизиқтириши ва блогига жалб қила олиши керак.» Мен бунга қўшилмайман. Бугунги кунда блог ва блогерлик тушунчалари ўзининг дастлабки мано (шахсий онлайн кундалик) кўламидан анча узоқлашиб, оммавийлик касб этаётган экан унда бирдирилаётган хар бир сўзнинг тўғрилиги учун муаллиф жавобгарлик хиссини бўйнига олиши шарт. Блогерликни машхурлик воситаси эмас, ҳақиқатни айта олиш майдони деб хисоблаш керак. (Мен қўйган бахо Санжар Сайид дахосига нисбатан шахсий муносабатимга алоқаси йўқ)

4.5 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:41

Bu blogpostni chempionat e’lon qilinganda yoki saralash uchun berilganda ancha asqotardi. Lekin ayrimlarga sal blogerlik nima ekanini tushuntirganingiz uchun tashakkur.

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06, 02:02
4.5 Мақсуд Саломов 13/06, 02:38

Foydali post. Aniqsa blog ochmoqchi bo'lib yurganlar uchun.

4.5 Иноят Садикова 13/06, 06:12

O'qimishli, yengil blogpost! Rahmat. Final bosqichi uchun lekin biroz oddiyroq tahlillar bo'lib qolibdi. "Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига келишида блогерликни касб қилиб олган россиялик блогерлар таъсири катта бўлганини эслаб ўтиш мумкин." - Kimlar, masalan? Asosan bu mavzuda ular 'hakerlar, trollar' deya e'tirof etilar edi. Qiziq.

5 Шунқор Чориев 13/06, 11:55
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
14 та фикр